Ваҳий, 7 боб.
144 минг ва буюк оломон
А. 144минг.
1. 1-3 оятлар. Ҳукм, Худонинг қуллари муҳрланмагунга қадар, тўхтатилди.
«Шундан кейин мен ер юзининг тўрт бурчагида турган тўрт нафар фариштани кўрдим. Улар тўрт шамолни тутиб турар эдилар. Шамолнинг эсишига, ерга, денгизга, бирон дарахтга тегишига йўл қўймас эдилар. Сўнгра мен шарқдан келаётган бошқа бир фариштани кўрдим. У барҳаёт Худонинг муҳрини олиб келаётган эди. Еру денгизга зарар етказиш қудрати берилган тўртта фариштага у баланд овозда шундай хитоб қилди: Ерга, денгизга ва дарахтларга зарар етказмай туринглар. Худойимизнинг қуллари пешаналарига биз муҳр босиб олайлик!».
а. «ер юзининг тўрт бурчагида турган тўрт нафар фаришта». «Ер юзининг тўрт бурчагида» деган жумла – компаснинг тўртта қутблари ҳақидаги ғоянинг қадимий (баъзан эса замонавий) эквиваленти. Бунинг маъноси шундаки, бу ерда содир бўлаётган нарсалар бутун ер юзига таъсир этади.
б. «Улар тўрт шамолни тутиб турар эдилар». Бу шамоллар – Худо ҳукмининг ҳалокатли кучи бўлиб, бундай манзара кўпинча Эски Аҳдда учрайди.
1) Масалан, Хўшея 13:15: «Исроил қариндошлари орасида серпушт ва фаровон бўлсада, Эгамиз унинг устига шарқ шамолини юборади, саҳродан эсган гармселни жўнатади. Исроилнинг булоғини қуритади, унинг чашмасини қовжиратади. Ҳазинасидаги қимматбаҳо зийнатларини тортиб олади».
2) Агар биз Закариё 6:1-8 оятларга қарайдиган бўлсак, «тўрт шамол» бизни Ваҳий 6:1-8 оятлардаги тўртта суворийга йўналтиради. Закариё китобида, ер юзига тўртта арава юборилганлиги ва бу араваларга, Ваҳий 6:1-8 оятларда айтиб ўтилган, худди ўша рангдаги отлар бириктирилган эканлиги айтилган. Улар «тўртта самовий руҳлар» деб аталган. Ушбу парчадаги, бизнинг тилимизга «руҳ» деб таржима қилинган сўз, яҳудий тилида – ruach, яна «шамол» деб ҳам таржима қилинадиган сўздир.
в. «Сўнгра мен шарқдан келаётган бошқа бир фариштани кўрдим. У барҳаёт Худонинг муҳрини олиб келаётган эди». Бу фариштада Худо халқини муҳрлайдиган муҳр мавжуд. Бундай муҳрлар қадимги замонларда ҳаммага яхши маълум бўлган. Муҳрлар – подшоҳларнинг ҳокимиятни ёки хўжайинларнинг мулк ҳуқуқини тасдиқловчи восита бўлиб хизмат қилган.
г. «Ерга, денгизга ва дарахтларга зарар етказмай туринглар. Худойимизнинг қуллари пешаналарига биз муҳр босиб олайлик!». Худонинг қуллари пешоналарига, уларни ҳимоя қилувчи муҳр қўйилмоқда; муҳрда, қандайдир бир тарзда Худонинг номи ёзилган (Ваҳий 14:1)
1) Ҳизқиёл китобининг 9- бобида биз, Қуддус устидан бўладиган ҳукмдан олдин, қандай қилиб солиҳлар, уларни ҳимоя қилувчи нишоналарга эга бўлганликлари ҳақида ўқишимиз мумкин. Бу нишоналар яҳудий алифбосидаги tau яъни («т») ҳарфи бўлиб, ушбу ҳарфнинг шакли кичгина хочни эслатади.
д. «Худойимизнинг қуллари». Бу ерда ушбу инсонларнинг хизмати айнан нимадан иборат эканлиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, аммо 144 000 инсон аниқ, ноёб мақсад учун муҳрланган эканликлари кундай равшан. Нима бўлган тақдирда ҳам, муҳрлаш ғоясининг ўзи ажойибдир.
1) Исонинг Ўзи муҳрланган эди: «…Зотан, Отамиз Худонинг Ўзи бу вазифа учун Уни маъқул деб топди» (Юханно 6:27).
2) Муқаддас Руҳнинг муҳри – бизнинг якуний нажотимизнинг кафолатидир. Павлус шундай деб ёзган: «Худонинг Ўзи бизни ҳам, сизларни ҳам Исо Масиҳга бўлган имонимизда мустаҳкам қилади. У бизни Ўзи учун танлаб олди. Бизга Ўз муҳрини босиб, келажакдаги қут–баракаларнинг кафили сифатида Муқаддас Руҳни берди» (2-Коринфликларга 1:21-22).
3) Масиҳда нажот топган ҳар бир иймонли инсон, Муқаддас Руқ билан муҳрланган: «Сизлар ҳақиқат каломи, яъни нажот келтирган Хушхабарни эшитган эдингиз. Шу туфайли Масиҳга имон келтирган эдингиз. Худо ваъда қилган Муқаддас Руҳини сизларга бериб, Ўзига тегишли эканлигингизни тасдиқлади» (Эфесликларга 16:13)
4) Муқаддас Руҳнинг муҳри биз учун бир вақтнинг ўзида ҳам тасалли ҳам талабдир. Биз бу фикрдан, яъни Муқаддас Руҳ билан муҳрланган эканлигимиздан тасалли топамиз, чунки энди Унга тегишли эканлигимизни биламиз. Шу билан бир қаторда бу муҳр бизга, ёвузликдан узоқлашишимиз кераклигини ва Кимга тегишли бўлсак, Ўшанга ўхшашга ҳаракат қилишимиз кераклигини эслатиб туради. «Аммо Худо асос солган пойдевор мустаҳкам турибди. Бу пойдевор устига шундай сўзлар битилган: “Эгамиз Ўзиникиларни билади” ва Эгамизнинг номини тилга олган ҳар бир одам ёмонликдан узоқлашсин» (2-Тимутий 2:19), «Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар, чунки Муқаддас Руҳ сизларнинг Худога тегишли эканингизнинг ҳамда бир кун келиб бутунлай озод булишингизнинг далилидир» (Эфесликларга 4:30).
2. 4-8оятлар. Муҳрланганларнинг сони
«Мен муҳр босилган кишиларнинг сонини эшитдим. Исроил қабилаларининг барчасидан 144.000 кишига муҳр босилган эди: Яҳудо қабиласидан 12.000 киши, Рубен қабиласидан 12.000, Гад қабиласидан 12.000, Ошер қабиласидан 12.000, Нафтали қабиласидан 12.000, Манаше қабиласидан 12.000, Шимўн қабиласидан 12.000, Леви қабиласидан 12.000, Иссахор қабиласидан 12.000, Забулун қабиласидан12.000, Юсуф қабиласидан 12.000, Бенямин қабиласидан 12.000 киши».
а. «Мен муҳр босилган кишиларнинг сонини эшитдим. Исроил қабилаларининг барчасидан 144.000 кишига муҳр босилган эди». Бу умумий тасвир: улар «Исроил қабилаларининг барчасидан» олинган. Этник жиҳатдан улар яҳудийлар бўлиб, танланганларнинг сони – 144 000 кишини ташкил қилмоқда.
б. «Яҳудо қабиласидан 12.000 киши». Бу янада аниқроқ спетсификатсия, яъни тўлиқроқ маълумот. 144 000 киши Исроилнинг ўн икки қабиласига бўлинган. Бу инсонларнинг ҳар бири айнан қайси қабилага тегишли эканлиги фақатгина Худога аёндир, бироқ, ҳар бир қабиладан 12 000 инсон муҳрланиши аник.
в. Дан қабиласи рўйхатга киритилмаган. Нима учун? Баъзилар (Дониёр 11:37 ва Еремиё 8:16 оятларига асосланган ҳолда) бу нарсанинг сабаби – Дажжолнинг Дан қабиласидан келиб чиқиши деб ўйлашади. Балким ростдан ҳам шундайдир, балким сабаби бошқадир; аммо шу нарса шубҳасиз: айнан Дан қабиласи Исроил халқини бутпарастлик гуноҳига ғарққилган (Ибтидо 49:17, Ҳакамлар 18:30).
1) Дан қабиласини мўжизали қутқарув кутмоқда. Ҳизқиёл китобининг 48-бобида, мерос қилиб олинган ерларнинг тақсимланишида, Дан қабиласи рўйхатда биринчи бўлиб кўрсатилган.
г. Ефрем қабиласига нисбатан эътиборсизлик. Ефрем қабиласи эслатиб ўтилган, аммо тўғридан тўғри эмас. Сўз, Юсуф қабиласи ҳақида бормоқда, бироқ биз Юсуф икки қабилада – Ефрем ва Манаше қабилаларида ифодаланган эканлигини биламиз. Мантда Манаше қабиласи эслатиб ўтилганлиги боис, демак, сўз Юсуф қабиласи ҳақида юритилганда, шунчаки номи эслатиб ўтилмаган Ефрем қабиласи назарда тутилмоқда.
1) Нима учун Ефрем кабиласига нисбатан эътиборсизликка йул куйилган? Эҳтимол, бунинг сабаби Исроил тарихида бу қабила ҳам «ўзининг бутпарастлиги» билан «машҳур» бўлганлигидадир (Ҳўшея 4:17).
д. Бу рўйхатни шунчаки рамзий тарзда қабул қилиш лозим, чунки ундаги ҳамма нарса керакли тартибда эмас деган фикр жуда кўп янграйди; у ҳолда Исроил қабилалари учун қандай «тартиб» бўлиши керак?
1) Эски Аҳдда, Дан қабиласи кўрсатилмаган рўйхатни қўшиб айтганда, 20 дан ортиқ турли ҳил, Исроил қабилалари санаб ўтилган рўйхатлар мавжуд (1 Солномалар 4-7 боблар).
2) Бу рўйҳатнинг бошқа рўйҳатлардан фарқ қилиши ҳақидаги далил, унинг рамзий эканлигини тасдиқлай олмайди. Бу рўйхатлар, мантдаги у ёки бу фикрни белгилаш учун аниқ бир мақсадда тузилганлигини инобатга олган ҳолда, ушбу рўйхатларнинг ҳар бирини қонуний кучга эга рўйхатлар сифатида кўриб чиқиш адолатли бўларди.
3. Бу 144 000 киши ким?
а. Кўпгина гуруҳ одамлари ўзлари ҳақида – ана шу 144 000 киши бизлармиз деб айтишган. Масалан, «Яҳова шоҳидлари» издошларининг сони юқорида айтилган сондан ошмагунга қадар, бу 144 000 киши бизлармиз дейишган. Энди эса улар бу 144 000 киши –«Яҳова шоҳидларининг» осмонга кирадиган танланган гуруҳи деб таъкидлашади.
1) Кўпчилик илоҳиётшунослар 144 000 киши бу ё жамоат ё Масиҳга иймон келтирган, бироч барибир исроилликлар бўлиб чоладиган яҳудийлар деган фикрга мойилдирлар.
2) Бу муҳим савол. Агар 144 000 оломон жамоат бўлса, бу нарса, Буюк Қайғу даврида, имонлилар жамоати ушбу даҳшатли вақтни бошидан кечириш учун муҳрланган жамоат тарзида аниқ ер юзида бўлишини англатади.
б. Ваҳий 7- ва 14 – бобларида берилган, 144 000 кишига тегишли далиллар, бу одамларнинг ким эканлигини аниқлашимизда ёрдам беради.
1) Уларни Исроилнинг ўғиллари деб аташган (Ваҳий 7:4).
2) Уларнинг маълум қабилаларга тегишли эканликлари яққол кўрсатилган (Ваҳий 7:4-8).
3) Улар гўёки ҳимоя остидагидек, Худонинг ғазаби ер юзига тўкилаётган бир пайтда, Исонинг қайтиб келиши чоғида Уни Сион тоғида кутиб олиб, йўқотишларсизқийин даврни енгиб ўтаётгандек таассурот қолдирмоқдалар (Ваҳий 14:1).
4) Улар турмуш қурмасликка онд ичмоқдалар (Ваҳий 14:4).
5) Улар – Худо ва Қўзи учун қутқариб олинганлар орасида тўнғичлардирлар (Ваҳий 14:4).
6) Улар поклик ва садоқатлари билан ажралиб турмоқдалар (Ваҳий 14:5).
в. Юқорида санаб ўтилган далиллар биргаликда, бу 144 000 киши жамоат эканлигини таҳминқилишга бирор бир имконият бермайди.
1) «Исроил» деган ибора, Янги Аҳдда бирор марта жамоатга нисбатан ишлатилмаган; бу ибора, милоддан аввалги 160 йилга қадар, масиҳийлар томонидан ҳеч қачон бу мақсадда ишлатилмаган.
2) Улар Исроил қабилаларига тегишли эканликлари Худога аён ва бу ерда атайлаб ёзилган. Ҳатто бу нарса фақатгина Худога аён бўлиб қолган тақдирда ҳам, бу бизга уни рамзий деб ҳисоблаш ҳуқуқини бермайди.
3) Буюк Қайғу даврида, барча жамоатларнинг, Масиҳ учун азобли ўлимни қабул қилмасдан ва турмуш қурмасликка онд ичмасдан омон қолишини тасаввур қилиш қийин. Умуман олганда Худо ҳеч қачон Ўз жамоати олдига бундай талабларни қўймаган (1-Коринфликларга 7:1-6).
4) Агар 144 000 киши жамоатнинг тимсоли бўлса, қолган нажот топганлар ким деб ҳисобланадилар?
г. 144 000 кишини Исога иймон келтирган, Буюк Қайғу даврида ҳимоя остида бўлишлари учун маълум бир белги билан муҳрланган, алоҳида танланган яҳудийларга қарагандек қарасак тўғрироқ бўлади.
1) Улар исроилликлар ичида биринчи бўлиб нажот топганлар, Худонинг буюк ҳосили бўлишади (Римликларга 11:1, 11:26, Матто 23:37-39).
2) «Улар – Жамоатнинг бир қисми эмас, чунки улар жамоатдан кўра анча кечроқ тавбага келадилар. Улар – Жамоатни тўлдирувчи, Ер юзида Жамоатнинг роли тугаганидан кейин пайдо бўладиган, Масиҳ учун худди шундай қадрли ва яқин бўлган қўшимча бир қисмдирлар» (Сисс)
Б. Буюк оломон
1. 9-10оятлар. Яна Худо тахти олдидаги сажда.
«Шундан кейин мен саноғига етиб бўлмайдиган катта бир оломонни кўрдим. Турли хил халқ, қабила, элату миллатларга мансуб бўлган бу одамлар тахт олдида, Қўзининг ҳузурида туришарди. Ҳаммасининг эгнида оқ либос, қўлларида пальма дарахти шохлари бор эди. Улар овозлари борича шундай ҳайқиришарди: “Тахтда ўтирган Худойимиз билан Қўзи нажот бериш қудратига эгадирлар!».
а. «Шундан кейин мен саноғига етиб бўлмайдиган катта бир оломонни кўрдим». Бу ерда айтиб ўтилган турли туманлик, Хушхабар Исо айтганидек энг охиригача бутун жаҳон бўйлаб ёйилишини тасдиклайди (Матто 24:14)
1) Юҳанно у ердаги одамлар «турли халқ, қабила, элату миллатлардан» бўлишларини эслатиб ўтганлиги боис, осмонда ер юзидаги каби одамлар турли туман бўлишлари кўриниб турмоқда. Биз тўлиқ бир ҳил бўлмаймиз. Биз ҳар ҳил шахслар бўламиз.
2) «Эҳтимол, уларга қараб, Юҳанно бу инсонлар қаердан келишганликларини тахмин қила олгандир. Осмонда, ҳамманинг бошқалардан фарқ қилиб турадиган бир жиҳати бўлишига шубҳаланмасангиз ҳам бўлади. Ҳамманинг ўзининг шахсий танаси бўлади. У ерда ўтирган учта патриархни кўрганингизда, ҳеч бир қийинчиликсиз улар Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб эканликларини таний оласиз. Сиз аниқ уларнинг кимлигини била оласиз. Ва самода яшовчи инсонлар ҳам бир бирига икки томчи сувдек ўхшайдиган юзсиз оломон тўплами бўлмайди. Улар турли халқлардан, қабилалардан, миллату элатлардан бўлишади» (Сперджен)
б. «бу одамлар тахт олдида, Қўзининг ҳузурида туришарди». Ва яна бир бор осмонда содир бўлаётган нарсалар, Юҳаннога Худо тахти олдида намоён бўлмоқда.«Худонинг тахти борлиги, У ўша тахтда ўтириб, барча нарсалар ва инсонлар устидан ҳукмронлик қилиши – қувониш учун маҳсус бир сабабдир» (Сперджен)
в. «оқ либос». Бу оқ либослар бизларга нафақат бизни қоплайдиган Масиҳнинг поклигини, шу билан бир қаторда руҳонийлик хизматиниҳам эслатади. «Улар муқаддас хизмат учун саф тортишди, уларнинг руҳонийлик хизматларига мос келадиган оқ либосларга кийинган ҳолда, бир қаторда саф тортишди» (Сперджен)
г. Палма дарахти шоҳлари Исонинг Қуддусга тантанали кирганлигини эслатади (Юҳанно 12:12-16). Ўшанда Исони ҳам Нажоткор ва Подшоҳ сифатида қаршилагандилар. «Осанна» (ўзбек тилига «тасанно» деб таржима қилинган) сўзи «қутқаргин» деган маънони англатади.
1) Палма дарахти шоҳлари ғалабани англатади. Бу катта оломон буюк ғалабани нишонлаятганлиги кундай равшан. «Палма шоҳи – ғалаба белгиси – шубҳасиз жанг бўлганлигини ва унинг устидан ғалаба қозонилганлигини англатади. Ерда палма шоҳини ғалаба қозонганга беришган, демак биз, жанг бўлиб ўтмай ғалаба қозонилмаган тақдирда, Худованд бу унвонларни тарқатмаган бўларди деган хулосага келишимиз мумкин…Бу улуғланган инсонларнинг қўлларида палма шоҳларининг борлиги, улар бекорчилик тўшагидан туриб келмаганликларини ёки завқ-шавқ боғларини тарк этиб, оромбаҳш жойларини қолдириб келмаганликларини, аксинча, жангга ўргатилган инсонлар сингари, қийин синовлардан ўтиб келаётганликларини англаб етишимизга ёрдам беради» (Сперджен)
д. «Тахтда ўтирган Худойимиз билан Қўзи нажот бериш қудратига эгадирлар». Поклик рамзи бўлган либосларни (оқ либосларни) кийган ҳолда, улар берган нажоти учун Худони улуғлаб, Унга сажда қилмоқдалар. Улар фақатгина Худовандни нажотнинг манбаи деб ҳисоблашади. Нажотга муносиб бўлишнинг имкони йўқ; уни бизларга Худованд бериши мумкин.
1) Баъзан, ер юзида яшаётган иймонлилар, ўз нажотларини содир бўлиши керак бўлган табиий ҳолдай қабул қилишади. Осмондаги катта оломон учун эса нажот бошқача маънога эга.
2. 11-12оятлар. Барча самовий мавжудотлар ҳамду–санога қўшилмоқдалар.
«Ҳамма фаришталар тахт атрофида, оқсоқоллар ва тўртта мавжудот атрофида турар эдилар. Улар тахт олдида мук тушиб, Худога сажда қилган ҳолда шундай дейишарди: Омин! Худойимизга ҳамду санолар бўлсин! Донолигу куч–қудрат Соҳибига абадулабад шукронаю шон–шарафлар бўлсин! Омин».
а. «Ҳамма фаришталар тахт атрофида, оқсоқоллар ва тўртта мавжудот атрофида турар эдилар… Худога сажда қилган ҳолда…». Катта бир оломон Худога сажда қилиб турган бир пайтда, улар сингари баралла ҳамдлар айтишни истаган бошқа ҳамду сано иштирокчилари уларга қўшилмоқда. Уларнинг барчаси тахт атрофини қуршаб олган мав-жудотлардир.
б. «Донолигу куч–қудрат Соҳибига абадулабад шукронаю шон–шарафлар бўлсин». Осмонда йиғилган буюк оломоннинг ҳамдларини эшитиб, самовий мавжудотлар янада ёрқинроқ Худонинг куч-қудратини, донолигу буюклигини кўришмоқда. Сон саноқсиз катта оломонга берилган Худонинг нажотини кўриб, улар янада кўпроқ Худони улуғлашмоқда.
3. 13-14оятлар. Бу инсонлар ким.
«Оқсоқоллардан бири мендан сўради: Оқ либос кийган бу одамлар ким? Улар қаердан келганлар? Тақсир, буниси ўзингизга аён, — дея жавоб бердим мен. У менга шундай деди: Булар қаттиқ қувғинлардан ўтиб келганлар. Улар либосларини Қўзининг қони билан ювиб оқартирганлар».
а. «Оқсоқоллардан бири мендан сўради». Юҳанно учун бу одамларнинг кимлигини билиш жуда муҳим бўлган. Бирок у саволни қандай беришни билмай турган вақтида, оқсоқоллардан бири унга ёрдам бермоқда.
б. «Булар қаттиқ қувғинлардан ўтиб келганлар». Бу инсонлар Буюк Қайғу даврида Худо учун қутқарилган турли миллат, қабила ва элат вакилларидир.
1) Буюк Қайғу даврида ер юзида уларга жуда оғир бўлган. Қадимги юнон грамматикасида, ушбу парчада, Буюк Қайғу бу инсонларга бевосита ўз таъсирини ўтқазганлигини кўрсатувчи урғу мвжуд. Бундан келиб чиққан ҳолда деярли барча, бу катта оломон – Буюк Қайғу даврида шаҳид бўл-ганлар деб ҳисоблашади.
2) Қайғу вақтида бўлган азизларнинг бундай катта сони – Худо иноятининг ва раҳм-шавқатининг муҳим далилидир. Худонинг ғазаби ва Унинг ҳукмлари ер юзига ёғилган пайтда ҳам, кўпчилик инсонлар нажот топишади.
3) 144 000 кишидан кейин дарҳол катта оломон ҳақида сўз юритилганлиги боис, кўпчилик, бу оломон қисман бўлса ҳам, ушбу 144 000 гувоҳлар қилган хизматнинг натижаси деб ҳисоблашади. Эҳтимол, 144 000 киши, Буюк Қайғу даврида Худо Шоҳлигига катта ҳосил келтирадиган хушхабарчилар бўлишар.
в. «Улар либосларини Қўзининг қони билан ювиб оқартирганлар». Буюк Қайғу даврида нажот топганлар ҳам, ўзларидан олдингиларга ўхшаган ҳолда яъни Қўзининг Қони орқали нажот топганлар. Улар ҳам қийноқли ўлимни қабул қилганликларига қарамай, уларнинг нажотлари сабаби бошқа нарсада. Биз фақатгин Исо амалга оширган иш орқали нажот топамиз ва оқланамиз.
1) «Улар ўз либосларини ювиб, уларни Қўзининг қони билан оқартирдилар. Улар тавба кўз ёшлари билан, қўзи ёки эчкиларнинг қони билан оқланмаганлар. Уларнинг ҳаммалари, гуноҳларини қоплайдиган курбонликка муҳтож эдилар ва Раббимиз Исо Масиҳ ўлимидан бошқа ҳеч нарса бу муҳтожликни қондиришга қодир эмас эди. Улар ўз либосларини Қўзининг қони билан ювдилар, бошқа бирор нарса билан эмас» (Сперджен)
2) «либосларини Қўзининг қони билан ювиб оқартирганлар» – деган жумла жуда қизиқ. Бирор бир нарсанинг қондан оқаришини тасаввур қилиш қийин! Лекин айнан Исо Масиҳнинг қони бизни оқлашга қодир: «Эгамизнинг Каломи шудир: Қани, энди биргалашиб ўйлайлик: Гунохларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам, сизлар қордай оппоқ бўласиз. Гунохларингиз қирмизи рангга ўхшаса ҳам, сизлар момиқдай оппоқ бўласиз» (Ишаё 1:18)
4.15-17оятлар. Бу катта оломон қандай иш билан шуғулланади ва уларнинг баракоти нимада.
«Шунинг учун улар Худонинг тахти олдида турадилар ва Унинг Маъбадида кеча–кундуз хизмат қиладилар. Тахтда Ўтирган эса уларни Ўз паноҳида асрайди. Улар энди оч қолмайдилар, чанқамайдилар. Қуёш ҳам, офтоб ҳам уларни урмайди. Зотан, тахт олдида турган Қўзининг Ўзи уларга чўпонлик қилади. Уларни ҳаётбахш сув булоқларига олиб боради. Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди».
а. «улар Худонинг тахти олдида турадилар». Нажот топиб осмонга тушган халқлар, Худо ҳузуридан роҳатланмокдалар. Улар тўғри тахт залига кириб, у ерда Худо билан бирга бўла оладилар. Улар учун ҳеч қандай тўсиқлар, кутиш рўйхатлари йўқ.
1) Бу азизлар ер юзида қийинчилик нима эканлигини билиб олиб, ҳаммасини енгиб ўтганлар. Бироқ, нажотга қийинчиликлари эвазига берилган мукофот сифатида эришишмаган. Улар Исо туфайли, У билан бўлган шахсий муносабат туфайли нажот топишган. «Қийинчилик ўз – ўзидан ҳеч кимни муқаддас ва пок инсонга айлантирмайди; мен аксинча деб ўйлайман. Мен, қийинчилик – бизнинг покланишимиз сабаби деб эмас, воситаси деб ҳисоблайман» (Сперджен)
б. «Унинг Маъбадида кеча–кундуз хизмат қиладилар». Нажот топганлар самода Худога хизмат килишади. Биз улар айнан нима килиш-ларини билмаймиз, бирок улар осмонда хизматда. «Осмон – бу шунчаки ердаги ташвишлардан дам оладиган жой эмас, осмон имтиёзли хизмат жойидир» (Уолвурд)
в. «Тахтда Ўтирган эса уларни Ўз паноҳида асрайди». Осмонда Худованд Ўз халқи билан бирга бўлади. Бу Довуд пайғамбарнинг Забур 26:4 оятда ифодалаган ниятининг тўлиқ амалга ошиши бўлади: «Бир нарсани Эгамдан сўраганман,ха, Ундан истаганим битта нарсадир: Эгамнинг уйида то абад яшай,Эгамнинг жамолини кўрай,маъбадда туриб,Унга мунтазир бўлай».
г. «Зотан, тахт олдида турган Қўзининг Ўзи уларга чўпонлик қилади». Осмонда нажот топганлар ўз Нажоткорларининг севги ва ғамхўрлигини тўлиқ ҳис этишади. У уларни барча қийинчиликлардан фориғ этади (улар энди оч қолмайдилар, чанқамайдилар. Қуёш ҳам, офтоб ҳам уларни урмайди). Яна У улар ҳеч нарсага муҳтож бўлмасликлари учун, улар ҳақида ғамхўрлик қилади (зотан, тахт олдида турган Қўзининг Ўзи уларга чўпонлик қилади. Уларни ҳаётбахш сув булоқларига олиб боради).
1) Исо ҳозир ҳам биз ҳақимизда Чўпон сифатида қайғурмаяптими? Албатта қайғурмоқда, бироқ, осмонда У бизларга янада яқинроқ бўлиб, бунданда кўпроқ бизга ғамхўрлик қилади. «Ер юзида Худо билан яқин бўлиб яшаётган имонлининг ҳаёти,- уни осмонда Худо билан бўладиган, тўлиқ ва яқин муносабатларнинг қўпол андазасидир. Биз, рассомнинг қўлига қалам ёки кўмирнинг пир парчасини олиб, бир нечта чизиқлар ёрдамида, аввал чизадиган суратининг эскизини тайёрлаганини кузатганмиз. Бу шунчаки таҳминан қилинган бошланғич тасвир холос, бироқ, ўшанга қараб ҳам биз сурат тўлиқ чизиб тугатилгандан кейин қанақа бўлишини тасаввур қила оламиз» (Сперджен)
д. «Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди». Осмонда, нажот топганлар кўз ёш ва дард нима эканлигини билишмайди. Бизнинг ердаги ҳаётимиз билан ёнма ён бораётган қийноқ ва курашлар изсиз йўқолади, кўз ёшлар орқада қолади, чунки «Худо кўздаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди».
1) Қанчалик кўп севги ва мулойимлик! Бу нарсалар ҳақида ўйлаганда, одамнинг кўз олдига боласининг юзидан унинг кўз ёшларини артаётган онанинг меҳрибон қўллари келади. Мана шундай Худо бизларни севади ва биз ҳақимизда ғамхўрлик қилади.
2) Биз яна бир нарсани, барча кўз ёшлар фақат осмонда тугашини кўрмоқдамиз. Токи биз ер юзида яшаётган эканмиз, Худога келтирадиган дардларимиз ва кўз ёшларимиздан қочиб қутула олмаймиз. Ҳатто ҳозир ҳам Раббимиз бизни юпатган ва қўллаб – қувватлаётган ҳолда, бизларга Ўз севгисини кўрсатмоқда, бироқ, кун келиб, – ҳозир эмас, осмонда, кўз ёшларимиз Раббимиз томонидан абадий йўқотилади.
3) Ушбу парчада, биз тавба қилиб эътироф этмаган гуноҳимиз ёки беҳуда сарфлаган ҳаётимиз туфайли осмонда кўз ёш тўкишимиз ҳақида айтилмаган, гарчи Худованд шу сабаблар туфайли тўкиладиган кўз ёшларимизни артсада. Бундай фикр айбдорлик ҳисси билан биргаликда жуда кучли мотиватсия бўлган бўларди, аммо ушбу оятда сўз бошқа нарса ҳақида юритилган. «Улар осмонга тушган заҳоти, ўтмишда, Буюк Қайғу даврида бошдан кечирган қайғу ва кўз ёшлари ўша ўтмишда қолиши ҳақида сўз юритилган…Худо, уларнинг ер юзида бошидан ўтқазган дард ва қийноқ кўз ёшларини артади» (Уолвурд)
4) Кўпчилик инсонлар: «қандай қилиб осмонда қайғу бўлмаслиги мумкин, ахир биз жаннатда бўлганда, бизнинг иймон келтирмаган қариндошларимиз дўзаҳда эканликларини билиб, қандай қайғурмаслигимиз мумкин?» деб ўйлашади. Бу саволга Сперджен жуда яхши жавоб берган: «Сиз, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин деб сўрайсиз? Агар бу саволга берадиган жавобингиз бўлса, бажонидил уни тинглайман, чунки менда бу саволга жавоб йўқ. Бироқ, мен осмонда, ердан кўра заррачабўлсада, камроқ мулойимлик бўлишига, бир оз камроқ дўстона муҳаббат ва севги бўлишига ишонмайман; аксинча, буларнинг барчаси янада кўпроқ бўлишига ишонаман. Лекин шу билан бир қаторда улар шу даражада юксак ва пок бўладики, ҳалок бўлганларга нисбатан раҳм-шавқат билан гуноҳга нисбатан бўлган нафрат, мукаммал мувозанатда уйғунлаша олади. Бу нарсаларнинг сири, Худо иродасини охиригача билиш ва англаб етишликда бўлса керак, бироқ, бундай таҳминлар менинг ваколатимда эмас. Раббимиз уларнинг кўз ёшларини қандай рўмолча билан артишини билмайману, аммо У буни албатта бажо этишини биламан» (Сперджен)
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]