Римликлар, 4 боб.
Иброҳим ва Довуд, қонун талабларидан қатъий назар бериладиган оқланишни намойиш этмоқдалар
А. Иброҳим имони орқали солиҳ деб тан олинган.
1. 1–3 оятлар. Иброҳим ишлари орқали оқлангани йўқ; у имони сабаб, солиҳ деб топилган.
“Хўш, биз бобокалонимиз Иброҳим ҳақида нима деймиз? Иброҳим қандай қилиб иноят топди? Агар Иброҳим савоб ишлари туфайли оқланганда эди, унинг мақтанишга ҳақи бўларди, аммо Худонинг олдида ҳеч ким мақтана олмайди. Ахир, Муқаддас битикларда нима деб ёзилган? “Иброҳим Худога ишонди, Худо уни ишончи учун, солиҳ деб билди””.
а. “Хўш, нима деймиз?”. Олдинги бобда (Римликларга 3:31) ривожлантирган фикрини давом эттирган ҳолда, Павлус шундай савол бермоқда: “Наҳотки қонун талабларидан қатъий назар, имон орқали оқланиш ғояси, Худованд Эски Аҳдда амалга оширган барча нарсаларни мазмунидан маҳрум қилса?”
б. “Хўш, биз бобокалонимиз Иброҳим ҳақида нима деймиз?”. Павлус ушбу саволга жавоб бериш мақсадида, ўзининг яҳудий замондошлари орасидаги энг ҳурматли ва эъзозли шахс – Иброҳимни кўриб чиқмоқда. Иброҳим, яҳудийларнинг “Джордж Вашингтони” ва ҳаттоки унданда юқорироқ шахс, деб айтиш мумкин.
в. “Агар Иброҳим савоб ишлари туфайли оқланганда эди, унинг мақтанишга ҳақи бўларди”. Агар бирор бир инсон ўз ишлари орқали оқлана олганида эди, бундай инсоннинг “мақтанишга” ҳам “ҳақи бўларди”. Нима бўлишидан қатъий назар, бундай мақтовларнинг Худо учун ҳеч қандай аҳамияти йўқдир (Худонинг олдида ҳеч ким мақтана олмайди).
1) Бундай мақтовлар Худонинг нигоҳида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, чунки, инсон ишлари орқали оқлана олганида ҳам, барибир, нима бўлган тақдирда ҳам, у Худонинг улуғворлигидан маҳрумлигича қолаверган бўларди (Римликларга 3:23).
2) Бундай мақтовлар Худонинг олдида ҳеч нарса эмас, чунки Унинг даргоҳида ҳар қандай иккиюзламачилик йўқ бўлиб кетади ва аслида ҳеч ким “ишлари орқали оқлана ололмаслиги” яққол аён бўлади.
г. “Ахир, Муқаддас битикларда нима деб ёзилган?”. Эски Аҳдда, Иброҳим ўзининг савоб ишлари туфайли солиҳ деб топилганлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Аксинча, Ибтидо 15:6 оятда, “Иброҳим Эгамизга ишонди, Эгамиз уни ишончи учун солиҳ деб билди” деб ёзилган.
1) Павлус бу ҳақида яққол фикр билдирган: Иброҳимнинг солиҳлиги, унинг амалга оширган савоб ишлари орқали эмас, Худога бўлган имони орқали намоён бўлган. Унинг солиҳлиги, имон орқали қўлга киритилган солиҳлик бўлган.
2) Павлус давридаги яҳудий мураббийлар, кўпчилик ҳолларда, Иброҳим, ўз савоб ишлари билан, қонун талабларини амалга ошириш орқали оқланганлигига ишонишган. Қадимги раввинларнинг қўлёзмаларида, қуйидаги:“Биз, ҳали Қонун бизга берилишидан олдин, отамиз Иброҳим ўша Қонунни тўлиқ амалга оширганлигини кўришимиз мумкин” ва яна “Иброҳим Худо билан бўлган барча ишларила мукаммал бўлган” деган парчаларни кўришимиз мумкин.Раввинлар, Иброҳим Қонун берилишидан олдин, Қонунни интуитив ёки олдиндан билган ҳолда тўлиқлигича амалга оширган деб, баҳс юритишган.
3) Ҳаворий Павлус, Иброҳим, барча савоб ишлари орқали солиҳ бўлди, деб айтгани йўқ. Худованд, Иброҳим ишонгани учун, уни “солиҳ деб билди” деб айтган. Бизнинг солиҳлигимиз, Худованд бизларни тўлиқ солиҳ инсонга айлантирди деган тушунчадан иборат эмас, бизнинг солиҳлигимиз, Худованд бизларни солиҳ деб ҳисоблашидан, яъни бизларни солиҳ инсонлар деб “билишидан” иборат. Худованд бизларни солиҳ деб “билган” ҳолда, бизларни ҳақиқий солиҳ инсонларга айлантириш учун, бизнинг устимизда ишлашни бошлайди; бу жараённинг энг юқори нуқтаси бизнинг ўликлардан тирилишимиз бўлади.
4) “Ҳисобламоқ, билмоқ” деб таржима қилинган сўз, logizomai сўзидир. Қадим замонларда, ушбу сўзни дунёвий ҳужжатларда қуйидаги маъноларда ишлатишган: “менинг ҳисобимга киритиб қўйинглар, токи менинг маблағларим менинг омонатимда сақлансин; ҳозир мен, амалга оширилган барча тўловларни ёки менинг ҳисобимга ёзиб қўйилганларни ҳисобга олган ҳолда, бошқармоқдаман”. Худованд ҳам худди шу тарзда, Иброҳимнинг ҳисобига солиҳликни омонат қилиб киритиб қўйди… Банкдаги ҳисобида маълум бир миқдорда маблағга эга бўлган инсон қандай бўлса, Иброҳим ҳам худди шу тарзда солиҳликка эга эди» (Вюст).
5) Ибтидо 15:6 оятда, бошқа инсонлар Иброҳимни “ким деб билишлари” ҳақида ҳеч нарса айтилмаган; ушбу оятда сўз, фақатгина Худованднинг Иброҳимни ким деб билганлиги ҳақида сўз юритилган. “Мусо (Ибтидода) бизга ҳеч қандай тарзда, у (яъни Иброҳим) ҳақида бошқа инсонлар нима деганлари ҳақида сўз юритмаган, Мусо, Худованднинг ҳукми орқали Иброҳимнинг ким деб аталганлиги ҳақида сўз юритган” (Кальвин).
6) Шу нарсани ёдда сақламоқ лозимки, солиҳлик – бу шунчаки ёвузлик ва айбдорлик ҳиссидан холис бўлишликдан кўра кўпроқ нарса. Солиҳлик бу – Худованд бизларни шунчаки айбсиз деб эмас, балки солиҳ деб ҳам аташини англатадиган ижобий эзгуликдир.
2. 4–5 оятлар. Иноят ва ишлар орасидаги фарқнинг ўрнатилиши.
“Меҳнаткашга тўланадиган маош илтифот эмас, хизмат ҳақидир. Бироқ қонунни бажаришга суянмай, балки бетавфиқни оқловчи Худога ишонган киши ўз ишончи туфайли оқланади”.
а. “меҳнаткашга тўланадиган маош илтифот эмас”. Иноят ғоясининг ўзи, савоб ишлар орқали оқланиш асосига қарши: иноят, Худонинг инъомини шунчаки, эвазига ҳеч нарса бермасдан қабул қилишни англатади, савоб ишлар эса, Худо олдида қилинган хизматларни ишлаб олишга бўлган эҳтиёжни англатади.
1) Бизнинг тилимизга иноят деб таржима қилинган юнонга charis деган сўз ҳақида, Вюст, мана нима деган: “Классик, яъни мумтоз йўналиш муаллифларида иноят сўзи, эвазига ҳеч нарсани кутмайдиган инсоннинг, чин юрагидан эҳтиром сифатида қилинган иҳтиёрий саҳийлик акти сифатида учрайди. Албатта, бундай эҳтиромни ҳар доим фақатгина дўстларга кўрсатишган, асло душманларга эмас…Charis Янги Аҳдда пайдо бўлиб, лол қолдирадиган даражада олдинга қараб боради, ахир Худованднинг Гўлгофада амалга оширган иши, айнан Ундан нафратланганлар учун эди”.
б. “илтифот эмас, хизмат ҳақидир”. Савоб ишларга асосланган тизим, Худони гўёки бизнинг олдимизда қарздордек, гўё У бизларга, бизнинг хулқ атворимиз эвазига илтифот кўрсатишга мажбурдек қилиб кўрсатади. Бундай фикр юритиш, инсонга, савоб ишлар эвазига Худованд бизларга марҳамат ёки нажот беришга мажбур деган фикрларни беради.
1) Худованд асло дангасаликни мақтамайди. “Бу ерда савоб иш қиладиган ва қилмайдиганлар бир бирига қарама қарши кўйилмаган, балки бу ерда савоб иш қиладиганлар ва имонлилар қарама қарши қўйилган” (Мюррей)
в. “Бироқ қонунни бажаришга суянмай, балки бетавфиқни оқловчи Худога ишонган киши ўз ишончи туфайли оқланади”. Худованд олдига савоб ишларига таяниб келадиган инсонга, ҳеч қачон солиҳлик берилмайди. Аксинча, солиҳлик “бетавфиқни оқловчи Худога ишонган” инсонга берилади.
г. “бетавфиқни оқловчи Худога ишонган”. Мана Ким“бетавфиқни” оқлайди – Худованднинг Ўзи. Биз, Худованд фақатгина солиҳ инсонни оқлайди, деб таҳмин қилишимиз мумкин, бироқ, Исо ҳочда амалга оширган иши туфайли, Худованд “бетавфиқни” ҳам оқлай олади.
1) Бу нарса, Худованд бизнинг бетавфиқлигимиз, бундай аянчли ҳолатимиз билан қониққан дегани эмас. Биз ўзимизнинг бетавфиқлигимиз сабаб оқланмаймиз, биз бетавфиқлигимизга, нопок бўлишимизга қарамай оқланамиз.
2) Деннидан иқтибос келтирган ҳолда, мана Моррис нима деган: ““Бетавфиқни оқлайдиган” деган парадоксал ибора, Қонун ёки бошқа йўл билан оқланиш, қандайдир фикция (яъни ўйлаб топилган нарса) эмас, балки мўжиза эканлигини англатади”.
е. “ишончи туфайли оқланади”. Иброҳим сингари, биз ҳам, “имонимиз туфайли оқланамиз”. Бу фақатгина Иброҳим учун белгиланган, қандайдир бир махсус шарт эмас эди. Биз ҳам у сингари Худо билан яқин муносабат ўрната оламиз.
1) Буларнинг барчаси, нажотга бўлган йўл икки хил эмаслигини: яъни Эски Аҳдда Қонунни бажариш орқали қилинган савоб ишлар туфайли, Янги Аҳдда эса, иноят сабаб имон туфайли эмаслигини тушуниб етишимизга ёрдам беради. Қачонлардир нажотга эришган ҳар қандай инсон, қайси даврда яшаганлигидан қатъий назар, Эски Аҳд давридами ё Янги Аҳд даврида, иноят сабаб имон туфайли, Худо билан бўлган, севгига асосланган яқин, ишончли муносабатлари туфайли нажот топган. Янги Аҳд туфайли, биз нажот масаласида, Эски Аҳддаги муқаддас зотлар эга бўлмаган имтиёзга эга бўлдик, бироқ, нажотга эришиш йўли қандай бўлса, шундайлигича ўзгармай қолган.
3. 6–8 оятлар. Довуд ва имон орқали оқланиш баракоти.
“Мана, қонун талабларини бажо қилган – қилмаганидан қатъий назар, Худо томонидан оқланган одамни Довуд ҳам бахтли деб айтади: “Итоатсизлиги кечирилганлар бахтлидир, Эгамиз кимнинг гуноҳидан ўтган бўлса, ўша инсон бахтлидир. Эгамиз кимнинг айбини ёзмаган бўлса, ўша инсон бахтлидир”.
а. “Довуд ҳам бахтли деб атайди”. Эски Аҳддаги шоҳ Довуд, айбдор гуноҳкор бўлиш нима эканлигини яхши билган. У гуноҳнинг нақадар жиддий эканлигини ва дарҳақиқат гуноҳлари кечирилган инсон бўлиш нақадар ажойиб эканлигини жуда яхши тушунган. У “Қонун талабларини бажо қилган – қилмаганидан қатъий назар, Худо томонидан оқланган одам” бахтиёр инсон эканлигини билган. Агар биз Довуд ҳақида фақатгина унинг қилган ишларига қараб фикр юритадиган бўлсак, адолатли Худованд уни маҳкум қилиши керак бўлганлигини кўришимиз мумкин; бироқ, нима бўлишидан қатъий назар, Довуд, ўз шахсий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, “итоатсизлиги кечирилган ва айби ёзилмаган инсон, бахтли инсон” эканлигини билган.
1) “Ҳеч бир гуноҳкор, қанчалик қаттиқ уринмасин, ўз гуноҳларидан фориҳ бўлишга ва айбидан покланишга қодир эмас. Гуноҳкорнинг биргина, ҳаттоки энг кичик гуноҳини ва айбини йўқ қила оладиган ҳеч қандай пул, фан, ҳийлали ижодкорлик, миллионлик армия ёки қандайдир бошқа дунёвий куч ҳам мавжуд эмас. Қилинган гуноҳ ва айб, инсонга унинг соясидек боғланиб, тоабад ўрнашиб қолади, фақатгина абадий Худованд ҳалос қилсагина, улардан озод бўлиш мумкин” (Ленски).
б. “Қонун талабларини бажо қилган – қилмаганидан қатъий назар, Худо томонидан оқланган…. Эгамиз кимнинг гуноҳидан ўтган бўлса, ўша инсон бахтлидир”. Довуд, Худованднинг эзгулиги, унга нолойиқ бўлганларга шунчаки берилиши, яъни Худо инсонни солиҳ деб топиши борасида Иброҳимга қўшилмоқда.
1) “Бизнинг оппенентларимиз яъни рақибларимиз бўлмиш “папачилар” ёки бошқача қилиб айтганда Рим папаси тарафдорлари, биз Масиҳ орқали солиҳ деб топилганлигимиз ҳақидаги ғояни рад этишади. Улар гўёки ҳар бир сўзга ёпишиб олишади, ваҳоланки, мана шу биргина бобнинг ўзида, ҳаворий ушбу сўзни ўн марталаб эслатиб ўтган” (Пул).
в. “инсон бахтлидир”. Ушбу санода (Сано 32:1-2) Довуд бахтиёрлик ҳақида сўз юритган; савоб ишлари орқали оқланадиганлар ҳақида эмас, солиҳ деб топилганлиги боис, гуноҳларидан покланадиганлар ҳақида сўз юритган. Диққатнинг маркази бизнинг Худо учун қилган ишларимизга эмас, Худо бизларни қандай солиҳликка (Исонинг солиҳлигига) кийинтираётганлигига қаратилган.
4. 9–12 оятлар. Иброҳим суннат бўлишидан олдин, солиҳ деб топилган эди. Шунинг учун ҳам уни суннат сабабисиз солиҳ деб топишган.
“Бу бахтиёрлик фақат суннат қилинганларга мансубми ёки суннатсизларга ҳам тегишлими? Айтиб ўтганимиздай, Худо Иброҳимни ишончи учун солиҳ деб билди. Хўш, бу қачон содир бўлди? Иброҳим суннат бўлишидан олдинми ёки кейинми? Суннат бўлишидан олдин! У суннатни имон орқали сазовор бўлган солиҳлигининг мухри сифатида қабул қилди. У суннат қилинмасдан олдин оқланганди. Шундай қилиб, Иброҳим суннатсиз ҳолда имон келтириб оқланган ҳар бир инсоннинг отаси бўлди. Айни замонда, Иброҳим суннатлиларнинг ҳам отаси ҳисобланади. Аммо шарти шуки, суннатлиларнинг имони ҳам отамиз Иброҳим суннат қилинмасдан олдин эга бўлган имондай бўлиши керак”.
а. “Бу бахтиёрлик фақат суннат қилинганларга мансубми ёки суннатсизларга ҳам тегишлими?”. Агар биз Худованд томонидан, суннат қилинганимиз (ёки қандайдир бошқа маросимлар) сабаб эмас, имонимиз орқали солиҳ деб топилган бўлсак, унда Римликлар 4:7 оятда эслатиб ўтилган бахтиёрликка, суннат қилинмаган барча бутпарастлар ҳам имонлари орқали эришишлари мумкин.
б. “Хўш, бу қачон содир бўлди? Иброҳим суннат бўлишидан олдинми ёки кейинми?”. Ибтидо 15:6 оятда Худованд Иброҳимни солиҳ деб топганлиги ҳақида ўқишимиз мумкин. Суннат ҳақидаги аҳдни эса, Иброҳим 17 бобда тузган, хронологик томондан бу ҳодиса 14 йил ўтгандан кейин содир бўлган. Шундай қилиб, Иброҳимнинг солиҳлиги унинг суннат бўлганлигига эмас, имонига асосланган.
в. “суннат бўлишидан олдин…имон орқали”. Демак, Иброҳим – “суннатлиларнинг отаси” , ҳали суннат бўлмай туриб, солиҳ деб топилган! Ундай бўлса, қандай қилиб инсонлар (Павлус даврида баъзи инсонлар қилганидек), маъжусийларни Худо уларни солиҳ деб топишидан олдин, суннат қилиш керак деб талаб қилишлари мумкин?
1) Павлуснинг замондошлари бўлган яҳудийлар учун, суннат шунчаки ижтимоий аҳамиятгагина эга бўлмаган. Суннат, Мусонинг Қонуни остида кечириладиган ҳаётнинг бошланғич нуқтаси бўлган: “Суннат қилинадиган ҳар бир одамга яна таъкидлаб айтаман: у бутун қонунни бажаришга мажбур” (Галатияликларга 5:3).
г. “Шундай қилиб, Иброҳим суннатсиз ҳолда имон келтириб оқланган ҳар бир инсоннинг отаси бўлди….суннатлиларнинг имони ҳам отамиз Иброҳим суннат қилинмасдан олдин эга бўлган имондай бўлиши керак”. Павлус замондошларининг фикрига кўра, суннат бўлишлик Иброҳимнинг ҳақиқий меросхўрларига айланишни англатган. Павлус эса, Иброҳимни отамиз деб билишлик, Иброҳим имонининг изидан боришликни англатади деган фикрда қаттиқ турган.
1) “Бизнинг отамиз Иброҳим” деган жумла, жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, қадимги яҳудийлар уни ўта кучли рашк ила авайлашган. Улар, суннатни қабул қилиб, яҳудий динини қабул қилган маъжусийнинг, синагогада Иброҳим ҳақида эслатиб ўтганида, уни “менинг отам” деб аташига йўл қўймаганлар. Улар бундай маъжусийлардан Иброҳимни “сизнинг отангиз” деб аташни талаб қилишган. Павлус ушбу фарқни олиб ташлаган холда, имон келтирган ҳар бир инсон “отамиз Иброҳим” деб айта олишини таъкидлаган.
2) Ушбу мактубни ўқиган яҳудийлар, Павлус Иброҳимни суннатсизларнинг ҳам отаси деб атаганини кўриб, ҳайратланган бўлсалар керак! Инсонни Иброҳим билан боғлайдиган ҳаётий энг муҳим нарса – имон, суннат эмас. Иброҳимга ўхшаб суннат бўлишдан кўра, Иброҳимникидек имонга (ўша имон орқали бериладиган солиҳликка) эга бўлиш муҳимроқдир.
3) Уильям Барклининг тушунтиришича, Павлус давридаги яҳудий мураббийлари орасида: “Иброҳим ҳақида ёзилган нарсалар, унинг фарзандлари ҳақида ҳамдир” деган фикр, яъни Иброҳимга берилган ваъдалар, унинг авлодларига ҳам тегишли деган фикр мавжуд бўлган. Павлус, Иброҳимнинг барча руҳий меросхўрларига – яъни имон келтириб, “Иброҳим эга бўлган имонга эга бўлганларга” нисбатан имон орқали оқланиш тамойилини ёйган ҳолда, чин юракдан уларнинг ишончларини қўллаб-қувватламоқда.
5. 13–15 оятлар. Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси, қонун ёки савоб ишлар тамойилига эмас, имон тамойилига асосланган эди.
“Худо Иброҳимга ва унинг наслига, сизлар ер юзини мулк қилиб оласизлар, деб ваъда берган эди. Иброҳим қонунга итоат қилгани учун эмас, балки Худо уни ишончи туфайли солиҳ деб билгани учун Худо бу ваъдани берди. Агар қонунга суянадиганлар ер юзини мулк қилиб оладиган бўлса эди, унда имон беҳуда, ваъда эса қуруқ бўлиб қолар эди. Ахир, қонун Худонинг ғазабини қўзғатади, холос. Қонун бўлмаса, қонунбузарлик ҳам бўлмайди”.
а. “Худо Иброҳимга ва унинг наслига, сизлар ер юзини мулк қилиб оласизлар, деб ваъда берган эди. Иброҳим қонунга итоат қилгани учун эмас, балки Худо уни ишончи туфайли солиҳ деб билгани учун Худо бу ваъдани берди”. Худованд Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан, Мусонинг Қонуни пайдо бўлишидан олдин ишлашни бошлагани боис, сўз бу оятда, уларнинг Худо билан муносабатлари қонунга асосланганлиги ҳақида юритилмаяпти. Аксинча, бу муносабатлар, Худованднинг, Иброҳимни имони орқали солиҳ деб топганлиги ҳақида қилган баёнига асосланган эди.
1) “Имон – Худонинг баракотлари ўсадиган ердир. Дарҳақиқат, Иброҳим марҳаматли инсон бўлган, бироқ, бутунлай бошқа қоидага асосланган ҳолда, аниқроғи оддий имони сабаб, ер юзи меросхўрига айланган” (Ньюэлл).
б. “ишончи туфайли…ваъдани берди”. Биз қонун орқали Худо берган ваъдаларнинг марҳаматига кира олмаймиз. Бунинг сабаби қонуннинг ёмонлигида эмас, сабаби, бизнинг бу қонунни бажара олмаслигимизда.
в. “Ахир, қонун Худонинг ғазабини қўзғатади”. Бизнинг қонунни амалга ошира олмаслигимиз (бизнинг “қонунбузарлигимиз”), қонун, бизга нисбатан бўлган Худо ғазабининг, айниқса биз қонунни, Худо бизларни ҳукм қилиши учун асос деб ҳисоблаганимизда, ўша ғазабнинг намоён бўлиш воситаси эканлигини англатади.
г. “Қонун бўлмаса, қонунбузарлик ҳам бўлмайди”. Қандай қилиб Павлус, бундай дейиши мумкин? Бунинг сабаби, “қонунбузарлик” деган сўз – чегарадан ўтган ҳолда, аниқ ва тиниқ ифодалаб берилган қонунни бузган одамни тасвирлаш учун энг тўғри келадиган сўз” (Моррис). Агар маълум бир қонун чегараси бўлмаса, демак қонунбузарлик ҳам йўқ.
1) Мусо Қонуни “чегарасидан чиқмайдиган” гуноҳ мавжуд. Бу гуноҳнинг илдизи қонунни бузишда эмас, Худо билан бўлган ишончли муносабатларнинг бузилишида, У томонидан берилган ҳар бир амрнинг негизида ётган Унинг севгиси ва ғамхўрлигини рад этишликдадир. Илк гуноҳни қилишдан олдин, Одам Ато, Худо билан бўлган ишончли муносабатларни бузди, шунинг учун ҳам Худонинг инсониятни қутқариш режаси, қонуннинг бажарилишида эмас, севги ва ишончга (имонга) асосланган муносабатларда қурилган. Бизнинг Худо билан бўлган муносабатларимиз, севги ва ишонч ўрнига, қонуннинг бажарилишига асосланса, биз Худонинг режасига қарши борган бўламиз.
Б. Иброҳимнинг мисолига эргашган ҳолда.
1. 16-оят. Имон орқали иноят асосида оқланиш.
“Шу сабабдан, Худонинг ваъдаси Унинг иноятига боғлиқ бўлиб, фақат имон билан қабул қилинади. Иброҳимнинг имонидай имонга эга бўлганларнинг ҳаммаси қонунга амал қилиб яшайдими, йўқми, унинг зурриёти ҳисобланади. Худонинг ваъдаси албатта уларга ҳам дахлдордир. Ахир, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиздир”.
а. “Шу сабабдан, Худонинг ваъдаси Унинг иноятига боғлиқ бўлиб, фақат имон билан қабул қилинади”. Қонун билан амаллар бир бири билан қандай боғлиқ бўлса, деярли худди шундай имон билан иноят ҳам бир бирига боғлиқдир. Иноят ва қонун бу – тамойиллар, имон ва амал эса – Худо билан муносабат қуриш учун бўлган ушбу тамойилларга эришиш учун воситадир.
1) Техник жиҳатдан олиб қараганда, биз имон орқали нажот топмаймиз. Биз нажотга Худонинг инояти орқали эришамиз, иноятга эса имон орқали эришамиз.
б. “фақат имон билан”. Нажот – фақат ва фақат “имон орқали”. Биз фақатгина “иноятга боғлиқ бўлиб, имон билан” деган тамойил орқали нажот топишимиз мумкин. Иноятга, қиладиган амаллар – ўтмишдаги, бугунги ёки келажакда бажараман деб, ваъда қилинган амаллар ёрдамида эришиб бўлмайди. Буларнинг сабаби шундаки, иноят, унга эришаётган инсон қандайлигидан қатъий назар берилади.
1) “Иноят ва имон бир бирларига жуда ўхшаш; улар гўё бир бўйинтуруғ остида бўлиб, биргаликда бир аравани тортиб бораётганларга ўхшашади. Ўз навбатида эса, иноят ва савоб амаллар, бир бирига қарама қарши бўлиб, ҳар хил томонга қараб тортишади, шунинг учун ҳам Худованд уларни бир бўйунтуруғга қўшмаган” (Сперджен)
в. “Худонинг ваъдаси албатта уларга ҳам дахлдордир”. Худованднинг ваъдаси фақат иноят орқали ҳаммага дахлдор бўлиши мумкин. Агарда бизнинг нажотимиз асоси қонун бўлганида эди, у ҳолда нажотимиз, қонун амалларини қай даражада яхши бажараётганлигимизга боғлиқ бўлиб қоларди. Ҳеч ким нажот топадиган даражада қонунни бажара олмайди. Қонун асосида бериладиган нажот ваъдаси ҳеч қачон ҳаммага “дахлдор” бўлмайди.
1) “Агарда Худованднинг ваъдаси қонундан келиб чиққанида эди, инсоннинг заифлиги ва қонунни тўлиқ ҳамда бутунлай бажара олмаслиги сабаб, Унинг ваъдаси суст ва ишонарсиз бўлиб қолган бўларди” (Пул).
г. “Иброҳимнинг имонидай имонга эга бўлганларнинг ҳаммаси қонунга амал қилибяшайдими, йўқми, унинг зурриёти ҳисобланади. Худонинг ваъдаси албатта уларга ҳам дахлдордир. Ахир, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиздир”. Агар бизнинг Худо билан муносабатларимиз (суннатга ёки қонун амалларини бажаришга эмас) “иноятга боғлиқ” бўлса, демак, ҳаттоки Иброҳимнинг қондош зурриётлари бўлмасакда, бизнинг муносабатларимиз, “имон орқали Иброҳимнинг зурриётларига” айланганларга мўлжалланган муносабатлардир.
1) Ғайрияҳудий: “Мен яҳудий ҳам эмасман ва қонун остида ҳам эмасман, бироқ, “имон орқали Иброҳимнинг зурриётиман” деб айтиши ва Исога имон келтирган яҳудий сингари нажотга эга бўлиши мумкин.
д. “ҳаммамизнинг отамиздир”. Ибтидо 17:4–5 оятларда берилган ваъда, нафақат Исҳоқ орқали туғилган Иброҳимнинг зурриётларида амалга ошган, ушбу ваъда айниқса Иброҳимнинг “ҳаммамизнинг отамиз” бўлганлигида, – яъни ер юзида яшайдиган турли халқлардан имонга келган масиҳийларнинг ҳаётида ҳам амалга ошган.
2. 17–18 оятлар. Иброҳим имон келтирган, “ўликларни тирилтирувчи” Худованднинг қудрати.
“Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган-ку: “Мен сени кўплаб халқларнинг отаси қиламан”. Ўликларни тирилтирувчи ва мавжуд бўлмаган нарсаларни вужудга келтирувчи Худога ишониб, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиз бўлди. Худо Иброҳимга яна: “Сенинг наслинг сон – саноқсиз бўлади”, деган эди. Иброҳим кўп халқларнинг отаси бўлишга ҳеч бир умиди қолмаганига қарамасдан, имони туфайли умидвор эди”.
а. “кўп халқларнинг отаси бўлди”. “Ўликларни тирилтирувчи” ғайритабиий куч, Иброҳим, нафақат жисмонан, балки руҳан “кўплаб халқларнинг отаси” бўлиши учун керак эди.
б. “мавжуд бўлмаган нарсаларни вужудга келтирувчи”. Худованднинг амалга оширган ишлари, Унинг, мавжуд бўлмаган нарсани (масалан, бизнинг солиҳлигимизни мавжуд, деб ҳисоблаши), вужудга келтира оладиган қудратини намоён қилади (бизларни солиҳ бўлмасакда, солиҳ, деб ҳисоблаганидек).
1) Худованд Сорронинг ўлик бачадонига ҳаёт бағишлашга қодир экан, демак, У “гуноҳлару айблари туфайли руҳан ўлик” бўлганларга, Масиҳда янги ҳаёт ато этишга ҳам қодирдир. (Эфесликларга 2:1)
2) “Мен Худованд учун муқаддас, солиҳ, оқланган, тамоман пок эканлигимни англаганимда, ақлбовар қилмас қувончни ҳис этаман. Худованд бундай нарсалар ҳақида, ҳали улар мавжуд бўлмасдан олдин гапира олади, чунки У улар ҳақида ҳаммасини билади” (Смит).
в. “ҳеч бир умиди қолмаганига қарамасдан, имони туфайли умидвор эди”. Худованднинг ўликларни тирилтирувчи қудрати, Унга умид боғлаган Иброҳимнинг ҳаётида амалга ошди. Ушбу қудрат, ҳам жисмонан, ҳам руҳан яққол намоён бўлди.
1) Иброҳимнинг мисоли бизларга имоннинг табиатини тушунишимизга ёрдам беради. Иброҳимнинг ўғли Исҳоқнинг туғилиши ҳақиқий мўжиза эди, бироқ, бу туғилиш бокира туғилиш эмас эди. Иброҳимнинг имони, у ҳеч нарса қилмай, шунчаки Худованд Сорронинг қорнида фарзанд пайдо қилишини кутиб турганлигини англатмаган. Иброҳим ва Сорро эру хотин бўлиб, уларнинг эру хотнлик муносабатлари натижаси мўжизага айланишини Худога ишонишган. Бу нарса бизларга имон, “ҳеч нарса қилмаслик ” эмаслигини тушунтириб беради; ишонмоқ, бу Худовандга умид боғлаб, Унга таянган ҳолда, қилишимиз керак бўлган барча ишларни амалга оширмоқ деганидир.
2) “Ҳақиқий имонли ҳар бир инсон, Иброҳим сингари итоаткордир. Зеро итоаткорлик бу ҳаракатда намоён бўладиган имондир. Биз ўз имонимиз йўлида, отамиз Иброҳимнинг изидан боришимиз керак. Унинг имони ҳеч нарса қилмай, қўл қовуштириб ўтиргани йўқ эди; унинг имони олдинга қараб ҳаракат қилган эди. Бизлар ҳам Худовандга бўлган итоаткорликда олдинга қараб боришимиз керак, чунки биз Унга имон келтирганмиз. Ишларимиз билан яъни амалларимиз билан тасдиқланмайдиган имон ўлик имондир ва бундай имон ҳеч кимни оқлай олмайди” (Сперджен)
3) “Туйғу тасаввурни тартибга солади, соғлом фикр эса туйғуни тартибга солади, имон эса унисини ҳам, бунисини ҳам тўғрилайди. “Бу нарса содир бўлмайди” – деб ҳайқиради туйғу. “Бундай бўлиши мумкин эмас” – деб, соғлом фикр ҳайқиради. “Бу нарса амалга ошишининг имкони бор ва шундай ҳам бўлади, чунки шундай деб ваъда берилган” деб, имон ҳайқиради” (Трапп).
3. 19–22 оятлар. Иброҳим имонининг хусусияти.
“У юз ёшга яқинлашганда, ўзининг бадани мажолсизлашганини ва Соро бибининг пуштдан қолганини била туриб, имонда заифлашмади. Худонинг ваъдасидан эса имонсизлик қилиб шубҳаланмади, балки Худога ҳамд – сано айтиб, имонида маҳкам турди. Худо берган ваъдасини бажо келтиришга қодир, деб Иброҳим қатъий ишонар эди. Ана шу ишончи туфайли у Худо олдида оқланди”.
а. “имонда заифлашмади”. Иброҳимнинг имони кучли эди, бироқ, шунга қарамай бизларга, Иброҳим “қатъий ишонар эди” деб айтилган.
1) Ушбу жумла, Иброҳим ўз имонида мустаҳкамланган эди, деган маънони билдираётганга ўхшайди, аммо шу билан биргаликда, Павлус ушбу жумла орқали, Иброҳим ўз имони орқали мустаҳкамланган эди, деган маънони ҳам назарда тутаётган бўлиши мумкин. Ҳар иккала маъно ҳам тўғри ҳисобланади.
2) Биз учун ҳам “қатъий ишониш” қанчалик муҳимдир! “Қадрдон биродарим, ҳатто имон оз бўлсада, агар ҳақиқий бўлса, сени қутқаришга қодир, бироқ, сен уни кўпайтиришга интилишинг лозим, ва бунинг бир қанча муҳим сабаблари мавжуд” (Сперджен)
3) Сперджен, асосан хизматкорлар ва ваъзхонлар, “имонда қатъий туришлари” муҳимлигини биларди. Баъзан, минбардан туриб ваъз айтган пайтларида, биз ўзимизга ҳеч қандай эрк беришимиз керак эмаслиги ҳақидаги фикрни аниқ етқазиб бериш учун, Сперджен ўзининг ушбу соҳадаги курашлари ҳақида сўзлаб берган: “Азиз тингловчилар! Ҳар сафар, биз устозлардан кимнингдир шубҳаланаётганлигини ёки қўрқувдан азобланаётганлигини кўрганингизда, бизларни аяб ўтирманглар, танбеҳ беринглар. Биз устозларнинг Шубҳалар Масканида яшашга ҳаққимиз йўқ. Сиздан ўтиниб сўрайман, биз шубҳалар гирдобига ғарқ бўлиб, ўша масканда қолиб кетганимизда, бизга эргашманглар. Фақатгина биз Исога эргашиб, Унинг ортидан борганимиздагина, бизга эргашинглар, аммо, умидсизлик бўтқоғига ғарқ бўлган чоғимиз, керак бўлса ҳаттоки сочларимиздан тортиб, бизни ўша бўтқоқдан тортиб чиқаринглар, фақатгина бизнинг ортимиздан ўша бўтқоққа ўзингиз ботманглар” (Сперджен)
4) “Агар биз, Худованд каломни баракотлашини кутмасак ва бу нарсага ишонмасак, имонга юз қаратган кўпчилик инсонларни кўра оламиз, деб ўйламайман. Икки ёки ўнлаб кишиларнинг тавбага келганликларини эшитиб, ажабланиш ва ҳайратланишнинг ҳожати йўқ. Худо ҳақидаги ҳақиқатни эшита туриб, биз, Муқаддас Руҳдан келиб, ушбу жойни Ўзининг илоҳий қудрати билан тўлдиришини сўраётганимизга қарамасдан, минглаб инсонлар тавбага келмаётганликларига ҳайратланишимиз лозим. Хдованд бизларни имонимизга яраша тақдирлайди. Бу Худованд Шоҳлигининг қоидасидир: “Имонингизга қараб, сизларга берилади”. Ё, Худованд! Ўз хизматкорларингга кўпроқ имон ато эт! Бизнинг Сенга бўлган имонимиз мустаҳкам ва тебранмас бўлсин!” (Сперджен)
б. “ўзининг бадани мажолсизлашганини …. била туриб, имонда заифлашмади”. Иброҳим имонга асосланган ҳолда – вазиятларга эмас (бадани мажолсизланганини…. Соро бибининг пуштдан қолганини била туриб), балки “Худованднинг ваъдасига” ўз нигоҳини қаратди.
в. “Худонинг ваъдасидан эса, имонсизлик қилиб шубҳаланмади”. Иброҳимнинг имони “шубҳаланмади”; Иброҳим “Худога ҳамд – сано айтиб, имонида маҳкам турди”. Оғир синовга юз келганига қарамай, Иброҳим ўз имонида мустаҳкам туришда давом этаверди.
1) “Олдин айтиб ўтганимдек, ҳақиқат шундаки, қарама – қаршиликларга учрамагунча, ҳеч ким Худонинг қудратига шубҳаланмайди. Бироқ, Худованднинг ваъдаси амалга ошиш жараёнида бирор бир вазият пайдо бўлиши биланоқ, биз дарҳол Худованднинг қудрати ва ҳокимиятини, унинг энг юксак тахтидан ағдаришга тайёр бўлиб қоламиз” (Кальвин).
г. “Худо берган ваъдаасини бажо келтиришга қодир, деб Иброҳим қатъий ишонар эди”. Иброҳимнинг имони, унинг, Худованд берган ваъдасини амалга оширишга қодир эканлигига бўлган ишончидан ўсиб чиққан.
1) Эҳтимол, сизнинг Худовандингиз жуда ҳам кичикдир? Иброҳимнинг Худованди эса, берган ваъдасини амалга оширишга қодир эди ва Иброҳим бунга “қатъий ишонар эди”.
2) Баъзи инсонлар, Исо “берган ваъдасини бажо келтиришга қодир эканлигига ишончлари комил эмаслиги” сабаб, Унга имон келтирмайдилар ёки охиригача Унга эргашишдан бош тортадилар. Улар қуйидагича фикр юритадилар: “Бошқаларнинг ҳаётида бу нарса амалга ошган, бироқ менинг ҳаётимда бу нарса ҳеч қачон содир бўлмайди”. Бундай фикр юритиш – иблиснинг имонингизга қилган хужумининг натижасидир; бу каби фикрларни бошингиздан қувиб чиқаринг!
д. “бажо келтиришга қодир”. Айнан мана шундай имон, Худонинг ишларини кўра олади. Бундай имон нафақат Худованднинг ҳозир ва шу ернинг ўзида нима қилаётганини (Исҳоқ берилган ваъда амалга ошганлиги кўрсатгичи сифатида туғилди), балки абадиятда ҳам нима қилаётганлигини кўра олади (Аа шу ишончи туфайли у Худо олдида оқланди).
4. 23–25 оятлар. Иброҳимнинг оқланиши ва шахсан бизнинг оқланишимиз
“Бу сўз эса фақат Иброҳимгагина хос эмас, балки биз учун ҳам айтилган. Худо Раббимиз Исони тирилтирганига ишонсак, биз ҳам оқланамиз. Раббимиз Исо бизларнинг гуноҳларимиз учун ўлимга топширилди ва оқланишимиз учун тирилиб келди”.
а. “бу сўз фақат Иброҳимгагина хос эмас”. Худованд Иброҳимни имони туфайли оқлади ва бу нарса фақатгина унинг ўзигагина яхшиликка хизмат қилгани йўқ. У бизлар учун, биз эргаша оладиган мисолдир; унга айтилган сўзлар, бизларга ҳам тегишлидир. Павлуснинг “биз учун ҳам айтилган” деган сўзларидаги ишонч, бизларни хурсанд қилмай қўя олмайди. Бу нарса нафақат Иброҳимга, балки бизларга ҳам белгиланган эди.
б. “Худо Раббимиз Исони тирилтирганига ишонсак”. Имон ҳақида – Исога бўлган нажот берувчи имон ҳақида сўз юритганда, қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш, жуда муҳим: биз, Исонинг ҳочдаги жасорати (бизларнинг гуноҳларимиз учун ўлимга топширилди) ва ўлим ҳамда гуноҳ устидан ўрнатган ғалабаси (оқланишимиз учун тирилиб келди) бизларни қутқаришига ишонамиз. Ҳеч кимни қутқаришга қодир бўлмаган кўпгина ёлғон эътиқодлар мавжуд. Фақатгина Исонинг ҳочда амалга оширганлигига ва Унинг қабри бўм-бўшлигига бўлган имонгина инсонга нажот бера олади.
· Исонинг ҳаёти билан боғлиқ бўлган тарихий ҳодисаларга бўлган ишонч инсонга нажот бера олмайди.
· Исо ажойиб ҳаёт кечирганлигига бўлган ишонч нажот бера олмайди.
· Исонинг таълимоти аниқ ёки тўғри эканлигига бўлган ишонч нажот бера олмайди.
· Исонинг илоҳий табиатига ва Ҳукмдорлигига бўлган ишонч ҳам нажот бера олмайди.
· Фақатгина Исо биз учун хочда амалга оширган қурбонликка бўлган ишочгина, нажот бера олади.
в. “оқланишимиз учун тирилиб келди”. Исонинг ўликлардан тирилганлиги, бизнинг нажотимизда асосий ролни ўйнайди, чунки тирилиш Ота Хуудонинг, Ўғли хочда кўрсатган жасоратидан тўлақонли даражада қониқганлигини кўрсатади. Тирилиш, Ўзи пок бўлишига қарамай, бутун дунё гуноҳини Ўзига олган Исо томонидан кўрсатилган жасорат, энг мукаммал қурбонлик бўлганлигини исботлаб беради.
1) “бизларнинг гуноҳларимиз учун ўлимга топширилди”. Бизнинг тилимизга “топширилди” (paradidomi) деб таржима қилинган эски юнонча сўз, инсон қамоққа ташланганида ёки адолатли ҳукм қўлига топширилганида ишлатилган. “Сўз, Ота Худо томонидан, қасосни – яъни инсониятнинг гуноҳи учун тўловни талаб қиладиган адолатли ҳукм жараёнига эга суд актига, Ўғил Худонинг топширилиши ҳақида юритилмоқда” (Вюст).
2) “Исонинг тирилиши ҳар доим Унинг қурбонларча ўлганлигини ўз ичига олади, шу билан бир қаторда ушбу қурбонликнинг тўлақонли эканлигини очиб беради. Агарда ўлим Уни ушлаб қола олганида эди, Исо ўз вазифасини бажара олмаган бўлар эди. У ўликлардан тирилган экан, демак, Унинг қурбонлиги етарлича бўлган. Худованднинг Исони ўликлардан тирилтиргани, гуёки ушбу қурбонликка Ўз муҳрини қўйгандекдир” (Ленски).
3) “Масиҳ Ўз ўлими ва азоблари орқали, ажойиб бир тарзда биз учун нажот ва оқланишни қўлга киритди, бироқ, буларнинг бизда мукаммаллашиши ва таъсирли кучи, Унинг тирилганлигига боғлиқ…Ушбу биргина оятда бутун бошли хушхабар қисқача баён этилган” (Пул).
4) Ушбу бобда Павлус, Эски Аҳд, иноятга асосан имон орқали бериладиган хушхабарга ҳеч ҳам қарама қарши эмаслигини аниқ намоён этиб берган. Аксинча, хушхабар Эски Аҳднинг амалга ошганллигидир. имон орқали оқланган Иброҳим эса – биз учун ўрнакдир.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]