Римликлар, 9 боб.
Худованд Исроилни рад этдими?
А. Павлуснинг Исроилга насбатан юраги.
1. Римликларга ёзилган мактубнинг тўққизинчи бобида диққат марказда маълум бир силжишлар бўлиб ўтди.
а. Биринчи бобдан бошлаб то саккизинчи бобгача Павлус инсониятнинг муҳтожлиги нақадар буюк эканлигини барча тафсилотларда тўлиқ тушунтириб ўтди ва Худованд ажойиб тарзда ушбу муҳтожликни Исо Масиҳда Муқаддас Руҳ орқали қондирганлигини айтиб ўтди.
б. Тўққизинчи бобдан бошлаб ўн биринчи бобгача Павлус Исроилнинг аҳволи билан боғлиқ бўлган муаммоларни кўриб чиқади. Исроил ўз Халоскорининг келишини ўтказиб юборганлиги ҳақидаги далил қандай аҳамиятга эга? Бу нарса Худо ҳақида нима дейди? Бу нарса Исроилнинг ўзи ҳақида нима дейди? Бу нарса бизнинг бугунги кундаги Худода бўлган ҳолатимиз ҳақида нима дейди?
1) Савол тахминан қуйидагича янграмоқда: “Агар ҳаммаси – қачонлардир суюкли ва қутқарилган бўлган Исроил – гўёки энди лаънати ва қолдирилгандай кўринаётган бўлса, қандай қилиб мен ўзимни Худонинг севгисида ҳимоялангандай ҳис этшим мумкин? Эҳтимол, кун келиб Худованд мени ҳам рад этиб, лаънатласачи?”
2) “Агарда Худованд Ўзининг қадимий халқини нажотга олиб келолмаган бўлса. Қандай қилиб масиҳийлар Худованд уларни қутқаришга қодир эканлигига амин бўлишлари мумкин? Павлус бу ерда олдинги фикрлари билан умуман боғлиқ бўлмаган янги мавзуга нигоҳини қаратаётгани йўқ. Кейинги учта боб – Павлус Худо одамларни қандай қутқаришини тушунтириш учун тузган йўлининг бир қисмидир.” (Моррис).
2. 1–2 оятлар. Павлуснинг қайғуси.
“Мен Исо Масиҳга тегишли бўлганим учун ҳақиқатни айтяпман, ёлғон гапирмайман. Бу ҳақда виждоним ҳам Муқаддас Руҳ орқали шаҳодат беряпти. Ўз халқим учун чуқур қайғуга ботган юрагим муттасил алам чекмоқда”.
а. “ўз халқим учун чуқур қайғуга ботган юрагим муттасил алам чекмоқда”. Саккизинчи бобнинг охирида Павлус бизларни “бирор мавжудот Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худонинг меҳр – мухаббатидан жудо қилишга қодир эмаслигига” ишонтирган ҳолда, бизни Худованд улуғворлигининг тимсоли билан қолдирган эди. Энди эса нимага ўз ҳикоясининг оҳангини бахтсиз ва умидсиз оҳангга алмаштирмоқда?
б. “чуқур қайғу ва муттасил алам”. Павлус бундай туйғуларни, Худонинг севгисидан ажралгандай кўринаётган – ўз Нажоткорини рад этган имонсиз Исроил ҳақида ўйлаганида ҳис этмоқда.
в. “Мен Исо Масиҳга тегишли бўлганим учун ҳақиқатни айтяпман, ёлғон гапирмайман. Бу ҳақда виждоним ҳам Муқаддас Руҳ орқали шаҳодат беряпти”. Исроил ҳақидаги қайғуси қанчалик юқори эканлиги ҳақида сўз юрита туриб, Павлус имкони борича мавжуд бўлган барча ишончли кафолатларни ишлатмоқда. Бу мавзу ҳақиқатдан ҳам унга тинчлик бермай, унинг юрагини безовта қилмоқда.
3. 3-5 оятлар. Павлус қайғусининг манбаъи.
“Ўз қондошларим ҳақи, Худонинг лаънати остида қолиб, Масиҳдан ажралишга ҳам рози бўлардим. Улар Исроил халқидир. Худо уларни Ўзига фарзанд қилиб олиш учун танлади. Ўзининг улуғворлигини уларга намоён қилиб, улар билан аҳдлар тузди. Уларга Ўз қонунини бериб, уларни Ўзининг хизматига тайинлади ҳамда уларга Ўз ваъдаларини берди. Улар улуғ ота боболардан келиб чиққан, Масиҳ ҳам жисман Исроил халқидан келиб чиққан. Бутун борлиқ устидан ҳукмдор бўлган Худога абадий ҳамду санолар бўлсин. Омин!”.
а. “Ўз қондошларим ҳақи, Худонинг лаънати остида қолиб, Масиҳдан ажралишга ҳам рози бўлардим”. Павлуснинг севги ва қайғуга тўла ачинарли баёноти. Павлус, агарда бу нарса Исроилнинг нажот топишига ёрдам берганида эди, бу учун ўзи ҳам Исодан ажратилган бўлишга тайёр эканлигини айтмоқда.
1) Павлус шунчаки драматик метафора ишлатган, деб ўйлаш керак эмас. Римликлар 9:1 оятда Павлус деярли онт ичиб айтган сўзларини эсланг, бу нарса бизларни Павлуснинг сўзлари чин дилдан ва ҳақиқат эканлигига ишонтиради.
2) Инсоният жонини қутқаришга бўлган кучли истак, ҳаворий Павлуснинг келажагини, унинг қараш бурчагини шакллантирди. Оддий нарсалар уни безовта қилмаган, чунки у оддий нарсалардан муҳимроқ бўлган нарса билан – яъни инсоният жонининг аҳволидан ташвишда бўлган. “Инсонларнинг қалбларини севинглар, ана ўшанда сиз ўлган ит ёки бетоб мушук учун кўз ёш тўкишни, ёки қайсидир бир Джон ё Мэрининг қуруқ суҳбатининг маҳсули бўлган оилавий ёдгорлик ва шунга ўхшаш арзимас ташвишлар сабаб йиғлашни бас қиласизлар. Агар инсонларнинг қалблари қай аҳволда эканлигидан ташвишда бўлсангиз, майда чуда арзимас ташвишлардан озод бўласиз (уларни тасвирлаб вақт йўқотиб ўтирмайман)… Юракларингиз буюк қайғу билан тўлиб тошсин, ўшанда қолган нарсалар учун зрин қолмайди” (Сперджен).
б. “Масиҳдан ажралишга ҳам рози бўлардим”. Павлуснинг сўзларида, Чиқиш китобининг 32:31-32 оятларида кўрсатилган Мусоникидек юрак кўринмоқда: “Мусо Эгамизнинг олдига қайтиб бориб, шундай деди: Эвоҳ! Бу халқ оғир гуноҳ қилибди: ўзларига олтиндан худо ясабди. Аммо энди, уларнинг гуноҳини кечиргин, деб Сенга илтижо қиламан. Агар кечирмасанг, Ўзинг ёзган китобдан менинг номимни ўчириб ташлагин”.
1) Албатта, бошқаларни қутқариш учун уларга белгиланган лаънатни Ўзига олган Исонинг қалбидаги муносабат ҳам худди шунақа бўлган (Галатияликларга 3:13).
2) Биз бир нарсани ёдда тутмоғимиз лозим: сўз хизмат ҳақида борганида, яҳудийлар Павлуснинг ёвуз душманларига айланишган. Улар унга қарши тажовузкороналикни ошириб ва у ҳақида ёлғонларни тарқатган ҳолда, унга таҳдид қилиб, ўз шаҳарларидан қувишган. Бироқ, Павлус уларни бутун юраги билан севишда давом этаверган.
3) “Мусо ёки Павлус ҳис этган севгини ўлчамлаш биз учун қийин, зеро буюк жангчиларнинг жасоратини тушуна олишга қодир бўлмаган болалардек, бизларнинг чегараланган идрокимиз бундай чексиз севгини қабул қила олмайди!” (Бенгель).
в. “Худо уларни Ўзига фарзанд қилиб олиш учун танлади. Ўзининг улуғворлигини уларга намоён қилиб, улар билан аҳдлар тузди. Уларга Ўз қонунини бериб, уларни Ўзининг хизматига тайинлади ҳамда уларга Ўз ваъдаларини берди”. Ўзининг йўқолган қабиладошларига нисбатан Павлус ҳис қилаётган оғриқ, Худонинг танланган халқига мўлжалланган ва уларга берилган баракот ҳамда имтиёзлар ҳақида фикр юритганида, янада кучаймоқда.
1) “Улуғворлик” Худонинг улуғворлигини назарда тутади (shekinah) Худованд ҳузурининг Унинг халқи орасида намоён бўлиши – кўзга кўринган “шон шараф булути”.
г. “улар улуғ ота боболардан келиб чиққан, Масиҳ ҳам жисман Исроил халқидан келиб чиққан”. Павлус Худованд халқи меросининг инсоний томони ҳақида ҳам фикр юритмоқда. Нафақат Эски Аҳддаги улуғ ота боболар Исроилликлар бўлишган, балки Исонинг Ўзи ҳам Исроиллик бўлган. Исроилнинг умумий руҳим мероси орқали қараганда, унинг имонсизлиги янада аянчли бўлиб кўринади.
д. “бутун борлиқ устидан ҳукмдор бўлган Худога абадий ҳамду санолар бўлсин. Омин!”. Рус тилидаги таржимада Худога эмас, Масиҳга абадий ҳамду санолар бўлсин, деб ёзилган. Бу Павлуснинг Исо – Худо эканлиги ҳақидаги аниқ баёноти. Тиниш белгилари умуман бошқа нарсани назарда тутмоқда, деб ўйлашни маъқул кўрадиганлар, ушбу матнни умуман бошқа нуқтаи назардан кўриб чиқадилар. “ Грамматик муҳокамалрни яхши кўрадиганлар кўпчилик ҳолларда биринчи вариантни қўллаб қувватлайдилар (яъни бу ерда Масиҳ-Худо, деб ёзилган дейдилар), аммо замонавий тадқиқотчилар, Павлус ўзининг бошқа ҳеч бир мактубида Масиҳ – Худо, деб очиқ айтмаганлигига таянган ҳолда, иккинчи вариантни ҳам қабул қиладилар (яъни Ота Худо ҳақида сўз юритилмоқда деган вариантни)” (Моррис).
1) Робертсондан иқтибос келтирган ҳолда, Вюст шундай деган: “Масиҳнинг илоҳий табиати ҳақидаги аниқ баёнот, унинг инсоний табиати ҳақидаги эслатмадан кейин айтилмоқда. Бу матндаги тиниш белгиларига берилган табиий ва очиқ кўриниб тўрган нигоҳдир. Тана ҳақидаги гаплардан сўнг нуқта қўйиб, янги жумладан Худовандни улуғлашни бошлаш қизиқ туюлган бўлар эди; бу кескин ва кулгили бўлиб кўринган бўлар эди”.
Б. Исроил нимага ўзининг ҳозирги аҳволига келиб қолганлигига қаратилган Худонинг нигоҳи: Исроил Худонинг суверен режасига биноан Халоскорни диққатдан ўтказиб юборишди.
1. 6–9 оятлар. Худонинг Исроилга тегишли бўлган режаси амалга ошмадими? Йўқ. Худованд Ўз фарзандларига берган ваъдаларини бузгани йўқ.
“Худо Ўз сўзида турмади, демоқчи эмасман. Аммо Исроил халқининг ҳаммаси ҳам Худонинг халқи эмасдир. Шунга ўхшаб, Иброҳимдан туғилганларнинг ҳаммаси ҳам Иброҳимнинг асл зурриёти деб ҳисобланмайди. Ахир, Худо Иброҳимга “Сенинг наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади”, деб айтган-ку! Демак, жисмоний жиҳатдан Иброҳимнинг фарзандалари бўлганларнинг ҳаммаси ҳам Худонинг фарзандлари эмасдирлар. Фақатгина Худо берган ваъданинг натижасида дунёга келганлар асл зурриёт ҳисобланади. Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси қуйидагича эди: “Мен келгуси йили шу пайтда келганимда, хотининг Сора ўғилли бўлади””.
а. “Худо Ўз сўзида турмади, демоқчи эмасман”. Павлус ўзича Исроилга қараб шундай дейиши мумкин бўлган инсонни тасаввур қилмоқда: “Худонинг улар устидан айтганлари амалга ошмади. Худованд уларга берган ваъдасини амалга оширмади, чунки улар ўз Халоскорларини диққатдан ўтказиб юбордилар ва энди эса улар лаънати бўлсалар керак. Қандай қилиб мен, Худонинг мен ҳақимда айтганлари амалга ошишига комил бўлишим мумкин?”. Павлус ушбу саволга жавоб берган ҳолда, “Худо Ўз сўзида турмади, демоқчи эмасман”, деб таъкидламоқда.
б. “аммо Исроил халқининг ҳаммаси ҳам Худонинг халқи эмасдир”. Исроил деган номнинг маъноларидан бири – “Худо томонидан бошқариладиган” деганидир. Бу ерда Павлус ҳамма Исроилликлар ҳам ушбу гуруҳга тўғри келмаслигини айтмоқда. Демак, Худонинг Каломи хато қилдими? Йўқ, аксинча: “Худо томонидан бошқарилаётган “Исроил халқининг ҳаммаси ҳам Худонинг халқи эмасдир”.
1) “Павлус бизларга, Худога итоат қилмайдиган ҳеч ким ҳақиқий Исриоллик яъни Худонинг ҳақиқий халқи эмаслигини айтмоқда. Бизнинг вазиятимизда “масиҳий” деган сўз билан паральлел ўтказсак бўлади. Ўзини “масиҳий” деб атайдиган ҳар бир инсон ҳам ҳақиқатдан Масиҳнинг ортидан эргашаётгани йўқ” (Смит).
в. “Худо берган ваъданинг натижасида дунёга келганлар асл зурриёт ҳисобланади”. Худонинг Каломи ҳақиқат бўлиб қолмоқда, чунки Худованд “ваъда натижасида дунёшга келган зурриётларини” қўлга киритиб келмоқда ва бу зурруиётлар жисмонан исроиллик бўлиши шарт эмас.
1) Павлус, шунчаки Иброҳимнинг насли бўлиш ҳеч кимни қутқара олмаслигини кўрсатмоқда. Масалан, жисмонан Исмоил ҳам Иброҳимнинг ўғли бўлган, Исҳоқ эса нафақат жисмонан балки ваъда берилган ўғил ҳам бўлган (“Мен келгуси йили шу пайтда келганимда, хотининг Сора ўғилли бўлади”). Ўғиллардан бири Худонинг нажот аҳди меросхўрига айланди, бошқаси эса йўқ. Исҳоқ “Худо ваъдаси зурриётларини” англатади, Исмоил эса – “танавий зурриётларни”.
2. 10-13 оятлар. Ваъда мавжуд бўлган қариндошлик ришталаридан кўра муҳимроқ эканлигининг яна бир мисоли: Ёқуб ва Эсов.
“Ўша ўғил бобокалонимиз Исҳоқ эди. Вақти келиб, Исҳоқнинг хотини Ривқо эгизак ўғилларга ҳомиладор бўлди. Фарзандлар туғилмасларидан аввал, ҳали бирорта яхши ёки ёмон иш қилмасларидан олдин Худо Ривқога: “Каттаси кичигига хизмат қилади” деб айтганди. Бундан кўриниб турибдики, Худо Ўз мақсадини бажариш учун инсонларни танлайди, танланиш инсонларнинг ишларига эмас, балки Худонинг даъватига боғлиқдир. Ахир, Муқаддас битикларда: “Мен Ёқубни яхши кўриб, Эсовдан нафратландим”, деб ёзилган-ку!”.
а. “бобокалонимиз Исҳоқдан”. Худо томонидан Исҳоқ ва Исмоил ўртасида қилинган танлов, озми кўпми бизнинг кўзимизга мантиқий бўлиб кўринади. Худованд Ўзининг нажот аҳдининг меросхўри қилиб Эсовнинг ўрнига Ёқубни танлаганини тушуниш жуда қийин. Эҳтимол, бу нарсани англаб етиш биз учун жуда оғир ишдир, аммо бу нарсадан Худо танловиинг аҳамияти камайиб қолмайди.
б. “фарзандлар туғилмасларидан аввал, ҳали бирорта яхши ёки ёмон иш қилмасларидан олдин”. Павлус, Худонинг танлови Эсов ёки Ёқубнинг ишларига асосланмаган бўлганлигини кўрсатмоқда. Бу танлов улар туғилмасидан олдин қабул қилинган эди.
в. “танланиш инсонларнинг ишларига эмас, балки Худонинг даъватига боғлиқдир”. Биз Худованд олдиндан уларнинг ишларини билгани учун Эсовни эмас Ёқубни танлади, деб ўйламаслигимиз учун, Павлус “танланиш инсонларнинг ишларига боғлиқ эмас”, деб таъкидламоқда. Аксинча, танловнинг сабаби – “Худонинг даъватидир”.
г. “каттаси кичигига хизмат қилади”. Худованд Ўз ниятини Ривқога ҳали болалар туғилмасидан олдин очди ва кўп вақтлар ўтгандан сўнг, икки ака уканинг ўлимидан кейингина Ўз қарорини тасдиқлади (“Мен Ёқубни яхши кўриб, Эсовдан нафратландим”).
1) Биз “яхши кўрдим” ва “нафратландим” деган сўзларни, Худованднинг ака укалардан бирини Иброҳим билан тузилган аҳднинг меросхўри бўлишликка танлаганлигига оид бўлган мақсади ва режаси доирасида кўриб чиқишимиз керак. Ушбу маънода Худонинг танловини дарҳақиқат Ёқубга бўлган севгининг ҳамда Эсовга бўлган нафратнинг намоён бўлиши сифатида кўриб чиқиш мумкин.
2) Моррис, “нафратландим” деган сўз “камроқ севдим” деган маънони англатиши яққол кўриниб турган Калом оятларидан мисоллар келтирган (Ибтидо 29:31, 33; Қонунлар 21:15, Матто 6:24, Луқо 14:26, Юҳанно 12:25). Шу билан бир қаторда у, аслида сўз, бизнинг тасаввуримизда “яхши кўрдим” ва “нафратландим” деган жумлалар нимани англатиши ҳақида эмас, “қабул қилиш” ва “рад этиш” ҳақида бормоқда, деб ҳисоблаган Кальвиннинг фикрига қўшилган.
3) Биз кўришимиз мумкинки, умуман олиб айтганда Эсов Худо томонидан баракотланган (Ибтидо 33:8-16, Ибтидо 36 боб). Худованд Эсовдан, унинг ҳаёти ва абадий охиратига нисбатан эмас, аҳд меросхўри бўлишлик доирасида “нафратланган”.
4) “Бир аёл жаноб Спердженга шундай деб шикоят қилибди: “Нима учун Худованд Эсовдан нафратландим, деб айтганини ҳеч ҳам тушуна олмадим”. Сперджен шундай деб жавоб берибти: “Хоним, менинг ташвишим умуман бошқа. Мен учун қандай қилиб Худованд Ёқубни яхши кўра олганлигини тушуниш қийин”” (Ньюэлл).
5) Биз Худонинг танлови ҳақида фикр юритганда, йўл қўйишимиз мумкин бўлган энг катта хато – Худованд Ўз танловини, ҳисоблаш ўйинидагидек деспотик тарзда, қандайдир бир инжиқлик билан бошқарилган ҳолда амалга оширади, деб ўйлашдир. Эҳтимол, Худовандни у ёки бу қарорни қабул қилишга мажбур қиладиган сабабларни биз ўз онгимиз билан қамраб оломасмиз; бу сабаблар фақатгина ягона Худога аёндир. Биз учун Худованд инжиқлик қилиб танлов қилмаслигини билишнинг ўзи етарли. Унда ҳамма вақт режа ва мақсад мавжуд.
3. 14–16 оятлар. Худованд икковидан биринигина танламоқда. Бу нарса Уни ноҳақга айлантирадими?
“Хўш, бунга нима деймиз? Худо адолатсизми? Йўқ, асло! Худо Мусога: “Марҳамат қиладиганимга марҳамат қиламан, шафқат қиладиганимга шафқат қиламан”, деб айтган. Шундай қилиб, Худонинг меҳр шафқати инсон хоҳиши ва ташаббусига эга эмас, балки Худонинг иродасига боғлиқ”.
а. “Худо адолатсизми?”. Павлус ушбу саволга қатъий, ишончли жавоб бермоқда: “Йўқ, асло!”. Чиқиш 33:19 оятда Худованд аниқ ва равшан, хоҳлаган инсонига раҳм шафқат кўрсатиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида айтиб ўтган.
б. “шафқат қиладиганимга шафқат қиламан”. “Шафқат” нима эканлигини ёдга олинг. Шафқат бизларга лойиқ бўлганимизни олишга йўл қўймайди. Худованд ҳеч қачон кимгадир нисбатан кераклигидан камроқ адолатли бўлмайди ва Ўзи танлаганларига нисабатан керагидан ҳам ортиқроқ адолатли бўлиш ҳуқуқини Ўзида сақлаб қолади.
1) Исо Худованднинг ушбу ҳуқуқи тўғрисида, узумзорнинг хўжайини ҳақида айтган масалида айтиб ўтган (Матто 20:1-16).
2) Худонинг бизга бўлган шафқатини ўзимизнинг ҳуқуқимиз, деб ҳисоблаганимизда, жуда хавфли ҳолатни эгаллаган бўламиз. Агар Худованд шафқат кўрсатишга мажбур бўлса, унда бу шафқат эмас, мажбуриятдир. Ҳеч кимни у шафқат кўрсатмагани учун, адолатсиз деб атаб бўлмайди.
в. “шундай қилиб, Худонинг меҳр шафқати инсон хоҳиши ва ташаббусига эга эмас, балки Худонинг иродасига боғлиқ”. Худонинг шафқати бизларга, биз қилишни истаган ишимиз учун (инсон хоҳиши) ёки қилаётган ишларимиз учун (ташаббуси) берилмайди, шунчаки Худонинг бизларга шафқат кўрсатиш иродасининг натижаси сифатида берилади.
4. 17-18 оятлар. Фиръавн мисоли.
“Муқаддас битикларда ёзилганидай, Худо фиръавнга: “Сенга қудратимни кўрсатай, бутун оламга шуҳратимни ёяй деб, сени ҳукмдор қилиб тайинладим”, деб айтган. Хуллас, Худо Ўз хоҳиш-иродасига кўра, иш юритади, бир инсонга марҳамат кўрсатади, бошқа бировнинг эса юрагини тош қилади”.
а. “Сенга қудратимни кўрсатай, бутун оламга шуҳратимни ёяй деб, сени ҳукмдор қилиб тайинладим”. Кейинчалик унга қаратилган ҳукми кучининг шуҳратини намоён қилиш учун ва бутун шон-шуҳрат Худовандга бўлиши учун, У Мусо даврида фиръавнга улкан бир ҳокимиятга эришишига йўл қўйиб берди.
б. “хуллас, Худо Ўз хоҳиш-иродасига кўра, иш юритади, бир инсонга марҳамат кўрсатади, бошқа бировнинг эса юрагини тош қилади”. Баъзан Худованд Ўзининг шафқатини намоён қилиш орқали улуғланади, баъзан эса инсонларнинг тош юраклари орқали улуғланади.
1) Биз Худованд, қарши бораётган юмшоқ юракли фиръавнни Ўзига ва Исроилга нисбатан тош юрак бўлишга мажбур қилди, деб ўйлашимиз керак. Фиръавннинг юрагини тош қилган ҳолда, Худованд шунчаки унга ўзининг табиий мойилликлари ортидан боришига йўл қўйиб берди.
в. “тош қилади”. Биз фиръавннинг ўзи ҳам бу нарсага ўз ҳиссасини қўшганини биламиз (Чиқиш 7:13, 22; 8:15, 19, 32; 9:7, 34). Аммо “Павлус фиръавннинг имонсизлиги ва қўзғолонини тасдиқлайдиган иш, яъни фиръавннинг ўзи юрагини ўзи тош қоттирганлиги ҳақидаги ҳақиқатга кўп аҳамият бераётгани йўқ, чунки Павлус бу ерда Худованд барча вазиятларда Ўз хоҳишига қараб иш кўриш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаб ўтмоқда” (Харрисон).
5. 19-21 оятлар. Агарда Худода танлов ҳуқуқи бўлса, бу нарса инсондан жавобгарликни олиб ташлайдими?
“Шунда кимдир мендан: “Унда нима учун Худо бизни айблайди? Ахир, ким ҳам унинг иродасига қарши чиқа оларди”, деб сўраши мумкин. Эй инсон, сен ким бўлибсанки, Худога гап қайтарсанг?! Яратилган нарса яратувчисидан: “Нима учун мени бундай қилиб яратдинг?”, деб сўрайдими?! Ахир, кулол ҳам бир лой қоришмасидан ҳар хил идишлар ясайди-ку! Уларнинг баъзиларини қутлуғ байрам кунларида ишлатиладиган қилишга, бошқаларини эса ҳар куни ишлатиладиган идиш қилиб қўйишга ҳақи йўқми?!”.
а. “Шунда кимдир мендан: “Унда нима учун Худо бизни айблайди? Ахир, ким ҳам унинг иродасига қарши чиқа оларди”, деб сўраши мумкин”. Павлус унга ушбу саволларни бераётган инсонни тасаввур қилмоқда: “Агар ҳамма нарса Худованднинг танловига боғлиқ бўлса, қандай қилиб У мени бирор нимада айблаши мумкин? Қандай қилиб инсон Худонинг танловига қарши бориши мумкин?”.
б. “эй инсон, сен ким бўлибсанки, Худога гап қайтарсанг?!”. Павлуснинг жавоби, Худога бундай саволларни бериш нақадар ножўя эканлигини кўрсатмоқда. Агарда Худованд танлов У томонидан амалга оширилишини айтаётган бўлса, биз эса Унинг олдида жавобгар эканлигимизни айтаётган бўлса, биз ким бўлибмизки, Унинг гапларига шубҳалансак?
в. “кулолнинг…ҳақи йўқми”. Наҳотки Худовандда, бошқа яратувчиларда бўлганидек, Ўзи яратган нарсалар устидан ҳақи бўлмаса? Шундай экан, агарда Худованд охиратда Унинг олдида жавоб беришимизни айтаётган экан, демак, шундай бўлади.
6. 22-24 оятлар. Наҳотки Худованд айнан нима орқали улуғланишни танлай олиш ҳуқуқига эга бўлмаса?
“Тўғри, Худо Ўз ғазаби ва қудратини жазо орқали кўрсатишга ҳақлидир. Аммо жазога мубтало бўладиганларнинг ҳалокатини орқага суриб, сабр-бардош кўрсатса, нима бўпти? Шундай қилиб, Худонинг марҳаматига сазовор бўлган ва Унинг улуғворлигини баҳам кўришга белгиланган одамларга Худо Ўз улуғворлигининг нақадар бой эканлигини намоён қилади. Нафақат яҳудийлар орасидан, балки бошқа халқлар орасидан танланганлар қаторида биз ҳам бормиз”.
а. “тўғри, Худо Ўз ғазаби ва қудратини жазо орқали кўрсатишга ҳақлидир”. Павлус яна бир бор фаръавон билан боғлиқ ҳолатда ишлатилган тамойилни айтиб ўтмоқда. Агар Худованд инсонларга, “Ўз қудратини кўрсатиш” учун, уларга ўзлари хоҳлагандек иш тутишга йўл қўйиб берса ва Худованд ғазабининг адолатини ўзларида ҳис этишларига йўл қуйиб берса, ким ҳам Унга қарши бора олар эди?
б. “шундай қилиб, Худонинг марҳаматига сазовор бўлган ва Унинг улуғворлигини баҳам кўришга белгиланган одамларга Худо Ўз улуғворлигининг нақадар бой эканлигини намоён қилади”. Бундан ташқари, агарда Худованд кимгадир нисбатан шафқатини намоён қилган ҳолда, ўша инсон билан адолатдан ташқари иш кўрмоқчи бўлса, ким ҳам Унга қарши чиқа олар эди?
в. “балки бошқа халқлар орасидан”. Ва яна агарда Худованд нафақат яҳудийларга, балки бошқа халқларга ҳам Ўз шафқатини намоён қилмоқчи бўлса (албатта, ҳеч қайси бирига камроқ шафқатлироқ бўлмаган ҳолда), ким бу нарсага қарши чиқа олади?
1) “Яҳудийлар ўзлари ҳақида, биз Худованд учун фақатгина қутлуғ байрам кунларидаи шлатиладиган идишдай бўлишимиз мумкин, деб ўйлашга мойил бўлишган. Павлус, Худованд ҳамма нарсани Ўз хоҳиши билан амалга оширишини кўрсатган ҳолда, ушбу нуқтаи назарни бузмоқда.” (Моррис)
г. “аммо жазога мубтало бўладиганларнинг”. Павлус, Худованд уларни “жазога мубтало” бўлиш учун тайёрлаган демаяпти. Худо қаҳрини келтирадиганларнинг ўзлари ҳам бу вазифани жуда яхши бажарадилар.
7. 25-26 оятлар. Пайғамбар Хўшея (Хўшея 2:23, 1:10), Худованд аввал Унинг халқи қаторида бўлмаганларни ҳам Ўз халқим деб атаган ҳолда, Ўзи танлов қилишга ҳақли эканлигини эътироф этмоқда.
“Хўшея китобида Худо шундай деб айтган: “Менинг халқим бўлмаганларни “Ўз халқим” деб атайман. Олдин суюклигим бўлмаганни “Суюклигим” деб атайман. Уларга: “Халқим эмас”, деб айтилган бўлса, келажакда улар “Барҳаёт Худонинг фарзандлари” деб аталади”.
а. “Менинг халқим бўлмаганларни”. Хўшея китобидаги ушбу 2:23 ва 1:10 оятларида, Худонинг шафқати ифодаланган. Худованд пайғамбари Хўшеяга ўз ўғилларидан бирини Лоамми деб аташни буюрди, бу ном “Менинг халқим эмас” деган маънони билдиради. Шу биланбир қаторда Худованд, ҳукм абадий давом этмаслигини эълон қилди. Бир кун келиб Исроил қайта тикланади; улар яна “Худонинг халқи деб аталишади”.
8. 27-29 оятлар. Ишаё (Ишаё 10:23, 1:9) Исроил халқи орасидан Худованд нажот учун саноқли инсонларни ажратиб олиш ҳуқуқига эган эканлигини эътироф этмоқда.
“Ишаё ҳам Исроил халқи ҳақида шундай деган эди: “Исроил халқининг сони денгиз қумидай кўп бўлса ҳам, улардан фақатгина саноқли одамлар қутқарилиб, омон қолади, чунки Эгамиз дунё устидан чиқарган ҳукмини тўла-тўкис ва тезда ижро этади”. Булардан олдинроқ Ишаё яна шундай деб айтган эди: “Агарда Сарвари олам қолдирмаганда эди бизга зурриёт, Садўм шахрининг ҳолига тушар эдик, Ғамўра шаҳридай хонавайрон бўлардик””.
а. “саноқли одамлар қутқарилади”. Бу ерда Ишаё 10:23 оятдан келтирилган парчада, энг аввало келажакдаги вайронгарчиликдан Худованд сақлаб қоладиган саноқли инсонлар тўплами ҳақида сўз юритилмоқда. Худо халқининг оссуриялик ва бошқа ҳукмдорлар қўлларидан тортадиган жабрлари, уларни бизни энди қириб ташлашади, деб ўйлашларига мажбур қилади. Худованд бу нарса содир бўлмаслигига ишонтирмоқда. У ҳар доим “саноқли” инсонларни асраб келган.
1) Худованд ҳар доим Ўз ишини айнан “саноқли” инсонлар билан давом эттирган. “Бутун ҳалқ Худованднинг баракотига эришмаган экан, демак, Унинг ваъдаси амалга ошмади, деб ўйлаш нодонликдир. Худонинг ваъдалари ҳеч қачон бутун миллатга тегишли бўлмаган; улар ҳеч қачон умуман олганда миллатнинг ўзига тегишли бўлмаган” (Моррис)
б. “Садўм шахрининг ҳолига тушар эдик”. Садўм ва Ғамўра Худонинг ҳукми орқали бутунлай йўқ қилиб ташланган. Ишаё 1:9 оятдан келтирилган иқтибос қуйидаги нарсани белгилаб ўтади: яҳудийларнинг гуноҳий аҳволи қай даражада даҳшатли бўлмасин, бундан ҳам баттароқ бўлиши мумкин эди. Фақат Худонинг шафқати орқалигина улар тирик қолишди. Садўм ва Ғамўрра ер юзидан йўқ қилиб ташланди; ҳатто “саноқли” одамлар ҳам тирик қолишмади. Бироқ, ҳаттоки ҳукмининг энг авж палласида ҳам, Худованд яҳудийларга Ўз шафқатини намоён қилмоқда.
1) Худо ваъдаларининг марҳамати яққол кўриниб турибди. “Фақатгина саноқли инсонлар тирик қолган тақдирда ҳам, бу нарса энг камида қайта тикланишга бўлган умидни сақлаб қолади” (Брюс).
В. Нима учун Исроил ҳозирги аҳволига келиб қолганлигига нисбатан инсоний нигоҳ: Исроил Халоскорни диққатдан четда қолдирди, чунки улар Унинг олдига имон билан келишдан бош тортишди.
1. 30-31 оятлар. Исроил ҳамда ғайрияҳудийларнинг ҳозирги ҳолатини инсоний нуқтаи назардан таҳлил қилиш.
“Хўш, булар нимани билдиради? Оқланиш пайида бўлмаган халқлар энди имон туфайли Худонинг олдида оқландилар. Исроил халқи эса оқланиш ниятида қонунни бажариш пайида бўлдилар, лекин мақсадларига эриша олмадилар”.
а. “оқланиш пайида бўлмаган халқлар энди имон туфайли Худонинг олдида оқландилар”. Оқланиш ҳақида умуман ўйламаган ва унинг пайида бўлмаганлар, оқланишга эга бўлган кўринадилар.
б. “Исроил эса оқланиш ниятида қонунни бажариб…мақсадларига эриша олмадилар”. Кўриниб турганидек, Исроил бутун кучи билан Худо олдида оқланишга ҳаракат қилган, аммо мақсадига эриша олмаган.
в. “оқландилар…оқланиш…пайида бўлдилар…мақсадларига эриша олмадилар”. Фарқ нимада эди? Нима учун деярли оқланишга эриша ололмайдиган бошқа халқлар оқланишга эришдилар-у, оқланишга кўпроқ муносиб номзод бўлиб кўринган яҳудийлар – оқлана олмадилар? Чунки ғайрияҳудийлар “имондан солиҳликка” интилдилар, яҳудийлар эса – “қонунни бажариш орқали оқланишга” интилдилар. Нажот топган ғайрияҳудийлар Худованд берган солиҳликни қабул қилган ҳолда, имон орқали Худога келишди. Худо рад этганга ўхшаган яҳудийлар эса, “қонунда ёзилган солиҳлик ишларини” бажарган ҳолда, Худонинг олдида оқланишга уриндилар.
2. 32-33 оятлар. Павлус, нима учун Исроил Худонинг солиҳлигидан ва марҳаматидан ажралгандай кўринаётганлигининг сабабини белгилаб ўтмоқда: “чунки имон орқали изламадилар”.
“Нима учун? Чунки улар имон билан эмас, балки қонунни бажариш орқали оқланишга уриндилар. Улар Муқаддас битикларда тасвирланган тошга қоқилиб йиқилдилар. Худо Муқаддас битикларда шундай деб айтган эди: “Мен Қуддусда бир тош жойлаштиряпман. Баъзилар унга қоқилиб йиқиладилар, аммо Унга таянган ҳеч бир инсон уятга қолмайди”. Бу тош Исо Масиҳдир”.
а. “чунки улар имон билан эмас”. “Нима учун” деган саволга, Павлус яна бир бор Худонинг нуқтаи назаридан жавоб бериб, шунчаки Унинг суверен танлови билан ҳаммасини тушунтиришини кутиш мумкин эди. У эса бутун жавобгарликни Исроилнинг бўйнига ташламоқда: “Чунки улар имон билан эмас, балки қонунни бажариш орқали оқланишга уриндилар. Улар Муқаддас битикларда тасвирланган тошга қоқилиб йиқилдилар”.
1) Римликларга ёзилган мактубнинг бош қисмларида, Павлус, нажотга бўлган ягона йўл қонун амаллари орқали эмас, имон орқали эканлигини кўрсатиб ўтган эди. У ушбу нажот фақатгина хочда михланган Нажоткорнинг жасорати орқали қўлга қиритилганлигини айтиб ўтган эди; айнан мана шу нарса Исроил учун улар қоқилган тош бўлди (1 Коринфликлар 1:22-23).
б. “битикларда тасвирланган тошга қоқилиб йиқилдилар”. Павлус, Исроил ўзининг ҳозирги аҳволи устидан жавобгар эканлигини кўрсатмоқда. Демак, у олдин ўзи айтиб ўтган Худонинг суверен танлови ҳақидаги гапларига қарши чиқмоқдами? Асло йўқ! У шунчаки ушбу танганинг бошқа томонига нигоҳ ташлашни таклиф қилмоқда – яъни фақатгина Худонинг шоҳона иродаси орқали эмас, инсоннинг жавобгарлиги нуқтаи назаридан ҳам қарашни таклиф этмоқда.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]