Римликлар, 12 боб.
Масиҳийнинг ҳаёти.
А. Масиҳийлик ҳаётининг асоси.
Дж. Б. Филлипс Римликлар 12:1-2 оятларнинг машҳур ва эсда қоладиган таржимасини амалга оширди: “Худованднинг меҳр-шафқатига кенг нигоҳ ташлаган ҳолда, биродарларим, сизлардан ўтиниб сўрайман, онгли равишда сажда қилган ҳолда, ўз танангизни Унга маъқул бўладиган ва У учун бахшида қилинган тирик қурбонлик қилиб топширинглар. Сизни ўраб турган дунёга, сизни ўз доираси ичига киргизиб қўйишига йўл қўйманг; Худованднинг Ўзи, ичингизда Ўз таъсирини ўтказган ҳолда, сиз Худонинг режаси сиз учун эзгуликка хизмат қилаётганлигини, Унинг барча талабларига жавоб бераётганлигини ва сизни мақсадга – ҳақиқий руҳий етукликка еришишга олиб бораётганлигини ўз ишларингиз орқали исботлай олишингиз учун онгингизни қайта тикласин”.
1. 1-оят. Тирик қурбонлик.
“Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман. Ўз танангизни тирик, муқаддас ва Худога манзур бўладиган қурбонлик сифатида бағишланг. Худога лойиқ бўлган асл хизмат мана шудир”.
а. “сизларга ёлвораман”. Павлус бизларнинг иродамиз ҳақида сўз юритаётганлиги ҳақидаги эслатма. Худованд бизларни, биз айнан қай тарзда У учун яшамоқчи бўлаётганлигимизни танлашга даъват этмоқда.
б. “Шундай қилиб, эй биродарларим”. Павлус ҳар доим ўз мактубларини таълимотга боғлиқ масалаларни кўриб чиқишдан бошлаб, сўнгра масиҳий ҳаёт тарзига риоя қилиш ҳақидаги насиҳатларга ўтган. Павлус масиҳийлардан Худо улар учун қилган ишларни ёдда тутган ҳолда яшашни ўтиниб сўраяпти.
1) “Ушбу намуна мактубидан фойдаланиб, Павлус, масиҳийнинг ҳаёти масиҳийликнинг буюк таълимотлари асосида қурилишини айтмоқда” (Моррис).
в. “Худонинг марҳамати ҳақи”. Павлус, бизлар Худованд бизга кўрсатган шафқат туфайли яшаётганлигимизни эслатиб ўтмоқда (бу ҳақда у ушбу мактубнинг 1-11 бобларида батафсил айиб ўтган), шу билан биргаликда у бизларга, биз ўзимизни Худо бахшида қилиш имкониятига Унинг марҳамати туфайли сазовор бўлганимизни ҳам эслатиб ўтмоқда. Худованд бизларга шундай қилишимизни буюрди ва айнан Ўзи бунинг имкониятини бизларга бермоқда.
1) “Ғайрияҳудийларни қурбонлик келтиришга, раҳм шафқатга эга бўлиш истаги рағбатлантираётган бир вақтда, Муқаддас Каломдаги имон бизларга, Худонинг раҳм шафқати, Унга жавоб тариқаси муносиб қурбонлик келтириш учун асос бўлиб хизмат қилишини ўргатади” (Харрисон)
2) Павлус бизларга айтиб ўтган “Худованд марҳаматининг” турли қирраларини эсланг:
· айбдорлик ва гуноҳнинг жазосидан ҳалос қиладиган оқланиш;
· Исода Худо фарзандига айланиш ва Масиҳ билан идентификатсияланиш;
· қонун остида эмас, иноят остида жойланиш;
· бизнинг ичимизда яшайдиган Муқаддас Руҳ;
· азоб–уқубатларда мадад бериш ваъдаси;
· Худованд танловидаги мустаҳкам ўрин;
· келажакдаги шон-шуҳратга бўлган комил ишонч;
· бизни Худонинг севгисидан маҳрум қилиб бўлмасликка бўлган қатъий ишонч;
· Худованднинг ўзгармас садоқатига бўлган ишонч.
3) Ушбу марҳаматнинг нурида (ўтмишдаги, ҳозирдаги ва келажакдаги), Павлус бизлардан “ўз танамизни тирик қурбонлик” сифатида бахшида этишимизни ёлвориб сўрамоқда. “Биз, Худованд томонидан берилган ушу барча марҳаматлар бизнинг иродамиздан кўра кучлироқ ва ишончлироқ эканлигига ишонишимиз лозим” (Ньюэлл).
г. “ўз танангизни бағишланг”. “Тирик қурбонлик” ҳақида сўз юритилганда, руҳонийлик хизмати ёдга келади. Биз Худонинг қурбонгоҳига руҳий маънода ўз танамизни қурбонлик сифатида келтирамиз.
1) Бу ерда энг яхшиси “тана” сўзини, инсоннинг умумий тимсолига, унинг бутун борлиғига берилган белги сифатида кўриб чиқиш маъқул. Биз руҳ, жон, тана ва онг ҳақида нимаки демасак, уларнинг ҳаммаси – бир бутунликнинг қисмлари эканлигини биламиз. Ўз танамизни Худога берган ҳолда, тана билан биргаликда биз Унга ўз жонимизни ҳам, руҳимизни ҳам берган бўламиз. “Танангизни қурбонлик сифатида бағишланг” дегани, Худовандга сизнинг ишларингиз эмас, сизнинг ўзингиз кераксиз деганидир. Худованд учун кўп турли туман ишларни қилишимиз, аммо шу билан бир қаторда ўзимизни тўлиқ Унга бермаслигимиз ҳам мумкин.
2) Инсоннинг иродасига қилинган мурожаат (“сизларга ёлвораман”), ирода инсоннинг танаси устидан ҳукмдор бўлиши, танадан кўра кучлироқ бўлиши кераклигини англатади. Ҳозирги кунда бизнинг танамиз бизга ўз иродасини айтиши керак, деган фикрлар кенг тарқалиб бормоқда, бироқ Муқаддас Калом, танамизни Худога тирик қурбонлик сифатида бахшида этиш – бизнинг иродамизда эканлигини таъкидлайди. Тана – ажойиб хизматкор, аммо жуда ёмон хўжайиндир. Агар биз танамизни Худонинг қурбонгоҳида тирик қурбонлик сифатида тутиб турсак, тана ўшандагина айнан керакли жойда ва тўғри ҳолатда бўлади.
3) Қадимда яшаган юнонликнинг ҳаёлига ҳеч қачон ўз танасини Худога бериш фикри келмаган бўлар эди. Улар тана шу даражада руҳийликдан узоқ нарсаки, Худонинг у билан умуман иши йўқ, деб ҳисоблашган. Бу ерда эса Павлус бизларга Худованд бизларнинг танамизга бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда. 1 Коринфликлар 6:20 оят, Худованд танамиз учун жуда баланд нарх тўлаганини эслатиб ўтади.
е. “тирик қурбонлик сифатида”. Биринчи асрда яшаган инсонлар – яҳудийлар ҳам, ғайрияҳудийлар ҳам, қурбонлик нима эканлигини жуда яхши билишган. Шунинг учун ҳам улардан ўзларини “тирик қурбонлик сифатида” бахшида қилишларини сўраган ҳолда, Павлус жуда таъсирли манзарани гавлантирмоқда.
· Бу қурбонлик тирик қурбонликдир, чунки уни қурбонгоҳга тирик ва нафас олаётган ҳолатда келтиришади.
· Бу қурбонлик тирик қурбонликдир, чунки у қурбонгоҳда ҳар доим тириклигича қолади.
ж. “муқаддас ва Худога манзур”. Биз ўз танамизни Худога қурбонлик сифатида келтирганимизда, У бу қурбонлик муқаддас ва Унга манзур бўладиган қурбонлик бўлишини истайди. Худога қурбонлик келтиришнинг Янги Аҳддаги стандартлари, Эски Аҳддагидан кўра ҳеч ҳам пастроқ эмас.
1) Эски Аҳдда ҳар бир қурбонлик “муқаддас ва Худога манзур” қурбонлик бўлиши шарт бўлган.
· “Қурбонлик қилиб куйдирмоқчи бўлсангиз, нуқсонсиз қўчқор ёки такани олиб келинг”. (Левилар 1:10)
· “Агар ўша ҳайвон чўлоқ ёки кўр бўлса ё унинг бошқа бир нуқсони бўлса, уни Эгангиз Худога қурбонлик қилманг”. (Қонунлар 15:21)
2) “Худовандга манзур ҳид” ғояси, деярли ҳар доим оловда ёндирилган қурбонлиқ ҳояси билан боғлиқ. Тирик қурбонлик тушунчаси доирасида ҳам ёндириш ҳақидаги фикр мавжуд. Эҳтимол, Павлус айнан шундай қурбонликни тасаввур қилгандир, чунки айнан шу тарзда қурбонлик тўлиқлигича Худовандга тегишли бўлган. Қурбонликнинг баъзи бир бошқа кўринишларида, руҳоний билан ўша қурбонликни келтирган одам, келтирилган гўштнинг бир қисмини ўзларига олган ҳолда, иштирокчиларга айланишган, аммо қурбонлик оловга топширилиб ёндирилганда, ҳеч қачон бундай нарса содир бўлмаган.
3) Биз қурбонгоҳга келтирадиган муқаддаслик – бу бизнинг муқаддас яшашликка қилган қароримиз ва Худованд муқаддаслигининг ҳаётимизда амалга ошишига итоаткор бўлишлик деганидир. Биз ўз танамизни Худога тирик қурбонлик сифатида бағишлаймиз, Худованд эса ҳар қандай нопокликни оловга топширган ҳолда, бизнинг ҳаётимизни муқаддас қилади.
з. “Худога лойиқ бўлган асл хизмат мана шудир”. “Лойиқ” деб таржима қилинган қадимий юнонча сўзни (logikos), яна бошқача “сўз ёки калом орқали” деб ҳам таржима қилиш мумкин (1-Бутрус 2:2). Худога лойиқ хизмат – бу Худонинг Каломига оид саждага асосланган ҳаётдир.
1) Ҳайвонларнинг қурбонликка келтирилиши, келтирилган қурбонликнинг ўзидан ташқари қолган ҳамма учун “лойиқ хизмат” бўлган. Янги Аҳдда эса биз беқиёс буюк шафқатга эга бўлдик, шунинг учун ҳам биз келтирадиган қурбонлик Эски Аҳддаги қурбонликдан юқори бўлиши “лойиқдир”.
2. 2-оят. Бу дунёдек бўлмаслик ва Исо Масиҳда биз билан содир бўлаётган ўзгаришларни қабул қилишлик.
“Бу дунёга мослашманглар, фикр-зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз”.
а. “Бу дунёга мослашманглар”. “Жаҳон тизими” яъни Худога қарши бўлган, ҳозирда машҳур маданият ва фикрлаш шакли, бизни ўзининг бетофиқ намунасига бўйсундиришга ҳаракат қилиши ҳақида бўлган огоҳлантириш. Биз бу нарсага қаршилик кўрсатишимиз керак!
б. “фикр-зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар”. Бу Павлус юқорида огоҳлантирган нарсаларнинг акси (“бу дунёга мослашманглар”). Биринчи ва иккинчи нарсалар орасидаги жанг майдони, имонли инсоннинг “онгида” жойлашган. Масиҳийлар бошқача фикр юритишлари керак эмас.
1) “Мен бу дунёга мослашишни истамайман. Мен тубдан ўзгаришни истайман. Буни қандай қилса бўлади?” “фикр-зикрни янгилаган” ҳолда. Кўпчилик масиҳийларнинг муаммоси шундан иборатки, улар туйғуларга асосланиб яшайдилар ёки фақатгина ўзларининг ишлари ҳақида қайғурадилар.
2) Туйғуларга асосан яшайдиган инсон шундай дейди: “Мен ўзимни бугун қандай ҳис қиляпман? Воизхон менда қандай туйғуларни уйғотмоқда?”. Туйғуларга асосланиб яшайдиган инсон ҳеч қачон Худонинг тубдан ўзгартира оладиган кучини ҳис эта олмайди, чунки бундай инсон “фикр-зикрни янгилашга” эътибор бермайди.
3) Қилаётган ишларига асосланиб яшайдиган инсон шундай дейди: “Менга сизларнинг илоҳиётингиз керак эмас. Шунчаки нима қилиш кераклигини айтинг. Менга тўртта асосий бўлимдан ва еттита иккиламчи бўлимлардан ташкил топган рўйхатни ёзиб беринглар, бўлди”. Ишларига асосланиб яшайдиган инсон ҳеч қачон Худонинг тубдан ўзгартира оладиган кучини ҳис эта олмайди, чунки бундай инсон “фикр-зикрни янгилашга” эътибор бермайди.
4) Худованд бизнинг туйғуларимизга ва ишларимизга қарши эмас. У – бизларга кучли ва этиросли туйғуларни берадиган Худодир ва айнан Унинг Ўзи бизларга Каломни бажарувчилар, амалга оширувчилар бўлишни буюрди. Шунга қарамай на туйғулар, на ишлар масиҳийча ҳаёт учун етарлича асос бўла олади. Энг биринчи берилиши керак бўлган саволлар “Мен нимани ҳис этяпман?” ёки “Нима қилишим керак” деган саволлар эмас, “Бу ерда ҳақиқат қани? Калом бу ҳақда нима дейди” деган саволлар бўлиши керак.
в. “тубдан ўзгаринглар”. Қадимги юнонча metamorphoo сўзи, ўзгариш жараёнини (метаморфоза) тасвирлаб беради. Айнан мана шу сўз Исонинг ўзгарган пайтини ифодалаш учун ишлатилган (Марк 9:2-3). Сўз шуҳратли қиёфага айланиш ҳақида бормоқда!
1) Павлус бу сўзни яна бир бор 2-Коринфликлар 3:18 оятда ишлатган: “Биз ҳаммамиз очиқ юз билан Эгамизнинг улуғворлигини кўриб турибмиз. Биз ўзгариб борар эканмиз, янада улуғвор бўлиб, Эгамизга ўхшаган бўламиз. Буларнинг ҳаммаси Эгамизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда”.Павлус, ушбу ўзгаришлар ва фикр-зикрларимизнинг янгиланиши, бизнинг қай даражада Унга очиқ юз билан қараб, Унинг улуғворлигини кўришимиз сари амалга ошиб боради, деб ҳисоблайди.
г. “шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз”. Биз ичимиздан ўзгариб борамиз, ва аста секинлик билан ҳаётимиздаги ўзгаришларни кузатиб турган атрофдагиларимизга, “Худонинг иродаси яхши, манзур ва мукаммал” эканлиги намоён бўлади.
1) Бу ерда Павлус, қандай қилиб Худонинг иродасига асосан яшаш мумкинлигини тушунтириб ўтмоқда:
· Худонинг – ўтмишда, ҳозирда ва келажакда бизга нисбатан шафқати бой эканлигини ёдда тутинг (“Худонинг марҳамати билан”).
· Ўзимизни Унга тўлиқлигича бахшида қилишга қарор қабул қилган ҳолда, онгли равишда Унга сажда қилиш (“ўз танангизни қурбонлик сифатида бағишланг”).
· Ўз фикрларимизни ва ишларимизни бу дунёга мослаштириш васвасасига берилмаслик (“бу дунёга мослашманглар”).
· Худонинг Каломига ва У билан бўлган мулоқотга бутун диққатимизни қаратиш (“фикр-зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар”).
2) Мана шундагина сизнинг ҳаётингиз Худонинг иродасига асосан бўлади. Сиз “Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз”.
3) Сиз “Худонинг яхши, манзур ва мукаммал” иродаси борлигини билишингиз мумкин, аммо ушбу иродани, Муқаддас Руҳнинг ўзгартирувчи ишисиз ўз ҳаётингизда “англаб етолмайсиз”.
Б. Худо берган руҳий инъомларни ишлатган ҳолда, яшаш.
1. 3-оят. Камтарин ҳаёт кечириш ҳақида огоҳлантириш.
“Менга берилган иноятдан фойдаланиб, сизларга айтяпман: ўзингизга ҳаддан ташқари юқори баҳо берманглар. Аксинча, Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра, фикр қилиб, ақли расо одамлар бўлинглар”.
а. “сизларга айтяпман”. Павлус ана мана деганда, биз Масиҳнинг Танасида бизга берилган руҳий инъомларни қандай ишлатишимиз кераклиги ҳақидаги суҳбатга ўтмоқчи бўлиб турибди, аммо олдин, кўпинча ўзини руҳий қобилиятли деб ҳисоблайдиган одамларга ҳамроҳлик қиладиган ҳаддан зиёд мағрурликнинг пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида айни вақтида огоҳлантирган ҳолда, камтарликнинг муҳимлиги тўғрисида айтиб ўтмоқда.
1) Биз шуни ёдда тутишимиз керакки, руҳий иқтидорлик руҳий етуклик билан тенглаштирилмайди. Инсоннинг руҳий қобилиятларга эга эканлиги, уни руҳан етук ёки таҳлид қилишга арзийдиган мисол қилиб ҳам қўймайди.
б. “ўзингизга ҳаддан ташқари юқори баҳо берманглар”. Павлуснинг маслаҳати қандайдир бир, инсонни ўзини қийноққа мажбур қиладиган маъноларга эга эмас; у шунчаки бизларга аслида ким эканлигимизни кўришни таклиф қилмоқда. Ўзимизни аслида қандай бўлсак, шундайлигимизча кўргандан кейин, мағрурликка берилиб бўлмайди.
в. “Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра”. Бу оят, биз ҳаттоки нажот берувчи имонимизга ҳам, Худо томонидан берилган инъомдай қарашимиз кераклигини англатади, яъни бу имонимиз мағрурланишимизга ёки ўзимизга юқори баҳо беришимизга асос бўла олмайди.
2. 4-5 оятлар. Масиҳ Танасидаги бирлик ва турли туманлик.
“Ахир, танамиз бир бўлса-да, танамиз аъзолари кўп, танамиз аъзоларининг вазифаси ҳам бир хил эмас. Шунга ўхшаб биз – Масиҳга тегишли бўлганлар бир танани ташкил қиламиз. Ҳар биримиз ҳар хил аъзолар бўлиб, бир-биримизга боғлиқмиз”.
а. “танамиз бир бўлса-да, танамиз аъзолари кўп”. Жамоат – бир бутундир (“танамиз бир бўлса-да”), аммо шу билан бир қаторда, биз бир биримиздан фарқ қиламиз (“ҳар биримиз ҳар хил аъзолар бўлиб, бир-биримизга боғлиқмиз”). Масиҳнинг танасида бирхиллик эмас, бирлик мавжуд.
б. “ҳар биримиз ҳар хил аъзолар бўлиб, бир-биримизга боғлиқмиз”. Биз бу қисмлардан бирига эътиборсизлик қилганимизда, хатога йўл қўйган бўламиз. Бирлик алоҳида шахслар ҳисобига юксалтирилмаслиги керак, лекин шахс ҳам “Масиҳдаги” жамоатнинг асосий бирлигини бузмаслиги керак. У – бизларнинг ҳаммамизни бирлаштирадиган Зотдир. Биз – “Масиҳда бир танамиз”.
3. 6-8 оятлар. Жамоатнинг турли аъзоларига, Худо берган инъомлардан фойдаланиш ҳақидаги насиҳатлар.
“Бизга берилган иноят бўйича ҳар биримизнинг ҳар хил инъомларимиз бор. Агар бирортасида Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъоми бўлса, у эътиқодимизга мувофиқ равишда гапирсин. Агар бирорта одамга хизмат қилиш инъоми берилган бўлса, у хизмат қилсин, агар бирортасига муаллимлик инъоми берилган бўлса, у таълим берсин. Агар инсонга далда бериш инъоми берилган бўлса, у далда берсин, беғараз ёрдам берадиган бўлса, саҳийлик билан берсин. Етакчилик қиладиган одам қунт билан етакчилик қилсин, меҳр-шафқат кўрсатадиган одам хурсандчилик билан иш тутсин”.
а. “ҳар биримизнинг ҳар хил инъомларимиз бор”. Инъомларнинг хар хиллиги ва ҳар кимга алоҳида тақсимланиши “бизга берилган иноят бўйича” амалга оширилади. Руҳий инъомлар қилинган хизматлар асосида эмас, Худо шундай қарор қилгани учун берилади.
1) Бу ғоя, “иноят инъоми” деган маънони англатадиган қадимги юнонча charismata сўзи билан боғлиқ. Руҳий инъомлар фақатгина иноят асосида берилишини таъкидлаб ўтиш мақсадида, ушбу атамани Павлуснинг ўзи ўйлаб топган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.
2) Руҳий инъомлар Муқаддас Руҳнинг хоҳишига кўра берилади. 1 Коринфликлар 12:11 оятда шундай дейилган: “Буларнинг ҳаммасини Муқаддас Руҳ бажо қилади. Ҳар бир инсонга Руҳнинг Ўзи лойиқ кўрган инъомни ато қилади”.
3) Ушбу нарсаларни билиш, руҳий инъомларни ишлатаётганда мағрурликни пайдо бўлишига йўл қуймайдиган енгилмас тўсиқ бўлиши керак эди. Бироқ, қалбининг бузуқлиги сабаб, инсон руҳий инъомлар билан мағрурланиш йўлини топмоқда ва Худо уларга берган қобилиятлар туфайли одамларни қатъиятлик билан юксалтиришда давом этмоқда.
б. “агар бирортасида Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъоми бўлса”. “Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъоми” “эътиқодга мувофиқ равишда” ишлатилмоғи лозим. Худованд бизларга, инъомимизнинг бироз “чўзилишини” талаб қиладиган маълум бир инсонга ёки бутун бошли жамоатга тегишли бўлган сўзларни бериши мумкин. Агар биз бу сўзлар ҳақиқатдан ҳам Худо томонидан берилганлигига умид қилган ҳолда, имон билан уларни бошқаларга етказа олмасак, яхшиси бу ишни умуман қилмаслик керак.
1) Павлус бизларга, Муқаддас Калом тушунчасида “Худонинг сўзини бошқаларга етказиш” инъоми, фақатгина “башорат қилиш” маъносини англатмаслигини эслатиб ўтмоқда. Ушбу инъомни Худонинг юраги ва онгидан чиқиб келаётган сўзларни етказиш десак, аниқроқ бўлган бўларди, ва бу ҳар доим ҳам келажакни айтиб беришни ўзида мужассамлаштирмайди.
2) Ушбу оят бизларни Худонинг сўзини бошқаларга етказиш инъомига бепарво муносабатда бўлишдан, инсоннинг тилидан осонлик билан: “Худо шундай демоқда” деган сўзлар чиқишига олиб келадиган “онгнинг бир оқимига” айлантиришдан огоҳлантирмоқда.
3) “эътиқодимизга мувофиқ равишда”. Мантнинг юнон тилидаги асл нусхасида “эътиқод” деган сўз олдидан артикль бор. Павлус, айтилаётган сўз, имонлилар жамоати орасида қабул қилинган маълум бир имонга, таълимотга мос келиши кераклигини айтаётган кўринади.
4) Баъзилар ушбу сўзлар, қайси инсонлар гуруҳига қарата Худонинг сўзлари айтилаётган бўлса, ўша гуруҳ инсонларининг имонига қаратилган, деб ҳисоблашади; бу ҳам адолатли муҳолазадир.
в. “агар бирорта одамга хизмат қилиш инъоми берилган бўлса”. Оддий амалий хизматнинг катта ҳажмдаги тасвири. Павлус бундай хизматни, Муқаддас Руҳнингмуҳим намоён бўлишидан бири, деб ҳисоблайди.
г. “муаллимлик инъоми”. Сўз, кўрсатмалар, йўл кўрсатишлар ҳақида бормоқда, “насиҳат” эса одамга ўргатилган нарсаларни амалда қўлланилишини ўз ичига олади. Масиҳийнинг руҳий ҳаёти соғлом бўлиши учун, ҳар иккаласи ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
1) Маълум бир нарсаларга ўргатилган, аммо насиҳатга эга бўлмаганлар, билганларини бажаришга рағбатлантирилмаганлар, уларга бериладиган ҳамма нарсани оладиган, бироқ, масиҳийча ҳаёт кечирмайдиган “бақалоқ қўйларга” айланишади. Фақат билганларини амалда қўллашга рағбатлантирилганлар (фақатигина насиҳат берилганлар) аммо ўқитилмаганлар, кўрсатмалар олмаганлар эса, жуда фаол ва қувноқ ҳаяжонга тўлиб тошган одамлар бўладилар-у, бироқ чуқур илдизга эга эмаслар ёки қилаётган ишларининг аҳамиятини билмайдилар, шунинг учун ҳам тезда сўниб қоладилар ёки тўғри йўлдан адашадилар.
д. “беғараз ёрдам берадиган бўлса”. Бу ерда сўз, Худованд Ўз Танасини керакли ресурслар билан таъминлашда ишлатадиган одамлар ҳақида бормоқда. Бу “оддийликда” машқ қилиниши керак бўлган муҳим руҳий инъомдир. Қачонки беғараз ёрдам бериш қобилияти берилган ва шунга даъват этилган инсон, ушбу ишни “оддийликда” қилмай қўйса, ўзида бор ресурсларнинг тугаб бораётганлигининг гувоҳи бўлиши мумкин, чунки у Худованд уни нима учун баракотлаганини ёддан чиқарди.
е. “етакчилик қиладиган одам”. Бундай инсон ўзининг хизматини “қунт билан” бажармоғи лозим. Етакчилар осонлик билан тушкунликка тушишлари ва таслим бўлим истагини ҳис этишлари мумкин, бироқ, агар улар Худога манзур бўлишни истасалар, қатъиятлик билан ўз ишларини бажаришда давом этмоқлари лозим.
ж. “меҳр-шафқат кўрсатадиган одам”. Бу инъомга қувонч ҳамроҳ бшлиши лозим. Меҳр-шафқат кўрсатишнинг ўзи оддий иш бўлмаслиги мумкин, аммо шу билан бир қаторда қувончга тўла одам бўлиб қолиш янада қийинроқ бўлиши мумкин. Меҳр-шафқат кўрсатиш инъоми – Муқаддас Руҳнинг ғайриоддий инъомларидан бири эканлиги ҳақидаги эслатма.
В. Бошқа инсонлар билан бўлган муносабатда қандай қилиб масиҳий бўлиш ҳақидаги қисқа насиҳатлар тўплами.
Ушбу бўлимдан кўриниб турибдики, Павлус Исонинг таълимотидан, айниқса Унинг тоғдаги ваъзидан бохабар бўлган.
1. 9-13 оятлар. Бошқа масиҳийлар билан бўлган муносабат.
“Бир-бирингизга бўлган меҳр- муҳаббатингиз самимий бўлсин. Ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни маҳкам тутинг. Бир-бирингизни биродарларча, чуқур муҳаббат билан яхши кўринг. Бир-бирингизни ҳурмат қилиб, ўзингиздан юқори қўринг. Ғайратингиз сусаймасин, бутун қалбингиз билан Раббимиз Исога хизмат қилинг. Умидингиз борлиги учун хурсанд бўлинг. Қийинчиликда сабр-тоқат қилинг. Ибодат қилишдан чарчаманг. Муҳтожликда бўлган Худонинг азизларига ёрдам беринг, доимо меҳмондўст бўлинг”.
а. “бир-бирингизга бўлган меҳр- муҳаббатингиз самимий бўлсин”. Албатта, самимий бўлмаган севги – бу аслида ҳеч қанақа севги эмас. Масиҳий жамоатлар ичида “севги” ниқоби остида яширинадиган нарса, кўпинча иккиюзламачилик билан чегарадош ва бу нарса ошкор қилинмоғи лозим.
б. “ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни маҳкам тутинг”. Қайсидир маънода биз учун ё “ёмонликдан нафратланиш” ёки “яхшиликни маҳкам тутиш” осон бўлиши мумкин. Тақводор инсон эса, ҳар иккаласини қандай қилиб амалга оширишни билади.
в. “бир-бирингизни биродарларча, чуқур муҳаббат билан яхши кўринг”. Бу буйруқ: яъни масиҳийлар ўзларини бошқалардан узоқ тутадиган, совуқ ва такаббур бўлиб юришлари керак эмас. “Бир-бирингизни ҳурмат қилиб, ўзингиздан юқори қўринг” деган жумла, самимий илиқлик ва боғланиб қолиш ҳиссининг намоён бўлиши ҳақида гапиради.
1) Бошқа нарсалар қаторида биз бу ерда, масиҳийларга қаратиган даъватни, яъни одоб ахлоқни унутмаган ҳолда, ўзини яхши тутишга бўлган даъватни кўришимиз керак.
г. “ғайратингиз сусаймасин, бутун қалбингиз билан Раббимиз Исога хизмат қилинг”. Биз нафақат бир биримизга нисбатан илиқ муносабатда бўлишга ва яхши хулқ-атворли бўлишга даъват этилганмиз, биз оғир меҳнатга ҳам даъват этилганмиз. Жамоат – бу дангасалик жойи эмас.
1) “Бутун қалбингиз билан хизмат қилинг” деган жумлани “Муқаддас Руҳга нисбатан ҳурмат-эҳтиром билан тўлиб-тошинг”, деб ҳам таржима қилиш мумкин.
д. “умидингиз борлиги учун хурсанд бўлинг”. Умид қилишга бўлган даъват, одатда охирида Исонинг қўлидан олинадиган мукофотни назарда тутади. Павлус, биз Худовандга, натижаларимиз борлиги учун эмас, “умидимиз борлиги” учун хизмат қилишимизни айтмоқда. Биз ҳамма нарсани, нигоҳимизни фақатгина кўкка тиккан ҳолда қилишимиз буюрилаётганлигини кўришимиз мумкин. Айнан шу тарздагина биз ушбу оятда ифодаланган умид, сабр-тоқат ва феъл-атворнинг доимийлиги ҳақидаги амрни бажара олишимиз мумкин.
е. “қийинчиликда сабр-тоқат қилинг”. Қийинчиликларнинг борлиги, биз умид ёки сабр қилишдан ёки чарчамай ибодат қилишдан бош тортаётганлигимизни оқлай олмайди. Синовлар Масиҳ Танасидаги севгининг етишмовчилигини ёки Худованд ишларини бажаришни истамасликни оқлай олмайди.
1) Леон Моррис ушбу иккита муҳим сўзга қуйидагича таъриф бериб ўтган. “Сабр-тоқат” қилиш – бу “бўлаётган нарсаларни пассив ҳолатда бошдан ўтказиш эмас, аксинча уларни доимийлик ва фаоллик билан бошдан ўтказишни англатади”. “Қийинчилик” – бу “шунчаки кам аҳамиятли ва кўнгилсиз бир муаммо” эмас, бу жуда чуқур ва жиддий нарсадир”.
ж. “муҳтожликда бўлган Худонинг азизларига ёрдам беринг, доимо меҳмондўст бўлинг”. Бизнинг ғамхўрлигимиз ва эътиборимиз, атрофдагиларимизга нисбатан бўлган амалий ишларимизда кўринмоғи лозим, яъни ёки ўзимиз уларнинг олдига бориб хизмат қилганимизда (“муҳтожликда бўлган Худонинг азизларига ёрдам беринг”) ёки уларни уйимизга таклиф қилиб хизмат қилганимизда намоён бўлмоғи лозим (“доимо меҳмондўст бўлинг”).
1) Бизнинг тилимизга “меҳмондўст” деб таржима қилинган қадимги юнонча сўз, том маънода “бегоналарга, нотанишларга бўлган севги” деган маънони англатади. Бундан ташқари рус тилидаги таржимада ишлатилган “рашк қилинг” деган сўз, жуда кучли маънога эга сўз бўлиб, баъзан “қувғин қилиш” деб ҳам таржима қилинган (Римликлар 12:14 оятдагидек). Айтилаётган сўзларнинг мазмуни шундан иборатки, нотаниш одамларга меҳмондўстликни “тинмай, орқага чекинмай” таклиф қилмоқлик лозим. Айнан мана шундай севги, амалда кўрсатилган севгидир, шунчаки ҳис ҳаяжон ва туйғуларда эмас.
2. 14-оят. Имонлилар оиласидан ташқарида бўлганларга нисбатан муносабат.
“Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, уларни қарғаманглар”.
а. “сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар”. Биз ҳеч кимдан, ҳаттоки бизларни қувиб, таъқиб қилаётганлардан ҳам нафратланишимиз керак эмас.
б. “уларни қарғаманглар”. Айнан мана шундай муносабат ҳақида Исо Матто 5:46 оятда айтиб ўтган эди: “Агар сизни севганларнигина яхши кўрсангиз, сизларга қандай мукофот бўлади? Ахир, солиқчилар ҳам шундай қилишмайдими?”. Бизда яшаётган ҳамма нарсадан устун бўлган Исо севгисининг буюклиги, бу севги душманларимизга нисбатан ҳам йўналтирилганлигида намоён бўлади.
в. “сизларни қувғин қилаётганларни”. Албатта, қувғин қиладиганларнинг ҳаммаси ҳам, айнан жамоат ташқарисидаги инсонлар бўлмайди. Исо шундай деб айтган: “Ҳатто шундай замон келадики, сизларни ўлдираётган ҳар бир киши бу билан Худога хизмат қиляпман, деб ўйлайди” (Юҳанно 16:2).
3. 15-21 оятлар. Ҳам жамоат ичида ҳам унинг ташқарисида одамлар билан қандай тўғри мулоқотда бўлиш лозим.
“Севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар. Ўзаро ҳамфикр бўлинглар. Такаббурлик қилмай бечора ҳамда паст табақали одамлар билан дўст бўлинглар. Ўзбилармонлик қилманглар. Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар, одамлар яхшилик деб билганларни қилишга интилинглар. Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч тотув ҳаёт кечиринглар. Азизларим, ўзингиз учун ўзингиз қасос олманг, балки Худонинг ғазабига йўл қўйиб беринг. Ахир, Муқаддас Битикларда Эгамиз шундай деб айтган-ку: “Мен Ўзим қасос ва ўч оламан”. Муқаддас битикларда ёзилганидай қилинг: “Душманинг оч бўлса, овқат бер, чанқаган бўлса, сув ичир. Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан”. Ёмонлик сизни мағлуб қилмасин, аксинча, сиз ёмонликни яхшилик билан мағлуб этинг”.
а. “севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар”. Айнан шундай йўл тутган ҳолда, биз “ўзаро ҳамфикр бўлинглар” деган буйруқни бажара оламиз. Бу, бошқалардан шу нарсани кутиш ўрнига, уларнинг туйғуларини эътиборга олиш ҳақидаги оддий бир амрдир.
б. “бечора ҳамда паст табақали одамлар билан дўст бўлинглар”. Павлус юракнинг камтарона бўлиши нақадар муҳимлиги ҳақида огоҳлантириб ўтмоқда. “Такаббурлик қилмай бечора ҳамда паст табақали одамлар билан дўст бўлган” ҳолда, биз Исога ўхшашга ҳаракат қилган бўламиз. “Ўзбилармонлик қилманглар” деган жумла эса, биз ҳали Унга ўхшаш бўлишликдан нақадар узоқда эканлигимизни бизга эслатиб ўтади.
в. “ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар”. Бу Матто 5:38-45 оятларда Исо берган амрнинг ибораси. Биз ўз душманларимизни яхши кўришимиз ва бизга ёмон муносабатда бўлганларга яхши муносабатда бўлишимиз керак.
г. “одамлар яхшилик деб билганларни қилишга интилинглар”. Бу – биз фақат эзгулик тарафдорлари бўлишимиз кераклиги ҳақидаги ғояни ҳаётга татбиқ этиш усули. Бизнинг ҳатти ҳаракатларимизга қараб, инсонлар нима яхши ва нима ёмон эканлигини фарқлай олишлари керак.
д. “агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч тотув ҳаёт кечиринглар”. Биз бутун дунёга қарши тураётганлигимизга қарамай, жанжал ва келишмовчиликлардан узоқда бўлиш кераклиги ҳақидаги эслатма. “Агар иложи бўлса”, биз ҳамма билан тинч тотувликни сақлашга ҳаракат қилишимиз керак.
1) “Агар иложи бўлса”, деган жумла, бу нарсанинг ҳар доим ҳам иложи бўлмаслигини кўрсатиб бермоқда” (Мюррей).
е. “азизларим, ўзингиз учун ўзингиз қасос олманг”. Худога умид боғлаган инсон, “ўзи учун қасос олиш” зарурияти йўқлигини билади. У қасосни Худонинг қўлига топширади, “Худонинг ғазабига йўл қўйиб беради” – ўзининг ғазабига эмас, фақатгина Худонинг ғазабига йўл қўйиб беради.
ж. “ёмонликни яхшилик билан мағлуб этинг”. Бундай фикрлаш усулига эга бўлганимизда, душманларимизга амалий ёрдам кўрсатиш имкониятини қидирган ҳолда, уларга нисбатан меҳрибон бўламиз. Айнан шу тарзда “ёмонлик бизни эмас, аксинча, биз ёмонликни яхшилик билан мағлуб эта” олган бўламиз
1) “ унинг бошига ёнаётган чўғ йиғиш” – бу душманимиз учун яхшими ё ёмон? Бу ерда, бизнинг яхшилигимиз ва яхши муносабатимиз туфайли душман ҳис қиладиган “оташли танбеҳ” ҳақида сўз юритилаётганлиги эҳтимоли бор. Ёки баъзилар ўйлайдигандек, бу ерда, қўшнимиз ҳам ўз уйида ўчоғини ёқа олиши учун, унга ўз ўчоғимиздан кўмир беришимиз назарда тутилаётганлиги бўлиши мумкин – дарҳақиқат, бу миннатдорчиликка арзийдиган эзгу ишдир.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]