Римликлар, 6 боб.
“Иноят учун “қуролсизлантирилганлар”
А. Иноят остида яшаётган масиҳий ва гуноҳ қилиш одати билан боғлиқ муаммо.
1. 1-оят. Кўпроқ иноятнни қабул қилиш учун, гуноҳда яшашимиз керакми?
“Хўш, нима дейлк? Иноят кўпаяверсин деб, гуноҳ қилишда давом этаверамизми?Йўқ, асло!”.
а. “иноят кўпаяверсин деб, гуноҳ қилишда давом этаверамизми?”. Павлус, “гуноҳ кўпайганда, иноят ҳам кўпайди” (Римликлар 5:20) деган ғояни эслатиб ўтган эди. Энди эса у, бирор бир инсон ушбу ҳақиқатдан, гуёки масиҳий гуноҳ қилишда давом этавериши мумкин, чунки катта гуноҳни Худо унданда каттароқ иноят билан қоплайди, деган хулоса чиқариш имкониятига эга бўлиши мумкинми деган саволни бермоқда.
1) Охир оқибат, агар Худованд гуноҳкорларни яхши кўрса, гуноҳ ҳақида қайғуриш шартмикан? Агар Худованд Ўз иноятини гуноҳкорлар устидан ёғдирадиган бўлса, кўпроқ иноятга эга бўлиш учун, кўпроқ гуноҳ қилиш керак эмасми? Баъзи бир инсонлар, гуноҳ қилиш – менинг вазифам, кечириш эса – Худонинг вазифаси, деб ҳисоблашади, шунинг учун ҳам Худованд Ўз ишини қилиши учун, улар шунчаки ўз ишларини қиладилар!
2) 20 асрнинг бошида, Григорий Распутин исмли рус роҳиби, доимий гуноҳ ва тавба ҳақидаги ғояни ўз ҳаётида амалга ошириб, ўша ғояга бошқаларни ҳам ўргатган. У: бошқалардан кўра кўпроқ гуноҳ қилган инсон, кўпроқ иноятга муҳтож бўлганлиги сабаб, тўхтовсиз гуноҳ қиладиган инсон, оддий гуноҳкордан кўра кўпроқ (қисқа муддатга тавба қилган ҳолда), Худонинг иноятидан баҳраманд бўлади, деб ишонган. Шунинг учун ҳам Распутин ўзининг енгилтабиат ҳаёти билан машҳур бўлган; у, нажотга элтувчи йўл айнан шу, деб ўргатган. Мана сизга “Иноят кўпаяверсин деб, гуноҳ қилишда давом этаверамизми?” деган ҳолда, Павлус назарда тутган нарсанинг экстремал мисоли.
3) Бироқ, ҳаттоки баъзи бир қийшиқликларни бир томонга олиб ташласак ҳам, бу савол очиқлигича қолмоқда. Иноятга асосланган нажот режаси “хавфсизмикан?”.Одамлар уни суистеъмол қилишни бошлашмасмикан?Агар Худонинг нажоти ва розилиги қилган амалларимиз асосида эмас, имон асосида бериладиган бўлса, биз шунчаки: “Мен ишонам” деб айтиб, ўзимиз хоҳлагандек яшашни давом эттираверишимиз мумкинми?
4) Дунёвий ёки шунчаки одамий нуқтаи назардан қараганда, иноят хавфлидир. Шунинг учун ҳам жуда кам инсонлар чин дилдан иноят ҳақидаги таълимотга ўргатишади ва унга ишонишади, аксинча бунинг ўрнига қонунга асосланган ҳаётга ўрғу беришади. Улар қуйидагича мулоҳаза юритишади: агар биз инсон зоти нимага лойиқ бўлишига қарамасдан, Худованд уларни қабул қилиши ва қутқариши ҳақида инсонларга айтсак, уларнинг итоаткор бўлишларига сабаб қолмайди. Уларнинг фикрига кўра, уларнинг бошига ёғилишга тайёр турган Худонинг қаҳр ғазаби ҳақида гапирмай туриб, инсонни тўғри ва тор йўлда тутиб туришнинг имкони йўқ. Агар уларнинг Масиҳдаги ҳолатлари, Исонинг амалга оширган иши орқали мустаҳкамланган эканлигига ишонсалар, муқаддас ҳаёт кечириш нияти уларда пайдо бўлмайди.
б. “гуноҳ қилишда давом этаверамизми?”. “Гуноҳ қилишда давом этаверамизми” деган феъл шакли (фаол ҳозирги замон шакли) ушбу оятда Павлус, чуқур ўрнашиб қолган гуноҳ қилиш одатини ифодалаётганлигини кўрсатади. Олтинчи бобнинг биринчи ярмида, Павлус, “иноят кўпаяверсин”, деб гуноҳий ҳаёт тарзини давом эттираётган иносн ҳақида сўз юритган.
2. 2-оят. Гуноҳий ҳаёт қабул қилинмайди, чунки биз гуноҳ учун ўлганмиз, бу эса бизнинг гуноҳга бўлган муносабатимизни ўзгартиради.
“Йўқ, асло! Биз гуноҳ учун ўлганмиз. Энди қандай қилиб гуноҳ қилиб яшайверамиз?”.
а. “Йўқ, асло!”. “Иноят кўпаяверишини учун, кимдир гуноҳ қилишда давом этавериши” мумкинлиги ҳақидаги ғоя, Павлусга умуман мантиқсиз бўлиб кўриняпти. “Йўқ, асло!” – бу жуда кучли жумла. Ушбу жумлани “Бу фикрни миянгиздан чиқариб танланг!” ёки “Ҳаттоки ҳаёлингизга ҳам келтирманг!” деб ҳам таржима қилиш мумкин.
б. “Биз гуноҳ учун ўлганмиз. Энди қандай қилиб гуноҳ қилиб яшайверамиз?”. Павлус жуда муҳим чегарани ўрнатмоқда. Биз Исог ва Ундаги нажотга имон келтирган ҳолда, юқоридан тўғилган пайтимиз, бизнинг гуноҳ билан бўлган муносабатимиз буткул ўзгарди. Биз “гуноҳ учун ўлдик”. Агар биз “гуноҳ учун ўлган бўлсак”, демак бошқа “гуноҳ қилиб шашимиз” керак эмас.Нимадир учун ўлиб, “ўша нарса ичид” яшаш жуда қизиқ кўринса керак.
в. “биз гуноҳ учун ўлганмиз”. Павлус “гуноҳ учун ўлиш” нима эканлигини батафсил тушунтирган ҳолда, кўп нарсани айтишга интилмоқда, лекин умумий фикр аниқ кўриниб турибди: масиҳийлар гуноҳ учун ўлишган ва гуноҳ қилиб яшашни давом эттирмасликлар керак. Илгари биз ўз гуноҳларимиз сабаб ўлик эдик (Эфесликлар 2:1), энди эса “гуноҳ учун ўлдик”.
3. 3-4 оятлар. Чўқиниш – имонлининг гуноҳ учун ўлганлиги тасвиридир.
“Унутмангизки, биз Исо Масиҳни тан олиб сувда имон келтирганимизда, ҳаммамиз ҳам Унинг ўлимини тан олиб имон келтирдик. Биз сувга чўмиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Шунингдек, Масиҳ Отасининг қудрати билан тирилганига ўхшаб, биз ҳам янги ҳаётда юришимиз лозим”.
а. “Унутмангизки”. Павлуснинг, ҳар бир масиҳий билиши керак бўлган асосий тушунчалар ҳақида сўз юритаётганлиги назарда тутилоқда.
б. “биз Исо Масиҳни тан олиб сувда имон келтирганимизда”. Бизнинг тилимизга “сувда имон келтирган” деб таржима қилинган қадимги юнонча сўз, “ботирмоқ” ёки “бирор нарсани сувга ботирмоқ” деган маънони англатади. Муқаддас Каломда “чўқиниш” ғояси бир неча хил турларда учрайди. Инсонни сувда чўқинтирганларида, у сувга ботади ёки бошигача сув билан қопланади. Инсон Муқаддас Руҳ билан чўқинганида эса (Матто 3:11, Ҳаворийлар 1:5), у Муқаддас Руҳ билан буткул қопланади ёки Унга “ботади”. Қайғу ва азобда чўқиниш ҳақида сўз юритилганда эса (Марк 10:39), инсон азобларга ботади ёки улар билан тўлиб тошиши айтилади. Бу ерда Павлус, Исо Масиҳга чўқинганлар (“ботганлар” “қопланганлар”) ҳақида сўз юритмоқда.
в. “биз сувга чўмиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Шунингдек, Масиҳ Отасининг қудрати билан тирилганига ўхшаб”. Сувга чўмиш (Исо Масиҳда чўқиниш) – бу имонлининг Исога мурожаати тасвири ёки Исо сингари ўлиб тирилиш орқали У билан бирлашиши деганидир.
1) “Ушбу парчадан ва Павлуснинг мактубларидаги чўқиниш ҳақидаги бошқа эслатмалардан яққол кўриниб турибдики, у учун чўқиниш, зарурий бўлмаган, масиҳийнинг ҳаётидаги шунчаки қўшимча бир ҳаракатдай кўринмаган” (Брюс).
г. “Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Шунингдек, Масиҳ Отасининг қудрати билан тирилганига ўхшаб, биз ҳам янги ҳаётда юришимиз лозим”. Павлус, сувга чўмишни “ўлим” сифатида, сувдан чиқишни эса ўликлардан тирилиш сифатида тасвирлаган ҳолда, сувга чўмиш ғоясини давом этмоқда.
1) Албатта, чўқинишни покланиш билан ҳам боғлашади, аммо бу нарса Павлус ушбу оятда сўз юритган нарсалар билан боғлиқ эмас.
2) Шу нуқтаи назардан, чўқиниш руҳий ҳақиқатликнинг тимсоли сифатида муҳим аҳамиятга эга, бироқ, чўқиниш ушбу ҳақиқатни амалга ошириш учун туртки бўла олмайди. Агар инсон руҳан ўлиб, Исо орқали тирилган бўлмаса, бутун дунёда мавжуд бўлган чўқинишларнинг ҳеч бри, бу нарсани амалга ошира олмайди.
3) Павлуснинг фикри аниқ: имонлининг ҳаётида, уни абадий ўзгартирадиган қандайдир драматик воқеа содир бўлиши лозим. Ўлиб, кейин ўликлардан қайта туғилгандан сўнг, ҳаётнинг ўзгармай қолиши мумкин эмас. Имонли ҳақиқатдан ҳам (руҳий маънода бўлса ҳам), Исо Масиҳ билан бирга ўлиб, тирилади.
4. 5-10 оятлар. Бизнинг Исо билан ўлиб тирилишимизнинг натижалари ҳақидаги фикрлар.
“Биз чўмдирилиб, Исо Масиҳнинг ўлимига шерик бўлган бўлсак, албатта Унинг ўликдан тирилишига ҳам шерик бўламиз. Биз биламизки, эски ўзлигимиз Масиҳ билан бирга хочга михлангани учун, гуноҳга берилган бу вужудимиз йўқ қилинди. Энди биз гуноҳга қул эмасмиз. Ахир, ўлган одам гуноҳнинг амри остида эмас-ку! Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак, У билан яшашимизга ҳам ишончимиз комил. Биз биламизки, Масиҳ ўликдан тирилгани учун У энди бошқа ўлмайди, ўлим энди Унга ҳоким бўла олмайди. Масиҳ ўлгани учун гуноҳ энди Унга ўз таъсирини кўрсата олмайди, Унинг янги ҳаёти Худога шуҳрат келтиради”.
а. “шерик бўлган бўлсак”. Ушбу жумла жуда яқинликни билдиради. Бу жумла, “дарахт билан бирга бир хил ҳаёт кечириши учун, поянинг дарахтга уланиши, яъни ўсимликларнинг пайвандланиш жараёнини жуда аниқ ифодалаб беради… Бизнинг қаршимизда энг яқин ҳусусиятнинг бирлиги турибди; Масиҳнинг ҳаёти унинг ичига қуйилмоқда” (Моррис). Юҳаннонинг 15 – бобида Исо томонидан тасвирланган бирга бўлишлик тимсолини, ушбу фикр жуда аниқ акс эттиради.
1) Бу ҳам “Унинг ўлимида” ҳам “Унинг тирилишида” У билан бўлган жуда яқин муносабатдир. Худованд биз учун ҳар иккала тажрибани тайёрлаб қўйган. Ўз ҳаёти ҳақида сўз юритган ҳолда, Павлус деярли худди шундай ғояни айтиб ўтган: “Мақсадим шуки, Исо Масиҳни билай, Уни тирилтирган қудрат менинг ҳаётимда ҳам, ўз кучини кўрсатсин, Масиҳнинг азобларига шерик бўлай. Унинг ўлим пайтидаги фикр зикри менинг ҳаёт тарзим намунаси бўлсин. Бир кун келиб, мен ўликдан тирилишга эришаман, деб умид қиламан” (Филиппиликларга 3:10-11). Баъзилар ҳозирнинг ўзидаёқ Исонинг шуҳратида “Унинг ўликдан тирилишига шерик бўлишга” тайёр, аммо “Унинг ўлимига шерик бўлишни” истамайдилар.
б. “Унинг ўликдан тирилишига ҳам шерик бўламиз”. Бизнинг Исонинг ўлимига шерик бўлишимиз, Унинг тирилишига ҳам шерик бўлишимизни тасдиқлайди.
1) Баъзи бир масиҳийлар, осонгина фақатгина “миҳланган ҳаётга” бутун диққатларини қаратишади ва бу “миҳланган ҳаёт” бошқа, улкан бир нарсанинг: тирилишдан сўнг бўладиган ҳаётга бўлган тайёргарликнинг бир қисми (катта аҳамиятга эга бўлсада, фақатгина бир қисми) эканлигини кўришни рад этадилар.
в. “эски ўзлигимиз Масиҳ билан бирга хочга михлангани учун”. Эски ўзлигимизнинг ўлими – ўрнатилган далилдир. Бу руҳий ҳодиса, нажот топган пайтимизда, ўзимизни Масиҳнинг ўлими билан қиёслаганимизда содир бўлган.
1) “Эски ўзлигимиз” бу Одам Ато тимсолига ўхшатиб бичилган бизнинг “мен”имиз; Худога ва Унинг амрларига қарши қўзғолон кўтариш истагида илдиз отиб, ўрнашиб қолган бизнинг бир қисмимиз. Қонун тизими, бизнинг “эски ўзлигимиз” билан ҳеч нарса қила олмайди, чунки қонун фақатгина унга Худонинг тўғри стандартларинигина кўрсата олади холос. Қонун “эски ўзликдаги инсонни” қайта тузатишга, уни ўзгаришга, ҳаммасини бошидан, тоза саҳифадан бошлашга мажбур қилишга ҳараккат қилади. Иноят асосида қурилган тизим эса, “эски ўзлигимизни” тузатиб бўлмаслигини билади. Бу эски ўзлик ўлмоғи лозим; имонли инсон учун, “эски ўзлик” Исо билан биргаликда хочда ўлади.
2) “Эски ўзликнинг” хочга михланиши – мана қандай ишни Худованд бизда амалга оширди. Ҳеч ким шахсан ўзи “эски ўзлигини” хочга михлагани йўқ. Бу ишни Исо амалга оширди; бизга бу нарсани амалга ошган далил деб ҳисоблаш буюрилган. “Бизнинг ўзимизда эски ўзлигимизни пасайтирадиган ёки унга нисбатан жирканиш ҳиссини уйғотадиган ҳеч нарса бўлмаган, уни хочга топшириб, ўлимга маҳкум этиш ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлади. Бу ишни Худованднинг Ўзи амалга оширишига тўғри келди” (Ленски)
3) “Эски ўзликдаги инсон” ўрнига, Худованд имонлига янгисини – ўз моҳиятига асосан Худога итоаткор ва Унга маъқул келишга ҳаракат қиладиган янги “мен”ни беради. Бу Масиҳнинг тирилишида У билан биргаликда тирилган бизнинг шахсимизнинг бир қисмидир. Янги Аҳдда биз “янги инсоннинг” ифодасини топишимиз мумкин.
· “Худонинг суратида яратилган, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддасликдан иборат бўлган янги табиатга бурканинглар” (Эфесликлар 4:24).
· “Бунинг ўрнига сиз янги табиатга буркандингиз. Сизлар Худони яқинроқ билиб бораркансиз, сизнинг янги табиатингиз уни яратган Худонинг суратига ўхшаб бормоқда” (Колосаликлар 3:10).
г. “гуноҳга берилган бу вужудумиз йўқ қилинди”. Худованд биздаги “эски ўзлигимизнинг”- яъни гуноҳий табиатимизнинг ўлимини – бизни гуноҳдан озод этиш учун ишлатмоқда. Ўлик энди бизнинг устимиздан ҳокимлик қила олмайди; биз шу нарсани ёдимизда тутишимиз лозим, “эски ўзлигимиз Исо билан бирга хочга михланган”.
1) “Эски табиат” ҳақида, Янги Аҳдда яна икки маротаба айтиб ўтилган (Эфесликлар 4:22 ва Колосаликлар 3:9). Ушбу оятлар бизга, “эски табиат” йўқ қилинганлигини эсатади ва уни абадий ўлимга дучор бўлган бир нарсадек бир четга йиғиштириб қўйиш кераклиги ҳақида гапиради. Қатъий айтганда, биз “эски табиат” билан курашаётганимиз йўқ. Биз шунчаки ун ўлик деб ҳисоблашимиз керак.
2) “Энди бундан буёғи, ёвузлик бизнинг ичимизга чақирилмаган меҳмон сифатида кира олиши ва ачинарли тартибсизликни ташкил қилиши мумкин, бироқ, ҳеч қачон бизнинг ички тахтимизга ўтира олмайди. Энди у, унинг келганидан ҳеч ким хурсанд бўлмайдиган ва илтифот кўрсатилмайдиган нописанд бир бегона мисолдир. Биз гуноҳнинг раҳбарлиги ва ҳокимлиги учун ўликмиз” (Сперджен).
д. “гуноҳга берилган бу вужудимиз йўқ қилинди”. Агар “эски ўзлигимиз” ўлик бўлса, нима учун биз яна ўз ичимизда гуноҳга бўлган интилишни ҳис этамиз? Бу интилиш “эски ўзлигимиздан” фарқ қиладиган танадан келиб чиқади. Тананинг аниқ тасвири ифодалаш жуда қийин; баъзилар уни “ички инсонимизнинг аксини кўрсатадиган экран” деб аташади. Бизнинг ички “мен”имизни хоҳиш истаклар, эҳтирослар ва ҳаяжонлар қамраб олади. Улар бизнинг онгимизни, иродамизни ва туйғуларимизни эгаллайди. Тана – бу ичимиздаги инсоннинг ташқи кўриниишидир.
1) Гуноҳ билан бўлган курашда, тана ҳар доим муаммоларни келтириб чиқаради, чунки тана, учта манба ёрдамида, гуноҳий одатларни шакллантиришда мутахассисга айланган. Биринчидан, “эски ўзлигимиз” Масиҳ билан бирга хочга михланишдан олдин, танамизни “тарбиялаган” ва унда ўз изларини қолдирган. Иккинчидан, дунёвий тизим ўзининг Худога қарши бўлган қўзғолонида, танага доим таъсирини ўтқаза олади. Ва ниҳоят, иблис танани васвасага учратиш ва гуноҳга мойил қилиш имкониятини қидириб юради.
2) Мана энди, бизнинг “эски ўзлигимиз” ўлганидан кейин, танани нима қилишимиз керак? Худованд бизларни – Ўзининг бевосита иштирокида – У бизнинг “эски ўзлигимиз” билан қандай йўл тутган бўлса, тана билан ҳам шундай йўл тутишга чорлайди, яъни тана гуноҳ учун ўликка айланиши учун уни михлашга даъват этади (Галатияликлар 5:24). Агар биз танамиз аввалгидай “эски ўзлигимизнинг” одатлари, дунё ва иблиснинг таъсири остида қолишига йўл қўйиб берсак, у учун гуноҳ қилиш каби кучли васвасага қарши туриш жуда қийин бўлиб қолади. Агарда биз, ичимизда яшашни бошлаган янги инсонга бизнинг иродамиз, онгимиз ва туйғуларимизга таъсир ўтқазишига рухсат берсак, курашнинг қизғинлиги сўна бошлаганини кўрамиз.
е.“энди биз гуноҳга қул эмасмиз. Ахир, ўлган одам гуноҳнинг амри остида эмас-ку!”. Гуноҳ қуллигидан фақатгина ўлим озод қилиши мумкин. 1960 йилда, кичик муддат давом этган бўлишига қарамай, бутун Римда кенг тарқалган қўзғолонга бошчилик қилган қочоқ қул ролини актёр Кирк Дуглас ижро этган “Спартак ” киноси чиқди. Кинодаги эпизодлардан бирида Спартак шундай дейди: “Ўлим – қул биладиган ягона озодликдир. Шунинг учун ҳам қул ўлимдан қўрқмайди”. Биз ҳам гуноҳдан озодмиз, чунки бизнинг “эски ўзлигимиз” Исо билан бирга хочга михланган. Энди бизнинг ичимизда янги, эркин инсон яшамоқда.
ж. “биз биламизки, Масиҳ ўликдан тирилгани учун У энди бошқа ўлмайди, ўлим энди Унга ҳоким бўла олмайди”. Биз Исо билан биргаликда ўлим гуноҳ учун ўлганлигимиз боис, “ўлим энди бизнинг устимиздан ҳокимлик қила олмайди”. Янги инсон шунчаки ҳаётга эмас, абадий ҳаётга эгадир.
з. “Унинг янги ҳаёти Худога шуҳрат келтиради”. Бизга берилган янги ҳаёт, биз ўзимиз учун яшашимизга берилмаган. Энди биз “Худога шухрат келтириш” учун яшамоқдамиз. Биз ўзимиз хоҳлаганимиздек яшашимиз учун эмас, Худога маъқул ҳаёт кечиришимиз учунгина гуноҳ учун ўлиб, ундан озод бўлиб, янги ҳаётни қўлга киритдик.
1) “Агар Худованд Масиҳда бизларга янги ҳаётни ато этган бўлса, фандай қилиб биз аввалгидан, одатдагидай ҳаёт кечиришимиз мумкин? Руҳий инсон танавий инсондек яшаши керакми? Қандай қилиб сизлар, илгари гуноҳнинг қули бўлганлар, бироқ тўкилган бебаҳо қон орқали озодликка эришганлар, яна қайтадан аввалги қуллик ҳаётингизга қайтишингиз мумкин?” (Сперджен)
2) Юқоридан туғилган инсоннинг ўзгарган ҳаёти ҳақида, Худо билан тузилган янги аҳднинг белгиларидан бири сифатида Эски Аҳдда айтиб ўтилган, ушбу аҳдни тузганимиздан сўнг биз янги юракка эга бўламиз, ва шунинг учун ҳам бизнинг “ички инсонимиз” Худонинг иродасини амалга оширишни ва солиҳликнинг қули бўлишни истайди (Ҳизқиёл 36:26-27).
3) Англикан черковининг илдамчи қирк иккита мақоласининг ўн биринчи қисмида, 16 асрга хос гўзаллик билан ушбу ҳақиқат қуйидагича ифодаланган: “Масиҳнинг инояти ёки У томонидан бериладиган Муқаддас Руҳ, бизнинг тош қотган юрагимизни олиб, унинг ўрнига “юмшоқ гўштли” яъни мулойим юракни беради”.
5. 11-12 оятлар. Бизнинг Исо билан ўлиб тирилганлигимиз тамойилининг амалда қўлланилиши.
“Шунинг учун сизлар ўзингизни гуноҳ олдида ўлик деб ҳисобланг. Энди Исо Масиҳ туфайли Худога шуҳрат келтириб яшашингиз керак. Шундай қилиб, гуноҳ энди сизларнинг фоний таналарингиз устидан ҳокимлик қилмасин, худбин истакларингизга итоат этманглар”.
а. “Шунинг учун сизлар ўзингизни гуноҳ олдида ўлик деб ҳисобланг”. “Ҳисобланг” – деган сўз, ҳисоб китоб билан боғлиқ. Павлус бизларга, биз “эски ўзлигимизни” абадий ўлик деб санашимиз кераклигини айтмоқда. Худованд ҳеч бир оятда бизларга “эски ўзлигимизни” хочга михлашимиз кераклигини айтмаган; биз Исонинг хочдаги ўлимини ўзимизда акс эттирганимиз туфайли, эски ўзлигимизни аллақачон ўлик деб ҳисоблашимиз лозим.
б. “энди Исо Масиҳ туфайли Худога шуҳрат келтириб яшашингиз керак”. Гуноҳ учун ўлиш – бу тенгламанинг фақатгина қисмидир. Эски инсон энди йўқ бошқа, янги инсон эса яшашда давом этмоқда (Римликлар 6:4-5).
в. “шундай қилиб, гуноҳ энди сизларнинг фоний таналарингиз устидан ҳокимлик қилмасин”. Бу нарсани фақатгина масиҳийга – яъни “эски ўзлиги” Масиҳ билан биргаликда хочга михланган ва Исода янги инсонга айланган одамгагина айтиш мумкин. Фақатгина гуноҳдан озод бўлган инсонгагина “гуноҳ тананг устидан ҳокимлик қилмасин” деб айтиш мумкин.
1) Фақат масиҳийгина ҳақиқатдан озод инсондир. Нигоҳини Худога қаратмаган бўлса, эркакми аёлми, гуноҳ учун озоддир, бироқ, “эски ўзлигининг” ҳокимияти сабаб, гуноҳ қилмаслик ва солиҳ яшашлик учун озод эмас.
2) Исода биз ҳақиқий озодликка эга бўла оламиз ва янги инсоний табиий мойиллигига яъни Худога маъқул келиш ва Уни ҳурмат қилиш истагига берилиш имкониятига эга бўламиз.
г. “гуноҳ ҳокимлик қилмасин”. Эски ўзлигимиз ўлик; энди Исода янги, гуноҳдан озод ҳаёт бошланди. Шунга қарамай, кўпчилик масиҳийлар, ушбу эркинликни ҳис этишмайди. Имонсизликлари сабаб, ўз кучига таяниш одати ва илмсизликлари туфайли, Исо хочда нархини тўлаган озодликда яшашмайди.
1) Д.Л. Муди АҚШда фуқаролар урушидан сўнг, бир қоратанли жанубдан келган аёл билан содир бўлган воқеани тез тез сўзлаб берган. Ўша илгари қул бўлган аёл, ўзининг янги ҳолатини ҳеч ҳам тушуна олмаган ва шундай деган: “Мен эркинманми йўқми, ҳеч ҳам тушуна олмаяпман? Аввалги хўжайинимнинг олдига борсам, у йўқ деб жавоб бермоқда; ўзимникиларнинг олдига борсам, улар менинг озод эканлигимни айтишяпти. Барибир ҳам кимлигимни билмаяпман. Одамлар, Авраам Линкольн бу ҳақида ўз юзланишини имзолаб бўлган, деб айтишяпти, хужайиним эса имзоламаган деяпти; бу нарсага унинг ҳаққи йўқмиш”.
2) Кўпчилик масиҳийлар айнан мана шундай, юқорида айтиб ўтилган ҳолатда яшамоқдалар. Улар озодлар, гуноҳнинг қуллигидан қонуний тарзда озод этилганлар, аммо барибир ушбу ҳаққиқатнинг рост эканлигига ишончлари комил эмас. Кейинги оятларда биз, Исо томонидан берилган озодликда яшашни истайдиганлар учун берилган амалий ёрдамни кўриб чиқамиз.
6. 13-14 оятлар. Қандай қилиб, Исо бизга берган эркинликда яшашимиз мумкин.
“Танангизнинг ҳеч бир аъзосини ёмонлик қуроли қилиб, гуноҳнинг измига топширманглар. Аксинча, ўзингизни Худонинг измига топширинглар, чунки сизлар олдин ўлик эдингизлар, энди эса янги ҳаётга эгасизлар. Сизларнинг танангиз Худонинг солиҳлик қуроли бўлсин. Гуноҳ сизларнинг устингиздан ҳукмрон бўлмайди, чунки энди сизлар қонун остида эмас, балки иноят паноҳидасизлар”.
а. “танангизнинг ҳеч бир аъзосини ёмонлик қуроли қилиб, гуноҳнинг измига топширманглар. Аксинча, ўзингизни Худонинг измига топширинглар”. Расман озод бўлиш, аммо шу билан бир қаторда, аввалгидан “панжара” ортида қолиш мумкин. Инсон кўп йиллик қамоқхонадаги ҳаётдан сўнг, озод бўлганидан кейин ҳам кўп ҳолларда қамоқдаги маҳбусдай фикрлайди ва иш юритади. Чунки у ҳали ҳам озодликда яшайдиган инсонларнинг одатларига эга бўлгани йўқ. Павлус бизларга қандай қилиб масиҳийлик ҳаётидаги озодлик одатларига эга бўлиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб бермоқда.
1) 14 асрда, бугунги кунда Бельгия номи билан машҳур бўлган хонликда, икки ака ука тахт учун кураш олиб боришади. Каттасининг исми Рейналд, жуда семиз бўлгани учун тахаллуси “Бақалоқ” бўлади. Жуда шиддатли жангдан сўнг, Рейналднинг кичик укаси Эдуард мамлакат устидан ҳокимликни қўлга киритади ва герцог деган унвонга эришади. Акасини қатл қилиш ўрнига, Эдуард у учун қасрнинг бир қисмида махсус қамоқхона: яъни биргина эшикдан иборат хона қурдиради. Хонадаги эшик беркитилмаган, деразаларда эса панжаралар бўлмаган, ва Эдуард акасига хоҳлаган пайти унвонини ҳам, ерларини ҳам қайтара олишини ваъда қилган. Акасидан биргина нарса – ўша хонадан чиқиш талаб қилинган. Озодликка эришишига Рейналдга эшик ёки деразалар эмас, унинг ўзи тўсиқ бўлган. Жуда семиз бўлгани сабаб, оддий ҳажмга эга эшикка сиғмаган. Озодлик ҳамда бой берилган нарсаларни қайтариш учун Рейналд озгина вазн ташлаб, эшикдан чиқиши керак бўлган холос. Бироқ, кичик укаси унга турли туман мазали таомларни жўнатаверган ва Рейналднинг озодликка чиқиш истаги, мазали нарсаларни ейиш истаги устидан ғалаба қозона олмаган. Кимдир герцог Эдуардни, акасига нисбатан қаттиққўлликда айблаган, аммо Эдуард шундай жавоб берган: “Менинг акам аср эмас. У ўзи истаган пайти у ердан чиқиши мумкин”. Рейналд бўлса ўн йил давомида, укаси жангда ҳалок бўлмагунга қадар, ўша хонадан чиқмай яшайверган.
2) Бу ҳикоя кўпгина масиҳийларнинг ҳаётини жуда аниқ тасвирлаб беради. Исо мутлақ қонуний тарзда уларга озодликни берди; улар гуноҳдан озод ҳаётда юришлари ва яшашлари мумкин. Аммо бунинг ўрнига улар ўзларининг танавий нафсларини, гуноҳга бўйсиндириб, ҳақиқий маҳбусларга ўхшаб доимий мағлубиятда ва тушкунликда яшашмоқда.
б. “танангизнинг ҳеч бир аъзосини ёмонлик қуроли қилиб, гуноҳнинг измига топширманглар”. Бу Исо биз учун қўлга киритган эркин ҳаёт калитларидан бири. Биз ўз танмизни гуноҳнинг измига топширишимиз керак эмас. Ушбу ғоя New Living Translation таржимаси матнларида жуда жуда яхши ифодаланган: “Танангизнинг бирор бир қисми, гуноҳ учун ишлатиладиган нопокликнинг қуроли бўлмасин”.
1) Сизнинг аъзоларингиз – бу танангизнинг маълум бир қисмларидир (қулоқларингиз, оғзингиз, кўзларингиз, қўлларингиз, онгингиз ва ҳ.к.). Соф амалий фикр қуйидагидан иборат: “Сизнинг кўзларингиз бор. Ана шу кўзлар гуноҳ йўлида хизмат қилмасин. Сизнинг қулоқларингиз бор. Улар ҳам гуноҳ йўлида хизмат қилмасин”.
2) “Қурол” деб таржима қилинган сўзни, “асбоб” деб ҳам таржима қилиш мумкин. Танамизнинг аъзолари солиҳ ҳаёт учун курашда қуролга айланишади. Улар солиҳликка топширилганда, эзгу ишлар йўлида қурол бўлиб хизмат қилишади. Агарда улар гуноҳга топширилган бўлса, ёвузлик қуролига айланади.
3) Мисол тариқасида, қайдай қилиб Худованд ҳақ иш йўлидаги курашда, Ғўлиётни мағлубиятга учратиш учун Довуднинг қўлини ишлатганлигини келтириш мумкин. Вақт ўтиб эса, Довуднинг кўзлари, у Ботшевани кузатганида, нопоклик ва гуноҳиннг қуролига айланади.
в. “аксинча, ўзингизни Худонинг измига топширинглар”. Бу Исо биз учун қўлга киритган эркин ҳаёт калитларининг иккинчиси. Шунчаки қуролни (яъни тана аъзоларини) гуноҳ йўлида ишлатмасликнинг ўзи кифоя эмас. Уни солиҳлик учун хизматга қўйиш керак; бу ҳамма жангларда бўладиганидек, қайси томон кучли қуролларга эга бўлса, ўша томон ғалаба қозонади.
1) Шунга ўхшаш ғояни, Эски Аҳддаги руҳонийлар қандай қилиб ўз таналарини Худога хизматга бағшида этганларини кузатганда кўриш мумкин. Улар қурбонгоҳдаги қон билан қулоқларини, қўл ва оёқнинг бош бармоқларини суртишган ва шу орқали ушбу тана аъзолари (қолган ҳамма аъзоларга ўхшаб) Худога тегишли эканлигини ва Унинг шуҳрати йўлида хизмат қилиши кераклигини кўрсатишган (Чиқиш 29:20).
2) Биз Худованд олдида “ўликлардан тирилган” ҳолда турибмиз. Биринчидан, бу ерда, ўтган ҳаётимиз (“эски ўзлигимиз”) билан боғлиқ нарсалар ўтмишда қолганлиги ҳақида сўз юритилмоқда. У ҳаёт ўлди, у бошқа мавжуд эмас. Иккинчидан, бу ерда мажбуриятларимиз ғояси ҳақида сўз юритилмоқда, чунки биз бутун борлиғимиз билан бизга мана шу янги ҳаётни инъом этган Зотдан қарздормиз!
г. “гуноҳ сизларнинг устингиздан ҳукмрон бўлмайди”. Сперджен, биз ушбу сўзларда текширувни, ваъдани ва қўмакни кўришимиз мумкин деб айтган.
1) Бу – мен масиҳийман, деб қилган эълонимизнинг текшируви. Бизнинг устимиздан ғазаб ҳукмронми? Норозилик ва шикоят қилишликларчи? Очкўзлик ва шахсий манфаатни ўйлашлик, ҳаётимизда ҳокимлик қиляптими? Манманликчи? Дангасалик ҳокимлиги остида яшаяпманми? Агарда мана шундай гуноҳлар бизнинг устимиздан ҳокимлик қилаётган бўлса, биз дарҳақиқат нажот топганмизми ёки йўқми, жиддий ўйлаб кўришимиз лозим.
2) Бу ғалаба ваъдаси. Бу ерда “гуноҳ бошқа ҳеч қачон сизнинг ҳаётингизда пайдо бўлмайди”, деб айтилаётгани йўқ, чунки бу нарса биз Худонинг шуҳратида қайта тирилганимиздагина содир бўлади. Бироқ, биз юқоридан туғилган пайтимизда, Исо амалга оширган иш туфайли гуноҳ бизнинг устимиздан ҳокимлик қила олмаслиги ҳақидаги ваъдани кўрмоқдамиз.
3) Бу гуноҳга қарши бўлган курашда бизга берилган кўмак, умид ва кучдир. Худованд сизнинг гуноҳнинг остида бўлган ҳаётингиз учун қораламаяпти; у сизга Исода озодликни бермоқда. Бу гуноҳ билан курашаётган масиҳий учун, янги имонли ва имондан ортга қайтганлар учун берилган кўмак ва рағбатдир.
д. “чунки энди сизлар қонун остида эмас, балки иноят паноҳидасизлар”. Мана бизнинг йўлимиз, озодликдаги ҳаёт учун берилган воситаларимиз. Бу нарса, максимал маҳсулдорликка диққатини қаратган қонунчи – масиҳий ҳаётида содир бўлмайди. Озод ҳаёт фақатгина “қонун остида эмас, иноят паноҳида” яшаётганлар учундир.
1) Қонун Худонинг стандартларини аниқ белгилаб бериб, биз у стандартлардан узоқ эканлигимизни кўрсатиб берган. Аммо иноят берадиган гуноҳдан озодликни қонун бизларга кафолатлай олмайди. Шу нарсани ёдда тутинг, “Раббимиз Исо Масиҳ орқали Худонинг инояти ҳукм сурмоқда” (Римликлар 5:21). Қонун эмас, айнан иноят бизларга озодликда, гуноҳ устидан ғалаба қозониб яшашга куч беради.
2) Ва яна бир бор биз, солиҳ ҳаёт бу – ҳақиқатдан ҳам иноятда яшалган ҳаёт эканлигини кўрмоқдамиз. Иноят гуноҳ қилиш учун литсензия тарқатмайди. “Агарда инсон иноят остидаги ҳаётни, гуноҳ учун асос деб ҳисобласа, демак бундай инсон аслида умуман иноят остида яшаётгани йўқ” (Брюс)
е. “қонун остида эмас, балки иноят паноҳидасизлар”. Бу юқоридан туғилган инсон ҳаётидаги туб ўзгаришларни тасвирлашнинг яна бир йўли. Павлуснинг замондошлари бўлган яҳудийлар учун, “қонун остидаги” ҳаёт ҳамма нарсадан муҳим бўлган. Қонун улар учун Худонинг марҳаматига ва абадий ҳаётга эга бўлиш йўли бўлган. Бу ерда эса Павлус, Янги Аҳд контекстида биз “қонун остида эмас, балки иноят паноҳида” эканлигимизни кўрсатмоқда.Худованд бизнинг ҳаётимизда амалга оширган иш, ҳамма нарсани тубдан ўзгартирди.
1) Павлус ўзи томонидан Римликлар 6:1 оятда қўйилган саволга жавоб бермоқда. Иноят кўпайиши учун, гуноҳ қилиш одати билан яшашни давом эттиришимиз керак эмасми? Чунки нажот, гуноҳларнинг кечируви ва Худованднинг иноятига эга бўлгандан сўнг, биз тубдан ўзгарамиз. “Эски ўзлигимиз” ўлик, янги инсон эса яшашда давом этмоқда.
2) Ушбу ақл бовар қилмас ўзгаришларни ҳисобга олиб қараганда, Исодаги янги ижод, одат бўлиб қолган гуноҳларида яшашни давот эттираётганлигини тасаввур қилиб бўлмайди. Масиҳий учун гуноҳнинг ҳаётда мавжудлиги – вақтинчалик бир кўринишдир. Худди Сперджен бу ҳақида айтганидек: “Менинг ҳаётимни ўзгартиришга қодир бўлмаган иноят, мени қутқара олмайди”.
3) Айнан худди шу фикрни, Юҳанно бошқача ифодалаган: “Масиҳ билан яшаган ҳар бир одам (одат бўлиб қолган) гуноҳдан юз ўгиради. (Одатда) Гуноҳ қилиб юрган одам эса, Масиҳни кўрмаган ҳам, танимаган ҳам…Худонинг болалари гуноҳ қилмайди, чунки Худонинг ҳаётбахш кучи уларнинг ичидадир. Улар Худонинг болалари бўлганлари учун гуноҳда яшамайдилар” (1 Юҳанно 3:6,9).
4) Эҳтимол, ўзгаришлар дарров ва бирдан содир бўлмас; эҳтимол улар бир вақтнинг ўзида ҳаётимизнинг барча қирраларида содир бўлмас, аммо ўзгаришлар муқаррар. Бу вақт сайин ўсиб борадиган ҳақиқий ўзгаришлардир.
ж. “иноят паноҳидасизлар”. Биз иноятни қабул қилганимизда, Худованд бизларни иноят учун “зарарлантирган” ҳолда, ўзгартиради; У бизларни озод қилиб, Ўзи билан биргаликда бўлган ҳаёт учун қуроллантиради. Гуноҳ учун ўлгандан кейин, яна ўша гуноҳий одатлар билан яшашда давом эттириш бемаъниликдир. Шиллиқурт капалакка айланади, аммо капалакда, шиллиқурт бўлган пайтлари қилганидек дарахт ва баргларда судралиб юриш истаги пайдо бўлмайди.
1) “Ўз иноятига асосан Худованд сизларни шу даражада ўзгартирдики, сиз гуноҳ қилганингизда, ўзингизни қирғоққа ташланган, ўзининг табиий яшаш жойидан ташқарида бўлган ва дарҳол ўз жойига қайтишни истаётган балиқдай ҳис этасиз. Сиз гуноҳ қила олмайсиз, чунки Худони севасиз. Гуноҳкор, сувни ютаётган ҳўкиздек, гуноҳни ютиши мумкин, аммо сиз учун у аччиқ дарё сувидай бўлади. Эҳтимол сиз, бу дунёнинг лаззатини татиб кўришдек тентакликни қилиб қўярсиз, аммо бу лаззатлар сизга завқ келтирмайди” (Сперджен).
Б. Иноят остидаги имонли ва вақт вақти билан пайдо бўлиб турадиган гуноҳ муаммоси.
1. 15-оят. Янги савол туғилмоқда: қонун эмас, иноят остида бўлсак, вақт вақти билан гуноҳ қила оламизми?
“Хўш, буёғи энди нима бўлади? Қонун остида эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? Йўқ, асло!”.
а. “қонун остида эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми?”. Павлус бизларни, ҳаётлари иноят орқали ўзгарган инсонлар учун, гуноҳий ҳаёт тарзи қабул қилиб бўлмайдиган нарса эканлигига ишонтириб бўлди. Аммо вақт вақти билан содир бўлиб турадиган эпизодли гуноҳлар ҳақида нима дейиш мумкин? Агар биз қонун эмас, иноят остида бўлсак, бундай гуноҳлар ҳақида қайғуришиннг ҳожати бормикан?
б. “гуноҳ қилаверайликми”. Яна бир бор, “гуноҳ қилаверайликми” деган феъл шаклининг, қадимги юнончадаги асли (ноаниқ шакл) жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини белгилаб ўтамиз. Ушбу феъл шакли, Римликлар 6:1-оятда айтилган доимий ва одат бўлиб қолган гуноҳларни эмас, баъзан содир бўлиб турадиган гуноҳларни назарда тутади.
1) “Биринчи оятда феъл ҳозирги замонда ва эргаш гап шаклида турибди, яъни сўз одатий, давом этиб келаётган ҳаракат ҳақида бормоқда. 15- оятда эса, феъл ноаниқ шакла турибди, бу нарса бир маротаба содир бўладиган ҳаракатни билдиради” (Вюст)
2. 16-17 оятлар. Ушбу саволга жавоб бера олишимиз учун тушунишимиз керак бўлган руҳий тамойиллар.
“Биласизлар-ку, сиз ўзингизни итоаткор қул қилиб кимнинг измига топширсангизлар, ўшанинг қули бўласизлар. Сизлар кимга бўйсунасизлар? Ўлимга олиб борувчи гуноҳгами ёки солиҳликка етакловчи итоаткорликками? Аммо Худога шукурки, сизлар олдин гуноҳга қул бўлсангиз ҳам, энди сизларга ўргатилган таълимотга сидқидилдан амал қиляпсизлар”.
а. “сиз ўзингизни итоаткор қул қилиб кимнинг измига топширсангизлар, ўшанинг қули бўласизлар”. Сиз кимга итоаткор бўлсангиз, ўшанинг қулига айланасиз. Масалан, агар мен ҳар доим ўз иштаҳамга бўйсунсам, иштаҳамнинг қулига айланаман. Шу тарзда биз ўзимиз ўз қуллигимизни танлаймиз: ўлимга олиб борувчи гуноҳгами ёки солиҳликка етакловчи итоаткорликками?
1) Ҳар ҳолда, биз ҳар доим кимгадир хизмат қиламиз. Бизга фақатгина икки хил вариант берилган: ёки гуноҳга хизмат қилиш ёки “солиҳликка етакловчи итоаткорликка бўйсуниш”.
б. “сизлар олдин гуноҳга қул бўлсангиз ҳам”. Павлус бу ерда ўтган замон феъл шаклини ишлатмоқда, чунки илгари биз гуноҳнинг қули бўлганмиз. Яна Павлус биз имон орқали озодликка эришганимиз ҳақида айтиб ўтмоқда, ушбу озодликни эса у “энди сизларга ўргатилган таълимотга сидқидилдан амал қиляпсизлар” деган сўзлар орқали тасвирлаб бермоқда. Биз имон келтирган Худо Каломини, Павлус таълимот деб атамоқда. Қандай бўлмасин, Павлус сўзларининг маъноси яққол аниқ: “Биз Худога ва Унинг Каломига имон келтирдик ва озодликка эга бўлдик. Энди ҳар куни ушбу озодликда яшамоқдамиз”.
1) 6-бобнинг бошидаги оятларида кўрганимиздек, биз қонуний асосда озодликка эга бўлишимиз, аммо шу билан бир қаторда, ўз хоҳишимиз билан махбуслардек яшашни давом эттиришимиз мумкин. Павлус орқали масиҳийларга қаратилган оддий буйруқ ва рағбатлантирувчи сўзлар янграмоқда: янги, эркин ижод бўлишда давом этаверинг.
2) “сидқидилдан амал қиляпсизлар” – бу имоннинг жуда гўзал таърифи. Бундан кўриниб турибдики, имон фақат онгдан эмас, сидқидилдан келиб чиқади ва бундай имоннинг натижаси итоаткорлик бўлади, чунки биз ҳақиқатдан бир нимага ишонганимизда, биз ўша имонимизга асосан иш юритамиз.
в. “ўргатилган таълимотга”. Ушбу жумла жуда ажойиб манзаранинг бир қисмидир. Рус тили таржимасида “тимсол” деган сўз ишлатилган. Ана ўша тимсол сўзи эритилган металл қуйиладиган қуйма қолипни тасвирлайди. Ушбу жумланинг маъноси шундаки, Худованд олдин Ўз Каломи ва Муқаддас Руҳ таъсири орқали бизларни эритган ҳолда, бизга шакл беришни истайди. Кейин У бизларни Ўз ҳақиқатининг қолипига – яъни “ўргатилган таълимотга” қуйган ҳолда, Ўз тимсолига ўхшатиб ўзгартиради.
1) Мана Адам Кларк “ўргатилган таълимот” ҳақида нима деган: “Масиҳийлик бу ерда, улар қуйилган ёки ёзилганқолип шакли ёки қандайдир бир из сифатида тасвирланган бўлиб, энди улар ўзларида ушбу шаклнинг мукаммал изига эгадирлар. Хушхабарни қабул қилган ва Муқаддас Руҳни қабул қилганларнинг юракларида ўз изин қолдирган Худованд солиҳлиги ва Унинг ҳақиқий муқаддаслигининг ҳамда Худованднинг Ўзининг тимсоли – ушбу изнинг силуэтидир. Рус тилидаги таржимада ишлатилган сўзлар, унда ёзилган ёки ўйилган нарсанинг тимсолини қабул қилиш учун, эриганидан кейин қолипга қуйиладиган металл эритилиш жараёнига тегишли. Шунинг учун ҳам ушбу жумлани том маънода “сизлар қуйилган таълимот шакли” деб ҳам таржима қилиш мумкин. Улар Калом ваъзи орқали эритилганлар ва ўша Каломдаги поклик изларини ўзларига қабул қилиб олиш ҳусусиятига эга бўлганлар”.
3. 18-оят. Унда, нима учун вақт вақти билан гуноҳ қилиб туриш мумкин эмас? Чунки гуноҳ бошқа бизнинг хўжайинимиз эмас ва биз ҳам бошқа гуноҳга хизмат қилмаймиз.
“Сизлар энди гуноҳнинг чангалидан озод қилиниб, солиҳликнинг қули бўлиб қолдингизлар”.
а. “гуноҳнинг чангалидан озод қилиниб”. Гуноҳдан озод бўлиш ва солиҳликнинг қули бўлиш нима дегани? Бу, гуноҳ бошқа сизга хўжайин ва раҳбар эмас дегани. Энди сизнинг раҳбарингиз – “солиҳликдир”, шунинг учун ҳам энди солиҳликка хизмат қилинг, гуноҳга эмас. Энди унинг қўл остида ишламаётган собиқ раҳбарга манзур келиш ҳақида ўйлаш жуда нотўғридир.
б. “солиҳликнинг қули бўлиб қолдингизлар”. Қул бўлиш нима дегани? Қул шунчаки ёлланма ишчидан кўра юқорироқ бўлган. Юнонча мантлар борасида машхур мутахассис Кеннет Вюст, “қул” сўзининг қуйидаги таърифларини келтиради:
· қулликда туғилган инсон;
· иродаси бошқа инсоннинг иродасига тўлиқ бўйсундирилган инсон;
· фақатгина ўлим уза оладиган ришталар билан хўжайинига боғланган инсон;
· ўзининг шахсий манфаатларини менсимай, ўз хўжайинига хизмат қиладиган инсон.
1) Қуйидаги далиллар, бир вақтлар гуноҳга қуллик контекстида бизга ҳам тегишли бўлган:
· бизлар гуноҳнинг қуллари бўлиб дунёга келган эдик;
· бизнинг иродамиз, ичимизда яшаган гуноҳга тўлиқ бўйсундирилган бўлиб, унинг асири бўлган;
· бизни гуноҳ билан шу қадар кучли ришталар боғлаган эдики, фақатгина Исо билан биргаликдаги хочдаги – руҳий ўлим ушбу ришталарни енга олди;
· биз шу даражада гуноҳга қул эдикки, ҳаттоки шахсий манфаатларимизга қарши чиқиб, гуноҳ бизларни синдириб йўқ қилаётган пайтда, биз унга хизмат қилганмиз.
2) Қуйидаги далиллар эса, ҳозирги бизларга – яъни солиҳликнинг қулларига тегишлидир:
· Биз юқоридан туғилдик, энди солиҳликнинг қуллари бўлдик.
· Энди бизнинг иродамиз, Худонинг иродасига бўйсундирилган; биз учун ўзимизнинг эмас, Унинг иродасини бажармоқ муҳимроқдир.
· Биз Исо билан шу даражада кучли ришталар билан боғланганмизки, бизни фақатгина ўлим ажрата олиши мумкин, аммо Исо ўлим устидан ғалаба қозониб, бизга абадий ҳаётни инъом қилганлиги боис, ушбу ришталарни узишнинг ҳеч қандай иложи йўқдир!
. Биз ўз хоҳишимиз билан, ҳаттоки шахсий (худбин) истакларимизга қарши Исога хизмат қилишни танлаймиз.
в. “гуноҳнинг чангалидан озод қилиниб”. Бу жумла, биз бошқа гуноҳ қилишга мажбур эмаслигимизни англатади. Токи бизнинг танамиз улуғворликда қайта тирилмагунча гуноҳ муқаррар бўлишига қарамай, бунинг сабаби Худонинг, бизнинг албатта гуноҳ қилишимизга олиб келадиган тизим яратганлигида эмас.
1) Ҳозирги танада гуноҳсиз мукаммалликка эришиш – умуман амалга ошмайдиган орзу. 1 Юҳанно 1:8 оятда бу ҳақида жуда кескин айтиб ўтилган: “Агар гуноҳимиз йўқ десак, ўзимизни ўзимиз алдаган бўламиз ва бизда ҳақиқат бўлмайди”. Шунга қарамай биламизки, Исонинг кучи орқали ҳар биримиз кейинги васвасалрга қарши тура оламиз; Исо айнан шу нарса ҳақида қайғуришга даъват этмоқда.
2) “Инсон ўз табиатига асосан заиф ва нозик бўлганлиги боис, масиҳий баъзи бир вақтларда дарҳақиқат ўзининг гуноҳий табиатига берилади. Аммо маъно қуйидагича: Худованд шундай қилдики, инсон ўша гуноҳни қилишга мажбур эмас” (Вюст).
3) “Ўзингни қулдай тутма” деган жумла, қулга қаратилиб айтилганида, қўпол ҳазилдай янграши мумкин. Аммо сиз бу нарсани озод бўлган инсонга айтишингиз мумкин. Исо Масиҳ бизларга, аввалгидай гуноҳнинг қулларидай ўзимизни тутмаслигимизни айтади. Биз эркинликка эришдик ва энди эркин инсонлардек ўйлашимиз ва яшамоғимиз лозим.
4. 19–23 оятлар. Қандай қилиб ўзимизни қулликдан ҳимоя қилишимиз мумкин.
“Инсон онги заиф бўлгани учун мен кундалик ҳаётдан мисол келтириб гапиряпман. Сизлар бир вақтлар аъзойи баданингизни ифлослик ва қонунсизликка топшириб, гуноҳга янада чуқурроқ ботиб кетган эдингиз.. Ахир, гуноҳга қул бўлган пайтингизда, тўғри ишлар қилишга мажбур эмасдингиз. Ўша пайтдаги қилмишларингизнинг оқибати нима бўлди?! Ҳозир улардан уяляпсиз, ўша қилмишларингизнинг оқибати ўлим – ку! Энди гуноҳдан озод қилиниб, Худонинг қули бўлиб қолдингиз. Бунинг натижаси муқаддаслик ва абадий ҳаётдир. Гуноҳнинг эвази – ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир”.
а. “Инсон онги заиф бўлгани учун мен кундалик ҳаётдан мисол келтириб гапиряпман”. Ҳаворий Павлус иллюстратсия сифатила қулликни ишлатаётгани учун узр сўрамоқда, чунки ўша институтнинг ўзи инсоннинг қадр қимматига қарама қарши бўлган ва ўша даврда кенг тарқалган бўлган ҳамда унинг Римдаги кўпгина тингловчилари қуллар қаторидан бўлган. Шунга қарамай, биз бу чуқур маънога эга жуда аниқ иллюстритсия эканлигини биламиз.
б. “сизлар бир вақтлар аъзойи баданингизни топширгандек…энди ўзингизни қул қилиб топширинг”. Павлус олдин айтиб ўтган фикрини такрорламоқда. Биринчидан, “энди эса ўзингизни муқаддасликка етаклайдиган солиҳликка қул қилиб топширинг”. Бу, биз энди бошқа ўзимизнинг собиқ раҳбаримизга ишламаслигимизни билдиради.
1) Тасаввур қилинг: биринчи кун янги ишдасиз; Тушлик вақти келганида, сиз аввалги ишхонангизга бориб, собиқ раҳбарингиздан у сизга қандай топшириқ топширмоқчилигини сўрасангиз. Ахир бу онгга сиғмайдиган иш – ку!
в. “ифлослик ва қонунсизликка топшириб, гуноҳга янада чуқурроқ ботиб кетган эдингиз”. Павлус бу ерда, ҳар бир инсоннинг табиатига чуқур сингиб кетган тамойил ҳақида сўз юритмоқда. Қонунсизлик қонунсиз ишларга олиб келади. Солиҳлик эса муқаддасликка олиб боради (яъни янада кўпроқ солиҳликка ва солиҳ ишларга). Биздаги одатлар кучининг ҳаракати мана шунақа; шу куч туфайли биз берилган йўналишда ҳаракат қиламиз.
1) Кўз олдингизга бир қаторда ўсаётган тўртта дарахтни келтиринг. Биринчи дарахт эндигина бир йиллик дарахт, иккинчи дарахт беш йиллик дарахт, учинчиси ўн йиллик, тўртинчиси бўлса ўн беш йиллик дарахт. Уларнинг қайси бирини ердан суғуриб олиш қийинроқ бўлади? Кўриниб турибдики, биз ўз одатларимизда ва маълум бир хулқ атвор услубимизда қанчалик кўп чуқурлашсак, уларни олиб ташлаш шунчалик қийин бўлади; ушбу тамойил яхши нарсаларга нисбатан ҳам ёмон нарсаларга нисбатан ҳам бир хил ишлайди.
г. “ахир, гуноҳга қул бўлган пайтингизда, тўғри ишлар қилишга мажбур эмасдингиз”. Бу ерда Павлус киноя қилмоқда десак ҳам бўлади. Ҳа, “гуноҳнинг қули” бўлганимизда, биз эркин эдик, бироқ бу эркинлик “солиҳликдан эркин бўлиш” эди. Мана шунақа эркинлик!
д. “ўша пайтдаги қилмишларингизнинг оқибати нима бўлди?!”. Гуноҳ устидан ғалаба қозониб яшаган ҳолда, биз гуноҳнинг ҳосили ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз керак. Биз “охири – ўлим” бўлган ишлар ҳақида гапирганимизда, бу нарса гуноҳнинг якуний маҳсулоти хурсандчилик эмас, ўлим эканлигини англатади. Солиҳликнинг натижаси эса – “абадий ҳаётдир”.
1) Васвасалар вақтида ушбу ҳақиқатлар, ҳаққаниятдан жуда йироқ бўлиб кўриниши мумкин, шунинг учун ҳам биз Худонинг Каломига суянишимиз керак. Васвалар пайтида, ҳаттоки туйғулариимз гуноҳ оқибатларининг таъмини ёддан чиқарган бўлса ҳам, имон бизларга гуноҳнинг аччиқ оқибатлари ҳақида эслатиб ўтади.
е. “гуноҳнинг эвази – ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ орқали бериладиган абадий ҳаётдир”. Гуноҳга хизмат қилганингизда, сиз мукофот сифатида фақатгина ўлимга эришасиз. Худога хизмат қилганимизда эса биз маош олмаймиз, бироқ, У бизларга мутлақ бепул бир қоп энг ажойиб имтиёзлар тўпламини беради.
1) “гуноҳнинг эвази”. “Ҳар бир гуноҳкор бу нарсани узоқ, қийин ва машаққатли меҳнати орқали қўлга киритади. Дўзаҳга бориш учун инсон қанча азобларга чидашга тайёр – а! Тонг саҳардан то кечги пайтгача инсонлар гуноҳ учун қаттиқ ишлайдилар; агар Худованднинг адолатли ҳукми, уларга қилган амалларига яраша адолатли тўлов тўламаганида, уларнинг олдида қарздор бўлиб қолмас эдими?” (Кларк)
2) Римликлар 6:15 оятда берилган саволга жавоб берган ҳолда, Павлус етарлича кескин тарзда фикрини ифодаламоқда: масиҳий бўлгандан кейин, биз ўз тегишлилигимизни ўзгартирамиз. Масиҳийлар ҳаттоки вақт вақти билан содир бўладиган гуноҳлар билан ҳам курашишлари керак, чунки бизлар янги Хужайинимизнинг бошчилигида ва У учун меҳнат қилмоғимиз лозим. Биз бошқа собиқ хўжайинимизга хизмат қилишга мажбур эмасмиз.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]