Римликлар, 2 боб.
Аҳлоқшунос билан яҳудийнинг айби.
А. Инсонга қаратилган Худо ғазабига нисбатан аҳлоқшуноснинг нуқтаи назари.
1. 1-3 оятлар. Аҳлоқни яхши биладиган инсонга қарши айблов.
“Эй бошқаларни ҳукм қилаётган инсон! Сен ким бўлишингдан қатъий назар, бошқаларни ҳукм қилишга ҳеч ҳақинг йўқ. Сен бошқа одамни ҳукм қилиб, ўзингни ҳам маҳкум этасан. Ахир. Ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсанку! Бундай ишлар қилиб юрганларни Худо маҳкум қилишга ҳақли эканини биламиз. Айни шу ишларни ўзинг қила туриб, шундай ишларни қилувчиларни ҳукм этсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми?”.
а. “эй бшқаларни ҳукм қилаётган инсон…бошқаларни ҳукм қилишга ҳеч ҳақинг йўқ”. Биринчи бобда Павлус, айби аён бўлган гуноҳларни санаб ўтган эди. Энди эса у, умуман олганда ўзини аҳлоқни деб ҳисоблайдиган инсонларга юзланмоқда. Павлус улар ҳақида қуйидаги тахминда: бу инсонлар ўзларини, биринчи бобда тасвирланган инсонлардан фарқ қиладиган инсонлар эканликлари билан табрикламоқдалар.
1) Бундай муносабатнинг жуда яхши мисолини, Исо фарзий ва солиқчи ҳақидаги масални айтиб берганида келтирган эди. Агар Исонинг масалидаги ушбу тимсолларни олиб, уларни Павлуснинг сўзларига қўшиб қўйсак, Павлус биринчи бобда солиқчиларга, энди эса иккинчи бобда фарзийларга мурожаат қилмоқда, деб айтиш мумкин (Луқо 18:10-14).
2) Павлус даврида яшаган кўпгина яҳудийлар аҳлоқшунослар бўлишган, аммо Павлуснинг Римликлар 2:1-6 оятларда айтган сўзлари, кенг қўлланмага эга бўлганга ўхшайди. Масалан, машхур римлик сиёсатчи Сенека, аҳлоқ мураббийси ва Нероннинг устози бўлган. Сенека, Павлуснинг кўпчилик бутпарастларнинг аҳлоқий аҳволи ҳақида айтган сўзларига чин дилдан қўшилган бўлар эди, бироқ Сенекадай инсон, “мен бу аҳлоқсиз инсонлардан фарқ қиламан” деб ўйлаган бўлар эди.
3) Кўпгина имонлилар Сенекага қараб ва унинг “аҳлоқ” ҳамда “оилавий қадриятлар” тушунчасига нисбатан бўлган қатъийлигига қараб ҳайратланишган. “Бироқ, Сенека кўп холларда, ўзи ҳукм қилган гуноҳлардан кўп ҳам фарқ қилмайдиган гуноҳларга йўл қўйиб берган. Энг даҳшатли ҳолат бу – Нероннинг ўз онасини ўлдиришига жимгина йўл қўйиб бергани бўлган” (Брюс).
б. “сен бошқа одамни ҳукм қилиб, ўзингни ҳам маҳкум этасан”. Яққол кўриниб турган гуноҳкорни ҳукм қилаётган аҳлоқшуноснинг фикрига қўшила туриб, Павлус энди ўша далилни аҳлоқшуноснинг ўзига қарши қаратмоқда. “Чунки бошқаларни ҳукм қилган холда, у ўзини ҳам маҳкум қилади”.
1) Бошқаларни ҳукм қилганда, биз маълум бир ташқи стандартга ишора қиламиз, бу стандарт эса фақатгина яққол кўриниб турган гуноҳкорни эмас, балки ҳаммани ҳам бир хил ҳукм қилади. “Сиз Худонинг адолатли ҳукмини биласиз, бу ҳукм сизнинг бошқаларни қоралаётганлигингизни исботлашини ҳам биласиз, демак сизни оқлашга ҳеч қандайдир бир асос йўқ, чунки бошқаларни ҳукм қилишингиз, сизни маҳкум қилади” (Моррей).
2) “ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсанку”. Бир эътибор беринг а, аҳлоқшунос бошқаларни ҳукм қилгани учун маҳкум бўлаётганлиги йўқ, у бошқаларни нимада айблаётган бўлса, ўзи ҳам ўша гуноҳларда айбдор эканлиги учун маҳкум бўлмоқда. Аҳлоқли инсон шу заҳотиёқ бу фикрга қарши чиқиши мумкин (“Мен бошқаларга ўхшаган эмасман!”), аммо Павлус бу нарсанинг ҳақиқат эканлигини исботлаб бера олади.
3) “Бошқаларни ҳукм қилиб, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсанку” деган жумлага берилган Деннининг изоҳини эслатиб ўтган ҳолда, Вюст шундай деган: “Гап сенинг бошқаларни гуноҳини такрорлашинг ҳақида бораётгани йўқ, гап сенинг ҳам виждонинг худди шундай аҳволда эканлигида, яъни сен ҳам нурга қарши гуноҳ қилаётганлигингда. Яҳудийлар бошқа турдаги гуноҳларни қилган бўлишларига қарамай, уларнинг ҳам гуноҳлари худди шундай бўлган”.
в. “ҳақли”. Ушбу жумланинг маъноси – “қилинган ишларнинг далилларига асосан” дегани. Худованд аҳлоқшуносни далилларга асосан ҳукм қилади (ва маҳкум этади).
г. Ғоянинг мазмуни аниқ: агар аҳлоқшунос, яққл кўриниб турган гуноҳкордай айбдор бўлса, у ҳолда у қандай қилиб у “Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан” деб ўйлаши мумкин?
1) “Сен” деган сўз, ушбу саволда яққол белгилаб ўтилган: “Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми?”. Павлус, ҳеч бир инсон ушбу қоидалардан ташқарида эмаслиги ҳақидаги фикрни ўқиётганларга етказиш учун бор кучини ишлатмоқда. Павлус ўз тингловчиларининг қалбларига моҳирона мурожаат қилмоқда. “Бизларнинг найзаларимиз, бошқа найзаларга ўхшаш шунчаки яралайдиган найзалардан эмас, инсон юрагини тешиб ўтадиган икки учли ўткир найзалардан бўлиши керак” (Трапп).
2) Мана Ленски аҳлоқшунослар ҳақида нима деган: “Павлуснинг мақсади, уларга ноҳақликлари учун шунчаки танбеҳ беришдан юқорироқдир. Павлус уларни гўёки талон тарож қилмоқда, улардан аҳлоқшунослик ва одобшунослик ниқобини ечган ҳолда, уларни яланғочлантирмоқда, чунки улар айнан одобшунослигу аҳлоқшуносликда, Худонинг ғазабидан қочиб қутулиш имкониятини кўришади”.
2. 4-5 оятлар. Худонинг аҳлоқшунос устидан эълон қилган ҳукуми.
“Худонинг чексиз меҳрибонлиги ва сабр тоқатини писанд қилмаётганингни қара. Ахир, Унинг муруввати сени тавбага етаклашини билмайсанми? Аммо сен ўжарлик қилиб, гуноҳларингдан тавба қилмаяпсан. Худонинг адолатли ҳукми аён бўладиган қаҳр ғазаб кунида бошингга тушадиган жазони янада кўпайтиряпсан”.
а. “Худонинг чексиз меҳрибонлиги ва сабр – тоқатини писанд қилмаётганингни қара”. Павлус, аҳлоқшуноснинг ўзи ҳам, уни итоаткорона тобага ва ўзини бошқалардан юқори қўйишдан юз ўгиришга олиб келиши керак бўлган Худонинг “меҳрибонлиги ва сабр тоқатини” суистеъмол қилаётганини кўрсатмоқда.
1) “муруввати”. Бу ерда Худованднинг, бизнинг ўтмишдаги гуноҳларимизга қарамай, бизга нисбатан мурувват кўрсатганлиги назарда тутилаётганга ўхшайди. Унинг муруввати шунда намоён бўлдики, биз маҳкумликка лойиқ бўлишимизга қарамай, У бизларни ҳукм қилмади.
2) “меҳрибонлиги”. Худованднинг, бизнинг бугунги гуноҳларимизга нисбатан бўлган муносабати назарда тутилаётганга ўхшайди. Бугун – ҳатто ҳозирнинг ўзида ҳам, биз гуноҳ қилган инсонлармиз, бироқ У Ўз қаҳрини бизнинг устимизга ёғдирмасдан, ушлаб турибди.
3) “сабр тоқати”. Худованднинг, бизнинг келажакда қиладиган гуноҳларимизга нисбатан бўлган муносабати назарда тутилаётгнага ўхшайди. У бизларнинг эртага ҳам, ундан кейинги кун ҳам яна қайтадан гуноҳ қилишимизни билади ва шунга қарамай Ўз ҳукмини тутиб турмоқда.
4) Юқорида айтиб ўтилганларнинг ҳаммасини ҳисобга олганда, Павлуснинг, Худованд мурувватининг ушбу учта жиҳатини тасвирлаётиб, “бойлик” ҳақида айтгани ажабланарли эмас. Қуйидаги тўртта нарса, Худованд мурувватининг нақадар бой эканлигини кўришимизга ёрдам беради:
· Унинг улуғворлиги. Энг буюк хато – бу буюк шахсга зарар етказмоқликдир. Аммо буюклиги, инсоннинг буюклигидан ҳам юқорироқдир, бироқ шунга қарамай, У бизларга Ўз раҳм шавқатини намоён қилишда давом этмоқда.
· Унинг ҳамма нарсани билиши. Агар бирор бир инсон, биз қилган барча гуноҳларни билганида, бизга нисбатан мурувватли бўла олар эдими? Худованд эса биздан мурувватини дариғ тутгани йўқ.
· Унинг қудрати ва ҳокимияти. Баъзан бизлар хатоларимизни тузата олмаймиз, чунки бу нарсага қудратимиз етмайди, Худованд эса ҳаммасини тўғрилашга қодир. У мурувватга бой.
· Худованд раҳм шавқатининг объекти – оддий инсонлардир. Биз чумолига мурувват кўрсата олишга қодирмизми? Худованд эса мурувватга бой.
5) Худонинг муруввати нақадар буюк эканлигини била туриб, Унинг иноятини суистеъмол қилиб, уни менсимаслик – катта гуноҳдир. Биз, Худованднинг иноятига лойиқман,деган фикрга осонликча келамиз.
б. “Худованднинг меҳрибонлиги ва сабр тоқати”. Кўпинча инсонлар бу нарсаларни Худонинг заифлигидай қабул қилишади. Улар: “Агар осмонда Худо бўлса, ҳозирнинг ўзидаёқ мени жазоласин” деган гапларни айтишади. Ҳеч нарса содир бўлмаганидан кейин, улар: “Кўрдингми, мен сенга айтувдимку Худо йўқ деб” дейишади. Инсонлар Худованднинг “меҳрибонлиги ва сабр тоқатини” нотўғри талқин қилишади. Улар бу нарсаларни гўёки Худованд уларни қўллаб қувватлаётгандек қабул қилиб, тавба қилишдан бош тортишади.
1) “Мен, тавба қилмасликда давом этаётган инсоннинг, ҳар тонг туриб, ҳали ҳам дўзаҳга тушмаганлигини тушунганини тасаввур қилганимда, кўз олдимда гўёки қуёш унга: “мана мен яна бир кун бошинг узра чарақламоқдаман, ахир бугунги кун, сен тавба қиладиган кун бўлиши мумкин” деб айтаётган манзара гавдаланади. Кечаси эса ўша инсонни ўз бағрига олувчи тўшак, унга: “мен сенга яна бир кун ором бахш этаман, токи сен ўз гуноҳларингдан юз ўгириб, ўз умидингни Исога боғлашни бошлагин” деб айтаётгандек туюлади. Дастурхонга қўйилган ҳар бир бўлак нон эса, тавба қилмаётган инсонга қараб: “сенда тавба қилишга имкон бўлиши учун, мен танагнинг тириклигини сақлаб тураман”, деб айтаётгандек гўё. Ҳар сафар Каломни олиб очганда эса, унинг саҳифалари: “сен тавбага келишинг учун, биз сенга мурожаат қиляпмиз” дейди. Ва ҳар сафар, воизликни тинглаганда (агар бу Раббимиз буюрган ваъз бўлса албатта), бу воизлик инсонга: “сенинг яшаши учун, Худога мурожаат қилишга даъват этмоқдамиз” деб айтади” (Сперджен)
в. “Ахир, Унинг муруввати сени тавбага етаклашини билмайсанми?”. Баъзи инсонлар Худонинг, нопокларга нисбатан бўлган “мурувватининг” ҳақиқий маъносини тушунмайдилар. Улар, Худонинг уларга бўлган муруввати, уларни тавбага олиб келиш учун кераклигини билишмайди.
1) Худованднинг мурувватини кўрганларида, инсонлар қуйидаги нарсаларни англаб етишади:
· Худо уларга муносиб бўлганликларидан ҳам яхшироқ муомалада бўлган;
· Улар Худога эътиборсиз бўлганларида ҳам, У улардан Ўз мурувватини дариғ тутмаган;
· Ҳаттоки улар Худованд устидан кулганларида ҳам, У Ўз мурувватини уларга намоён қилган;
· Худованд қандайдир бир шавқатсиз хўжайин эмас, шунинг учун ҳам улар Унга хотиржамлик ва ишонч билан бўйсунишлари мумкин;
· Худо уларни тўла тўкис кечиришга тайёр;
· Худовандга миннатдорчилик сабаб хизмат қилмоқ лозим.
2) Сен, Худованд сени тавба қилишга мажбурлашини кутмоқдамисан? У бундай йўл тутмайди. Худованд сени “тавбага етаклайди”. Қадрли дўстлар, бир нарсага эътибор беринг, Худованд ҳеч қачон бизни тавба қилишга мажбурламайди. Ўз укаси, солиҳ Ҳобилни ўлдирган Қобил,қочишга мажбур бўлиб, сургунлик ва саргардонликда ҳаёт кечирди; Раббимизга хоинлик қилган Яҳудо эса, ўзини осиб ўлдирди ва бу нарсага уни қилган ишидан чеккан пушаймонликнинг оғир дарди мажбурлади. Бироқ ҳаммасидан энг аълоси, мажбурликдан эмас, улуғворликдан келадиган ҳақиқий тавбадир; “Худованднинг муруввати сени тавбага етаклар” (Сперджен)
3) “Янги Аҳдда тавба салбий жиҳатларни ўзида мужассамлаштирган эмас. Бу тавба Масиҳдаги янги ҳаётга, Худога фаол хизматдан иборат ҳаётга юзланишдир. Бу тавбани виждон азоби ёки пушаймонлик билан адаштириш керак эмас, чунки виждон азобию пушаймонликда фақатгина қилинган гуноҳ туфайли чуқур қайғу мавжуд холос, бироқ ҳақиқий тавбага олиб келадиган ижобий жиҳат мавжуд эмас” (Моррис).
г. “Худонинг адолатли ҳукми аён бўладиган қаҳр ғазаб кунида бошингга тушадиган жазони янада кўпайтиряпсан”. Аҳлоқшунос Худованднинг мурувватини суистеъмол қилаётганлиги сабаб, Павлус, “бошингга тушадиган жазони янада кўпайтиряпсан”, деб тўғри таъкидламоқда.
1) Аҳлоқшунос, атрофида яшовчи “гуноҳкорларни” ҳукм қилиб, Худони ҳайратлантирадиган хизмат ва яхши фазилатлар тўпламини йиғиб бормоқдаман, деб ўйлайди. Аслида эса фақатгина “жазосини кўпайтирмоқда”. “Баъзи инсонлар ўз хазиналарини бойлик билан қандай кўпайтирса, бундай инсонлар ҳам худди шундай ўзининг жазо хазинасини кўпайтирмоқда” (Пул)
2) Инсонларнинг ўзлари ўз жазоларини кўпайтираётган эканлар, бу жазоларнинг уларнинг бошларига ёғилишига нима тўсқинлик қилмоқда? Худованднинг Ўзи! У Ўзининг “муруввати ва сабр тоқати” сабаб, жазони инсон бошига ёғдирмай, тутиб турмоқда. “Павлус Худовандни, оғир бир юкни кўтариб юргандек тасвирламоқда, бу юкни эса, инсонлар яна ва яна устига қўшиб, оғирлаштириб бормоқдалар. Ушбу юкнинг ҳаттоки бир қисмини бир кун бўлсада Худованд олиб юришга тайёр эканлигининг ўзи мўжизадир, қолгани ҳақида эса, яъни Худованд, гуноҳкорнинг бошига ёғдирмай, бутун юкни Ўз зиммасида тутиб турганлигини айтмасак ҳам бўлади” (Ленски)
д. “Худонинг адолатли ҳукми аён бўладиган қаҳр ғазаб куни”. Исонинг ер юзига илк бор келганида, Худонинг севгиси, Унинг феъл атворининг бир қисми сифатида, махсус бир куч ила намоён бўлган эди. Унинг икиинчи маротаба келишида эса, Худонинг адолатли ҳукми янада ёрқинроқ намоён бўлади.
3. 6-10 оятлар. Худонинг аҳлоқшуносларни ҳукм қилмоқда, чунки уларнинг ишлари ҳам, Худонинг мукаммал стандартларига мос эмас.
“Худо ҳар кимни қилган ишига яраша тақдирлайди. Яхши ишда қунт қилиб, шараф, ҳурмат эҳтиром ва мангуликка интилганларга Худо абадий ҳаёт ато қилади. Аммо худбинлик қиладиган, ҳақиқатни рад этиб, адолатсизликка эргашадиганлар, қаҳр ғазабга дучор бўлади. Ёвузлик қиладиган ҳар бир инсон изтиробда қолади, унинг бошига фалокат тушади, бу инсон яҳудийми, ғайрияҳудийми – фарқи йўқ. Яхшилик қиладиганларга эса – яҳудийларга ҳам, ғайрияҳудийларга ҳам, шараф, Ҳурмат эҳтиром ва тинчлик насиб этади”.
а. “ҳар кимни қилган ишига яраша тақдирлайди”. Аҳлоқшуносни, яққол кўриниб турган гуноҳкор билан бир қаторда бир хил ҳукм қиладиган ҳайратомус ва қўрқинчли фикр.
б. “яхшилик қиладиганларга…мангу ҳаёт”. Агар бирор бир инсон, доимо, чин юракдан яхшилик қилиб келганида эди, абадий ҳаётга ўз ишлари билан эришган бўларди. Бироқ, бундай инсоннинг ўзи йўқ, чунки ҳар ҳода бизларнинг ҳаммамиз, “худбинлик қиладиган,ҳақиқатни рад этиб, адолатсизликка эргашадиганлар” бўламиз.
в. “қаҳр ғазабга дучор бўлади. Ёвузлик қиладиган ҳар бир инсон изтиробда қолади, унинг бошига фалокат тушади”. Барча инсонлар Худонинг юқори даражадаги муруввати стандартларидан узоқ бўлганликлари сабаб, ёмонлик қилган ҳар бир инсоннинг устига, у яҳудий ё ғайрияҳудий бўлишидан қатъий назар, Худонинг ғазаби ёғилади.
1) Бу ҳукм биринчи бўлиб, “яҳудийнинг” бошига келади. Агар Хушхабар уларга бииринчи бўлиб айтилган экан (Римликларга 1:16) ва мукофотни ҳам улар биринчи бўлиб олишар экан (Римликларга 2:10), демак Худонинг ҳукмига ҳам биринчи бўлиб келишади.
2) “Қаҳр” деган сўзда, “қайнаш, жўш уриш” каби ғоялар мужассамлашган, яъни бу портлаш, шиддатли оқим деганидир. “Ғазаб” деган сўз эса, аста секин шишайиб боришни, куни келиб, бир нарсага олиб келадиган яллиғланишни билдиради; яъни бу ерда табиатан доимий бўлган ғазаб ҳақида сўз юритилмоқда
Б. Худованднинг яҳудийлар устидан бўлган ҳукми.
1. 11–13 оятлар. Худонинг холислик асоси.
“Зеро, Худо тарафкашлик қилмайди. Худонинг қонунини билмасдан туриб гуноҳ қилганлар, қонунга алоқасиз равишда ҳукм қилинадилар. Қонунни била туриб гуноҳ қилганлар эса қонун бўйича ҳукм қилинадилар. Ахир, қонунни эшитганлар эмас, балки қонунга риоя қиладиганлар Худонинг олдида оқланадилар”.
а. “Зеро, Худо тарафкашлик қилмайди”. “Тарафкашлик” деган сўз, юнонча иккита “қабул қилмоқлик” ва “юз” деган сўзларнинг бирлашмасидан келиб чиққан. Бу, нарсалар ҳақида уларнинг ташқи кўринишига қараб ёки олдиндан пайдо бўлган тасаввурга қараб мулоҳаза юритиш деганидир.
1) Қадимги замонларда, баъзи бир яҳудий раввинлари, Худо яҳудийларга нисбатан тарафкашлик қилади, деб ўргатишган. Улар: “Худованд яҳудийларни бошқа ўлчов билан, бутпарастларни эса умуман бошқа ўлчов билан ҳукм қилади”, деб айтишган.
б. “ахир, қонунни эшитганлар эмас, балки қонунга риоя қиладиганлар Худонинг олдида оқланадилар”. Худованд Ўзининг адолатли ҳукмини, кимдир Унинг қонунини тинглагани учун тутиб тургани йўқ. У Ўз ҳукмини, ҳақиқатдан ҳам Унинг қонунини бажараётганликлари учун, ёғдирмай ушлаб туради.
1) Эҳтимол, яҳудий ёки диндор инсон, Қонун борлиги учун ҳам нажотга эгаман, деб ўйлар; бироқ, у қонунни бажарганмикан? Эҳтимол бутпараст, менинг Қонундан хабарим йўқ, шунинг учун жоним халос, деб ўйлар, бироқ, у виждонининг амрига бўйсунганмикан?
2) “Инсонлар ҳукмга Қонунни билганликлари ёки билмаганликлари учун дучор бўлмайдилар, улар гуноҳ қилганликлари учун дучор бўладилар” (Моррис)
в. “Худонинг қонунини билмасдан туриб гуноҳ қилганлар, қонунга алоқасиз равишда ҳукм қилинадилар”. Гуноҳ натижасида келадиган ҳукм, Қонуннинг бор ёки йўқлиги билан боғлиқ эмас.
2. 14–16 оятлар. Ҳукм куни яҳудийга Қонунни билганлиги ҳеч қандай имтиёзни бермайди.
“Ғайрияҳудийларда Худонинг қонуни йўқ. Аммо қонунни билмай туриб, улар табиий равишда қонуннинг буюрганларини бажарсалар, ўзларига ўзлари қонундирлар. Бу билан улар қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар. Уларнинг виждони ҳам бунга шаҳодат беради, чунки уларнинг хаёллари уларни гоҳ коралайди, гоҳ оқлайди. Худо инсонларнинг яширин ўй хаёлларини Исо Масиҳ орқали ҳукм қиладиган кунда буларнинг ҳаммаси аён бўлади. Мен келтирган Хушхабарда ана шулар баён этилган”.
а. “қонунни билмай туриб…ўзлари ўзларига қонундирлар”. Павлус, бутпарастлар нима сабабдан Қонунга эга бўлмай туриб ҳам, ҳукм қилинишларини тушунтириб бермоқда. Уларни ҳукм қилиш учун виждоннинг ўзи етарлидир (қонуннинг талаблари юракларида ёзилган) ёки назарий жиҳатдан қараганда, уларни оқлаш учун ҳам, ушбу юракларида ёзилган қонун етарлидир.
1) “юракларида ёзилган”. Павлус даврида яшаган кўпчилик бутпараст муаллифлар, инсон ичида мавжуд бўлган қандайдир бир “ёзилмаган қонун”га юзланишган. Улар бу қонунни, инсонга тўғри йўлни кўрсатувчи бир нарсага қарагандай қарашган. Бу қонун қоғозда ёзилмаган бўлишига қарамай, қайсидир бир маънода, қоғозда ёзилган қонундан ҳам муҳимроқдир.
2) “ўзлари ўзларига қонун” деган жумла, бу “итоаткор бутпарастлар” ўзлари учун махсус қонун яратганликларини англатмайди; сўз, уларнинг ўз виждонларига яъни ичларида бўлган қонунга итоаткор бўлган ёки бўлмаганликлари ҳақида бормоқда.
3) “Дарҳақиқат қонун, бутпарастлар ўзларини уни билмасликка уриб ва буни яхши баҳона деб ҳисоблашлари беҳуда эканлигини кўрсатиб берди, ахир улар қилаётган ишлари билан, уларда ҳам қандайдир бир солиҳлик қонуни борлигини тасдиқламоқдалар” (Кальвин)
б. “уларнинг хаёллари уларни гоҳ қоралайди, гоҳ оқлайди”. Назарий жиҳатдан, инсон ўз виждонига бўйсуниш орқали оқланиши (кечирилиши) мумкин. Афсуски, ҳар бир инсон, Худо берган ваҳийни кўп маротаба бузганидек (инсоннинг ичидаги Худо ҳақида бўлган ваҳий), виждонини ҳам кўп маротаба оёқ ости қилган.
1) Римликлар 2:14 оятда Павлус, “ғайрияҳудийлар табиий равишда қонуннинг буюрганларини бажарсалар” деб айтган бўлсада, бу ғайрияҳудийлар табиий равишда Қонуннинг талабларини бажаришга қодир, деб айтмаслик учун етарлича эҳтиёткор бўлмоқда.
2) Худованд ҳар бир инсонда ўз ишини амалга оширишига қарамай (бу бизнинг виждонимиз масаласидир), инсонларнинг ўзлари ўз виждонларига таъсир ўтказа оладилар, шунинг учун ҳам, виждоннинг аҳволи ҳар бир инсонда ҳар хил. Яна шу нарса бизларга маълумки, гуноҳ ва Худога нисбатан қаршилик, бизнинг виждонимизни ҳалокатга учратиши мумкин, бироқ Исо виждонни қайта тиклай олади.
3) Агар виждонимиз бизни адолатсиз ҳукм қилса, биз қуйидаги оятни эслаган ҳолда, таскин топишимиз мумкин: “Худо кўнглимиздан улуғ эканлигини биламиз” (1-Юҳанно 3:20).
в. «уларнинг виждони ҳам бунга шаҳодат беради». Ҳаттоки Худо Каломини ҳеч қачон тўғридан тўғри тингламаган одамларда ҳам, аҳлоқий компас мавжуд, улар ушбу компас олдида жавобгардирлар – бу компас уларнинг виждонларидир.
1) “Худованд, қандай қилиб инсонларни яратганлигини тасвирлаб бермоқда: уларнинг ичларида маълум бир “иш” амалга оширилган, ана шу сабаб, инсонлар онгли равишда аҳлоқий мавжудотларга айланишган” (Ньюэлл)
2) “У, инсонлар таъкидлаганидек, қонун уларнинг юракларида ёзилган, дегани йўқ. У, уларнинг ичларида “қонунинг ишлари” яъни қонун инсонлардан талаб қиладиган нарсалар ёзилган, деб айтган” (Моррис)
г. “Худо ҳукм қиладиган кун”. Ҳукм куни келганида, ҳеч ким, мен Худонинг ёзилган ваҳийларидан хабарим йўқ эди, деб, Унинг ҳукмидан қочиб қутула олмайди. Маҳкум бўлиш учун,ичимизда мавжуд бўлган Худонинг ваҳийларини бузишнинг ўзи етарли.
1) “Шунинг учун Худованд барча халқларни юракларига ёзилган ёки тошга ўйилган бу сўзнинг яхши ёки ёмон қўлланилишига қараб, ҳукм қилади” (Кларк)
д. “мен келтирган Хушхабарда, ана шулар баён этилган”. Бир нарсага эътибор беринг, ҳукм куни Павлус айтган Хушхабарнинг бир қисми бўлган. У, инсонларнинг Худованд олдида бўлган мажбурияти ҳақида бўлган ушбу мавзуни четлаб ўтишга ҳаракат қилмаган.
1) “мен келтирган Хушхабар”. Наҳотки ушбу оятда, сиз Павлуснинг жасоратини кўрмаётган бўлсангиз? Сал олдинроқ у шундай деган эди: “Мен Хушхабардан ор қилмайман, чунки Худонинг куч қудрати бўлган бу Хушхабар орқали унга ишонадиганларнинг ҳаммаси қутқарилади”. У гуё: “Менинг рангларим” ёки “Менинг подшоҳим” деб эътироф этадиган аскар мисол, “Менинг Хушхабарим” деб айтмоқда. Павлус ғалаба байроғини кўтариб, ўлимигача шу табаррук ҳақиқатга хизмат қилишга қатъий қарор қабул қилган” (Сперджен)
е. “Худо инсонларнинг яширин ўй хаёлларини Исо Масиҳ орқали ҳукм қиладиган кун”. Ушбу тушунча фақатгина масиҳийликка хосдир. Яҳудийлар, Худованд бу дунёни Ўзи ҳукм қилади ва бу ишни ҳаттоки Қутқарувчи Масиҳга ҳам ишониб топширмайди, деб ўргатишган.
3. 17–20 оятлар. Яҳудийларнинг мақтанчоқлиги.
“Мана, орангиздагиларнинг баъзилари: “Мен яҳудийман” дейдилар, қонунга суянган ҳолда, “Худога яқинман” деб мақтанадилар. Эй яҳудий! Сен Худонинг хоҳиш – иродасини билиш ва яхшини ёмондан фарқ қилишни қонундан ўрганиб олибсан. Худонинг қонунида барча илм – маърифат ва ҳақиқат мужассам. Сенда мана шу қонун борлиги учун сен кўрларга йўл кўрсатувчи, зулматда қолганларга нур, ғофилларга мураббий, ғўр болаларга муаллим эканлигингга ишончинг комил”.
а. “баъзилар, мен яҳудийман дейдилар..қонунга суянадилар”. Оятда келтирилган мақтанчоқликларнинг ҳар бири, Қонунни билиш билан боғлиқ. Павлус даврида яҳудийлар, Худованд уларга миллат сифатида Ўзининг муқаддас Қонунини берганлиги учун ҳаддан зиёд мағрур бўлишган. Улар бу нарса уларнинг махсус танланган халқ деган унвонларини тасдиқлаб, уларга нажотни таъминлашига ишонишган.
б. “сенда мана шу қонун борлиги учун”. Тўғри, яҳудийлар Қонунни Худо томонидан берилган инъом сифатида иннатдорчилик билан қабул қилишлари лозим эди, бироқ Павлус шунчаки Қонунга эга бўлиш инсонни оқламаслигини кўрсатиб бермоқда.
4. 21–24 оятлар. Яҳудийларга нисбатан чиқарилган ҳукм.
“Шундай экан, сен қандай қилиб бошқаларга таълим бера туриб, ўзингга таълим бермайсан?! “Ўғрилик қилма” деб насиҳат қилиб туриб, ўғрилик қиласанми?! “Зино қилма” деб туриб, ўзинг зино қиласанми?! “Бутлардан жирканаман” деб туриб, куфрлик қиласанми?! Қонуни биламан деб мақтанасан-у, лекин қонунни бузиб, Худонинг номига доғ туширасанми? Ахир муқаддас битикларда шундай ёзилган-ку: “Сизларни деб, халқлар орасида Худонинг номи ҳақорат қилинмоқда””.
а. “сен қандай қилиб бошқаларга таълим бера туриб, ўзингга таълим бермайсан?”. Буларнинг барчаси битта асосга бориб тақалади: “Сизларда қонун бор. Нима сабабдан сизлар унга амал қилмайсизлар? Сизлар бошқалар қонунни бузаётганлигини кўряпсизлар.Ўзларингиз ҳам шу қонунни бузаётганлигингизни кўрмаяпсизларми?”.
1) Павлус даврида яҳудий раввинлари – кўпинча, Қонунни шундай талқин қилишганки, ўзлари оқланган бўлиб чиқишган. Исо бундай талқиннинг нотўғри эканлигини кўрсатган (Матто 5:19-48).
2) Худованд Ўз Қонунини ҳам бизнинг ишларимизга нисбатан, ҳам юрагимиздаги муносабатга нисбатан қўллайди. Баъзан бизлар фақатгина муносабатимиз, ниятларимиз ўлчанилишини истаймиз, баъзан эса фақатгина ишларимиз ўлчанилишини истаймиз. Бироқ, Худованд ҳаммаси учун жавоб беришни талаб қилади.
3) “Иккиюзламачилар дин ҳақида фикр юритишни биладиларми? Худди ҳамма нарсани биладигандек фикр юритадиган бу ажойиб ҳикоячилар, аслида номуссиз гуноҳкорлардирлар. Милоддан аввалги 1114 йили Рим Папаси томонидан, руҳонийларнинг уйланиши тақиқланиши ҳақидаги буйруқ билан юборилган Папа вакили кардинал да Крема айнан мана шундай инсонлардан бири бўлган. Унинг ўзи эса фоҳиша билан қўлга тушганида, ўзини оқлаб, мен руҳоний эмас, шунчаки руҳонийларни тўғрилайдиган инсонман, деб жавоб берган”. (Трапп)
б. “бутлардан жирканаман, деб туриб, куфрлик қиласанми?”. Куфрлик борасидаги савол ҳақида, Моррис шундай деган: “Кўриниб турибдики, бутпарастлик билан боғлиқ номуссиз амаллардан, яҳудийлар ўзларига қандайдир фойдани олишлари мумкин, деб, жиддий ишонган инсонлар бўлган. Павлус ушбу оятда айнан шу нарсани назарда тутган бўлиши мумкин”.
в. “сизларни деб, халқлар орасида, Худонинг номи ҳақорат қилинмоқда”. Павлус яҳудийларга қуйидаги нарсани эслатиб ўтмоқда: “Худованд Эски Аҳдда, яҳудийнинг Худо Қонунига бўйсунишни истамаслиги, бутпараст халқларнинг Худованд номини ҳақоратлашига сабаб бўлмоқда, деб айтган”.
5. 25-29 оятлар. Суннатнинг бефойдалиги.
“Суннат масаласига келайлик. Агар сен қонунга риоя қиладиган бўлсанг, суннатнинг фойдаси бор. Аммо қонунни бузсанг, сенинг суннатинг суннатсизликдан хеч фарқ қилмайди. Худди шунингдек, агар суннат қилинмаганлар қонунга амал қилсалар, уларнинг суннатсизлиги суннатдай қабул қилинмайдими?Шундай экан, суннатсиз бўла туриб, қонунга амал қиладиган одам, сени маҳкум қилмайдими? Ахир сенда Муқаддас битиклар бор, сен суннат қилингансан-у, лекин барибир Худонинг қонунини бузасан. Яҳудий урф одатлари билан яшайдиганларнинг ҳаммаси ҳам асл яҳудий эмас. Жисмоний суннатнинг ўзи ҳам суннатнинг асл мақсадини бажармайди. Асл яҳудийлик юракдан келиб чиқади. Асл суннат, яъни юракнинг суннати, қонунга амал қилишдан келиб чиқмайди, балки Руҳ томонидан қилинади. Асл яҳудий инсонларнинг эмас, балки Худонинг мақтовига сазовор бўлади”.
а. “агар сен қонунга риоя қиладиган бўлсанг, суннатнинг фойдаси бор”. Павлус бир нарсани яхши тушунар эди: яҳудий, унинг нажот топганлиги, унинг Иброҳимнинг авлоди эканлиги ҳақидаги далилга асосланганлигини ва у бу нарсани суннат қилинганлиги орқали исботлай олиши айтиб, қарши чиқиши мумкин эди. Павлус суннатнинг оқланишга ҳеч қандай алоқаси йўқ деб, тўғри таъкидламоқда.
1) Яҳудий, суннат бўлганлиги унга нажотни кафолатлашига ишонган. Эҳтимол, келажак ҳаётда менга жазо таҳдид қилаётгандир, аммо ҳеч қачон нажотни йўқотмайман, деб ҳисоблаган.
2) Павлус даврида, баъзи бир раввинлар, Иброҳим, унинг суннат қилинган авлодларидан бирор киши дўзаҳга тушмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун, ўша дўзаҳнинг дарвозалари олдида ўтиради, деб ўргатишган. Бошқа раввинлар эса, “Худованд яҳудийларни бошқа ўлчов билан, бутпарастларни эса бошқа ўлчов билан ўлчаб ҳукм қилади” ва “келажак ҳаётда ҳар бир яҳудийнинг ўз ўрни бўлади”, деб ўргатишган (Баркли)
3) “Суннатлик” (чўқиниш ёки бошқа бир амаллар ўз ўзидан) ҳеч кимни ҳалос қилмайди. Қадимги Мисрда ҳам ўғил болаларни суннат қилиш одати бўлган, лекин улар бу амални бажарганликлари билан, ҳақиқий Худонинг издошларига айланганликлари йўқ. Ҳаттоки Иброҳим даврида Исмоил (унинг таънавий ўғли) ҳам суннат қилинган эди, бироқ аҳд фарзандига айлана олмади.
4) “суннатлик” ва чўқиниш, идишга ёпиштирилган ёрлиқ қандай вазифани бажарса, худди шундай вазифани бажаришади. Агар идишга ёпиштирилган ёрлиқ, идиш ичидаги маҳсулотга тўғри келмаса, демак бу ерда қандайдир муаммо мавжуд! Агар ичида сабзи бўлган идишга, “Нўхат” деган ёрлиқни ёпиштирсак, албатта шундай қилиш ҳам мумкин, идиш ичидаги сабзи нўхатга айланиб қолмайди. Ички нарса фақат юқоридан туғилиш бўлганидан кейингина ўзгариши мумкин; шундан кейингина мос келадиган ёрлиқни ёпиштиришни бошласак бўлади.
5) Албатта, ушбу ғоятда бирор бир янги нарса йўқ. Худди шундай асосни биз Мусонинг Қонунида ҳам кўришимиз мумкин: “Юракларингизни суннат қилинглар, бундан кейин ўжар бўлманглар” (Қонунлар 10:16).
б. “агар суннат қилинмаганлар қонунга амал қилсалар”. Агар бутпараст ўз виждонига суянган ҳолда (Римликларга 2:15) “қонуннинг талабларига” амал қилса, суннат қилинган, бироқ қонунга амал қилмайдиган яҳудийдан кўра оқланган бўлмайдими? Яна бир юқорида айтилган фикр белгилаб ўтилмоқда: қонунга эга бўлиш ёки амалларни бажаришнинг ўзи етарли эмас. Худованд солиҳликни талаб қилади.
1) Моррис, Мэнсоннинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда, шундай деган: ”Агар улар эзгуликка содиқ бўлсалар, Худо уларни қабул қилишини биладилар; фақат бу “агар” деган сўз, катта муболағага эга”.
в. “суннатсиз бўла туриб, қонунга амал қиладиган одам, сени маҳкум қилмайдими? Ахир сенда Муқаддас битиклар бор, сен суннат қилингансан-у, лекин барибир Худонинг қонунини бузасан”. Мана сизга “хеч қачон Хушхабарни эшитмаган Африкадаги Пигмея қабилаларичи, улар қандай ҳукм қилинади”, деб сўрайдиганларга бераётган Худонинг жавоби. Худованд ушбу қабиладагиларни, эшитганларига асосан, ўша эшитганларига қай даражада амал қилганларига қараб ҳукм қилади. Албатта бу нарса, Пигмея қабилалари ҳам Худо олдида айбдор бўлишларини англатади, чунки ҳеч бир инсон 100% виждонига бўйсуниб яшагани йўқ, Худованд яратган борлиқ орқали олинган У ҳақидаги ваҳийга ҳам, тўлақонли даражада жавоб бериб, яшагани ҳам йўқ.
1) “Ҳеч қандай айби йўқ маҳаллий аҳолининг” муаммоси шундан иборатки, бундай аҳолининг ўзи мавжуд эмас.
2) “Африкадаги, бирор маротаба Хушхабарни эшитмаган Пигмея қабилаларичи” деган савол, жуда яхши савол, бироқ биз учун кўпроқ аҳамиятга эга бўлган бошқа иккита савол мавжуд:
· Хушхабарни эшитиб, уни рад этганларчи? Улар қандай қилиб оқланадилар?
· Ўша Африкадаги Пигмея қабилаларига Хушхабарни етқазиш буйруғини олган, бироқ, бу буйруқни рад этганларчи? (Матто 28:19).
г. “асл яҳудий инсонларнинг эмас, балки Худонинг мақтовига сазовор бўлади”. Барча ташқи диний белгилар, бизларга фақатгина инсонлардан мақтов келтириши мумкин, бироқ, Худодан мақтовга сазовор бўлишга ёрдам бера олмайди. Бизнинг Худованд олдида ҳақлигимизнинг гувоҳлиги, такқи амалларда ёки ишларда мужассамлашмаган; бу нарсани бизнинг насабимиз ҳам кафолатлай олмайди. Гувоҳлик, юракларимизда олиб борилаётган Худонинг ишида мужассамлашган; айнан мана шу иш ўз ҳосилини келтиради.
д. Уильям Ньюэлл, Римликларнинг иккинчи бобини, бизнинг диққатимизга сазовор бўлишга арзийдиган “Худованд ҳукумининг еттита буюк асоси” да умумлаштирган:
· Худованд ҳақиқатга асосан ҳукм қилади (Римликларга 2:2)
· Худованд инсоннинг барча тўпланиб келган айбларига асосан ҳукм қилади (Римликларга 2:5)
· Худованд қилган ишларимизга асосан ҳукм қилади (Римликларга 2:6)
· Худованд тарафкашликсиз ҳукм қилади (Римликларга 2:11)
· Худованд қонунни билишимизга қараб эмас, унга қандай бажарганлигимизга қараб ҳукм қилади (Римликларга 2:13)
· Худованд инсон юрагидаги пинҳон ниятларни ҳукм қилади (Римликларга 2:16)
· Худованд диний эътирофларга қараб эмас, ҳақиқатга қараб ҳукм қилади (Римликларга 2:17-29).
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]