Ваҳий, 10 боб.
Бошқа вақт берилмайд
А. Кучли фаришта
1. 1-оят. Осмондан тушаётган кучли фаришта.
«Мен самодан тушаётган бошқа кучли бир фариштани кўрдим. У булутга бурканган эди. Унинг боши узра камалак бор эди. Юзи қуёшдай порлар, оёқлари олов устунларидай ловуллаб турар эди».
а. «Мен самодан тушаётган бошқа кучли бир фариштани кўрдим». Ваҳийнинг 9-бобида, охирзамонга ҳамроҳлик қиладиган етти карнайнинг олтинчиси чалинди. Мана энди эса еттинчи карнайнинг овозини эшитиш ўрнига, биз Ваҳий 11:15 оятгача давом этадиган яна бир «парчанинг» ривожланиб бораётганини кўрмоқдамиз.
1) Бу «парчалар» (яъни мавзудан четга чиқишликлар) фожиали мақсадлар йўлида хизмат қилади, аммо шу билан бир қаторда Худонинг раҳм-шавқатини яъни тавба қилиш имкониятини кўрсатишади. Гўёки Худо ҳолатни охирги нуқтасигача олиб бориб, инсониятга тавба қилиш учун яна бир имконият бериш мақсадида унинг якуний қисмини тутиб турганга ўхшайди.
б. «самодан тушаётган бошқа кучли бир фаришта». Баъзилар ушбу Фариштага, ушбу элчига қараб Исони кўришади, чунки унинг тасвиридаги баъзи парчалар Исонинг тасвиридаги парчаларга тўғри келади. Ваҳий 1:15-16 оятларда Исо ҳам бизларга, «кун қизиганда балқийдиган қуёш» сингари намоён бўлган эди.
1) Эски Аҳдда Исо « Худонинг Фариштаси» сифатида нозир бўлганлигига қара- май, Янги Аҳдда ва Ваҳий китобида, У бирор марта фаришта тимсолида намоён бўлган эмас. Ушбу оятда биз, энг олий фаришта бўлмиш Михаилни кўраётганга ўхшаймиз, чунки берилган тасвир Дониёр китобининг 12:1, 6-7 оятларидаги тасвирга жуда ўхшайди.
в. «унинг боши узра камалак бор эди». Камалак бу фақатгина Худонинг инсониятга берган ваъдаси ҳақидаги эслатма эмас. Табиатда камалак, қуёш булутлар орасидан нур сочишни бошлаганда пайдо бўлади.
г. Бу фариштанинг ким бўлишидан қатъий назар, шу нарса аниқ: «бу фаришта Худонинг ҳузуридан чиқиб келган» (Барклай); у катта куч ва ҳокимиятга эга.
2. 2-3 оятлар. Фаришта ҳайқирганда етти момақалдироқ тилга кирди.
«Унинг кўлида кичгинагина очилган ўрама қоғоз бор эди. У ўнг оёғини денгиз устига, чап оёғини ер юзига қўйганича, шер ўкиргандай қаттиқ ҳайқирди. У ҳайқирганда еттита момақалдироқ ҳам тилга кириб, гулдурос овоз билан гапира бошлади. »
а. «Унинг қўлида кичгинагина очилган ўрама қоғоз бор эди». Бу ўрама қоғоз (кичкигина китоб) – Исодан бошқа ҳеч ким оча олмаган ўрама қоғозми? (Ваҳий 5:1-7). Агар кучли фаришта бу Исо Масиҳ, деб таҳмин қиладиган бўлсак, демак жавоб «ҳа» бўлади. Бироқ, Юҳанно ҳар хил сўзларни ишлатмоқда: Ваҳий 5:1 оятда ўрама қоғоз деб аталган нарса, бу оятда рус тили таржимасида китоб деб номланган. Эҳтимол, бу кичкинагина ўрама қоғоз – содир бўлиши керак бўлган ҳодисларнинг, Юҳаннони ўзи кўриб ёзган қисми, «қисқача талқинидир».
1) «Ваҳийнинг бирор бир бобида ушбу ўрама қоғознинг ичида нима ёзилганлиги ҳақида айтилмаган, аммо, эҳтимол унда ушбу кучли фаришта бажариши керак бўлган ишни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида ёзилгандир» (Уолвурд)
2) Мана Кларк бу ўрама қоғоз ҳақида нима деган: «Балким, бу қоғозда узоқ вақт давомида фақатгина Худога аён бўлган, энди эса ҳадемай ҳаммага аён бўладиган Худонинг режаси ҳақида айтилгандир. Аслида ушбу қоғозда нима ёзилганлигини ким билади?»
б. «У ўнг оёғини денгиз устига, чап оёғини ер юзига қўйди». Фариштанинг ҳолати унинг ҳам ер юзи устидан,ҳам денгиз устидан ҳукмрон эканлигини кўрсатмоқда. Бу ёки тўғридан тўғри унга тегишли бўлган ҳокимият (агар бу кучли фаришта Исо бўлса), ёки бу унга вақтинчалик берилган ҳокимият (агар бу фаришта Худонинг элчиси бўлса).
1) «Унинг ҳолати, унинг ер юзида содир бўлаётган барча нарсалар устидан тўлиқ ҳокимликка эга эканлигини кўрсатади» (Уолвурд)
2) Ҳар иккаласи устидан ҳам ҳукмрон эканлигини ва оёқлари остида бўлган барча нарсалар устидан ҳокимиятга эга эканлигини кўрсатиш мақсадида, у оёқларини ҳам ер юзи устига,ҳам денгиз устига қўйди (Кларк)
в. «У ҳайқирганда еттита момақалдироқҳам тилга кириб, гулдурос овоз билан гапира бошлади». Бу оятни, етти марта такроран айтилган «Худонинг овози» деган жумлани ўзида мужассамлаштирган28- Санодаги «Худонинг момақалдироққа ўхшаш овози» ҳақидаги ғоя билан солиштириш мумкин.
1) «Эгамизнинг овози сувлар узра эшитилади, Улуғвор Худо гулдираб садо беради. Ҳаазим сувлар узраЭгамиз гулдираб садо беради.Эгамизнинг овози қудратлидир Эгамизнинг овози ҳайбатлидир. Эгамизнинг овози садр дарахтларини қулатади, хатто Лубнондаги садр дарахтларини парчалаб ташлайди. Лубнон тоғларини Эгамиз буқадай сакратади, ха, Хермон тоғини ёввойи бузоқдай сакратади. Эгамизнинг овози чақмоқ чақтиради, Эгамизнинг овози саҳрони титратади, Эгамиз Кадеш саҳросини ларзага солади. Эгамизнинг овози улкан дарахтларни эгиб юборади, урмонларни яланғочлаб, шилиб юборади,“Эгамиз улуғвордир”, деб Маъбадида ҳамма куйлайди».
3. 4-оят. Юҳаннога момақалдироқ айтганларини ёзмаслик буюрилди.
«Етти момақалдироқ гапирганда, мен уларнинг гапларини ёзмоқчи бўлдим. Лекин самодан бир овоз шундай деди: Етти момақалдироқнинг гапларини ёзма, уларни сир сақла!».
а. «..мен уларнинг гапларини ёзмочки бўлдим…момақалдироқнинг гапларини ёзма..». Албатта бу оят кўпгина изоҳчиларга тинчлик бермай, сон саноқсиз таҳминларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Улар нима дейишганки, Юҳаннога бу ҳақида гапириш ман этилган?
б. Агар Юҳаннога бу ҳақида гапириш ман этилган бўлса, у ҳолда ушбу парчани китобга киритишнинг қандай ҳожати бўлган? Бунинг сабабларидан бири башоратли сенариянинг ўзига хос сирлари, жумбоқлари борлигидир; бу нарса бизларга итоаткор ва камтарин бўлишга ва қандайдир таҳминларни қилмасликка ёрдам беради.
1) «Бу нарса – Худо кўпгина нарсаларни бизларга оча туриб, инсоният билишга ҳали тайёр эмас, деб ҳисоблаган баъзи бир сирларни, ҳозирча сирлигича қолдираётганлигини кўрсатиб бермоқда» (Уолвурд)
2) «Гўёки ҳамма нарса бизга аёндек ўзимизни тутмайлик» (Л. Моррис)
4. 5-7оятлар Бошқа вақт берилмайди
«Денгиз ва ер юзида турган, мен кўрган фаришта ўнг қўлини осмонга кўтарди. У то абад барҳаёт Худо ҳақи онт ичди. Еру осмонни, денгиз ва уларни тўлдирган жамики жониворларни яратган Худо ҳақи онт ичиб, шундай деди: Худо пайғамбар қулларига Ўзининг сир тутган режасини маълум қилганди. Еттинчи фаришта карнай чалганда, Худо ўша режасини амалга оширади. Энди кечиктирмайди».
а. «фаришта ўнг қўлини осмонга кўтарди. У то абад барҳаёт Худо ҳақи онт ичди». Кучли фаришта охирзамон яқинлашаётганлиги ва ундан қочиб қутилиш мумкин эмаслигини, бошқа вақт берилмаслигини эътироф этган ҳолда, бузилмас қасамни ичмоқда. Энди вақтни ортга қайтариб бўлмайди!
б. «Худонинг сир тутган режаси амалга ошади» Қандай сир? Ушбу сирнинг муҳим жиҳатларидан бири шундан иборатки, У Ўз қуллари пайғамбарларга уни маълум қилган.
1) Шу нарсани ёдда тутингки, Муқаддас Китоб тушунчасида сир – бу ҳеч кимга маълум бўлмаган қандайдир бир нарса дегани эмас. Сир – бу агар Худованднинг Ўзи очиб бермаса, ҳеч ким била олмайдиган нарсани англатади. Агар бирор нарса кўпгина изланишлар натижасида ёки сезиш қобилияти орқали аниқланадиган бўлса, у ҳолда бу нарса сир эмас, чунки сирларни инсонга бошқа бир шахс очиб бера олади. Шунинг учун ҳам ниманидир билиш мумкин, аммо бу нарса барибир Муқаддас Китоб тушунчасида сирлигича қолади.
в. «Худонинг бу сири» айнан нимани ўзида мужассамлаштирганлигини айтиш жуда қийин, чунки ушбу жумланинг ўзи ёки унинг маънодоши кўп бора Худованд режасининг турли хил жиҳатларини ифодалашда ишлатилган.
·Исроил халқининг тўлиқлигича Худовандга мурожаат қилиб тавба қилиши сир деб айтилган (Римликларга 11:25)
·Худонинг Жамотага нисбатан бўлган мақсади ҳам сир деб айтилган (Эфесликларга 3:3-11)
·Худо Шоҳлигига охирги бутпарастнинг тавба қилиб кириш вақти ҳам сир деб аталган (Римликларга 11:25)
·Имонли инсоннинг ичида Исонинг яшаши ҳам Худонинг сири деб аталган (Колосаликларга 1:27-2:3)
·Хушхабарнинг ўзи Масиҳнинг сири деб аталган (Колосаликларга 4:3)
г. Ушбу матнда Худонинг сири деб содир бўлаётган барча ҳодисаларда мавжуд бўлган Худованд режасининг очилиши назарда тутилганга ўхшайди, яъни Унинг режаларининг якуни.
1) «Худонинг амалга ошиши керак бўлган сири ҳақидаги маълум бир таассуротни биз Эски Аҳднинг кўпгина, Худо Шоҳлигининг Ер юзида ўрнатилиши ҳақида ёзилган парчаларни ўқишдан оламиз» (Уолвурд)
2) Эҳтимол, бу сир буюк саволга тегишлидир: «Нима учун Худованд шайтон ҳамда инсонга Худога қарши қўзғолон кўтариб, ўзи хоҳлаган йўлдан боришига йўл қўйиб бермоқда?». Эҳтимол, бу жавобсиз сир Исонинг ер юзида ҳукмронлиги бошлангандан кейин очиладиган ғоядан иборатдир. Худо ҳамма нарсани охирига етқазмоқда, барча нарсани бир нуқтага олиб келмоқда, Исода ҳаммаси мужассамлаштирмоқда (Эфесликларга 1:1).
3) Худованд, бугунги кунда ҳаёт сиру асрорларга тўла эканлигини очиқ тан олмоқда, бироқ, бу нарса абадий давом этмайди. Кун келиб Худованд бизнинг асримизга оид барча саволларнинг жавобини эълон қилади.
Б. Юҳаннога воизлик қилиш буюрилди.
1. 8-9 оятлар. Қизиқарли қўлланмалар.
«Самодан келган овоз менга яна деди: Бор, денгиз ва ер устида турган фариштанинг қўлидан очиқ ўрама қоғозни ол. Мен фариштанинг ёнига бориб: ўрама қоғозни менга беринг дедим. Фаришта менга деди: Мана ол! Уни егин! У ичингни ачитиб юборади, оғзингга эса асалдай ширин таъм беради».
а. «Мана ол! Уни егин!» Юҳаннога кучли фариштанингқўлидан очиқ китобни олиб, уни том маънода ютиш буюрилди.
б. Юҳаннога китобни олиш таклиф қилинганлиги сабаб, баъзилар ушбу парчани Худо ҳеч қачон Ўз ваҳийсини бизга мажбуран уқтирмаслигини, биз эса У таклиф қиладиган нарсани олишга доимо тайёр бўлишимиз кераклигинг исботи сифатида ишлатишади. Ҳа, дарҳақиқат кўп ҳолларда бу айнан шундай, бироқ, Павлус билан у Дамас шаҳрига бораётганида, йўлда ҳаммаси умуман бошқача тарзда содир бўлди.
2. 10-11 оятлар. Китоб бир вақтнинг ўзида ҳам ширин,ҳам аччиқ.
«Мен ўрама қоғозни фариштанинг қўлидан олиб едим. У оғзимда асалдек ширин эди. Аммо уни ютганимдан кейин ичим ачишиб кетди. Сўнг менга шундай деб айтишди: Сен яна кўп элатлар ҳақида, халқлар, миллатлару шоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак».
а. «Мен ўрама қоғозни фариштанинг қўлидан олиб едим». Ҳизқиёл китобининг 3: 1-3 оятларида пайғамбар ҳам, ўрама қоғозни яъни – Худонинг Исроил халқига берган ваҳийсини ейиш буйруғини олади. «Китобни емоқлик билан боғлик саҳна бизга яхши таниш; бу ерда Худонинг Каломи билан тўлиб-тошган жон ҳақида сўз юритилмоқда, деб ўйлайман» (Морган)
1) Юҳанно, Худонинг Каломи билан тўлиб тошгандагина Уни эътироф этиши мумкин. «Бундай ҳатти–ҳаракат, Худо Каломини қабул қилишликни, уни эътироф этишликнинг асосий шарти, Каломнинг инсон моҳиятининг туб– тубигача кириб бориши эканлигини англатувчи тимсолдир» (Джонсон)
б. «У оғзимда асалдек ширин эди. Аммо уни ютганимдан кейин ичим ачишиб кетди». Юҳанно, китобни оғзига олганида, у унга ширин туюлди, бироқ, ичига ютганидан кейин китоб аччиқ бўлди. «Худо режаси ҳақидаги ҳар қандай ваҳий, аччиқ –ширин тамга эга, чунки бу ваҳий Худонинг ҳам раҳм–шавқатини, ҳам ҳукмини эълон қилади» (Суит)
1) «У китоб ҳақида фикр юритганида, ё бу китоб ҳаддан зиёд ғайриоддий бўлиб, у китобни тушунишга ожиз эканлигини, ёки бу китобда шу даражада ачинарли нарсалар ёзилганки, бу китоб жуда қаттиқ уни ранжитаётганлигини кўрди» (Пул)
2) Худо Каломини эътироф этган ҳар бир инсон, Каломнинг ҳам ширин, ҳам аччиқ бўлишини жуда яхши билади.
3) Жамоат Буюк Қайғудан кейин осмонга кўтарилишига ишонадиган инсонлар, охирзамонда Худога ишонадиган инсонларнинг қисмати аччиқ бўлиши сабаб, ушбу ўрама қоғоз аччиқ эканлигини таъкидлашади. Бундай ёндашувнинг мисолини биз Маунснинг изоҳларида кўришимиз мумкин: «Аччиқ қоғозга айланаётган ширин ўрама қоғоз – бу Жамоатга йўлланган мактубдир. Иймонлиларнинг якуний ғалабаси вақти келишидан олдин, улар оғир ва даҳшатли синовларни енгиб ўтишларига тўғри келади».
в. «Сен яна кўп элатлар хақида, халқлар, миллатлару шоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак». Ўрама қоғознинг мазмуни қандай бўлишидан қатъий назар, Юҳанно уни ҳаммага эълон қилишига тўғри келади. Бу мактуб фақатгина жамоатга йўлланмаган.
1) Юҳаннонинг башоратлари маълум бир миллат ёки империя (масалан Рим империяси) ё маълум бир император қисмати ҳақида эмас, бутун дунё қисмати ҳақида гапиради.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]