Римликлар, 1 боб.
Бутун инсоният Худо олдида айбдордир
А. Павлус ёзган мактубнинг маъноси ва унинг Римликларга таъсири.
1. 386 йилнинг ёз ойида, бир ёш йигит, дўстининг уйидаги орқа ҳовлида ўтириб йиғларди. У, Худога қарши қўзғолонда ва гуноҳда ўтган ҳаёти, уни вайрон қилганлигини ҳамда ўзини ўликдай ҳис этишга мажбур қилганлигини биларди, бироқ, ҳеч ҳам қатъий ва якуний қарор қабул қилиб, Исо Масиҳга мурожаат қилишда ўзида куч топа олмас эди. Ўша ҳовлида ўтирган пайтида, болаларнинг ўйнаб туриб, бир бирларига айтган қуйидаги сўзларини эшитиб қолди: “Олгин ва ўқигин! Олгин ва ўқигин”. Ёш йигит, Худо менга болалар орқали мурожаат қиляпти деб ўйлаган ҳолда, ёнида ётган ўрама қоғозни қўлига олиб, уни ўқишни бошлади: “Айш-ишрат ва ичкиликбозлик билан эмас, шаҳватпарастлик ва фисқ-фужур билан эмас, жанжалкашлик ва ҳасадгўйлик билан эмас, балки кундузга яраша, одоб билан кун кечирайлик. Раббимиз Исо Масиҳни совутдай кийиб олинглар ва табиатингизнинг гуноҳли ҳавас-эҳтиросларини қониқтиришга интилманглар” (Римликларга 13:13-14). У ўқишни давом эттирмади, чунки энди бунинг ҳожати йўқ эди. Ўша лаҳзада Худо Каломининг қудрати туфайли Августин иймонга эга бўлди ва бутун ҳаётини Исо Масиҳга топширди.
2. 1513 йилнинг август ойида, бир роҳиб семинариядаги талабаларига Забур китоби бўйича маъруза ўқир эди, аммо қалби саросималарга тўла эди. Ўз тадқиқотларида роҳиб, Сано 30:2 оятда ёзилган қуйидаги сўзларга дуч келди: “Адолатлисан, мени қутқаргин”. Ушбу сўзлар Лютерни чалкаштириб юборди: Худонинг адолати, уни қилган гуноҳлари туфайли адолатли тарзда дўзахга юборишдан бошқа яна нима ҳам қила оларди? Лютер фикран такрор ва такрор Римликлар 1:17 оятда ёзилган қуйидаги сўзларга қайтарди: “Худо инсонларни имон орқали, ҳа, фақатгина имон орқали оқлайди, чунки Муқаддас битикларда: “Солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади”, деб ёзилган”. Охир оқибат роҳиб шундай деди: «Мен кечаю кундуз фикр юритдим… ва ниҳоят, Худонинг адолати бу – иноят ва тўлиқ раҳм шавқат орқали, У бизларни имон билан оқлашида асос бўладиган солиҳлик эканлиги ҳақидаги ҳақиқатни англаб етдим. Ўшанда мен ўзимни қайтадан дунёга келиб, кенг очилган эшиклар орқали жаннатга кириб бораётгандек ҳис қидлим… Ҳаворий Павлуснинг ушбу мактуби, мен учун самога йўл очиб берди”. Мартин Лютер юқоридан тўғилди; Ислоҳот унинг юрагидан бошланди.
3. 1738 йилнинг май ойида, Худонинг хизматкори ҳамда тарғиботчиси бўлмиш бир шахс, мувофаққиятсизликка учрагандан сўнг, истар истамас Худо Каломи ўрганиладиган кичик бир дастурга отланди, у ерда кимдир овоз чиқариб, Мартин Лютернинг Римликлар китобига ёзган изоҳидан парчаларни ўқир эди. Вақт ўтиб, бу мувофаққиятсиз тарғиботчи шундай деди: “Унинг, Исога иймон келтирганларнинг юракларида Худо қандай ўзгаришларни амалга оширганлиги ҳақида сўзлаб бераётганларини тинглаб турганимда, мен шахсан ўзимнинг юрагимда қизиқ бир илиқликни ҳис қилдим. Мен нажотимнинг умидини фақатгина Масиҳга, ёлғиз Унинг Ўзигагина топширганлигимни ҳис этдим ва У менинг гуноҳларимни (ҳаттоки менинг ҳам гуноҳларимни!) олганлигига бўлган қатъий ишончга эга бўлдим” Ўша куни Лондонда Джон Уэсли Масиҳда нажот топди.
4. Римликларга ёзилган мактуб ҳақида гувоҳлик бераётган инсонларнинг сўзларини чуқур ўйлаб кўринг:
а. Мартин Лютер ушбу Мактубни мақтаб, шундай деган: “Бу мактуб Янги Аҳднинг асосий қисми ҳамда тўлиқ Хушхабардир….кичик ҳажмда ифодаланган мукаммал хушхабар”.
б. Лютернинг шерги Филипп Меланхтон Римликларга ёзилган Мактубни “масиҳийлик таълимотининг қўлланмаси” деб атаган.
в. Джон Кальвин ушбу Мактуб ҳақида шундай деган: “Инсон бу Мактубни тушуниши биланоқ, унинг олдида, бутун Муқаддас Калом Ёзувларини тушуниш калити очилади”.
г. Инглиз шоири ва адабиёт танқидчиси бўлмиш Сэмюэл Колридж, Павлуснинг Римликларга ёзган мактуби – “мавжуд бўлган барча мактубларнинг орасида энг чукури ва кенг маънолигидир” деб айтган.
д. 19 асрнинг илоҳиётшуноси Швейцариялик Фредерик Годе, Римликларга ёзилган Мактубни “масиҳийлик эътиқодининг тўплами” деб атаган.
е. Джордж Кэмпбелл Морган, бу китоб, “адабиётдаги, инсон нигоҳи учун очилган энг писимистик саҳифа” ва шу билан бир қаторда “инсон қулоғи эшитган энг ижобий шер” бўлган деб айтган.
ж. Ричард Ленски, Римликларга ёзилган мактуб – “шубҳасиз бу мактуб, Павлуснинг ҳаворийлик фаолиятининг охирги кунларида ёзилганлигига қарамай, Янги Аҳдда ёзилган мактублар орасида энг таъсирчанлигидир”
5. Ҳаворий Бутруснинг, Павлуснинг ёзган мактублари ҳақида айтиб ўтган сўзларини эслаб ўтсак: “…Азиз биродаримиз Павлус ҳам Худонинг берган донолиги билан сизларга муқаддас ҳаёт ва Раббимизнинг келиши ҳақида ёзган. Павлус барча мактубларида булар ҳақида фикр юритган. Унинг мактубларидаги тушуниш қийин бўлган баъзи парчаларни уқувсиз ва имони суст кишилар бузиб талқин қиладилар. Муқаддас битикларнинг бошқа жойларини ҳам бузиб ўргатадиган бу кишилар ўз бошини ўзи ейдилар.” (2 Бутрус 3:15-16)
а. Римликларга ёзилган Мактубда, инсон ҳаётини ўзгартирадиган ҳақиқатлар ёзилган, аммо ушбу мактубни ўрганишни бошлашдан олдин, Муқаддас Руҳ Ҳаворий Павлус орқали нима демоқчи бўлганлигини тушунишга қатъий қарор қабул қилмоқлик ва тўлиқ тиришқоқлик билан ёндашмоқлик лозим.
Б. Кириш.
1. 1 оят. Павлус Римдаги масиҳийларга ўзини таништирмоқда.
“Мен — Исо Масиҳнинг қули бўлган Павлусдан Римдаги биродарларимга салом! Мен ҳаворийликка даъват этилганман, Худонинг Хушхабарини ёйиш учун танланганман”
а. “Павлус”. (Тарсиялик Шоул номи билан машҳур бўлган) Ҳаворий Павлуснинг ҳаёти ва хизмати, батафсил Ҳаворийлар китобининг 8 – бобидан бошлаб 28 – бобигача, ҳамда Галатияликларга ёзилган мактубнинг 1- ва 2- бобларида ва 2- Коринфликларга ёзилган мактубнинг 11-12 бобларида ифодаланган.
1) Деярли ҳамма, Ҳаворий Павлус Римликларга бўлган Мактубни, Ҳаворийлар китобининг 20:2 – 3 оятларида айтилганидек, ўзининг тарғиботчилик хизмати пайтида, Коринф шахрига келганида ёзган, деган фикрга қўшилади. Бундай фикр, Римликлар 16:1 ва 16:23 ҳамда 1- Коринфликлар 1:14 – оятларда ёзилган сўзларга асосланган. Турли хил изоҳчилар, Милоддан Кейинги 53 – ва 58 – йилларни, мактуб ёзилган сана деб аташади.
2) Павлус Римликларга йўлланган Мактубни ёзишни бошлаганида, Масиҳни тарғиб қилиб юрганига 20 йил бўлган эди. Қуддусга бораётган пайтида, шошилинч ишлари бўлмаганлиги сабаб, Павлус Коринф шахрида тўхтаб ўтади ва у ерда уч ой яшайди. Эҳтимол, Павлус Қуддусга бўлган сафаридан кейин отланаётган Рим шахридаги масиҳийларга олдиндан мактуб йўллашнинг энг қулай фурсати келди деб ҳисоблагандир.
3) Павлус Римга бориш учун бор имкониятларини сарфлади, Муқаддас Руҳ эса уни, ҳаворийни Римда қандай хатар кутаётганлиги ҳақида огоҳлантирди (Ҳаворийлар 21:10-14). Уринишларига қарамай, Павлус Римга боролмасачи? Бундай вазиятда у албатта уларга чуқур ва тўлақонли маънога эга хат ёзмоғи лозим, токи Павлус ўзи шахсан уларнинг ёнига бора олмасада, у тарғиб қилаётган хушхабар Римдаги масиҳийларнинг юракларига кириб борсин.
4) Шу сабаблар туфайли, Римликларга ёзилган Мактуб, Павлуснинг бошқа шаҳарлардаги масиҳийларга ёзган кўпгина мактубларидан фарқ қилади. Янги Аҳддаги бошқа мактубларнинг матнлари, қўпинча жамоатларга ва жамоат шуғулланиши керак бўлган муаммо ва қийинчиликларга қаратилган. Римликларга ёзилган Мактуб эса, бизнинг диққатимизни Худога ва Унинг нажот ҳақидаги буюк режасига қаратади.
5) Биз, римлик масиҳийлар ушбу мактубни юқори баҳолаганликларини биламиз. Милоддан Кейинги 96 йилда ёзилган Климент 1 нинг мактубидан шу нарса яққол маълумки, у Павлус ёзган мактубнинг матнлари билан яхши таниш бўлган. Эҳтимол, улар ушбу мактубни ёддан ўрганган бўлишлари, мактубнинг ўқилиши эса, Рим жамоатининг деярли барча йиғинларининг бир қисмига айланган бўлиши мумкин. Бундан ташқари кўпгина илоҳиётшунослар (улар қаторида Баркли ва Брюс), Римликларга бўлган Мактубнинг таҳрирланган варианти (16 бобдаги шахсий мурожаатларсиз), илк масиҳий жамоатларда ҳаворийлар таълимотининг тўплами сифатида кенг тарқалган бўлган.
б. “қули…Павлус”. Ҳаворий Павлуснинг ўзи ҳақида нима деганлиги жуда катта аҳамиятга эга. У, биринчидан – “Исо Масиҳнинг қули” ва кейингина иккинчиўринда – у “ҳаворийликка даъват этилган” шахсдир.
1) Қадимги юнон тилида, қулни ифодалаб берадиган бир нечта сўзлар бўлган, лекин бу оятда ишлатилган “қул” сўзи (duolos), “ҳар бир қул инсонга хос бўлган аянчли ва ачинарли ҳолатни эмас, “ўзини тўлиқ ва мутлақ бахш этишликни” англатади”. (Моррис).
2) “Исо Масиҳнинг қули – деган унвон, бу дунёдаги барча роҳибларнинг унвонидан юқорироқдир” (Пул)
в. “Худонинг Хушхабарини ёйиш учун танланганман”. Бу ерда айтилган ғоя шундан иборатки, ҳаворий бу махсус элчи ёки махсус вакилга айланадиган шахсдир. Павлуснинг Мактуби Худонинг (эзгу хабари) Хушхабаридир, чунки у самодаги Худога тегишлидир. Ушбу Хушхабарнинг муаллифи Павлус эмас; у бу Хушхабарни ихтиро қилгани йўқ. У шунчаки ушбу Хушхабарни тарғиб қилган элчидир.
1) “Хушхабарини ёйиш учун танланганман”. “Эҳтимол, бу ерда Муқаддас Павлус ўзининг, сўзма сўз таржима қилганда, “мазҳабчи, сепаратист” ёки “ажратилган” деган маъноларни англатувчи собиқ фарзий мақомига ишора қилаётган бўлиши мумкин. Илгари ў ўзининг мазҳабида хизмат қилиш учун ажратилган эди; энди эса у Худонинг Хушхабарини ёйиш учун ажратилган”. (Кларк)
2) “Баъзилар, Павлус ўзининг фарзий бўлганлигига ишора қилмоқда, деб ҳисоблашади, чунки бу ном “ажратилган” деган маънони англатган”. Фарзий сифатида у Худонинг қонуни учун ажратилган эди; масиҳий бўлганидан кейин эса, у Худонинг хушхабари учун ажратилди (Пул)
г. “Худонинг Хушхабарини ёйиш учун”. Янги Аҳддаги бошқа мактубларнинг мантлари кўпроқ жамоатга ва жамоат дуч келадиган қийинчиликлар ва муаммоларга қаратилган. Римликларга ёзилган мактуб эса бизнинг диққатимизни Худога қаратади. ““Худо” сўзи ушбу мактубда энг муҳим сўз”. Римликларга Мактуб бу Худо ҳақидаги китобдир. Ушбу мактубда ҳеч бир мавзу, Худо ҳақидаги фикр сингари тез тез такрорланиб турмайди. Мактубда сўз юритилган барча масалаларда, Павлус Худога мурожаат қилади. Ҳаворийнинг солиҳлик, оқланиш ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида нима деганини англаб етишга интилаётган пайтимизда, унинг диққати қай даражада Худога қаратилганлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим (Моррис)
1) “Худо” сўзи Римликларга ёзилган мактубда, 153 марта учрайди; бу тахминан ҳар 46 – сўз дегани, Янги Аҳддаги бошқа китоблардан кўра кўпроқ учрайдиган сўз. Қиёс тариқасида, мактубда ишлатилган бошқа сўзларнинг қай даражада тез тез такрорланиб турганлигини кўриб чиқамиз: “қонун” (72 марта), “Масиҳ” (65 марта), “гуноҳ” (48 марта), “Раббий” (43 раза) ва “имон” (40 марта). Римликларга бўлган мактубда бошқа турли хил мавзулар ҳақида ҳам сўз юритилган, аммо кўпроқ бу Худо ҳақидаги китобдир.
2) Мактубнинг луғатида бошқа бир қанча муҳим сўзлар ҳам мавжудлигини ёдда сақламоғимиз лозим. Брюс Тиндейланинг Римликлар нашридаги сўзлардан қуйидаги иқтибосни келтирган: “Биринчидан, бизлар ҳаворийнинг нутқий шаклига эътибор бермоғимиз ва энг аввало Павлус “қонун”, “гуноҳ”, “иноят”, “имон”, “солиҳлик”, “тана”, “руҳ” ва шунга ўхшаш сўзлар орқали нимани назарда тутганлигини тушунмоғимиз лозим, акс ҳолда ушбу мактубни такрор ва такрор ўқисангиз ҳам, меҳнатингиз бесамар бўлади”.
2. 2-6 оятлар. Павлус римликларга тарғиб қилаётган хушхабарини тақдим қилиб бермоқда.
“Муқаддас битикларда ёзилгандай, Худо бу Хушхабарни бераман деб, Ўз пайғамбарлари орқали ваъда берган эди. Бу Хушхабар Худонинг Ўғли ҳақидадир. У жисман Довуд зурриётидан келиб чиққан эди. Худонинг Ўзи Раббимиз Исо Масиҳни ўликдан тирилтирди. Шу орқали Муқаддас Руҳнинг кучига тўла бўлган Исо Масиҳ Худонинг Ўғли эканлиги исботланди. Ана шу Исо Масиҳ орқали Худо менга иноят кўрсатиб, ҳаворий бўлиш вазифасини берди. Токи барча халқлар Худога ишониб, итоат этсинлар, шунда Исо Масиҳнинг номи улуғланади. Сизлар ҳам, ўша халқлар қатори, Исо Масиҳга тегишли бўлишга даъват этилгансизлар”.
а. “Худо Ўз пайғамбарлари орқали ваъда берган”. Бу хушхабар янгилик эмас; бу айёрлик ва инсоний донолик билан қилинган инсоний ихтиро ҳам эмас. Павлус даврида ҳам дунё, деярли биз ҳозир яшаб турган дунёдай бўлган: инсонларга “янги” таълимотлар жуда ёққан. Шунга қарамай, Павлус уларга бирор бир янги нарсани эмас, аввалдан Худонинг режасига бўлган бир нарсани олиб келди.
б. “Худонинг Ўғли…Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида”. Бу Павлус хушхабарининг марказидир, у гўё “қуёшдай” бўлиб, қолган барча нарсалар унинг атрофида айланмоқда. Масиҳийликнинг асосини таълимот ёки аҳлоқий тизим эмас, Исо Масиҳнинг Шахси ташкил қилади.
1) Исода, инсоний илдизлар ҳам (жисман Довуд зурриётидан туғилган) ва абадий моҳият ҳам (Худонинг Ўғли эканлиги исботланди) бўлган. Унинг инсоний табиати ҳақида, Унинг инсон қиёфасида туғилганлиги гувоҳлик беради; Унинг Илоҳийлиги ҳақида эса, Унинг “ўликлардан тирилганлиги” гувоҳлик беради.
2) Исонинг тирилиши Унинг илоҳий қудратини намоён қилди, чунки У Ўзи ўликлардан тирилди: “Мана бу Маъбадни бузинглар, Мен уч кун ичида уни тиклайман” (Юҳанно 2:19).
3) “Қайсидир маънода тирилгунига қадар Исо, Худонинг заифликда кўринган Ўғли эди, кейин эса Худонинг қудратда намоён бўлган Ўғлига айланди” (Моррис).
в. “исботланди”. “Қадимги юнонча ушбу сўз (borizo), “тасдиқлаш, боғлаш, аниқлаш, ўрнатиш ёки чегаралаш” каби ғояларга бориб тақалади ва бизнинг тилимиздаги, осмонга нисбатан ернинг энг узоқ кўринадиган қисмини билдирувчи чизиқ яъни уфқ деган сўз, айнан шу юнонча сўздан келиб чиққан. Ушбу парчада кўрсатилган сўз, субъектнинг ишончлилигини ва аниқлигини кўрсатувчи, унинг ёрқин белгиларини ва ҳар томонлама намоён бўлишлигини билдиради” (Кларк).
г. «Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида». Павлуснинг Исони Раббим деб атаётганлиги, аниқ қандайдир бир маънога эга. “Ушбу атама, мулойим мурожаат шакли бўлиб ҳам хизмат қилган бўлиши мумкин (жаноб деган сўз сингари). Ёки инсон қайси Худога сажда қилаётган бўлса, ўша Худога қаратилган мурожаат шакли бўлиб ҳам хизмат қилган бўлиши мумкин. Шу нарсага эътибор бериш муҳимки, Эски Аҳднинг юнонча таржимасида, бу сўз Худонинг Яҳова деган номига ҳавола берилганида ишлатилган…Муқаддас Каломни юнон тилида ўқиган масиҳийларга, ушбу атама илоҳий эквивалент сифатида таниш бўлган” (Моррис).
д. “Ана шу Исо Масиҳ орқали Худо менга иноят кўрсатиб, ҳаворий бўлиш вазифасини берди. Токи барча халқлар Худога ишониб, итоат этсинлар”. Павлус бўлишаётган хушхабар, маълум бир инсонларнинг ҳаётига таъсир қилади. Бу қандайдир қизиқ бир назария ёки фалсафа эмас; бу инсон ҳаётини ўзгартира оладиган хушхабардир.
1) Хушхабар Павлусга ва жамоатга “иноят ва ҳаворийлик вазифасини” берди; уларга ушбу икки инъом берилганлигининг сабабларидан бири, инсонларни Худога имонга келтирмоқликдир. “Иноятсиз, Худонинг ёрдами ва кўмагисиз, Павлус ҳеч қачон ҳаворий бўла олмас эди” (Кларк).
2) Хушхабар бутун дунёни қамраб олиш учун, етарлича муҳим ва буюкдир; уни ҳамма ерда айтмоқлик лозим, токи “барча” халқлар бу хушхабарни эшитсин.
3) Хушхабар римлик масиҳийларга улар “Исо Масиҳ томонидан даъват этилганлар” эканликларини кўрсатган ҳолда, уларни ҳам эгаллаб олди.
3. 7-15 оятлар. Павлуснинг Римга бориш истаги.
“Мен ушбу мактубимни сизларга — Римдаги биродарларимга ёзяпман. Худо сизларнинг ҳаммангизни яхши кўриб, Ўзининг азиз халқи бўлишга чорлаган. Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.
Авваламбор, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукур қиламан, чунки бутун дунё сизларнинг имонингиз ҳақидагапиряпти. Худонинг Ўғли ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканман, чин қалбимдан Худога хизмат қиламан. Худо шоҳид, мен доим сизлар учун ибодатқиламан. Ибодатларимда, доим Худодан: “Агар ироданг бўлса, имкон бер, мен бориб, Римдаги биродарларимни кўриб келай”, деб сўрайман. Сизларни роса кўргим келяпти, чунки сизлар билан руҳий инъомларни баҳам кўрсам, дейман, шунда сизлар имонда янада мустаҳкамроқ бўлардингиз. Тўғрироғи, кўришганимизда, бир–биримизнинг имонимиздан далда олсак, дейман.Биродарлар, билиб қўйинглар, мен кўп марта сизларнинг олдингизга боришни режалаштиргандим, аммо ҳеч йўл очилмади. Бошқа халқлар орасида Хушхабарни айтиб, яхши натижаларга эришдим. Римда ҳам шундай натижаларга эришишни истайман. Менинг бурчим маданиятлию маданиятсизларга, зиёлию саводсизларга Хушхабарни айтишдан иборат. Шунинг учун мен сизларга, яъни Римдагиларга ҳам Хушхабарни айтишга интизорман”.
а. “сизларга — Римдаги биродарларимга”. Павлус илгари бирор марта Римда бўлмаган ва у ердаги жамоатга ҳам у асос солган эмас. Римликларга бўлган мактубнинг, Павлуснинг бошқа жамоатларга ёзган мактубларидан фарқ қилиб турадиган жиҳати ҳам шундан иборат, чунки бошқа мактубларнинг кўпчилиги, Павлуснинг ўзи асос солган жамоатларга йўлланган. Римдаги жамоат тўсатдан, империя пойтахтига келгандан кейин, ўша ерда қолишга қарор қилган масиҳийлар сабаб пайдо бўлгандек туюлмоқда. Римдаги жамоатнинг асосчиси айнан Ҳаворий Павлус эканлигини тасдиқловчи ҳеч қандай тарихий ёки Муқаддас Калом далиллари мавжуд эмас.
1) Ҳаворийлар китобининг 2:10 оятида, Қуддус шаҳрига Элликчилар куни байрами туфайли ташриф буюрган яҳудийлар орасида, Римнинг аҳолиси бўлганлиги ҳақида айтилган. Ўз уйларига қайтиб келгандан сўнг, улар масиҳий жамоатни ташкил қилишган. Агар ушбу маълумотни ҳисобга олмай қарасак, Римдаги жамоатнинг пайдо бўлиш тарихи ноаниқлигича қолаверади; шуни нарса маълумки, империянинг ҳамма қисмларидан масиҳийлар ҳар доим Римга келаверишган. Шу сабаб жамоат ҳаворийларнинг аниқ мақсадлари сабаб эмас, тўсатдан, ўз ўзидан пайдо бўлганлигига ҳайратланмасак ҳам бўлаверади.
2) Шунга қарамай, саёҳатлар сабабми ёки умумий танишлар орқалими, Павлус Римдаги кўпгина масиҳийларни, шахсан бўлмасада, сиртдан билган, айнан ўша инсонларнинг исмларини у Мактубнинг 16 бобида санаб ўтган. Павлусга кўпгина масиҳийларнинг фақатгина исмларигина маълум бўлганлигига қарамай, у, барча қолган масиҳийларга ҳам тегишли бўлган, иккита улар ҳақидаги муҳим далилни билган. Павлус “Худо уларнинг ҳаммаларини яхши кўриб, Ўзининг азиз халқи бўлишга чорлаганлигини” билган.
3) “Ўзининг азиз халқи бўлишга чорлаган”. “Римдаги ушбу масиҳийлар, Худонинг азиз халқи, яъни муқаддас бўлишга чақирилганлар бўлишган. Улар муқаддас бўлганликлари учун Худо томонидан даъват этилмаганлар, аксинча, Худо уларни чорлаганлиги сабаб, муқаддасларга, Унинг азиз халқига айланишган” (Сперджен).
б. “Отамиз Худо сизларга иноят ва тинчлик ато қилсин.” Павлус ўз китобхонларига ўзининг машҳур саломлашув сўзларини ишлатган ҳолда, анъанавий юнонча иноят ва яҳудийча тинчлик тилаш истакларини бирлаштирган ҳолда, расмий тарзда мурожаат қилмоқда. “Иноят ва тинчлик бўлсин” деган жумла, шунчаки инсон томонидан айтилаётган эзгу ният эмас; бу бизнинг “Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳдан” келиб чиқадиган инъомлардир.
в. “Авваламбор, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукур қиламан, чунки бутун дунё сизларнинг имонингиз ҳақида гапиряпти”. Павлус, Рим жамоати яхши обрўга эга бўлганлигидан миннатдор эди. Ўзининг жойлашуви сабаб, жамоат ҳаммага маълум эди ва Исони бутун империяга улуғлаш имкониятига эга эди.
1) Римдаги масиҳийларга кучли бўлишга тўғри келган. “Римдаги масиҳийлар машхур бўлишмаган, уларни инцест ва каннибализмда гумон қилиб, “инсон зотининг душмани” деган номни ҳам беришган. Бошида кўпчиликни ташкил қилган ушбу масиҳийлар, тез орада империя ғазабининг қурбонига айланишган. Айнан Нерон даврида масиҳийларга уюштирилган қувғинлар, анъанавий равишда Павлуснинг қурбонларча ҳалок бўлганлигини тасвирлашда безак сифатида хизмат қилиб келишмоқда” (Брюс)
2) “Католиклар ҳеч қандай асоссиз, ушбу оятлар Римдаги жамоатнинг энг бош жамоат эканлигини тасдиқлайди, деб ҳисоблашади; бироқ биз Салоникадаги жамоат худди шундай юқори мақтовга сазовор бўлганлигини кўришимиз мумкин (1 Салоникаликларга 1:8 қаранг)” (Брюс).
г. “мен доим сизлар учун ибодатқиламан”. Павлус, Римдаги масиҳийлар, у улар учун ва уларнинг олдиларига кела олиш имконияти пайдо бўлиши учун ибодат қилишини билишларини истарди (Агар ироданг бўлса, имкон бер, мен бориб, Римдаги биродарларимни кўриб келай).
1) ”Уларнинг барча ишларда баракотли бўлганликлари ҳайратланарли эмас, ахир Павлус ҳар бир ибодатида уларни хотирлаб, улар учун ибодатда бўлган. Баъзи бир жамоатларда ҳам, агар кимдир одатдагидан кўра кўпроқ улар учун ибодат қилганида, ишлар юришиб кетган бўларди” (Сперджен).
2) Оятда ишлатилган “Худо шоҳид” деган жумлада, Павлус, бировга сен учун ибодат қиламан, деб айтиб, кейин айтганни бажармаслик жуда осон эканлигини очиқ эътироф этаётганга ўхшайди. Павлус Римдаги масиҳийлар бир нарсани аниқ билишларини истарди: у ростдан ҳам улар учун ибодатда бўлган.
д. “сизларнинг олдиларингизга боришни режалаштиргандим… бошқа халқлар орасида Хушхабарни айтиб, яхши натижаларга эришдим. Римда ҳам шундай натижаларга эришишни истайман”. Павлуснинг Римдаги жамоатга бориш нияти фақатгина уларга нимадир бериш истаги билан эмас, нимадир олиш истаги билан ҳам боғлиқ бўлган, чунки Павлус шу нарсани яхши билган: улар, ўзларининг “умумий имонларида” бир бирларига нимадир бера оладилар.
е. “Биродарлар, билиб қўйинглар, мен кўп марта сизларнинг олдингизга боришни режалаштиргандим, аммо ҳеч йўл очилмади”. Кўп вақт давомида Павлус Римга боришга уринган, аммо ташқи шароитлар унга халақит беришган. Эҳтимол, душманларидан бири Павлусни Римда, империянинг пойтахти “олий лигада” хушхабарни ваъз этишга боришдан қўрқяпти, деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин.
ж. “Менинг бурчим маданиятлию маданиятсизларга, зиёлию саводсизларга Хушхабарни айтишдан иборат”. Павлус Рим олдида қарздор эканлигини биларди. Рим империяси ўзи билан биргаликда тартиб ва тинчликни олиб келган, ушбу империя бутун жаҳонга умумий маданиятни ва ажойиб транспорт тизимини берган. Павлус, бутун жаҳонга хушхабарни етқаза туриб, ушбу барча имкониятлардан фойдаланган. Шунинг учун ҳам Рим олдидаги қарзини узишнинг энг яхши йўли, уларга Исо Масиҳ ҳақидаги хушхабарни айтиш имкони, деб ҳисоблади.
1) Павлус бутун жаҳон бўйлаб юриб, ўзи ишлаб, тинимсиз хушхабарни тарғиб қилган, чунки у ўзини бутун жаҳон олдида қарздор деб ва ўша қарзни бериши зарур деб, ҳисоблаган.
з. “тайёрман”. Сперджен, “тайёрман” деган жумла, Павлуснинг шахсий шиори бўлмаганмикан деган саволни берган. Нажот топган Павлуснинг оғзидан деярли биринчи бўлиб чиққан сўзлар: “Ё Раббий, нима қилишимни буюрасан” деган сўзлар бўлган (Ҳаворийлар 9:6).
·Павлус ваъз айтишга ва хизмат қилишга тайёр бўлган (Римликларга 1:15)
·Павлус азоб чекишга тайёр бўлган (Ҳаворийлар 21:13)
·Павлус нохуш ишлар билан ҳам шуғулланишга тайёр бўлган (2 Коринфликларга 10:6)
·Павлус ўлимга ҳам тайёр бўлган (2 Тимўтийга 4:6).
1) Цинцендорф жамоати, ўзининг аъзоларидан бирини Гренландияга хизматга юборишга отланади. У одам илгари ҳеч қачон у шаҳар ҳақида ҳаттоки эшитмаган бўлади, бироқ жамоат раҳбари уни чақириб, унга шундай дейди: “Биродарим, Гренландияга борасанми?”. У инсон: “Ҳа, жаноб” деб жавоб беради. “Қачон йўлга отланишга тайёрсан” деб сўрашади ундан. “Пояфзалим пояфзалчидан келган заҳотиёқ” деб жавоб беради ўша инсон. Ва дарҳақиқат, поябзалини олган заҳотиёқ, йўлга отланади. Ўша инсонга бир жуфт оёқ кийимидан бошқа ҳеч нарса керак бўлмаган ва у ўз жойини ташлаб кетишга ҳам тайёр бўлган. Павлус бўлса умуман ҳеч нарсани кутиб тўрмай, дарҳол “Мен тайёрман” деб айтган. О, ҳаёт ташвишлари билан боғлиқ бўлмаган, Худо уни қаерга чорласа ўша ерга боришга ва Унинг иродасини дарҳол бажаришга тайёр бўлган инсонни топиш нақадар қимматлидир!” (Сперджен).
и. “Шунинг учун мен сизларга, яъни Римдагиларга ҳам Хушхабарни айтишга интизорман”. Бу, жасорат ва мардлик овози. “О, дунё! Кел, бир сенинг энг жасоратли ва буюк фуқароларингга назар солайлик. Бутун тарихда Павлусга ўхшаган яна бирор бир инсон борми? Александр, Буюк Қайсар, Наполеон каби буюк шахслар ўз қўшинларининг ҳимояси остида жангга чиққан ҳолда, бошқаларни ўз иродаларига бўйсундириш учун жангларга отланишган. Павлус бўлса, биргина Исо ҳамроҳлигида фақатгина олдинга бориш ва шайтон томонидан мустаҳкамланган бу дунёнинг энг буюк марказларига бориб, унинг шахсий сўзларига асосан “яҳудийлар учун васваса, юнонлар учун телбалик “ бўлган “хоч ҳақидаги каломни” етказиш истаги билан ёнган” (Ньюэлл)
1) Тақдирнинг ҳазили билан (Худонинг сирли ҳазили руҳида), Павлус ниҳоят Римга отланганида, у ушбу шаҳарга асир ва кема ҳалокати асири сифатида келди.
2) “Павлус Римга давлат ҳисобидан юборилишини ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак, лекин ҳаммаси айнан шундай содир бўлди. Рим салтанатига Павлусни кема ҳамда қўриқчилар билан таъминлашга тўғри келди; у шаҳарга асирга олинган элчи сифатида кириб келди. Қачонки биз бирор нарсани жуда истаб, Худодан ибодат қилиб сўраганимизда, Худованд биз сўраётган яхшиликни бизларга бериши мумкин, бироқ, бу нарса айнан биз хоҳлаган ва кутган тарзда берилмаслиги мумкин. Павлус истаганидек Римга борди, бироқ, асир сифатида борди” (Сперджен).
4. 16–17 оятлар. Павлусўқийдиганларга ўз мактубининг мавзусини тақдим этмоқда: Исо Масиҳнинг Хушхабарида намоён бўлган Худованднинг солиҳлиги.
“Мен Хушхабардан ор қилмайман, чунки Худонинг куч–қудрати бўлган бу Хушхабар орқали унга ишонганларнинг ҳаммаси қутқарилади. Ишонадиганлар яҳудийми, ғайрияҳудийми, фарқи йўқ! Бу Хушхабарда ошкор қилинганки, Худо инсонларни имон орқали, ҳа, фақатгина имон орқали оқлайди, чунки Муқаддас битикларда: “Солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади”, деб ёзилган”.
а. Ўзини таништирганидан сўнг, Павлус, Римликларга ёзган мактубининг “муаммосини баён қилишга” ўтмоқда. Леон Моррис Римликлар 1:16-17 оятларга шарҳлов бера туриб, шундай деган: “Бу икки оятнинг аҳамияти, ўзининг узунлигига мутаносиб эмас”.
б. “Мен Хушхабардан ор қилмайман”. Бу ерда бизга Павлуснинг юраги намоён бўлмоқда. Римдек талабчан ва васвасага тўла шаҳарда, бошқа биров, ҳатто аҳолининг энг қуйи қатламлари қабул қилаётган, яҳудийларнинг хочга михланган Нажоткори ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилганида, ўзини ноқулай ҳис қилган бўларди; бошқалар ноқулайлик ҳис этиши мумкин, бироқ Павлус эмас. У Инжилдан ор қилмаган.
в. “чунки Худонинг куч–қудрати бўлган бу Хушхабар орқали унга ишонганларнинг ҳаммаси қутқарилади”. Ўз марказида хочда михланган Исо Масиҳга эга бўлган Хушхабардан, айнан мана шу сабаб, Павлус ор қилмаган. У, Хушхабар – яъни Исо Масиҳнинг Хушхабари – ундан ажратиб бўлмайдиганички бир кучга эга эканлигини билган. Хушхабарга куч ато этадиганлар биз эмас; агар биз унумдорлик билан ушбу Хушхабар билан бўлишаётган бўлсак, демак шунчаки унинг кучига тўсқинлик қилмаётган бўламиз.
1) Хушхабар – дарҳақиқат хабардир, аммо шунчаки оддий маълумот эмас. Унда ички куч мужассамлаштирилган. “Хушхабар бу инсонларга қаратилган, уларга қандай қилиб кўтарилиш мумкин эканлигини айтадиган маслаҳат ҳам эмас. Унда куч мавжуд. Ўша кучнинг ўзи уларни кўтаради. Павлус, Хушхабар куч беради дегани йўқ; Павлус Хушхабарнинг ўзи куч, Худонинг кучи, деб айтган» (Моррис).
2) Римнинг аҳолиси, куч қудрат ва ҳокимият ҳақида биз ҳаммасини биламиз, деб ўйлашган бўлсалар керак. “Римликлар ҳамма нарсадан кўра кўпроқ айнан ўз кучлари билан ғурурланишган ва мақтанишган. Эҳтимол Юнон ўз фалсафасига эгадир, бироқ куч Римга тегишли” (Уирсби). Аммо, бутун куч ва қудратларига қарамай, римликлар ҳам, бошқа инсонлар сингари Худо олдида солиҳ бўлишда заиф бўлишган. Қадимги файласуф Сенека Римни “қонунбузарликни тарқатувчи йўлакча” деб атаган бўлса, қадимги ёзувчи Ювенал Римни “империянинг барча қолдиқлари тўпланадиган ахлатхона” деб атаган.
3) “қутқарилади”. Рим дунёсида, Павлуснинг даврида, ҳамма инсонлар нажот қидиришган. Файласуфлар инсоният касал ва у ёрдамга муҳтож деган фикрда бўлишган. Эпиктет ўзининг маъруза залини, “азоб чекаётган жон касалхонаси” деб атаган. Эпикур бўлса, ўз таълимотини “нажот берувчи дори” деб атаган. Сенека, “ҳар бир инсон нажотни кутади”, чунки “оддий масалаларда ҳам ўзининг заиф ва бефойда” эканлигини билади, деб айтган. Эпиктет яна шундай деган: “инсонлар Цезарь эълон қилаётган тинчликни эмас, Худодан келадиган тинчликни қидиришмоқда” (Барклидан олинган илова).
4) Хушхабарнинг нажот берувчи кучи, “ишонганларнинг ҳаммасига” мўлжалланган. Худованд “имонли” бандасиданнажотниаямайди. Ягона шарт – имон келтиришдир.
г. “Ишонадиганлар яҳудийми, ғайрияҳудийми, фарқи йўқ!”. Бошқа таржималарда, “аввало яҳудий, сўнг турли халқдан имон келтирган ҳар бир киши учун” деб ёзилган. Бу, биз Исонинг хизматида (Матто 15:24) ва шогирдларнинг бошланғич хизматларида (Матто 10:5-6) кўришимиз мумкин бўлган Хушхабар тарғиботининг тамойилларидир.
1) Бунинг маъноси шундан иборатки, Хушхабар аввал этник ва маданий яҳудийларга, кейин эса юнон маданияти вакилларига тарғиб қилиниши керак бўлган. “Ўша вақтга келиб, “юнон” деган сўз, ўзининг миллий маъносини бутунлай йўқотган бўлган. Бу сўз Греция давлатида истиқомат қиладиган халқ вакилларинигина англатмаган…(Юнон) деб, юнон маданияти ва юнонча фикрлаш усулини билган ҳар бир инсонни аташган” (Баркли).
д. “бу Хушхабарда ошкор қилинганки”. Рус тилидаги таржимада, “Хушхабарда Худонинг ҳақиқати ошкор қилинган” деб ёзилган. Бунинг маъноси жуда оддий: Хушхабарда бизларга Худонинг адолати очиб берилган. Имонга эга бўлган ҳар бир инсон, Ҳабаққуқ 2:4 оятда айтилганидек “Солиҳлар” (яъни оқланганлар) Худога бўлган садоқати туфайли тирик қолади».
1) Хушхабарда ошкор қилинган “Худонинг ҳақиқати” нима эканлигини баътафсил кўриб чиқиш зарур. Бу ерда, гуноҳкорни айбловчи Худованднинг муқаддас адолати ҳақида сўз юритилмаяпти, ўз умидини Исо Масиҳга боғлаган ҳар бир гуноҳкор инсон эга бўладиган Худонинг адолати ҳақида сўз юритилмоқда.
2) “ҳақиқат” (солиҳлик). Уильям Баркли том маънода “Мен оқлайман” деган маънони англатувчи қадимги юнонча dikaioo сўзини ва унинг ўзагида ётган dikaioun (солиҳлик) сўзларининг мазмунини тушунтириб берган: “Юнон тилидаги барча “оо” деб якунланадиган феъллар, инсонни маълум бир тарзда қабуд қилиш, ҳисоблаш ёки инсонга маълум бир тарзда муносабатда бўлиш деган маъноларни англатади”. Агар Худованд гуноҳкорни оқлаётган бўлса, бу нарса Худо инсонни оқлайдиган далилларни топди дегани эмас; асло бундай эмас! Бу нарса Худованд гуноҳкорни яхши инсонга айлантирди, дегани ҳам эмас. Бу нарс, Худо гуноҳкорга, гўёки у гуноҳкор бўлмагандек муносабатда бўлмоқда, деганидир.
3) “Лютернинг ҳаётидаги энг бахтли кун, у Римликларга бўлган Мактубда сўз юритилган “Худонинг ҳақиқати” “Худонинг имонлини солиҳликка буркашга қарор қилганлигини” ангатишини билган куни бўлган” (Ленски).
4) Бу эътироф, биз Худонинг ушбу солиҳлиги имонлиларга берилишини англаб етганимизда, янада жозибалироқ янграйди. Энг муқаддас одамга хос бўлган ёки гуноҳ пайдо бўлишига қадар Адан боғида яшаган бегуноҳ Одам Атога хос бўлган солиҳлик ҳам эмас бу. “Оқланишга олиб келадиган солиҳлик учун, Худо билан боғлиқ бўлган бача нарсаларга хос бўлган мукаммаллик хосдир. Бу Худованднинг солиҳлигидир” (Мюррей).
5) Исо Масиҳга бўлган имон (умид), оқланганларнинг (солиҳ деб аталганларнинг) ҳаётий пойдеворига айланади; дарҳақиқат, “солиҳ, Худога бўлган садоқати туфайли тирик қолади”. Улар имонлари орқали нафақат нажот топадилар, балки имонлари туфайли “тирик қоладилар”.
е. “имон орқали, фақатгина имон орқали”. Эҳтимол, ушбу оддий бўлмаган жумла остида, “бошидан охиригача имон орқали” деган маъно ётгандир. Инглиз тилидаги таржималардан бирида (NIV), ушбу оят қуйидаги янграйди: “Биринчидан бошлаб охиргигача имон орқали”.
1) “У: “Имон ва ишлар орқали” ёки “Ишлар ва имон орқали” деб айтгани йўқ, аммо “имон орқали, фақатгина имон орқали” деб айтган, яъни айнан ва ёлғиз имон орқали” (Пул).
2) “Эҳтимол ушбу жумла, имонлиларга, уларни оқлайдиган имон бу Исо Масиҳда бўлган ҳаётнинг бошланиши эканлигини эслатиш заруриятини айтаётгандир. Худонинг фарзандига айлангандан сўнг ҳам, имонли кейинги бутун ҳаёт йўлида айнан мана шу йўналишда ҳаракат қилмоғи лозим” (Харрисон). Худди шундай фикрнинг акс садоси, Павлуснинг Галатияликлар 3:1-3 оятларида айтган сўзларида янграйди.
В. Нима учун инсонга имон орқали бериладиган солиҳлик зарур: бутун инсониятнинг умумий айби.
1. 18 оят.а. Худонинг ғазаби инсоният учун энг даҳшатли хавфдир.
“Самодан Худонинг қаҳри ёғилади”.
а. “Самодан Худонинг қаҳри ёғилади”. Оятда берилган ғоя жуда оддий, бироқ инсонни жуда ҳушёр бўладиган қилади: самодан, бутун инсониятга қарши Худонинг қаҳри ёғилиш арафасида, чунки инсоният фақатгина Худонинг қаҳрига лойиқ.
б. “Худонинг қаҳри”. Баъзан биз “Худонинг қаҳри” деган ғояга қарши чиқамиз, чунки Худонинг қаҳрини, бизнинг шахсий, худбин сабабларимиздан ёки қасд олиш истакларимиздан рағбатланадиган исносий қаҳр билан тенглаштирамиз. Биз “Худонинг қаҳри” табиатан тўлиқ адолатли эканлигини унутмаслигимиз лозим.
1) “Худонинг ғазабини ҳиссий таркибий қисмдан маҳрум қилган ҳолда, Муқаддас Калом тушунчасининг моҳиятини бузишнинг ҳожати йўқ…” Агар Худонинг қаҳрини шунчаки гуноҳни жазолаш истаги сифатида ёки гуноҳ ва умидсизликнинг ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамловчи восита сифатида кўриб чиқадиган бўлсак, бу нарса, ғазаб – бу Худонинг онги ичидаги маълум бир ҳаракат эканлигини эътиборсиз қолдирган ҳолда, қаҳр ва унинг оқибатларини бир хил даражага келтириб қўйганлигимизни англатади. Қаҳр – бу Унинг поклигига қарши бўлган барча нарсаларга нисбатан Худода уйғонадиган муқаддас нафрат ва жирканишдир (Мюррей).
2) Римликлар 1:16 оятда Павлус бизларга нажот ҳақида гапиради, қизиқ, биз нимадан ҳалос бўлар эканимиз? Энг биринчи навбатда ва энг муҳим ўринда, биз, адолатли тарзда лойиқ бўлган Худонинг қаҳридан ҳалос бўламиз. “Агар бизларга ҳеч нарсадан халос бўлиш керак бўлмаса, нажот ҳақида сўз юритишнинг нима ҳожати бор?” (Моррис).
в. “Худонинг қаҳри”. Мактубнинг ушбу қисмида (Римликларга 1:18; 3:20), Павлус ўз олдида Хушхабарни эълон қилишни мақсад қилиб қўймаган. Бу ерда у Худонинг адолатли қаҳридан нажот топиш ҳақидаги Хушхабарнинг тўлиқ заруриятини кўрсатиб бермоқда.
1) Худонинг қаҳри Хушхабарда эмас, инсоният ҳаётининг далилларида намоён бўлади.
2. 18б – 23 оятлар. Нима сабаб инсоният Худованд олдида айбдор: бизнинг “фосиқлигимиз ва адолатсизлигимизнинг” намоён бўлиши.
«Барча фосиқлигу адолатсизлик устига самодан Худонинг қаҳри ёғилади, чунки инсонлар ўз адолатсизликлари билан ҳақиқатга тўсқинлик қиляптилар. Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир. Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган. Борлиқ яратилгандан бери Худонинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти очиқ кўриниб турибди. Худонинг ижодига қараб, Унинг хусусиятларини тушуниб олса бўлади. Шундай экан, улар: “Худони билмаймиз” деб баҳона қилолмайдилар. Улар Худони билсаларда, Уни улуғламадилар, Унга шукур қилмадилар. Аксинча, беъмани ўй хаёлларга берилиб кетдилар, уларнинг нодон онглари зулматга чўкди. Улар ўзларини ақлли деб ҳисоблайдилар, аслида эса нодондирлар. Улар мангу, улуғвор Худога эмас, балки ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи жониворлар суратидаги бутларга сажда қилдилар».
а. “фосиқлик”. Бу сўз инсон Худога қарши қиладиган ишлар билан боғлиқ. “Адолатсизлик” деган сўз эса, инсоннинг бошқа инсонга нисбатан қилган гуноҳкорона ишлари билан боғлиқ.
б. “ўз адолатсизликлари билан ҳақиқатга тўсқинлик қиляптилар”. Инсоният дарҳақиқат Худонинг ҳақиқатига тўсқинлик қилмоқда. Инсонлар, аввал ҳам, ҳозир ҳам – Худо уларга очиб бераётган ҳар бир ҳақиқатга қарши курашиб, уни атайлаб айтмай, оёқ ости қилганлар.
в. «Худонинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти очиқ кўриниб турибди». Худованд бизларга Ўзининг “абадий қудрати ва илоҳиётини” Ўзи яратган борлиқ орқали намоён қилган. Худо ҳақидаги умумий ваҳий, бутун борлиқда ҳам,инсоннинг онги ва қалбида ҳам яққол намоёндир.
1) “кўриниб турибди”. Ушбу ваҳийнинг умумий характер ива унинг яққол намоёнлиги, инсонларга, нима сабаб ушбу ваҳийга эътиборсиз бўлганликларини тушунтириб беришга ёки оқлашга ҳеч қандай имкон қолдирмайди (Шундай экан, улар: “Худони билмаймиз” деб баҳона қилолмайдилар). “Инсонлар ўзларининг имонсизликлари ва аҳлоқсизликларини оқлашга уринган холда, Худовандни улардан яширинганликда айблай олмайдилар” (Ленски)
г. “Улар Худони билсаларда, Уни улуғламадилар”. Муаммо инсоннинг Худони билмаслигида эмас, муаммо инсон Худони била туриб, “Уни улуғламаганликларида”. Шунинг учун ҳам инсоният ҳеч қандан “баҳона қилолмайди”. Биз Худовандни улуғлаш ўрнига, саждамизни, бизнинг бузуқ ва зулмат билан қопланган қалбларимизга манзур бўлган шакл ва тимсолларни бериб, У ҳақида бўлган тушунчамизни ўзгартирдик.
1) “Барчаларингиздан қуйидаги нарсани белгилаб ўтишингизни сўрайман, олдимдаги матнга асосан, агар бизнинг билимларимиз, бизларни муқаддас ҳаётга олиб бормаётган бўлса, уларнинг заррача қиммати йўқ. Улар Худони билдилар, аммо бу билимларидан заррача фойда олганлари йўқ, чунки “билиб туриб, Худовандни улуғламадилар”. Шундай экан, менинг қадрли, кўп нарсани билганлигидан таълимотлар устида, огғидан кўпагини учириб, мунозаралар юритишга тайёр бўлган илоҳиётни севувчиларим, сизнинг нимани билишингизнинг ёки қандай фикрда эканлигингизнинг аҳамияти йўқ, агар ушбу билимларингиз сизни Худони улуғлашга ва Унга шукрона айтишга олиб келмаётган бўлса” (Сперджен).
2) Инсониятга, шахсан ўзига ўхшаш ўткинчи тимсолларга ёки ҳатто инсонлардан ҳам пастроқ турадиган нарсалар тимсолларига ўхшаш худони яратиш васвасасига қарши туриш жуда қийинга ўхшайди. Аянчли томони шундаки, биз қандай худога хизмат қилаётган бўлсак, айнан ўша худога ўхшаб қоламиз.
3) Биз учун энг муҳими бу – бизнинг Худованд ҳақида бўлган тасаввурларимизни, ҳақиқат билан, яъни Худонинг Каломи У ҳақида нима деб айтаётганлиги билан, доимо солиштириб кўришликдир. Акс ҳолда бизни, ўзи яратган худога сажда қилишда айблаш мумкин бўлиб қолади.
4) Римликлар 1:23 оятда эслатиб ўтилган “бут” сўзи, қадимги юнон тилида eikon сўзи сифатида янграйди. “Худонинг мангу, улуғвор” шуҳратини, инсоний тасаввур орқали яратилган қандайдир “бутга” (eikon) алмаштиришжуда хавфлидир.
д. «Унга шукур қилмадилар». Инсоннинг Худога бўлган ношукурлиги жуда ҳайратланарли. “Мен инсон зоти ҳақида айта оладиган энг ёмон нарса, бу одамларнинг ўз хайрихоҳчиларига нисбатан ношукурликларидир. Ва қачонки инсон ҳақида, у Худога нисбатан ношукур дейилса, бу ўша инсонга берилаётган энг ёмон сифатдир” (Сперджен).
1) “Аммо қачонки сен Худони Худо сифатида улуғласан, ва ҳаммаси учун Ундан миннатдор бўлсанг, камбағал пуритан билан бирга бир пиёла совуқ сув ичиб, бир чимдим нон еб: “Бу немаътлардан ташқари, Худованд Исони ҳам бизга бердими” деб айта олсанг, ўшанда сен бахтиёр ва бошқаларни ҳам бахтиёр қила оладиган бўласан. Тақводор воизхон, кечки овқати фақатгина озгина картошка ва балиқдангина иборат эканлигини кўрганида, Худовандга, фарзандларимга егулиб бераман деб, еру денгизларни тескари айлантирганигга шукроналар бўлсин, деб айтган. Бундай ширин юрак, кўпгина қалбларга севги улашиб, инсонга дунёда қувноқ ва тетик юришига ёрдам беради” (Сперджен).
е. “улар ўзларини ақлли деб ҳисоблайдилар, аслида эса нодондирлар”. Худованд ҳақидаги умумий ваҳийни рад этиб, биз ақллироқ ёки яхшироқ бўлганимиз йўқ. Аксинча, инсоният “беъмани ўй хаёлларга берилиб кетди…нодон онги зулматга чўкди.” Биз “нодонларга” айландик.
1) Далил: Худованднинг Исодаги ҳақиқатини рад этгандан сўнг, инсон ўша заҳоти, суст ва афсонавий тизимларга таянган ҳолда, у Худода рад этаётган нарсалар билан тенглаша олмайдиган қандайдир аҳмоқона нарсаларга берилади.
2) Беҳуда ва майда чуда фикрлар, қалбнинг қорайиши ва аҳмоқона ишлар, Худо ҳақидаги ваҳийни инкор этган инсонларга қаратилган Худонинг қаҳри адолатли эканлигини кўрсатувчи мисоллардан бири бўлиб хизмат қилади. Бир томондан, Худованднинг бизга нисбатан бўлган ҳукми, гуноҳнинг лаънати қандай фожиали ҳалокатларга олиб келиши мумкинлигини синаб кўришимиз учун берилади.
3. 24-32 оятлар. Инсоннинг Худованд олдидаги айбининг фожиали оқибатлари.
“Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Шу сабабдан улар бир бирлари билан беҳаё ишлар қиладилар. Улар Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Яратувчига эмас, балки яратилганга сажда қилиб, хизмат қиладилар. Яратувчи Худогагина тоабад ҳамдлар бўлсин! Омин. Ҳақиқатни рад қилганлари учун Худо уларни ўзларининг беҳаё эҳтиросларига топширди. Ҳатто аёллар ҳам бирлари билан жинсий алоқа қилдилар. Худди шунингдек эркаклар ҳам аёллар билан бўладиган табиий жинсий муносабатдан воз кечиб, бир бирларига нисбатан шаҳвоний хирс билан ёндилар. Эркалар бир бирлари билан беҳаё ишлар қилиб, қилмишларига яраша жазо тортяптилар. Бу одамлар Худони таниб билишни рад қилганлари учун, Худо уларни бузуқ хаёлларга топшириб қўйди, оқибатда улар қилиш мумкин бўлмаган ишларни қиладилар. Улар ҳар турли адолатсизлик, ёмонлик, очкўзлик ва ёвузликка тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар. Улар ғийбатчи бўлиб, одамларнинг орқасидан гапирадилар. Худодан нафратланадилар. Улар сурбет, такаббур, мақтанчоқдирлар. Улар ёвуз ишлар қилишнинг ҳар хил йўлларини топадилар, ота оналарига итоат қилмайдилар. Улар нодондирлар, уларга ишониб бўлмайди, уларда меҳр шавқат йўқ. Худонинг қонунида, шундай ишларни қиладиган одамлар ўлимга лойиқ, деб айтилганини биладилар. Шундай бўлсада, улар нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки ўшандай ишларни қилувчиларни қўллаб қувватлайдилар.”
а. “шунинг учун Худо… қолдирди”. Худованд Ўзининг одилона қаҳри ва ҳукми асосида, инсонни, унинг юрагидаги нопок ниятлар ва гуноҳлар ҳукмига қўйиб беради, гуноҳнинг натижаси бўлмиш – ўз ўзини вайрон қилишликни бошимиздан ўтказишимизга тўсқинлик қилмай қўяди. Бу жумла шу даражада муҳимки, Павлус уни ушбу парчада уч маротаба такрорламоқда.
1) Хўшея 4:17 оятни ўқиганимизда, Худованд хукмининг қатъийлигини, бизни “топширувчанлигини” яъни бизларни ўз гуноҳларимизга қўйиб берувчи эканлигини кўришимиз мумкин: “Эфраим халқи кўнгил боғлади бутларга, билганларини қилишсин, қўйинг уларни ўз ҳолига!”.
2) Худонинг раҳм шавқати ёки инояти (меҳрибонлиги) инсонга гуноҳ қилишда давом этишга йўл қўйиб беради, деб ўйласак, адашган бўламиз. Аслида, Унинг ғазаби бизларга гуноҳ қилишда давом этган ҳолда, ўз ҳаётимизни барпод қилишга йўл қўйиб беради.
б. “улар Худо ҳақиқатини ёлғон билан алмаштиришди”. Ўз итоатсизлигимизда Худога қарши бориб, қўзғолон кўтарган ҳолда, биз “Худонинг ҳақиқатини” ўзимиз танлаган “ёлғон билан алмаштирамиз” ва “Яратгувчи ўрнига яратилганга сажда қиламиз”.
1) Павлус маълум бир иборани ишлатмоқда, у қандайдир номаълум бир ёлғон ҳақида эмас, аниқ бир ёлғон ҳақида сўз юритмоқда. Бу ёлғон аслида, биз Худованднинг ўрнини эгаллаганимизда намоён бўладиган бутпарастликдир. Бу ўша, энг биринчи ёлғон: “…Худога ўхшаб қоласизлар”. (Ибтидо 3:5).
в. “Ҳақиқатни рад қилганлари учун Худо уларни ўзларининг беҳаё эҳтиросларига топширди”. Павлус ушбу мактубни Коринфда бўлганида ёзган, Коринф шаҳрида эса жинсий нопоклик ва маросимий фоҳишаликнинг турли хил турлари билан, очиқ ойдин ва эркин шуғулланишган. Римликларга 1:21 оятда Павлус ишлатган атама, айнан мана шу турдаги жинсий аҳлоқсизлик ва бутпарастликка тегишли.
1) Ушбу оятдан бошлаб, Павлус ҳайратлантирадиган даражадаги кескинлик ва очиқ ойдинлик билан, ғайрияҳудийлар дунёсининг нақадар бузуқлигини ва уларнинг гуноҳларини тасвирлаб беради. Павлус бу нарсалар ҳақида шу даражада очиқ ва тўғридан тўғри гапирганки, ҳатто Сперджен ушбу оятни оммавий ўқилиши керак бўлмаган оят деб ҳисоблаган. “Римликларга бўлган мактубнинг биринчи боби, Худо Каломидаги энг ёқимсиз парча. Ушбу бобни овоз чиқариб ўқишни истамаган бўлар эдим; чунки бу боб бу нарсага мўлжалланмаган. Ушбу бобни яхшиси уйда ўқинг ва бутпарастлар дунёсининг иллатларини кўриб ҳайратланинг” (Сперджен).
г. “Ҳатто аёллар ҳам бир бирлари билан жинсий алоқа қилдилар”. Павлус гомосексуализмнинг ҳам аёллар орасидаги, ҳам эркаклар орасидаги турларини, Худо уларни қандай беҳаё эҳтиросларга топширганлигини кўрсатиш мақсадида мисол сифатида ишлатмоқда.
1) Баъзилар, Худо Каломида лесбиянча муносабатлар тўғридан тўғри ҳукм қилинмаган, деб ҳисоблашади. Аммо, Римликлар 1:27 оятдаги “ҳатто аёллар ҳам” деган жумла, ушбу оятда ҳукм қилинаётган гомосексуализм гуноҳи, аёллар содир қилган гуноҳ билан боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда (Римликлар 1:26).
2) Павлус бу ерда ҳаттоки оддий “эркаклар” ва “аёллар” деган сўзларни ишлатмаган. У, бу жинсий гуноҳ, инсон қадр қимматидан ғоятда паст эканлигини таъкидлаш мақсадида, анъанавий терминалогиядан ташқари бўлган жинсийликни тасвирлаш учун, “эркак жинси” ва “аёл жинси” деган атамалардан фойдаланган.
3) Павлус парчада келтирилган барча нарсаларни, “беҳаё эҳтирослар” қаторига – носоғлом, покликдан маҳрум ишлар қаторига қўшмоқда. Шуни эътиборга олиш муҳимки, Павлус, гомосексуализмни қўллаб қувватлайдиган маданият ичида яшаган. Павлуснинг мактуби,унинг фикрига қўшиладиган маданият вакилларига ёзилган бўлмаган.
4) Павлус ўз мактубини, гомосексуализмни (ҳам аёллар орасидаги ҳам эркаклар орасидаги) шунчаки ҳаёт тарзининг бир қисми деб қабул қиладиганларга ёзган. Деярли 200 йил давомида, Рим салтанатини бошқарган эркаклар, очиқ тарзда гососексуализм билан, шу жумладан ёш ва ўсмир ўғил болалар билан ҳам, ушбу нопок ишлар билан шуғулланишган.
5) Вақти вақти билан, Рим салтанатида, қонунийлаштирилган гомосексуал фоҳишаликка нисбатан махсус солиқ жорий қилишган; ушбу тадбиркорлик билан шуғулланадиган ўғил болаларнинг, ҳаттоки алоҳида ўз байрамлари бўлган. Бир хил жинсга тегишли инсонлар орасидаги никоҳ, қонун томонидан тасдиқланган; ҳатто баъзи ҳукмдорлар ҳам, эркакларга уйланишган. Павлус ўз мактубини ёзган пайтда, Римда Нерон ҳукмдор бўлган. Нерон Спорус исмли ўғил болани олиб, уни кастратсия қилишни буюради; кейин эса (барча қодиларга асосан маросимни уюштириб), ўша болага уйланиб, катта тантана билан уни салтанатга олиб келиб, уни ўзининг “хотини” қилади. Кейинчалик Нерон бошқа эркак билан яшаб, ўзи унга “хотин” бўлади.
6) Замонавий маданиятда гомосексуал муносабатлар, “шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослар оғушида қолдирди, шу сабабдан улар бир бирлари билан беҳаё ишлар қилдилар” деган жумлани тўла тўкис кўрсатиб бермоқда. Статистик маълумотларга асосан, гомосексуализм билан шуғулланадиганларнинг 43% (уларнинг шахсий сўзларига қараганда), ўз ҳаётлари давомида, 500 ва ундан ортиқ жинсий шерикка ва фақатгина 1% гомосексуалистлар тўртта ва ундан камроқ жинсий шерикка эга бўлишган.
7) АҚШнинг соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ижтимоий хизмати маълумотларига қараганда, 77% гомосексуалистлар, ўз шерикларини истироҳат боғларида, 67% эса гомосексуалистларга мўлжалланган махсус барларда, 61% эса театрда, 31% эса умумий ҳожатхонада учратишганликларини айтишган. Фақатгина 28% гомосексуалистларгина, жинсий алоқада бўлишдан олдин, ўз шериклари билан ҳеч бўлмаганда бир ҳафта таниш бўлганликларини айтишган.
8) Гомосексуалистлар, ҳис туйғусиз, аноним жинсий алоқани маъқул кўрадиганга ўхшайди. Бир вақтлар Лондондаги ОИТСга чалинганларга мўлжалланган касалхоналардан бирида, ўз ҳаёти давомида олтитадан ортиқ эркак билан жинсий алоқада бўлган аёлларни, беҳаё, тартибсиз ҳаёт кечирувчи аёллар, деб санаш қабул қилинган эди. Улар эркак гомосексуалистларни эса қандай аташни билмай қолишган, чунки маълум бўлишича, уларнинг касалхоналарида ётиб чиққан эркаклар орасида, бир йил давоида олтитадан камроқ жинсий шерик алмаштирмаган ҳаттоки бирдона эркак топилмаган.
д. “қилмишларига яраша жазо тортяптилар”. Павлус гомосексуал муносабатлар учун бериладиган жазо ҳақида сўз юритмоқда; бу жазо ўша гуноҳнинг ўзида мужассамлашган. Сўз, гуноҳдаги ўзини ўзи йўқ қилиш хусусияти ҳақида боряпти: кўп холларда бу гуноҳ ўз ичида жазони ҳам олиб юради.
1) Баъзан бундай гуноҳнинг жазоси, нарсаларнинг табиий тартибига қарши зўравонликнинг оқибати бўлмиш касаллик сифатида келади. Баъзан эса бундай гуноҳнинг оқибати қўзғолон бўлади ва натижада руҳий бўшлиқ ва у билан боғлиқ қолган барча муаммолар бўлади. Ушбу маънодан келиб чиқадиган бўлсак, “гей” деган атама, асоссиз оптимизмдир (инглиз тилида gay сўзи, “қувноқ, бепарво” деган маъноларни англатади “тарж.эслат.”). Бу атама, гомосексуал ҳаёт тарзи, ўзида бахт ва беташвишликни мужассамлаштиради, деган маънони билдиради, бироқ аслида бундай эмас.
е. Яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимиз, итоатсизликдаги ушбу “эркинликни” Худонинг раҳм шавқати сифатида эмас, Унинг ҳукми сифатида кўриб чиқмоқлик лозим. Бундай ишларда иштирок этганлар, “қилмишларига яраша жазо тортяптилар”.
ж. Худо қаҳрининг кейинги босқичи – “Худованд уларни бузуқ хаёлларга топшириб қўйди”, шунинг учун ҳам улар барча уятли ва жирканж ишларни бажонидил қабул қилиб, қўллаб қувватлашади.
1) “Бузуқ” деган сўз, оригинал тилда “текширувдан ўтолмаган” деган маънони англатган. Ушбу атамани, маълум бир стандартларга жавоб бера олмаганлиги сабаб, четга олиб ташланган тангаларга нисбатан ишлатишган. Гап шундаки, агар инсон Худони англаб етишни зарур деб ҳисобламас экан, у “тасдиқланмаган” онг билан қолиб кетади.
2) “Инсоният, улар сажда қилишни истаган худолари ҳақида бўлган талаб ва тасаввурларига Худованднинг нақадар мос келишини билиш учун, Унга қарши текширув ташкил қилишди. Улар Худованднинг тасаввурларию талабларига мос эмаслигини кўриб, У саждага муносиб Худо эканлигини тан олишдан ёки Унинг иродасини англашдан бош чекишди” (Вюст).
3) “бузуқ хаёл”. Бизнинг Худога нисбатан қаршилигимиз, нафақат қилаётган ишларимизда, балки қандай фикр юритаётганлигимизда ҳам намоён бўлади. Унга қарши қўзғолон кўтарган ҳолда, биз ҳақиқий “руҳий тентакларга” айланамиз.
з. Римликлар 1:29-31 оятларда келтирилган рўйхатда, “беҳаё эҳтиросларнинг” аниқ мисоллари келтирилган. Бир нарсага эътибор беринг, рўйхатдаги “ижтимоий мақбул гуноҳлар” (масалан, ҳасад, такаббурлик ва очкўзлик) “ижтимоий номаъқул гуноҳлар” (яъни нафрат, қотиллик каби гуноҳлар) билан ёнма ён турибди.
1) “Очкўзлик” том маънода “янада кўпроқ нарсани истаб, ёнишни” билдиради.
2) “ғийбатчи” “Сирли танқидчилар; ҳақиқатми ё ёлғонми, қандай бўлишидан қатъий назар, гапларим сир, орамизда қолсин деб, биродарларига нисбатан айбловларни тарқатиб юрувчилар. Улар ўзларининг бундай сирли гаплари билан, энг аввало ўз обрўларига панд етказадилар” (Кларк).
3) “ҳасад”. Бу гуноҳни кичик, безарар бир гуноҳ, деб айтиш мумкинми? Ҳасад, сўз билан тарифлаб бўлмайдиган даражада кучли гуноҳга айланиши мумкин; ахир, қандайдир бир маънода айтадиган бўлсак, айнан ҳасад Исони хочга михлаган. “Улар Исони ҳасад туфайли қўлга туширишганини Пилат билар эди”. (Матто 27:18).
4) “такаббур”. “Доимо бошқаларни ерга уриб, ўзини баланд тутадиган, бошқаларнинг ҳисобидан ўзини юксалтирадиган ва айтган ҳар бир сўзини бошқалар гўёки осмондан келаётган овоздай қабул қилишларини талаб қиладиган инсонлар, такаббур инсонлардирлар” (Кларк).
и. Бундай ишларни “қўллаб қувватлайдиганлар”, шу ишларни қилувчилар сингари “ўлимга лойиқдирлар”. Уларнинг, Худо қаҳрининг нишонасига айланишлари адолатлидир.
к. Зўравонлик, аҳлоқсизлик, зулм ва тентакликлар нимадан бошланади? Бу нарсалар, инсонлар Худо ҳақида бўлган ҳақиқий билимни рад этганларидан бошланади. Жамиятнинг ҳолати, Худо бундай нарсаларни ҳукм қилишини яққол кўрсатиб бермоқда.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]