Римликлар, 3 боб.
Унинг иноятига асосан, текин берилган оқланиш
А. Худонинг одил ҳукми.
1. 1-2 оятлар. Яҳудий халқининг устунлиги.
“Хўш, яҳудийларнинг қандай устунлиги бор? Ёки суннатнинг нима фойдаси бор? Яҳудийлар ҳар жиҳатдан катта устунликка эгадирлар. Бу устунлик, энг аввало, шундан иборатки, Худонинг Каломи уларга ишониб топширилган”.
а. “яҳудийларнинг қандай устунлиги бор?”. Иккинчи бобда Павлус, Қонунга эга бўлишлик ёки суннат қилинганлик яҳудийни қутқара олмаслигини батафсил тушунтириб ўтган эди. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, унда “Худо томонидан танланган халқ” бўлишнинг қандай устунлик томони бор?
1) Охир оқибат, агар Худода дарҳақиқат тарафкашлик йўқ экан (Римликларга 2:11), яҳудий бўлишликнинг қандай ижобий томони мажуд?
б. “яҳудийлар ҳар жиҳатдан катта устунликка эгадирлар”. Павлус, Худованд яҳудий халқига кўпгина устунликларни берганликларини биларди. Айниқса У уларга “Худованд Каломини” ишониб топширганди; сўз, Исонинг келишидан олдин ёзилган, Худо томонидан берилган ваҳий ҳақида боряпти. Худованд яҳудий халқигаЎз Каломини берди; бу сўз билан таъриф қилиб бўлмайдиган инъомдир.
1) “Самовий хазина ишониб топширилган, Худонинг архивчилари бўлиш, уларнинг энг биринчи устунлиги эди”. (Трапп)
2) Сал кейинроқ, Римликлар 9:4 оятда, Павлус яҳудийлардаги “устунлик” деган тушунчани янада кенгроқ кўриб чиқиб, қолган нарсалар билан бир қаторда, яҳудий халқи “Худонинг фарзанди бўлиб, Унинг улуғворлигига, аҳдига. Унинг қонуни ва ваъдаларига, Унга хизмат қилиш имтиёзига” эга эканлигини тушунтириб берди.
2. 3-4 оятлар. Яҳудийларнинг ишонмаганликлари, Худонинг ноҳақлигидан дарак бермайди.
“Уларнинг баъзилари ишонмаган бўлса, нима бўпти? Уларнинг ишонмаганлиги Худонинг садоқатини бекор қиладими? Йўқ, асло! Ахир, ҳар бир инсон ёлғончи бўлса ҳам, Худо ҳақдир. Муқаддас битикларда Худо ҳақида шундай ёзилганку: Шу боис ҳукм қилганингда Сен барҳақсан, айбимни фош этганингда доимо тўғри бўлиб чиқасан”.
а. “уларнинг баъзилари ишонмаган бўлса, нима бўпти?”. Павлус давридаги тарихда, яҳудий миллати Хушхабарни умуман рад этганлиги ҳақидаги далил, Худонинг уларга нисбатан бўлган содиқлиги беҳуда эканлигидан далолат бермайди. Шунингдек, бу нарса, Худонинг иши самарасиз дегани ёки буткул “йўқотиб юборилди” дегани ҳам эмас.
1) “Мен Павлуснинг фикрига қўшилишга мажбурман: “Дарҳақиқиат, уларнинг баъзилари ишонмаган бўлса, нима бўпти?”. Бунинг бирор бир янгилик томони йўқ: ҳамма замонда ҳам Худонинг ваҳийларини рад этган инсонлар бўлган. Хўш, энди нима қилиш керак? Бизнинг ҳаёт йўлимизда майли яна иккита, учта ёки сон саноқсиз ишонмайдиган одамлар тўдаси учрасин, бизлар барибир ишонишда давом эттиришимиз, ўзимизни текшириб кўришимиз ва Худованд садоқатининг тасдиғини топишимиз ҳамда Раббимиз Исо Масиҳ учун яшашда давом этишимиз керак” (Сперджен).
б. “Йўқ, асло! Ахир, ҳар бир инсон ёлғончи бўлса ҳам, Худо ҳақдир”. Павлус бизларга Худонинг барча ишлари ва ҳаракатлари ҳақ эканлигини эслатиб ўтмоқда. Ҳаёт йўли охирида, ҳатто ҳукм пайтида ҳам, бизнинг нопоклигимиз, қандайдир бир тарзда Унинг солиҳлиги ва шухратидан дарак берганлиги аён бўлади.
1) “Менинг ҳаётимда Худованднинг ваъдаларидан бирортаси ҳам амалга ошганлиги йўқ, деб айтмоқчи бўлаётган ҳар бир инсон, ўз юраги ва тутган йўлларини кўриб чиқмоқлиги лозим; ўшанда у шу нарсани англаб етадики, фақатгина муқаддаслик ва ҳақиқатдагина Худованд ваъдаларини амалга ошира оладиган йўлдан, унинг ўзи адашган экан” (Кларк)
2) “Ҳар бир инсон ёлғончи, Худо ҳақдир” деган жумлага, мана Сперджен қандай изоҳ берган: “Ўта кучли ва ажабланарли жумла, бироқ уни ҳаддан ташқари қаттиқ, деб атаб бўлмайди. Агар Худо у деса, ер юзида яшаб юрган барча инсонлар эса бу деса, демак, Худованд ҳақ, одамлар эса ёлғончи. Худованд ҳар доим ҳақиқатни гапиради ва ёлғон сўзлай олмайди. Худованд ўзгармасдир. Унинг сўзлари ҳам, Унинг Ўзига ўхшаш ўзгармасдир. Ҳаттоки ҳеч ким ишонмаган тақдирда ҳам, бизлар Унинг ҳақиқатига ишонмоғимиз лозим. Умумий консенсуснинг масиҳий учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Ҳақиқий масиҳий фақатгина Худонинг Каломига ишонади ва одамлар орасида ҳамма жойда кенг тарқалиб, қабул қилинган фикр устида эмас, кўпроқ айнан Калом устида мулоҳаза юритади” (Сперджен).
3. 5 оят. Худонинг одиллиги ва инсоннинг нопоклигига нисбатан қаршиликлар.
“Инсоний фикр юритиб айтайин: агар бизнинг қабиҳлигимиз Худонинг одиллигини янада очиқроқ кўрсатса, нима ҳам дердик? Бошимизга қаҳр ғазаб ёғдиргани учун Худо адолатсизми?”.
а. “агар бизнинг қабиҳлигимиз Худонинг одиллигини янада очиқроқ кўрсатса, нима ҳам дердик?”. Павлус, рақиби айтаётган қарши далил ҳақида айтмоқда: “Агар менинг нопоклигим, Унинг адолатини кўрсатаётган экан, қандай қилиб У мени ҳукм қилиши мумкин? Ахир, охир оқибат менинг гуноҳим Унинг шуҳрати ёрқинроқ порлашига сабаб бўлмоқда; бу яхши-ку!”.
б. “бошимизга қаҳр ғазаб ёғдирса, Худо адолатсиз бўладими?”. Павлусга, бундай фикр юритишзанжири жуда таниш бўлган: “Худованд ҳамма нарсани Ўзи бошқариб турибди. Ҳаттоки менинг нопоклигим ва ёвузлигим, охирига келиб, Унинг адолатини намоён қилади. Шунинг учун ҳам Ўз ғазабини устимга ёғдирганида, У “ноҳақдир”, ахир мен шунчаки Унинг қўлидаги қўғирчоқлардан бириман”.
1) Назарий жиҳатдан, бундай саволни бериши мумкин бўлган драматик шахс бу Яҳудодир. Яҳудонинг, Худо билан шу борада қуйидагича баҳслашаётганлигини тасаввур қила оласизми? “Раббим, мен Исога хоинлик қилганимни биламан, бироқ, Сен ҳаммасини эзгуликка айлантирдинг-ку. Бундан ташқари, агар мен хоинлик қилмаганимда, Исони хочда михламаган бўлишарди. Менинг қилган ишим, Каломнинг бажо бўлишига сабаб бўлди. Қандай қилиб Сен мени ҳукм қилишинг мумкин?”. Ўзининг бундай саволига, Яҳудо, қуйидагича жавоб олган бўларди: “Ҳа, ростдан ҳам Худованд сенинг нопоклигингни ишлатди, бироқ, нима бўлган тақдирда ҳам, бу сенинг нопоклигинг эди. Сенинг юрагингда бирорта ҳам эзгу ёки пок ният топилгани йўқ. Сен қилган ёвузлик, Худованд томонидан эзгуликка айлантирилганлиги ҳақидаги далилни, сен, бу менинг ишим, деб айта олмайсан. Сен Худованд олдида айбдорлигингча қолаверасан”.
в. “инсоний фикр юритиб айтайин”. Бу жумла, Павлус Ҳаворийлик ҳокимияти ёки Муқаддас Руҳнинг илҳомисиз гапираётганлигини англатмайди. Шунчаки у, фақатгина инсон (ўзининг гуноҳий табиатида), Худо ҳукмининг адолатли эканлигини шубҳа остида қолдиришга журъат қила олади.
4. 6-8 оятлар. Павлуснинг рақибига берган жавоби.
“Йўқ, асло! Худо одилдир. Худо адолатсиз бўлганда эди, қандай қилиб дунёни ҳукм қила оларди?! Менинг ёлғончилигим Худонинг ҳақлигига урғу бериб, Унга янада кўпроқ шон шуҳрат келтирар экан, нима учун мен гуноҳкор сифатида маҳкум қилинишим керак? Шундай экан, “Яхшилик келтирсин деб, ёмонлик қилаверайликми?” дейишимиз керакми?! Баъзилар бизга туҳмат қилиб, Павлус ўшандай таълим беряпти, деб айтмоқдалар. Бундай туҳмат қилганлар жасога лойиқдир”.
а. “Йўқ, асло! Худо одилдир. Худо адолатсиз бўлганда эди, қандай қилиб дунёни ҳукм қила оларди?”. Павлус осонлик билан рақибининг эътирозларини рад этмоқда. Агар ҳаммаси рақиби таҳмин қилаётгандек бўлганида эди, Худованд ҳеч кимни ҳукм қила олмаган бўларди.
1) Худованд ҳаттоки инсоннинг нопоклигини ҳам, Ўз ишини амалга ошириш ва Ўз номини улуғлаш учун ишлата олиши ҳақиқатдир; Исонинг Яҳудо томонидан сотилганлиги бунинг энг яхши мисолидир. Қандай бўлишидан қатъий назар, Худованд инсоният гуноҳида ҳам улуғланади, айниқса, инсонларнинг нопокликларини одилона ҳукм қилиши орқали улуғланади.
б. “Худо қандай қилиб дунёни ҳукм қила оларди?”. Павлус ҳам, унинг мактубларини ўқийдиганлар ҳам, биров оқланиб, биров маҳкум бўладиган Қиёмат Куни келиши ҳақидаги далилни оддий ҳақиқатдай қабул қилишган. Павлус мулоҳазаларининг ушбу банди, алоҳида далилларни талаб қилмаган; ўша давр маданиятида, ҳамма, бу нарса нимани англатишини билган.
1) Павлус, Худованд бутун “дунёни” – яҳудийларни ҳам, бутпарастларни ҳам “ҳукм қилишини” билган. Кўпгина унинг замондошлари ва ватандошлари, Худованд бутпарастларни гуноҳлари учун ҳукм қилиб, яҳудийларни гуноҳларига қарамай қутқаради, деб ҳисоблашган.
в. “менинг ёлғончилигим Худонинг ҳақлигига урғу бериб, Унга янада кўпроқ шон шуҳрат келтирар экан, нима учун мен гуноҳкор сифатида маҳкум қилинишим керак?”. Павлус, тасаввурда туғилиши мумкин бўлган саволнинг қарши далилини бошқа жумлалар билан айтмоқда: “Агар Худованд менинг ёлғончилигим орқали улуғланаётган экан, қандай қилиб У мени ҳукм қилиши мумкин, ахир шу тарзда мен Унинг улуғворлигини билвосита оширмоқдаман-ку?”.
г. “шундай экан, “яхшилик келтирсин”, деб ёмонлик қилаверайликми?”. Бу Павлуснинг, имон орқали оқланиш ҳақидаги таълимотини бузиб, хато кўрсатиш ҳамда унинг тасаввурий рақиби эътирозларининг давоми ҳисобланади. Агар Павлус рақибининг фикрини қўллаб қувватлашда давом этсангиз, эртами кечми: “Худони кўпроқ улуғлаш учун, кўпроқ гуноҳ қиламиз”, деган хулосага келасиз. Бу ерда биз, таълимотни текшириб кўришнинг усулларидан бири – таълимот сизни нимага олиб келишини кўриш учун, сабаб ва натижанинг мантиқий занжирини давом эттирмоқ лозимлиги мисолини кўрмоқдамиз.
1) Албатта, “яхшилик келтирсин деб, ёмонлик қилаверайликми” деган асос, Павлус таълимотининг бир қисми бўлмаган. У “ўшандай таълим беряпти” деган миш мишлар ҳам бўлган. Бироқ, гуноҳларнинг кечирилиши ва шахсий ишлар билан эмас, Исога бўлган имон орқали иноят асосида нажотга эга бўлишлик ҳақида очиқ ваъз айтиб юрган Павлусга нисбатан бундай айбловларнинг қаердан келиб чиққанлигини тушунса бўлади.
2) Кўпгина масиҳий ваъзлар, Павлус ваъзларида айтган ҳақиқий Хушхабар иноятидан шунчалик узоқдаки, бундай ваъзларни айтаётганларга нисбатан, улар бизларни “яхшилик келтирсин деб, ёмонлик қилаверайликми” деб ўргатяптилар, деган миш мишларнинг пайдо бўлиши ҳам қийин. Агар бирор кун келиб, бизларни “ҳаддан зиёд очиқ тарзда Хушхабарни айтмоқдасизлар”, “сизнинг ваъзларингиз ҳаддан ортиқ имонга, иноятга ва Худонинг ишларига қаратилган,”деб айбласалар, биз Ҳаворий Павлуснинг яхши шерикларидан бирига айланамиз.
д. “бундай туҳмат қилганлар жазога лойиқдирлар”. Павлус, ўзи тарғиб қилаётган Хушхабарнинг бундай мантиқсиз, ёлғонлаштирилиб айтилаётганлигига қарши жавоб беришга ҳаракат ҳам қилаётганлиги йўқ. У шунчаки бундай нарсаларга ўргатаётганлар ёки Павлуснинг ўзини ушбу ишларда айблаётганлар “жазога лойиқ” эканликларини айтмоқда. Худованд мана шундай нарсаларга ўргатаётган ёки шундай нарсаларга ишонаётган ҳар бир инсонни хукм қилишга ҳақлидир.
1) Худованднинг Исода, шон шуҳратга тўла иноят инъомини, гуноҳ қилиш учун бериладиган эҳтимолий лицензияга айлантириш – бу инсоний бузуқ табиатнинг энг юқори чўққиси бўлса керак. Инсон Худованд томонидан берилган ажойиб инъомни олиб, уни бўзиб кўрсатмоқда, инъомнинг устидан кулмоқда. Бундай нотўғри, ёлғон маълумот, шу даражада гуноҳкорона иш-ки, Павлус ҳаттоки буни энг охиригача “сақлаб келмоқда”, чунки бу гуноҳкорона иш, бутпарастларнинг бузуқлигидан ҳам (Римликларга 1:24-32), аҳлоқшуноснинг иккиюзламачилигидан ҳам (Римликларга 2:1, 5) ва яҳудийларнинг ёлғон имонидан ҳам (Римликларга 2:17-29) баттарроқдир.
Б. Хулоса: бутун инсониятнинг Худованд олдидаги айби.
1. 9–оят. Яҳудийларнинг ва бутпарастларнинг Худованд олдидаги айби.
“Хўш, биз, яҳудийлар, бошқалардан устунмизми? Йўқ, асло! Юқорида исботлаб ўтганимдай, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ ғайрияҳудий бўлсин, ҳар бир инсон гуноҳнинг ҳокимияти остидадир”.
а. “Хўш, биз, яҳудийлар, бошқалардан устунмизми?”. Павлус ўзининг келиб чиқиши ва насабномасига асосан яҳудий бўлганлиги сабаб (Филипликларга 3:4-6), “биз” деб, у “биз, яҳудийлар” деган нарсани назарда тутмоқда. Павлус фикрларининг маъноси шундан иборатки, Худованд олдида яҳудий табиатан, аҳлоқшунос ёки бутпарастдан кўра солиҳроқ эмас. Павлус, барчанинг – бутпарастнинг ҳам, аҳлоқшуноснинг ҳам, яҳудийнинг ҳам “гуноҳнинг ҳокимияти остида” эканликларини кўрсатиб бермоқда.
б. “гуноҳнинг ҳокимияти остида”. Жуда таъсирли жумла. Ушбу жумла, биз гуноҳнинг қуллари эканлигимиз ҳақида; том маънода айтадиган бўлсак, “гуноҳга сотилганлигимиз” ҳақида гапирмоқда. Ўз табиатидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир инсон (яҳудийми ёки ғайрияҳудийми), гуноҳнинг қули бўлиш нима эканлигини билади.
1) “Гуноҳнинг ҳокимияти остида, бироқ, энг аввало, гуноҳ натижасида пайдо бўлган айбдорлик ҳокимияти остида” (Пул)
2) “Гуноҳнинг ҳокимияти остидадир” деган жумлани изоҳлаган ҳолда, Моррис шундай деган: “Гуноҳ бизнинг кўз олдимизда, золим ҳукмдор сифатида намоён бўлмоқда, гуноҳнинг “остида” эса гуноҳкорлар”; улар гуноҳнинг ҳокимиятидан халос бўла олмаяптилар.
2. 10-18 оятлар. Эски Аҳд бутун инсониятнинг бузуқлашганлиги ва айбдорлиги ҳақида гувоҳлик беради.
“Ахир, Муқаддас битикларда қуйидагидай ёзилган-ку: “Ҳеч бир солиҳ кимса йўқдир, ҳатто биронта ҳам йўқ! Биронта ҳам идрокли зот йўқ, ҳеч ким Худога юз бурмайди. Ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган. Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир, ҳатто биронта ҳам йўқ! Очиқ қабр кабидир оғизлари, улар ёлғон гапиради. Тилларидан илон заҳри томади. Уларнинг оғзидан аччиқ сўзлар, лаънат чиқади. Уларнинг оёқлари қон тўкишга шошилади, қадамидан ҳалокату вайрона келади. Улар тинчлик йўлларини билмайди. Улар Худодан қўрқмайди”.
а. “ҳеч бир солиҳ кимса йўқдир”. Ушбу парчада келтирилган, Забур (Забур 13:1-3, 5:10, 139:3, 35:2) ҳамда Ишаё 59:7-8 ятлар орқали, Павлус, ўзининг очилиш баёнотини тасдиқламоқда.
1) Павлус инсоният аҳволини “бошдан оёқ кўриб чиқмоқда”. У энг бошидан бошлаб, оёқларга қараб, яъни охирига қараб бормоқда. Уоррен Уирсби, Каломдаги ушбу оятни: “Адашган гуноҳкорнинг тўлиқ, бошдан оёқ рентген текшируви” деб атаган.
2) Инсониятнинг аҳволига назар солсак, юрагимиз қайғу билан тўлади. Бу нарсани ўзи нима кераги бор? Шунчаки Ҳаворий Павлус, биз ўзимизни қутқаришга умуман қодир эмаслигимизни англаб етишимизни истамоқда. Илк гуноҳ бутун башариятга тўлиқ таъсир қилган, ва гуноҳ билан булғанган тананинг турли қисмлари ҳақидаги эслатсалар, бунинг яққол исботидир.
б. “ҳеч бир солиҳ кимса йўқдир”. Агар Худованд биронта ҳам солиҳ одамни топмаётган экан, демак биронта ҳам солиҳ одамнинг ўзи йўқ. Улар қаердадир бўлишгану, бироқ, Худованд уларни кўрмаган дегани ҳам эмас бу. Исо Масиҳдан ўзга, ҳақиқий солиҳ инсоннинг ўзи ҳеч қачон бўлмаган. “Ҳатто Одам Ато ҳам солиҳ бўлмаган: у шунчаки, эзгулик ва ёмонлик нима эканлигини билмаган айбсиз инсон бўлган” (Ньюэлл)
в. “ҳеч ким Худога юз бурмайди”. Инсон ўзи ташаббус кўрсатиб, ҳақиқатдан ҳам Худони изламоқда, деб ўйлаганимизда, ўзимизни ўзимиз алдаган бўламиз. Сиз: барча дин ва амаллар ҳамда руҳий тажрибалар, азалдан инсон Худони излаётганлигини кўрсатмаяптими, деб сўрашингиз мумкин? Асло йўқ. Инсон Худони излашда ташаббус кўрсатаётган бўлсада, у ҳақиқий Худони, Муқаддас Каломдаги Худони изламайди. Унинг ўрнига инсон ўзига бутни, ўзи яратган бўтни излайди.
1) “Сиз ҳам сажданинг ушбу кўринишидан ўтгансиз, лекин Худони излаганингиз йўқ. Бундай бўм бўш диндорликнинг ҳаммаси менинг кўнглимни айнитади. Биз ҳамма ерда бу диндорликка тўқнаш келамиз; бу Худо билан мулоқотда бўлиш эмас, Унга мурожаат қилиш ҳам эмас. Бундан ташқари, диндорликка Худонинг ҳеч қандай алоқаси йўқдир” (Сперджен).
г. “ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган”. “Бузилган” деган сўз, қуртлаган мева ҳақидаги фикрларни пайдо қилади. Сўз, охиригача бузилган, шунинг учун ҳам бефойда бўлиб қолган бир нарса ҳақида юритилмоқда.
д. “очиқ қабр кабидир оғизлари”. Павлус, Забур китобидан иқтибос келтирган ҳолда, инсон танасининг деярли ҳар бир қисмини, Худо олдида айбдор деб атамоқда. Уларнинг “Оғизлари”, “тиллари”, “оёқлари”, “кўзлари” гуноҳга тўлган бўлиб, Худога қарши чиқмоқда.
1) “уларнинг оёқлари қон тўкишга шошилади”. “Бу ҳақида бафуржа маълумотни, тонгги хабарномалардан билиб оласиз!” (Ньюэлл). Масалан, “Лос- Анджелес Таймс” хабарномасига асосан, 1992 йилда, қотилликлар сони рекорд даражасига етган – биргина Лос Анджелес вилоятининг ўзида 800 тани ташкил қилган.
е. “улар Худодан қўрқмайди”. Бу жумла, Павлус фикрларининг хулосасини келтириб чиқармоқда. Ҳар бир гуноҳ ва Худога қарши қўзғолон, бизда Худовандга нисбатан керакли ва етарлича ҳурмат йўқлигидан бошланади. Гуноҳ бор жойда, “Худодан қўрқиш йўқдир”.
1) “Худодан қўрқиш” ҳақида, мана Джон Кальвин нима деган: “Қисқача қилиб айтганда, бу жилов (яъни Худодан қўрқиш), бу бизнинг нопокликларимизни пасайтириб турадиган қудратга эга бўлганлиги учун, биз унинг йўқлигида, ҳар хил бузуқ, тартибсиз ишларга берилиш эркинлигини хис қиламиз”.
3. 19-20 оятлар. Хулоса: қонун бизларни гуноҳдан ва муносиб жазодан қутқара олмайди.
“Биз биламизки, қонун неки буюрган бўлса, қонунга қарам бўлганларга буюрган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Худо олдида жавобгар бўлсин. Зотан, қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмайди, чунки қонун инсонга гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади”.
а. “қонун неки буюрган бўлса”. Павлус, инсониятнинг бундай даҳшатли ва тўлақонли гуноҳкорлиги қонунда акс эттирилганлигини кўрсатмоқда. “Қонун неки буюрган бўлса, қонунга қарам бўлганларга буюрган”, токи барча танқидчиларнинг оғзиюмилиб, инсон зотининг умумий айби – яъни “бутун дунёнинг Худо олдида жавобгар” эканлиги намоён бўлсин.
1) “Шу нарсани қўшимча қилиб айтиш лозим: юқорида айтиб ўтилган иллатларнинг ҳаммаси ҳам, ҳар бир инсоннинг ҳаётида очиқ ойдин намоён бўлмаётган бўлсада, шунга қарамай, айтиб ўтганимиздек, бу иллатларни инсон табиатига хос деб аташ, тўғри ва адолатлидир” (Кальвин)
б. “қонунга қарам бўлганларга буюрган”. Агар Худованд қонунга қарам бўлган ва уни бажаришга интилаётган инсонлар билан шундай муносабатда бўлса, “қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмаслиги” кундай равшандир.
1) Ёдингизда бўлса, Павлус даврида кўпгина яҳудийлар, Эски Аҳддаги ёвузликни тасвирлайдиган парчалар, уларнинг ўзларига эмас, фақатгина бутпарастларга тегишли, деб ҳисоблаганликлари ҳақида айтиб ўтган эдик. Павлус эса “қонунга қарам бўлганларга” деган жумла орқали, Худованд айнан қонунни амалга оширишга интилаётган инсонларга мурожаат қилаётганлигини тушунтириб бермоқда.
в. “зотан, қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмайди”. Қонун бизларга нажот бера олмайди. Қонун ҳеч бир инсонни оқлай олмайди. Қонуннинг афзаллик томони шундаки, унинг ёрдами орқали “инсоннинг гуноҳкорлиги янада аниқроқ ” намоён бўлади, бироқ, қонун бизларни қутқара олмайди.
1) Одам Ато ва Момо Ҳаво давридан бошлаб, инсонлар ҳар доим “қонуннинг ишлари” орқали оқланишга интилиб келмоқдалар. Адан боғида, Одам Ато Худованд олдида муносиб тарзда кўриниш учун, анжир дарахти баргларидан ёпинчиқ тайёрлаган эди; аммо барибир муносиб тарзда кўрина олмади. Муқаддас Каломнинг энг қадимги китобларидан бўлмиш Аюбнинг китобида, бу фикр жуда аниқ ва тўғри шакллантирилган: “Лекин қандай қилиб инсон, Худонинг назарида ҳақ бўла олади?” (Аюб 9:2). Биз кўриб чиқаётган парчада ҳам, Худованд бу саволга аниқ жавоб бермоқда: жавоб эса эзгу ишларни амалга оширишда, яъни “қонуннинг ишларини” амалга оширишда эмас.
2) Қуйидаги ҳақиқатни чуқур англаб етишга қанчалик мухтождирмиз: “Зотан, қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмайди”!
· Бунинг маъноси шуки, қонунни бажармай, уни бузганингиздан сўнг, бузилган қонун сизни фақатгина ҳукм қилиши мумкин холос; аммо ҳеч қачон сизга нажот бера олмайди.
· Бунинг маъноси шуки, агар биз бугунги кундан бошлаб, Худонинг қонунини тўла тўкис, мукаммал даражада бажаришни бошласак ҳам, бу нарса бизнинг ўтмишдаги итоатсизлигимизни қоплай олмайди ва бўйнимиздаги айбдорликдан бизни озод қила олмайди.
· Бунинг маъноси шуки, қонунга амал қилиш – Худованднинг нажотга олиб борувчи ёки Янги Аҳддаги баракотга олиб борувчи йўл ЭМАС.
г. “чунки қонун инсонга гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади”. Дж. Б. Филипп ушбу фикрни, бошқача сўзлар билан, бироқ, ҳайратланарли даражадаги аниқлик билан ифодалаб берган: “Қонуннинг тўғри бурчаклари, бизларга, қай даражада қийшайганлигимизни кўрсатиб бермоқда”.
1)“Шу сабабдан ҳам қонун бефойда, деб ҳеч ким ўйламасин. Кейинчалик у, фойдаси нимада эканлигини ва бу улар кутган нарсанинг мутлақ қарама қарши томони эканлигини кўрсатиб беради”. (Пул)
в. Худованд солиҳлигининг намоён бўлиши.
1. 21–оят. Солиҳликнинг очилиши.
“Мана энди қонунга алоқасиз равишда оқланиш йўлини Худонинг Ўзи аниқ кўрсатди. Буни Таврот ва Пайғамбарлар битиклари тасдиқлайди”.
а. “мана энди”. Ушбу сўзларда, ҳукмдан (Римликларга 3:20) оқланишга қараб (Римликларга 3:21) жуда ажойиб тарзда ўтиш мужассамлаштирилган.
1) “Мана энди” деган жумла, Худованднинг Исо Масиҳдаги янги иши ҳақида гапиради; дарҳақиқат, бу Янги Аҳддир. “Буни Таврот ва Пайғамбарлар битиклари тасдиқлайди” деган жумла эса, Қонун ва Янги Аҳд орасида боғлиқлик борлигини ва Худованднинг азалда бошлаган иши давом этаётганлигини бизга эслатади.
б. “қонунга алоқасиз”. Қонун бизларни қутқара олмайди, аммо Худованд “қонунга алоқасиз” тарзда, “оқланиш йўлини кўрсатмоқда”. Худонинг Исо Масиҳда нажот бериш режасининг мазмуни ҳам ана шундан иборат. Бу “қонунга алоқасиз равишда” бўлган оқланиш, биз нажотга муносиб ёки муносибсизлигимиздан, бизнинг шахсий кўрсатгичларимиз ва фазилатларимиздан фарқли равишда бизга таклиф қилинган оқланишдир.
в. “Таврот ва Пайғамбарлар битиклари тасдиқлайди”. Павлус сўз юритаётган “окланиш” – янги киритилган нарса эмас; Павлус бу нарсани ўйлаб чиқаргани ҳам йўқ. Бу оқланиш ҳақида узоқ вақт олдин, “Таврот ва пайғамбарлар битиклари” гувоҳлик берган. Эски Аҳдда, ушбу оқланишнинг келажакда намоён бўлиши ҳақида айтилган.
г. “қонунга алоқасиз равишда”. Бу ерда, Худо кўрсатаётган “оқланиш йўли” Эски Аҳдга алоқасиз равишда пайдо бўлганлиги ҳақида сўз юритилаётганлиги йўқ, аксинча, ушбу оқланиш йўли, қонуннинг тамойилларига қарамай, пайдо бўлганлиги ҳақида айтилмоқда. Бу оқланиш йўли, Унинг марҳаматини қўлга киритиб, унга лойиқ бўлишликка, яъни қонунга асосланган Худо билан бўлган муносабатга “алоқасиз” равишда мавжуддир.
1) “Юнонча асл нусхасида, ушбу буюк “қонунга алоқасиз равишда” деган жумла (choris nomou), биринчи ўринга чиқарилган. Шу тариқа, бу нарса Худованд томонидан берилган илоҳий оқланиш, ҳар қандай қонун амалиётига, инсон қўли билан қилинадиган ҳар қандай ишга боғлиқ эмаслигини янада кучлироқ тасдиқлайди” (Ньюэлл)
2) Худо берган оқланиш йўли, бизнинг қонунни амалга ошириш қобилиятимизни, Худонинг стандартлари даражасигача кўтариш учун берилган бир восита эмас. Бу оқланиш, бизнинг шахсий солиҳлигимизни қўллаб қувватлаш учун берилган ёрдамчи восита ҳам эмас; бу оқланиш, биз ўзимиз қўлга киритишга ҳаракат қилаётган солиҳликка мутлақ “алоқасиз” равишда бериладиган оқланишдир.
2. 22 оят. Ушбу солиҳлик (оқланиш), инсонга қай тарзда берилади.
“Биз Исо Масиҳга бўлган имонимиз орқали Худонинг олдида оқланамиз. Одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ”.
а. “Худонинг олдида оқланамиз”. Римликлар 3:21 оятда, Павлус, ушбу оқланиш қай тарзда бизнинг ҳаётимизга келмаслиги ҳақида айтиб ўтган эди. Бундай оқланиш қонуннинг амрларини бажариш орқали келмайди, чунки бу оқланиш “қонунга алоқасиз равишда” берилгандир. Энди эса Павлус бизларга, ушбу оқланишга қай тарзда эга бўлишимиз мумкинлиги ҳақида – яъни фақатгина “Исо Масиҳга бўлган имонимиз орқали” эришишимиз мумкинлиги ҳақида айтмоқда.
б. “Исо Масиҳга бўлган имонимиз орқали”. Худонинг солиҳлигига (ёки оқланишга) биз имонимиз туфайли эмас, “имонимиз орқали” эришамиз. Биз шунчаки имонимиз борлиги сабаб, ушбу оқланишга муносиб инсонларга айланиб қолмаймиз. Биз Худонинг солиҳлигини (яъни бизларни оқлашини), “Исо Масиҳга бўлган имон орқали” қабул қиламиз.
1) “Имон орқали” деган жумла, “имон – нажотни қўлга киритишимизга ёрдам берадиган бизнинг хайрли бир ишимиз эмаслигини кўрсатиб берувчи далилдир. Имон – оқланиш инъомига сазовор бўлишимиз учун керак бўлган шартлардан биридир” (Моррис)
2) “Имон бу Худованд қандайдир бир ишни амалга оширишига “умид қилиш” ёки ўша ишни “кутиш” дегани эмас, имон бу Худо бераётган оқланишни қабул қилиб, бутун умидни Худонинг Ўз Ўғли Шахси ҳақида берган гувоҳлигига ва Унинг биз туфайли хочда амалга оширган жасоратига боғлашдир…Умидга тўла ҳаёт, нажоткорона имондан бошланади…Умид, ҳар доим Худо амалга оширадиган ишни сабрсизлик билан кутади, имон эса, Худо нима деганини ва нима қилганлигини кўра олади, Унинг Каломига ишонади ва бундай имоннинг, Каломнинг ҳақиқатлигига ва биз учун ҳақ ва тўғрилигига ишончи комилдир” (Ньюэлл)
в. “одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ”. Ушбу оқланишга эга бўлишнинг бошқа йўли йўқдир. Қонунга итоаткорлик орқали унга муносиб бўлишликнинг имкони ҳам йўқдир. Бу оқланишни биз фақатгина қабул қилишимиз, унга, Исо Масиҳга бўлган имон орқали эришишимиз мумкин.
1) “Ўзига ўзи ҳимоячи” деган майдагина бир китобча мавжуд. Баъзи бир инсонларнинг фикрича, бугунги кунда ҳар бир инсон ўзи учун ўзи қутқарувчи бўлмоғи лозим. Агар менда Хушхабар китобчалари мавжуд бўлиб, уларни тўғри одамлар орасида тарқалишини таъминлашим керак бўлганида эди, қанчалик қийин вазиятда қолган бўлар эдим! Ишончим комилки, кўп холларда, сизга беришим керак бўлган китобни бошқага, бошқага беришими керак бўлган китобни сизга берган бўлар эдим; Оҳ, бу қандай чалкашлик бўлиб кетган бўлар эди! Аммо бизларда ҳамма учун бир хил, умумий восита мавжуд…Исо Масиҳнинг қони ва солиҳлиги, ўз умидини Унга боғлаган ҳар бир инсонни қутқаради, зеро “одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқдир” (Сперджен)
3. 23-24 оятлар. Бутун инсониятнинг умумий муҳтожлиги ва ҳаммага қаратилган Худонинг таклифи.
“Ахир, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир. Лекин гуноҳкорлар Исо Масиҳ орқали гуноҳларидан озод бўладилар. Улар оқланишга лойиқ бўлмасалар-да, Худонинг инояти билан оқланадилар”.
а. “гуноҳларидан озод бўладилар”. Павлус ўзининг нажот ҳақидаги таълимотини, учта мавзу атрофида қўрган:
· “гуноҳдан озод бўлиш” – суд залидан олинган тимсол;
· “оқланиш” – қуллар бозоридан олинган тимсол;
· “жазони енгиллаштириш” – диннинг дунёсидан олинган тимсол; Худованднинг қаҳрини тинчлантирувчи қурбонликнинг келтирилиши.
1) Гуноҳдан озод бўлиш, инсоннинг одил Ҳакам олдидаги айби борасидаги муаммосини ҳал этади. Оқланиш эса, гуноҳнинг дунёнинг ва шайтоннинг қуллиги остида бўлган инсоннинг муаммосини ҳал этади. Бизнинг Жазоимизни енгиллаштириш учун, Худо томонидан келтирилган қурбонлик эса, Яратгувчимизга нисбатан қилинган ҳақоратомус ишлар муаммосини ҳал этади.
б. “ахир, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир”. Ҳаммага тегишли бўлган ушбу тасдиқга нисбатан универсал жавоб мавжуд, бу жавоб – “Исо Масиҳ орқали иноят билан гуноҳлардан оқланиш” таклифи. Бу таклиф имон келтирадиган ҳар бир инсон учун очиқдир.
1) Муленинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда, Моррис шундай деган: “Фоҳиша, ёлғончи, қотил каби инсонлар, бу нарсага сиз сингари нолойиқдирлар. Эҳтимол, улар чуқур даранинг учида, сиз эса Альпнинг чўққисида тургандирсизлар, аммо сизлар ҳам улар сингари юлдузлардан жуда узоқда ва уларга қўл теккизиб кўришга қодир эмассизлар”. Ҳамма гуноҳ қилган, бироқ ҳамма ҳам “Унинг инояти орқали гуноҳларидан оқланиши мумкин”.
в. “Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир”. Бизнинг гуноҳ орқали қай даражада руҳан йиқилганлигимизнинг барча тафсилотлари билан биргаликда ифодалаб беришнинг имкони йўқ, бироқ, қуйида, мана биз “Худонинг улуғворлигидан маҳрум бўлган” тўртта жиҳат.
1) Биз ўз сўзларимизда, фикрларимизда ва ишларимизда, Худо муносиб бўлган шон шарафни акс эттирмаймиз.
2) Биз қўйилган талабларга жавоб бера олмаймиз, шунинг учун ҳам Худо томонидан Унинг содиқ хизматкорларига тайёрлаб қўйилган шон шухрат ва унвонларни рад этамиз.
3) Биз Худонинг улуғворлигини керакли даражада акс эттиришга қодир эмасмиз, чунки ўзгариб, Унинг тимсолига ўхшаш бўлишни истамаймиз.
4) Биз бутун инсоният тарихининг охирида, Худованд Ўз халқига берадиган улуғворликка эриша олмаймиз.
г. “улар оқланишга лойиқ бўлмасаларда, Худонинг инояти билан оқланадилар”. Бизнинг бу гуноҳкорона ҳолатимизда, оқланишга эришишнинг ягона имкони – ушбу оқланишни шунчаки, иноят орқали олишдир. Биз бу оқланишни эзгу ишларимиз эвазига қўлга кирита олмаймиз. Агар оқланишни “текин, иноят орқали” олишнинг имкони бўлмаганида, унга эга бўлишнинг бошқа умуман ҳеч қандай имкони бўлмаган бўлар эди. Шунинг учун ҳам биз – “оқланишга лойиқ бўлмасакда, Худонинг инояти билан оқланамиз” – биз дарҳақиқат аслида нимага лойиқ эканлигимизга қарамай, бизга йўналтирилган ва биз нолойиқ бўлган Худонинг марҳамати орқали оқланамиз. Бу инъом фақатгина берувчининг иродаси билан амалга оширилади; инъомни олаётган, ҳеч бир нарса билан бу ишга рағбатлантира олмайди.
1) “Текин” – бу қадимги юнонча dorean деган сўз. Ушбу сўзнинг, Янги Аҳднинг бошқа мантларида қай тарзда ишлатилганлиги, бу сўзнинг маъносини тушунишимизга ёрдам беради. Матто 10:8 (“текин олдингизлар, текин беринглар”) оятдан ва Ваҳий 22:17 (“ким хоҳласа, ҳаётбахш сувдан текин баҳра олсин”) оятдан яққол кўриниб турибдики, бу сўз шунчаки “арзон” ёки “чегирма билан” деган маънони эмас, “бепул” деган маънони англатади. Dorean деган сўзнинг, Юҳанно 15:25 оятда ишлатилган шакли, ушбу сўзнинг энг катта таассурот ўтказадиган шакли бўлса керак: “Мендан сабабсиз (dorean) нафрат этганлар”. Исода, инсонлар Ундан нафратланишларига сабаб бўладиган ҳеч нарса йўқ эди, бизда эса оқланишга арзийдиган бўлишимизга сабаб бўладиган ҳеч нарса йўқдир. Оқланишимизнинг сабаби фақат Худодадир.
2) Ушбу оятда ишлатилган “текин” ва “иноят билан” деган сўзлар ҳақида, мана Кальвин нима деган: У: “ҳаммаси Худодан, ҳеч нарса биздан эмас…”эканлигини кўрсатиб бериш учун, ушбу сўзларни (яъни “текин” ва “иноят билан” деган сўзларни) яна такрорламоқда. Ва, бизнинг солиҳ бўлганлигимиз учун фақат Худованднинг шафқатига ҳамдлар айтган ҳолда, иноят фақат эллик фоизгагина “текин” бўлиши мумкин деб ўйламаслигимиз учун, сўзларининг мазмунини таъкидлаб ўтиш мақсадида уларни такрорламоқда”.
д. “Исо Масиҳ орқали гуноҳларидан озод бўладилар”. Ва яна бир бор Павлуснинг Хушхабари, бизларни Исо Масиҳга олиб келмоқда. Нажотга, фақтгина Исо Масиҳда гуноҳлардан озод бўлган ҳолда эришиш мумкин. Худованд Ўз солиҳлигини бизга Исо Масиҳсиз бера олмайди.
е. “гуноҳларидан озод бўладилар”. Ушбу сўз товон тўлаш ҳақидаги ғояни ўз ичига олади; бу ғоя, ким учун товон тўланган бўлса, ўша кимсанинг маълум бир қиймати мавжуд, деган маънони англатади. Қандай бўлишидан қатъий назар, Худованд ушбу тўловни тўлаб бўлди, шунинг учун ҳам биз “иноят орқали текин оқланамиз”.
1) Рус тилида “сотиб олинганлар” деб таржима қилинган сўз, бошида, маълум бир товонни тўлаб, озод қилинган ҳарбий асирларни англатган; бу “тўлов” деб аталган. Кейинчалик эса бу сўз янада кенгроқ маънода ишлатилган: ушбу сўзни сотиб олинган қулларга нисбатан ҳам ишлатишган (бу қулларни сотиб олиш учун ҳам маълум тўлов тўлаш керак бўлган).
2) “Товон тўланганликнинг” маъноси шундан иборатки, Исо бизларни тўлов тўлаб, сотиб олган, шунинг учун ҳам биз энди Унга тегишлимиз. Павлус бу ҳақида ўзининг бошқа мактубида ҳам айтиб ўтган: “Сизлар қиммат баҳога сотиб олингансизлар. Шунинг учун ўз танангиз билан Худони улуғланглар”.
4. 25-26 оятлар. Қандай қилиб Исонинг ўлими Худованднинг одилона ҳукмини қондира олади.
“Худо Исо Масиҳни бу дунёга юборди. Масиҳга ишонганларнинг ҳаммаси Унинг тўкилган қони орқали Худо билан ярашди. Шундай қилиб, Худо Ўзининг адолатини намоён қилди. У ўтмишда сабр – тоқат қилиб, илгари қилинган гуноҳларни жазосиз қолдирган эди, энди эса Исо Масиҳга ишонганларни оқлаб, Ўзининг ҳақ эканлигини кўрсатмоқда”.
а. “Худо Исо Масиҳни бу дунёга юборди”. Ўз ўлими орқали (“тўкилган қони орқали”) Исо, биз учун “раҳм шавқат қурбонлигига” айланди (яъни бизнинг ўрнимизга қурбон бўлди). Ота Худо “Ўзининг адолатини намоён” қила олиши, гуноҳга қаратилган, бироқ, шу билан бир қаторда маҳкумликка лойиқ бўлганларни маҳкум килмаган адолатли ҳукмини кўрсата олиши учун, Исо Масиҳ бизнинг ўрнимизга маҳкумликка учради.
1) “Раҳм шавқат қурбонлиги” деган жумла ҳақида, мана Вюст нима деган: ўзининг классик шаклида ушбу сўз, юнон худоларини тинчлантира олувчи қурбонликларни тасвирлаш учун ишлатилган, яъни, бошқача қилиб айтганда, ушбу қурбонлик, ғазабланган худонинг қаҳридан қутулиш учун, тўлов сифатида келтирилган.
2) Муқаддас Каломнинг турли таржималарида, ушбу жумла (сўз) “раҳм шавқат қурбонлиги” (NIV) ёки “бизнинг гуноҳларимизнинг жазосини қабул қилди” (The Living Bible) деган жумлалар сифатида янграйди.
б. “раҳм шавқат қурбонлиги сифатида”. Рус тилига раҳм шавқат, деб таржима қилинган, қадимги юнонча hilasterion сўзи, Септуагинтада, гап, гуноҳ учун келтирилган қурбонликларнинг қони сепилган Аҳд сандиғининг қопқоғи ҳақида борганда ишлатилган. Бироқ, ушбу парчанинг маъноси қуйидагича деб ҳам айтиш мумкин: “Исо бизларнинг раҳм шавқат жойимиздир”, аммо, эҳтимол ушбу жумлада раҳм шавқат қурбонлиги яъни бизнинг ўрнимизга келтирилган қурбонлик ҳақидаги оддий фикр мужассамлаштирилгандир.
1) Шу билан бир қаторда, бундай қурбонликнинг намунаси сифатида, “раҳм – шавқат жойи” деган ғояни ҳам рад этмаслик керак. Аҳд сандиғининг ичида, инсоннинг буюк гуноҳидан дарак берувчи гувоҳликлар сақланиб келинмоқда: ўнта амр ёзилган тош; ношукурлик билан қабул қилинган манна; инсоннинг, Худонинг ҳукмронлигини тан олишни истамаслигини кўрсатувчи, Ҳоруннинг гуллаган ҳассаси.Аҳд сандиғининг қопқоғидан, Ўз тахтида ўтирган Худованднинг муқаддас ҳузури тимсоли – херувимларнинг ажойиб олтин шакллари ўрин олган. Ушбу икки шакл орасида эса, “раҳм шавқат жойи” деб ном олган нарса жойлашган. “Покланиш кунида” (Левилар, 16 боб), руҳоний уни қурбонликнинг қони билан қоплаган ва шу тарзда Худонинг қаҳри ёғилишининг олдини олган, чунки имон билан келган гуноҳкорлар учун, уларнинг гуноҳлари ўрнига бошқа, ўрин босувчи қурбонлиқ келтирилган. Дарҳақиқат, бизлар, инсоннинг айби ва Худонинг муқаддаслиги орасида турган Исо, бизнинг “нажот жойимиз” деб айта оламиз.
в. “Худо Исо Масиҳни бу дунёга юборди. Масиҳга ишонганларнинг ҳаммаси Унинг тўкилган қони орқали Худо билан ярашди”. Бу оят, қаршилик кўрсатаётган ва келишишни истамаётган Отани, қаҳрини ёғдирмасликка бир илож топиб кўндиришга ҳаракат қилиш зарурияти Исода бўлмаганлигини кўрсатади. Аксинча, Ота Худонинг Ўзи, раҳм – шавқат қурбонлигини келтиришнинг ташаббускори бўлди (Худо Исо Масиҳни бу дунёга юборди).
г. “гуноҳларни жазосиз қолдирган”. Ўзининг сабр-тоқати орқали Худованд, келажакда Масиҳнинг келишига ишонган азизларнинг гуноҳларини кечирган. Бу гуноҳларнинг нархи ҳочда тўланган.
1) Ушбу оятда мужассамлаштирилган ғоя шундан иборатки, Эски Аҳд даврида, имон билан Исонинг келишини кутиб, ҳайвонларни қурбонликка келтирганларнинг гуноҳлари, “ваъда қилинган тўлов”га ўхшаш тарзда “қопланган”. Шу тарзда вақтинча қопланган қарзнинг тўлови, тўлиқ ҳолда хочда тўланди.
2) Исонинг хочда кўрсатган жасорати, гўёки Худодан, хочга қадар инсонлар томонидан қилинган гуноҳларни шунчаки “қоплаганлигининг” айбини олгандай бўлди. Худованд бу гуноҳларни маълум бир муддатга қоплаган эди, бироқ, охир оқибат бу гуноҳлар кечирилди ва уларнинг товони тўланди.
д. “Исо Масиҳга ишонганларни оқлаб, Ўзининг ҳақ эканлигини кўрсатмоқда”. Худо инсонга оқланишни (расман “айбдор эмас” деган ҳукмни) таклиф қилган ҳолда, Ўз адолатини намоён қилди, шу билан бир қаторда бир вақтнинг ўзида мутлақ адолатли бўлиб қолаверди (чунки гуноҳнинг адолатли жазоси хочда амалга оширилган эди).
1) Фақатгина “адолатли” бўла оладиган шахсни тасаввур қилиш жуда осон: бундай шахс қилиши керак бўлган ягона иш, ҳар қандай адолатли (одил) ҳакам сингари, айбдор гуноҳкорларни дўзаҳга юборишдир. Фақатгина “оқлайдиган” шахсни ҳам тасаввур қилиш қийин эмас. Бундай шахс ҳар бир айбдор гуноҳкорга: “Сен жазодан озодсан. Мен сени айбсиз деб эълон қилмоқдаман” деб айтса етарли. Аммо биргина Худованд бир вақтнинг ўзида “адолатли Ҳакам ва Исога ишонганларни оқлайдиган” бўлиш йўлини топа олди.
2) “Бу ерда биз, Худо Ўзининг солиҳлиги ва раҳм-шавқатининг энг ёрқин далилини тақдим этишни ният қилганини кўрмоқдамиз. Унинг, қурбонликни талаб қиладиган ва ҳалокатга учраётган дунёга бошқа йўл билан нажот беришни рад этадиган солиҳлиги ва мана шу солиҳлик талаб қилган ўша Қурбонликни тайёрлаган раҳм- шавқати далилларини кўрмоқдамиз”. (Кларк)
5. 27-оят. Исо Масиҳнинг хушхабаридаги, нажот орқали мақтанишга йўл қўядиган сабаблар йўқ қилинди.
“Энди мақтанишга арзигулик нарсамиз қолдими? Йўқ, мақтовга ўрин йўқ. Нима сабабга кўра? Амрларни бажо келтиришни талаб қилувчи қонунга кўрами? Йўқ, инсонлар имон орқали оқланганда мақтанишга ҳеч ўрин қолмайди”.
а. “Энди мақтанишга арзигулик нарсамиз қолдими?”. Биз ҳеч нима билан мақтана олмаймиз, чунки “Унинг инояти орқали, солиҳликка эришганмиз”. Бу нарсани ўз хизматларимиз қаторига кирита олмаймиз.
б. “Нима сабабга кўра?”. Мақтаниш истаги ва мағрурлик, қонунда уларга қарши махсус бир модда борлиги сабаб йўқ қилинмаган. Мағрурлик, биз, текин, фақатгина имон орқали қўлга киритган нажот билан ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқлиги сабаб йўқ қилинди. Мақтаниш истаги эса “имон қонуни” орқали йўқ қилинди.
в. “Имон қонуни”. Мақтанишга арзигулик ҳеч нарса йўқ! Айнан шунинг учун ҳам инсон, Худонинг инояти орқали шунчаки бериладиган оқланишдан нафратланади. Чунки иноят, инсоннинг ҳеч бир (ўзича тасаввур қилган) эзгу амалларини тан олмайди ва ҳеч қандай бир мағрурликка ўрин қолдирмайди.
6. 28-30 оятлар. Яҳудийлар ҳам, бошқа халқ вакиллари ҳам, солиҳликка (яъни Худованд ҳукми томонидан айбсиз деб топилиш) “қонун талабларидан катъий назар”, эга бўлмоқдалар.
“Ахир, инсон қонун талабларини бажо қилиш орқали эмас, балки имон орқали оқланади, биз бунга қаноат ҳосил қилдик. Наҳотки Худо фақат яҳудийларнинг Худоси бўлса? У бошқа халқларнинг ҳам Худоси эмасми? Албатта, У бошқа халқларнинг ҳам Худосидир. Ахир, Худо ягона-ку! Суннатларни ҳам, суннатсизларни ҳам Худо имон орқали оқлайди”.
а. “конун талабларини бажо килиш орқали эмас, балки имон орқали оқланади”. Биз “имон орқали” ва унга қўшиб, амалга оширишга кучимиз етадиган “қонун талабларини бажо келтириш” орқали оқланмаймиз. Биз, “қонун талабларидан” қатъий назар “имон орқали” ва фақатгина имон орқали оқланамиз.
1) “Қонуннинг барча талаблари” бекор қилинганлиги боис, оқланиш учун фақатгина имон қолди. Лютер ҳам айнан шу нарсани таъкидлаган эди, ўша даврдан бошлаб, унинг – Sola Fide (фақатгина имон – тах.тарж.) деган жумласи, шиордек янграб келмоқда». (Ленски)
б. “қонун талабларидан қатъий назар”. Ёқубнинг 2:14-26 оятларида айтилган сўзлар, ушбу асосга қарши эмасмикан? Қандай қилиб биз, “қонун талабларидан қатъий назар”, фақатгина имон орқали оқлана оламиз дейишимиз мумкин?
1) Нажот беришга фақатгина ҳақиқий имон қодирдир, бироқ, бундай имон ўзига хос махсус характерга эга. Бундай имон, шунчаки маълум бир далилларни тан олишдан кўпроқдир; бундай имон, онгни ва иродани Худога йўналтирган ҳолда, Унинг барча айтганларига рози бўлиб яшамоқ деганидир. Ёқуб ёзган мактубнинг мақсади эса – нажот берувчи имоннинг характерини тасвирлаб беришдан иборат.
2) Кальвин бу нарсани қуйидагича тушунтириб ўтган: “Ёқубнинг, инсон фақатгина имон билан эмас, балки ишлари билан ҳам оқланади, деган жумласи, илгари таъкидлаб ўтилган нуқтаи назарга (яъни фақатгина имон орқали оқланиш мумкин деган нуқтаи назарга) асло қарши эмас. Ушбу икки нуқтаи назарнинг бир бирига тўғри келиши, асосан, Ёқуб томонидан тақдим этилган далилларнинг маъноси қай тарзда қабул қилинишига боғлиқ. Зеро, Ёқуб кўриб чиққан савол, инсонлар қай тарзда Худованд олдида оқланиши мумкинлиги ҳақида эмас, аксинча, инсонлар қандай қилиб бошқаларга оқланган эканликларини исботлашлари мумкинлиги ҳақидадир. Ёқуб ўз мактубида, имони билан беҳуда мақтанадиган иккиюзламачиларнинг ноҳақликларини исботлаб беришга уринган… Ёқуб фақатгина бир нарсани назарда тутган – ҳеч бир инсон сохта ёки ўлик имон ёрдамида оқлана олмайди ва оқланганлигини исботлаб ҳам бера олмайди. Оқланган инсон, оқланганлигини ўз ишлари орқали тасдиқлай олиши зарур”.
в. “Албатта, У бошқа халқларнинг ҳам Худосидир”. Оқланиш имконияти яҳудийларга ҳам, бошқа халқларга ҳам тақдим этилган. Ушбу таклифнинг мураккаб ва умумий хусусияти, қуйидаги, оддий бир далилда ўз аксини топган: “Наҳотки Худо фақатгина яҳудийларнинг Худоси бўлса? У бошқа халқларнинг ҳам Худоси эмасми?”. Агар Худованд ягона бўлса, демак, У қай даражада яҳудийларнинг Худоси саналса, шу даражада бошқа халқларнинг ҳам Худосидир. Бошқа халқлар фақатгина Худовандни Тангрим деб қабул қилсалар бўлгани; қандай қарор қабул қилишлари эса фақатгина уларнинг ўзларига боғлиқ.
г. “Ахир, Худо ягона-ку! Суннатлиларни ҳам, суннатсизларни ҳам Худо имон орқали оқлайди”. Нафақат оқланиш имконияти ҳам яҳудийларга, ҳам бошқа халқларга бир хил тарзда берилган; ушбу оқланишни қабул қилиш йўли ҳам, ҳар иккала томонга бир хил берилгандир. Ҳам яҳудийни, ҳам бошқа халқ вакилларини оқлайдиган Худованд Ягона бўлгани боис, У бу нарсани ҳамма учун бир хил тарзда – имон орқали амалга оширади.
7. 31-оят. Худованд қонуни билан нима содир бўлмоқда?
“Демак, биз бу имон билан қонунни бекор қиляпмизми? Йўқ, асло! Аксинча, қонунни тасдиқлаяпмиз”.
а. “Демак, биз бу имон билан қонунни бекор қиляпмизми?”. Кимнингдир: “Агар қонун бизларни оқлай олмаса, унда унинг қандай афзаллиги бор?, ахир Павлус, ҳозиргина айтган гаплари орқали қонунни бекор қилиб юбормадими?, Худонинг қонунига қарши бормадими? деб, савол беришини тасаввур қилиш қийин эмас.
б. “Йўқ, асло!”. Албатта, Павлус қонунни “бекор қилгани” йўқ. 4 – бобда, Ҳаворий Павлус бизларга, қонун, унинг талабларидан қатъий назар, имон орқали оқланиш мумкинлиги ҳақидаги хушхабарнинг пайдо бўлишидан дарак берганлигини намойиш этиб берган. Шу тариқа хушхабар, қонуннинг башоратларини амалга оширган ҳолда, уни тасдиқламоқда.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]