Ваҳий, 5 боб.
Шер, Қўзи ва муҳрланган ўрама қоғоз
А. Муҳрланган ўрама қоғозни олишга муносиб бўлган Зот.
1. 1оят. Тахт ва ўрама қоғоз.
«Мен тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлида бир ўрама қоғозни кўрдим. Ўрамнинг олди ва орқа томонларида ёзувлари бор бўлиб, у еттита муҳр билан муҳрланган эди».
а. «Мен тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлида бир ўрама қоғозни кўрдим». Бу ўрама қоғознинг ноёблиги кундай равшан. Ўтган даврларда қоғознинг ҳар иккала томонида ёзиш одати бўлмаган. Кўриниб турибдики, ушбу қоғозда нима ҳақида сўз юритилганлигидан қатъий назар, унда кўплаб маълумотлар мавжуд; улар шу даражада кўпки, ҳаттоки қоғозга зўрға сиғмоқда.
1) Қадимги қўлёзмалар шундай тартибда ёзилганки, уларни ўқиш учун, қўлёзмаларни вертикал ҳолатда эмас, горизонтал ҳолатда очиш керак бўлган. Қоғознинг икки чети таёкчаларга биркитилган бўлиб, жигарранг қоғозларга ўхшаш варақлар марказида, кенглиги 8см устунча шаклида матннинг ўзи ёзилган. Матнни ўқиётганда, ўрамани чап қўлда ушлаб, ўнг қўл билан ўрамани очиб бораверганлар, шу тариқа ўқиб бўлган жойларини таёқчага ўраб бораверишган. Ваҳий китоби шу тариқа ёзилган бўлганида, қўлёзманинг узунлиги 4,5 метр бўлган бўларди.
в. «еттита муҳр билан муҳрланган эди». Тайёр ўрама қоғозни ўраб, уни маҳсус ип билан боғлаб, ипни мумли муҳрлар билан муҳрлашган. Юҳанно кўрган ўрама қоғоз, еттита муҳр билан муҳрланган бўлган. Демак, ўрама еттита ип билан боғланган бўлиб, ҳар бир ипнинг учи мумли муҳр билан муҳрланган бўлган.
1) Бу алоҳида муҳрлар билан ажратилган, еттита ҳар хил мактуб дегани эмас. Бу бир ўрамада еттита муҳр бўлган дегани. Ўрамани ўқишдан олдин эса, етти муҳрнинг барчасини очиш керак.
г. Бу қандай ўрама бўлди экан? Унда нима ёзилган? Асрлар давомида Муқаддас Калом изоҳчилари томонидан турли туман ғоялар таклиф қилинган. Ўраманинг ичида нима ёзилганлигидан қатъий назар, биз бу ўрамани очишга Исодан бошқа ҳеч ким лойиқ эмаслигини ёдимизда тутишимиз лозим (Ваҳий 5:3-4).
1) Баъзилар бу ўрама – Эски Аҳд деб, бошқалари Эски ва Янги Аҳдлар деб, яна баъзи инсонлар бу ўрама амалга ошган башоратлар тўплами деб ҳисоблашишади. Аммо бу ғояларнинг барчаси амалга ошиб бўлган нарсаларга тегишли, Юҳанно эа «бундан кейин юз бериши керак бўлган нарсалар» ҳақида айтиб ўтган. Бундан ташқари бу ўрама Эски ва Янги Аҳдлар бўлса, унда кимни бу ўрамани очишга номуносиб деб аташмоқда?
2) Айрим инсонлар бу ўрама Худо томонидан Исроилга ёзилган ажралиш мактуби деб ўйлашади, бироқ Каломда бундай ғоянинг тасдиғини топиш жуда қийин. Агар бу ажралиш мактуби бўлса, ким бу ўрамани очишга нолойиқ бўлиши мумкин?
3) Бу ўрама Худонинг жамоат душманларига чиқарган ҳукми деган фикр ҳам мавжуд. Балким шундайдир ҳам, аммо бу фақат билвосита. Яна бир бор юқоридаги савол туғилмоқда – ўрамани очишга ким муносиб эмас?
4) Яна бир фикр – ўрама, Ваҳий китобининг мантларини ёки кейинги бир нечта бобларини ифодалайди, деб ҳисоблайди. Бироқ, бу фикр ҳақиқатдан йироққа ўхшайди, айниқса бу бобда келтирилган ўрама тушунчаси нуқтаи назаридан қараганда. Унда бундай ўрама очишга кимни номуносиб деб топишган?
5) Ўрама – бу, ер сайёрасига эгалик қилиш ҳуқуқи деган яна бир фикр ҳам мавжуд. Ўта жозибали ғоя, айниқса, қайғу ва офатлар вақти тугаганидан кейин, Исо ер юзида ҳукмрон бўлишини эътиборга оладиган бўлсак. Шунга қарамай, тўлиқ ишонч билан бу фикрни эътироф этиш жуда қийин. Бу ғоя кўпроқ Еремиё 32:6-15 оятларда ёзилганларига тўғри келади. У ерда яҳудийлар томонидан тузилган ва муҳрланган «савдо – сотиқ далолатномаси» ҳақида сўз юритилган. Бироқ, ҳозирги пайтда ер юзида иблис ҳукмронликқилаётганлигига қарамай (Луқо 4:5-8), бутун ер юзи Худовандга тегишли эканлиги ҳақидаги далил шубҳасиздир (Сано 23:1). Агар Худованд ер сайёрасига ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини қайта тиклашга ҳаракат қилаётган бўлса, «Худо бу ҳуқуқни қачон йўқотган эди» деган савол туғилади. Бундан ташқари ер сайёрасини Худо Ўз қўлларида тутиб турибди; ҳеч қандай ҳуқуқ йуқотилган эмас. Ўрама қоғознинг муҳрлари эса очилиши ва унда ёзилган нарсалар аён бўлиши керак.
д. Энг яхшиси бу ўрамага «Худонинг иродасига қарагандай, бутун борлиқ тақдирига оид Худо томонидан белгиланган охирги қарорга» қарагандай қарашдир (Баркли). Ушбу ғоянинг остида, Рим қонунига кўра, васият ёки бировнинг хоҳиш иродасини, унга алоҳида қиймат бериш мақсадида, ҳар бир гувоҳ томонидан биттадан босилган етти муҳр билан муҳрлаш керак бўлганлиги ҳақидаги далил ётади.
1) «Рим қонуни, васият еттита муҳр билан муҳрланган бўлиши кераклигини талаб қилган, масалан император Августин ва Веспасиан томонидан, ўз ворисларига қолдирган васиятларда ҳам еттитадан муҳр бўлган» (Уолвурд).
2) «Китобда Худонинг ер юзидаги ҳукмронлик ва Жамоат устидаги бошқарувига оид бўлган мақсад ва режалари ёзилган бўлиши мумкин, аммо бизлар, тупроқдан қилинган оддий бандалар бу нарсаларни била олмаймиз. Нима бўлган тақдирда ҳам, биз фақатгина таҳмин қила олишимиз мумкин» (Кларк).
3) «Шундай қилиб, етти муҳр билан муҳрланган китоб – бу Худонинг умумий режасидир ва бу режанинг энг авж нуқтаси Исонинг ер юзига қайтиши бўлади» (Уолвурд)
4) «Худонинг Ўз жамоатига оид маслаҳатлари, режалари ва мақсадлари, дунё охиригача у билан содир бўлиши керак бўлган ғайратомус ҳодисалар ёзилган китоб. Бу китоб Отанинг қўлида эди» (Пул)
5) Хуллас, фикр шундан иборатки, Худонинг қўлида Борлиқнинг бутун тарихи аллақачон ёзилган китоб турибди. У бутун жаҳоннинг тарихини олдиндан ёзган, У олдиндан ҳамма нарсани Ўз қўлида ушлаб турибди ва айнан Унинг ташаббуси билан бутун инсоният тарихининг якуний босқичи бошланади. Бундай ўрама фақатгина Худованднинг қўлида бўлиши мумкин.
е. Урғу, ўрамада ёзилган нарсаларга эмас, уни муҳрлаган муҳрларда ва бу муҳрларни очишга муносиб бўлган Зотга берилганлигини ёдингизда тутинг.
2. 2-4оятлар. Ўрамани очишга ким муносиб?
«Сўнг мен кучли бир фариштани кўрдим. У баланд овозда: “Муҳрларни ечишга, ўрамни очишга ким лойиқ?” деб сўради. Бироқ на осмонда, на ер юзида, на ер остидаги оламда ўрамни оча оладиган ёки ичига назар сола оладиган бирон кимса бор эди. Мен аччиқ–аччиқ йиғлай бошладим, чунки ўрамни очишга, ҳатто унинг ичига назар солишга лойиқ бирон кимса топилмаганди».
а. «Кучли бир фариштани». Биз бу фаришта ким эканлигини билмаймиз. Кўпчилик бу фаришта Жаброил деб ҳисоблайди, аммо биз буни аниқ билмаймиз. Шунга қарамай, бу фаришта, «муҳрларни ечишга, ўрамани очишга ким лойиқ» деб, бутун борлиқни гўёки ўрамани очишга ҳаракат қилиб кўришга чақираётгандек. Ва ҳеч бир зот ўрамани очишга ҳаракатқилиб кўраётгани йўқ, чунки уни очишга лойиқ ҳеч ким йўқдир.
б. «Бироқ на осмонда, на ер юзида, на ер остидаги оламда ўрамни оча оладиган ёки ичига назар сола оладиган бирон кимса бор эди». Юҳанно кўраётган ҳодисасини тасвирлаш учун бундан ортиқ сўз топа олмади. Гўёки ўша кучли фаришта, бутун борлиқни кўриб чиқиб, ҳаттоки ўрамага нигоҳ ташлашга муносиб бўлган бирор бир инсонни топа олмагандек.
1) Кучли фаришта томонидан берилаётган чақирувни қабул қилишга бирор инсон қодир эмас, чунки бошиданоқ яратилган зот, у учун Худо томонидан белгиланган мақсадга на таъсир ўтқазишга ёки на ҳал қилишга қодир. Тарихнинг йўналишини, яратилишдан ташқарида бўлган Зотгина белгилай олади, – яъни бу режани фақатгина Худонинг Ўзи очиб бериши мумкин.
в. «Мен аччиқ–аччиқ йиғлай бошладим». Эҳтимол, Юҳанно қуйидаги икки сабабдан бири туфайли йиғлагандир: келажакни кўрсатиш ваъдаси (Ваҳий 4:1) энди амалга ошмаслигини кўрганлиги туфайли, ёки тарихнинг якуний босқичи орқага сурилаётганлиги туфайли.
г. «Ўрамани очишга, ҳатто унинг ичига назар солишга лойиқ бирон кимса топилмаганди». Ўрамага назар солиш учун, уни қўлга олиш ва очиш ҳуқуқига эга бўлиш керак. Яратилганлар орасида бу ишни қилишга муносиб ҳеч ким топилмади.
3. 5-7 оятлар. Яҳудо қабиласидан бўлган Шер ўрамани очишга қодирдир.
«Шунда оқсоқоллардан бири менга деди: “Йиғлама! Ана қара, Яҳудо қабиласидан бўлган Шер — Довуд уруғидан чиққан Зот ғалаба қозонди. У ўрамнинг еттита муҳрини ечишга ва ўрамни очишга қодирдир.”Шунда мен тахтнинг олдида, тўртта жонли мавжудот ва оқсоқоллар қуршовида турган бир Қўзини кўрдим. У гўё бўғизлангандай эди. Қўзининг етти шохи ва етти кўзи бор эди. Булар Худо бутун ер юзига юборган еттита руҳдир. Қўзи келиб, тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлидан ўрамни олди».
а. «Ана қара, Яҳудо қабиласидан бўлган Шер». Оқсоқоллардан бири Юҳаннога, (фаришталардан бири эмас) «ғалаба қозонган ва ўрамани очишга қодир бўлган» Зотни кўрсатиб, қайғусида унга таскинлик бермоқда. Бу буюк Шахс Эски Аҳд башоратларидаги Шахсдир: Яҳудо қабиласидан бўлган Шер, Довуд уруғидан чиққан Зот, Исроилнинг ҳамда бошқа бутпараст халқларнинг Қутқарувчиси.
1) Яҳудо қабиласидан бўлган Шер деган унвонни биз, Ибтидо 49:9-10 оятларда, Ишаё 31:4 оятда, Хўшея 11:10 оятларида кўришимиз мумкин. Довуд уруғидан чиққан Зот деган унвон эса, Ишаё 11:10 оятда айтиб ўтилган бўлиб, яна бир бор Ваҳий 22:16 оятда такрорланади.
2) Трапп, Шер тимсоли бизнинг Нажоткоримизга энг мос келадиган тимсол деб ҳисоблайди: «1. Унинг шердай бўлган тенгсиз кучига. 2. Унинг қаҳрамонлик руҳига. 3. Унинг шерга ўхшаш ҳукмронлигига: чунки шер – ҳайвонларнинг ҳукмдоридир. 4. Унинг ҳушёрлигига: шер – кўзлари очиқҳолда ухлайди».
б. «Шунда… турган бир Қўзини кўрдим». Оқсоқолнинг гапларидан сўнг, Юҳанно Шерни кўришни кутган эди, аммо бунинг ўрнига у Қўзини кўрмоқда. Ҳаттоки Юҳанно бу ерда «кичгина қўзичоқ» маъносини англатувчи ўзига хос сўзни ишлатган; у «ёшгина ёки заифгина қўзичоқни кўрмоқда» (Кларк)
1) Қўзи, Юҳаннонинг кўз олдида ҳам юввош ва ҳайрихоҳ, ҳам куч ва қудратга тўла Қўзи сифатида пайдо бўлмоқда. У тирик бўлиб (турган Қўзини кўрдим), шу билан бир қаторда Унда қурбонлик излари кўринмоқда (У гуё бўғизлангандай эди).
2) Инсон куч ва қудратни бирор бир жонзот тимсолида тасаввур қилганида, унинг кўз олдига ёввойи, ваҳший ҳайвонлар ва қушлар келади; одатда, бундай жонзотлар тасвирини спорт жамоаси рамзи ва ҳаттоки бутун бошли давлат рамзи сифатида танлашади. Бироқ, Осмон Шоҳлиги рамзи сифатида биз, итоаткорликни, камтаринликни ва қурбонлик севгисини ифодалайдиган Қўзини кўряпмиз.
3) Қўзи гўё бўғизлангандай. Юҳаннонинг кўрганларини сўз билан ифодалаш жуда қийин, лекин бу Қўзи қурбонлик излари белгиларига эга. 6 – бобда бошланадиган ҳукм, Уни қабул қилиш орқали ҳукмдан қочиб қутулиш имкониятини олдиндан ҳозирлаб қўйган Қўзининг буйруғи ва раҳбарлиги остида бошланади. Ҳукм – Қўзидан ва унинг келишига сабаб бўлган нарсалардан нафратланадиган, Унинг таклифини рад этган ушбу дунё устига ёғилади.
в. «У гўё бўғизлангандай эди». Бу жумлада, Исонинг қурбонлиги Ота Худо олдида аввалгидай янги ва долзраб эканлиги ҳақидаги фикр мужассамлаштирилган. Исо томонидан хочда амалга оширилган жасорат «эскирган» ёки «амал қилиш муддати тугаган» бўлиши мумкин эмас. Минглаб йиллар ўтсада, Унинг хочда келтирган қурбонлиги, ўша келтирилган кундагидек «янгидир».
1) «Бу ерда ишлатилган нутқ шакли, Масиҳ ўлимининг, Худо олдида ўз ишини абадулабад бажариб келаётган доимий ва долзарб қийматини, кўрсатади, чунки Масиҳ биринчи ва охирги марта хочда бизни қуткарадиган қурбонликни амалга оширди» (Трапп)
2) «У гўё бўғизлангандай эди». «Исо келтирган қурбонлиг гўёки бугунги кунда ҳам такроран келтирилаётгандай! Бу жуда ҳайратланарли! Масиҳ томомнидан келтирилган қурбонлик Худо учун шу қадар муҳимки, ҳаттоки Юҳаннога ҳам Исо, гўё айнан ўша пайтда инсонлар гуноҳи учун қонини тўкаётгандай намоён бўлган. Бу нарса имонлиларга катта афзалликни беради: инсоннинг жони қай пайт иноят тахти олдига келмасин, у ҳар доим у ерда Худо учун тайёрланган қурбонликни топади. Шу тарзда барча авлодлар тайёр қурбонликни ва улар учун тўкилаётган қонни топа олишади» (Кларк)
г. «Қўзининг етти шохи ва етти кўзи бор эди. Булар Худо бутун ер юзига юборган еттита руҳдир». У бизнинг олдимизда ҳамдардлик ва раҳм шавқат объекти сифатида тургани йўқ, гарчи барча учун қурбонлик излари Унда кўриниб турган бўлсада. Бу излардан ташқари Унда ҳамма нарсага қодирлик (еттита шоҳ) ва ҳамма нарсани билишлик (еттита кўз) белгилари мавжуд. Унинг ташқи кўриниши жуда ҳайратланарлидир! Хамма нарсага қодирлик ва ҳамма нарсани билишлик белгиларига эга бўғизланган Қўзи!
1) Муқаддас Каломда кўзлар доим билим ва донолик белгисини, шоҳлар бўлса қудрат ва ҳокимият белгисини англатишган. Қўзи мукаммал чексиз даражада қудратга, доноликка ва билимга эга: етти шоҳ ва етти кўз.
2) «Булар Худо бутун ер юзига юборган еттита руҳдир». Муқаддас Руҳ нафақат Худонинг Руҳи (яъни Ота Худонинг), балки Масиҳнинг ҳам Руҳидир (Ҳаворийлар 16:7, Римликлар 8:9).
3) Худонинг еттита кўзи – биз Закариё пайғамбар китобида учратиш мумкин бўлган Худонинг ҳамма нарсани билишлиги суратидир (Закариё 4:10, 3:9).
д. «Қўзи келиб, тахтда ўтирган Зотнинг ўнг қўлидан ўрамни олди». Яратилганлар орасида ўрамани олишга лойиқ ҳеч ким топилмади, уни фақат Қўзи қила олди. Масиҳнинг феъл – атвори, Унинг ўрни, китобни олиш ва уни очиш (шу орқали бутун борлиқнинг тақдирини ошкор қилиш) қобилияти, тоабад У хочда амалга оширган ишда намоён бўлди.
Б. Қодир Зотга ҳамду – санолар.
1. 8-10оятлар. Карублар ва оқсоқоллар қўшиғи.
«У ўрамни олганда, тўртта мавжудот ва йигирма тўрт оқсоқол Қўзининг олдида мук тушишди. Ҳар бирининг қўлида бир арфа ва хушбўй тутатқиларга тўла олтин косалар бор эди. Хушбўй тутатқилар — Худо азизларининг дуою ибодатлари демакдир. Улар қуйидагича янги қўшиқ айтишар эди: “Сен ўрамни олишга, Унинг муҳрларини ечишга лойиқсан! Чунки Сен бўғизланган эдинг, Ўз қонинг эвазига ҳар бир қабила, миллат, элату халқдан Худо учун одамларни қутқариб олдинг. Улардан Шоҳлик яратдинг, Уларни Худойимизга хизмат қиладиган Руҳонийлар қилиб тайинладинг. Улар ер юзидаҳукм сурадилар».
а. «тўртта мавжудот ва йигирма тўрт оқсоқол Қўзининг олдида мук тушишди». Қўзи китобни олганида, қолганлар дарҳол бу нарсага ўз аҳамиятларини қаратишди. Қўзи томонидан қутқарилган инсонлар ва олий фаришталар, шу заҳотиёқ Унга биргаликда хамду сано айтишни бошладилар.
б. «Ҳар бирининг қўлида бир арфа…бор эди». «Аслида арфа бу чанг ёки торли асбобга ўхшаш бир мусиқа асбоби бўлиб, уни қўл билан ёки маҳсус ёрдамчи восита билан чалишган» (Алфорд) Самодаги ҳамду саномусиқа жўрлигида айтилади. Шубҳасиз, айнан ушбу парчага асосланиб, осмонда барча иймонлиларнинг қўлида арфа бўлади деб таъкидлашади.
в. «Хушбўй тутатқиларга тўла олтин косалар бор эди. Хушбўй тутатқилар — Худо азизларининг дуою ибодатлари демакдир». Оқсоқолларнинг қўлларидаги тутатқиларга тўла олтин косалар, азизларниг ибодатини англатади. Ҳар ҳолда бу тутатқи тўла косалар, оқсоқолларнинг, гўёки улар Худо халқи номидан шафоат қилувчилардек иймонлилар учун қилаётган ибодатини англатмайди.
1) «Зеро, ҳаммамизга маълумки, Худо ягонадир, Худо билан инсонлар орасидаги Воситачи ҳам ягонадир. Бу Воситачи Исо Масиҳдир. У Ўзи инсон эди» (1-Тимўтий 2:5). Бу Худо билан инсонлар орасидаги воситачи ягоналиги ҳақидаги эслатма. Оятдаги оқсоқоллар иймонлилар учун ибодат қилаётганликлари йўқ ва бу оят, Рим католик жамоатида қабул қилинган, ўтган муқаддас зотларга, улардан биз учун ибодат қилишларини сўраб илтижо қилиш одатининг асоси бўлиб ҳам хизмат қилмайди.
2) «Балким бу ибодатлар, Худо халқининг тўхтовсиз «Сенинг Шоҳлигинг келсин» деб қилаётган ноласидир» (Хокинг)
3) «Хушбўй тутатқиларга тўла олтин косалар». Биз, Худо учун иймонлиларнинг ибодати нақадар азиз эканлигини кўрмоқдамиз. Бу ибодатларга Худованд, олтин косалардаги ёқимли ҳидли тутатқига қарагандай қарамоқда.
4) Ибодат ва тутатқи орасидаги боғлиқликни, Забур 140:2 оятида кўриш мумкин: «Ибодатимни тутатқи назридай қабул қилгин, қўлларимни кўтарганимни кечки қурбонлик деб билгин».Тутатқи хушбўй ҳидга эга бўлиб, у осмонларгача кўтарилади ва уни ишлатиш учун эса, олов ёқмоқ лозимдир.
г. «Улар қуйидагича янги қўшиқ айтишар эди». Оқсоқоллар янги қўшиқ куйлашмоқда, чунки Худонинг раҳм – шавқати доимо янгиланиб туради.
1) « «Янги қўшиқ» нима дегани? Ё бу ажойиб қўшиқ дегани (яъни сўз қўшиқнинг сифати ҳақида юритиляпти, ахир янги қўшиқлар юқори баҳоланган), ё (бу вариант менга кўпроқ ёқади) «янги» деган сўз, ушбу қўшиқ ёзилиши сабабини кўрсатмоқда; Худованднинг Эски Аҳд давридаги хизматкорлари, инсониятнинг Масиҳ қони орқали қутқарилганлиги туфайли Унга ҳамду сано айтиш имкониятига эга бўлишмаган, улар Худонинг Масиҳҳақидаги ваъдаларига иймон кўзи билан қараб, уларнинг амалга ошиши умидида қувонишган холос» (Пул)
2) «Худонинг Ўғли инсонга айланди – албатта бу илгари бўлмаган янги воқеа. Танада бўла туриб, осмонга кўтарилиш – бу ҳам янги воқеа. Инсоният гуноҳининг кечирилиши – бу ҳам янги воқеа. Ваъда қилинган Шоҳликни кутиб, ҳар кун Худога қурбонлик келтираётган руҳонийлар роли биз учун янги бўлгани сингари, Муқаддас Руҳ билан муҳрланган инсон бўлишлик ҳам янги бир тажрибадир» (Викторин)
д. «Сен лойиқсан». Ҳаворий Юҳанно даврида, Рим императорларини у ёки бу шаҳарга қилган ташрифида, «сен лойиқсан» деб таржима қилинадиган лотинча veredignus сўзлари билан қарши олишган. Ушбу оятда эса дунёнинг ҳақиқий Ҳукмдорига шарафлар айтилмоқда.
е. «Чунки Сен бўғизланган эдинг, Ўз қонинг эвазига ҳар бир қабила, миллат, элату халқданХудо учун одамларни қутқариб олдинг.Улардан Шоҳлик яратдинг Уларни Худойимизга хизмат қиладиган Руҳонийлар қилиб тайинладинг. Улар ер юзида ҳукм сурадилар». Ваҳий 4:11 оятда берилган қўшиқда, Яратгувчи –Худонинг амалга оширган ишига урғу берилган. Бу ерда эса Унинг қутқариш ишиҳақида сўз юритилган:
·қўшиқда қутқариш учун тўланган нарҳ улуғланмоқда (Сен бўғизланган эдинг);
·қўшиқда, ушубу қутқарувни амалга оширган Зот улуғланмоқда (одамларни қутқариб олдинг);
·қўшиқда қуткариб олишликнинг мақсади улуғланмоқда (Худо учун одамларни қутқариб олдинг);
·қўшиқда қутқариб олиш учун ишлатилган восита улуғланмоқда (Ўз Қонинг эвазига)
·қўшиқда қутқариб олишлик масштаби улуғланмоқда (ҳар бир қабила, миллат, элату халқдан);
·қўшиқда қутқариб олишликнинг давомийлиги улуғланмоқда (улардан Шоҳлик яратдинг,уларни Худойимизга хизмат қиладиган Руҳонийлар қилиб тайинладинг);
·қўшиқда қутқариб олишликнинг натижаси улуғланмоқда (улар ер юзида ҳукм сурадилар).
ж. «Худойимизга хизмат қиладиган руҳонийлар ва шоҳлик». Иймонлилар ўзларининг қироллик туғилишлари, Исо билан биргаликда ҳукмронлик қилиш учун туғилганликлари туфайли подшоҳларга айланадилар. Имонлилар – руҳонийлардирлар, чунки улар билан Исо Масиҳ орасида ҳеч қандай воситачи йўқдир.
1) «Ҳар қандай ажойиб либосларда кийинган инсон ўртага чиқиб, ўзини руҳоний деб эълон қилганида, Худонинг энг ғариб фарзанди ҳам унга: «Менинг ўрнимдан қоч ва уни эгаллашга интилма. Мен – руҳонийман, сенинг кимлигингни эса билмайман. Сен Баалнинг руҳонийси бўлсанг керак, зеро ҳаттоки «либос» деган сўз ҳам Каломда Баалнинг маъбади билан боғлиқ. Руҳонийлик бўлса – барча имонлиларга тегишлидир» деб айта олади (Сперджен)
2. 11-12 оятлар. Қуткарувни амалга оширган Қўзи барчасига лойиқдир деб эътироф этаётган сон саноқсиз фаришталар қўшиққа жўр бўлишмоқда.
«Кейин мен тахтнинг, мавжудотлар ва оқсоқолларнинг атрофида кўп фаришталарни кўрдим, уларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг саноғига етиб бўлмас, минг–минглаб, ўн минглаб эдилар. Улар баланд овозда шундай дердилар: “Бўғизланган Қўзи ҳамдларга лойиқдир!Кучу давлат, донолигу қудрат Соҳибигашон–шарафлар бўлсин!».
а. «кўп фаришталарни кўрдим, уларнинг овозларини эшитдим». Қўзининг олдида фаришталар ва оқсоқоллар биргаликда мук тушганларини кўрдик (Ваҳий 5:8). Қутқарув ҳақида бўлган қўшиқни, фақатгина оқсоқоллар куйлаган кўринади (Ваҳий 5:9-10), чунки Каломда фаришталарнинг қутқарилиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бироқ, энди тахт атрофидаги минглаб фаришталарнинг овози ҳам, Буюк Қутқарувчи номига айтилаётган ҳамду санода янграётганлигини кўрмоқдамиз.
1) Ваҳий 4:9-10 оятларда фаришталар оқсоқолларни ҳамду санога чорлашади. Бу ерда эса оқсоқоллар фаришталарни илҳомлантирган кўринади. Осмонда барча нарса ажойиб тарзда бир бири билан боғлиқ: биз, оқсоқоллар билан фаришталар бир бирларини янада кўпроқҳамдлар айтишга рағбатлантирган ҳолда, қўллаб-қувватлаётганликларини кўрмоқдамиз.
б. «Уларнинг саноғига етиб бўлмас, минг–минглаб, ўн минглаб эдилар». Сон – саноқсиз фаришталар.
в. «Бўғизланган Қўзи ҳамдларга лойиқдир». Ўз қўшиқларида фаришталар Худога, У уларни қутқарганлиги учун ҳамду сано айтаётганлари йўқ, чунки фаришталар (менга маълум бўлишича) қутқарилиш субъектлари эмаслар. Улар шунчаки диққат билан содир бўлган нарсаларни кузатганлар ва кўрганлари уларни Худога ҳамдлар айтишга рағбатлантирмоқда (1-Бутрус 1:12; Эфесликларга 3:10).
1) Фаришталар Худованднинг гуноҳкор инсониятни қутқариш учун амалга оширган ишида, Унинг буюклигини аниқ кўриб турибдилар, шунинг учун ҳам улар Худовандга ҳамду санолар куйлаб, «кучу давлат, донолигу қудрат Соҳибига шон шарафлар бўлсин» деб айтмоқдалар. Шу сингари бизлар ҳам Худонинг бошқалар ҳаётида амалга ошираётган ишлари учун Унга ҳамдлар айтишимиз мумкин.
3. 13-14оятлар. Бутун борлик Отани ва Қўзини улуғламоқда.
«Шунда мен еру осмондаги, ер остидаги, денгиздаги жамики жонзотларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг ҳаммаси шундай деб куйлаётган эдилар: “Тахтда ўтирган Зотга ва ҚўзигаАбадулабад ҳамдлар бўлсин! Бу қудрат Соҳибларигаабадулабад шон–шарафлар бўлсин! Тўртта мавжудот: “Омин!” — деди. Оқсоқоллар эса мук тушиб, сажда қилдилар».
а. «жамики жонзотлар». Юҳанно бундан ортиқ тўлиқроқ ифодалашнининг иложини топмади. Дарҳақиқат, ушбу оятда Юҳанно «еру осмондаги, ер остидаги, денгиздаги жамики жонзотларни», барча тирик жонни эслатиб ўтмоқда.
б. «Тахтда ўтирган Зотга ва ҚўзигаАбадулабад ҳамдлар бўлсин! Бу қудрат Соҳибларига абадулабад шон–шарафлар бўлсин». Отага ва Қўзига қилинган умумий сажда, Исо – Худо эканлигини исботловчи кучли далил бўлиб хизмат қилиши мумкин. «Қўзи – Худо эканлигига ва Унга муносиб тарзда муносабатда бўлиш кераклигига заррача шубҳа йўқдир» (Л. Моррис)
1) «Агар Исо Масиҳ Худо бўлмаганида, бу саждани бутпарастлик деб ҳисоблаш мумкин бўларди, чунки бундай сажда, Яратгувчига тегишли шон – шарафни яратилган ижодга бағишлаш бўлган бўларди» (Кларк)
2) «Менинг азиз тингловчим! Ишонинг: агар сиз Исо Масиҳга Худо сифатида сажда қилишга тайёр бўлмасангиз, осмонга кира олмайсиз. Чунки у ерда ҳамма айнан шу иш билан банд ва сизнинг ҳам умумий ҳамдларга қўшилишингизга тўғри келади. Мабодо сиз ўзингизни Исо Худо эмас, шунчаки инсон ёки яна бирор бир шахс деган фикрлар билан овутиб юрган бўлсангиз, ҳаммасини бошидан бошлашингизга ва ҳақиқий иймон нима эканлигини англаб етишингизга тўғри келади деб ўйлайман. Исонинг Худо эканлигига ишонмасангиз, сизнинг эътиқодингиз жуда суст ва заифдир. Оддий инсоннинг гуноҳдан қутқариш ишини амалга ошириши мумкинлигига ишонмаганим сингари, мен ўз жонимни ҳам оддий инсонга ишониб топширмаган бўлардим. Худованднинг Ўзидан бошқа ҳеч ким бундай буюк вазифани бажара олмаган бўларди» (Сперджен)
в. «мук тушиб, сажда қилдилар». «Сажда қилиш» сўзи, қадимги юнон тилида «йиқилиш» ёки «кимнингдир олдида сўзсиз итоаткорликда тиз чўкиб, бош эгиш» деган маъноларни англатади. Балким ушбу вазиятда, оқсоқоллар олдин тиз чўкиб, кейин абадулабад Барҳаёт бўлган Зотнинг олдида, тўлиқ итоаткорлик ва иззат икромда бош эгиб ётган бўлишлари мумкин.
1) «Бу шарқда кенг тарқалган, бировга бўлган севгини кўрсатиш усулидир: бошида инсон ўзи севган шахс олдида тиз чўкади, кейин эса аста – секинлик билан пешонаси ерга теккунча бошини эгади. Айнан мана шу иккинчи қисм яъни пешонани ерга теккизиб бош эгиш, сажда қилиш деб аталади» (Кларк)
г. «Абадулабад Барҳаёт Зотга сажда қилдилар». Тирик Худованд абадулабад ҳукмронлик қилажак. Қайсарга ўхшаган ҳукмдорлар, шу жумладан Худонинг халқига қарши қувғинларни уюштирган римлик Қайсар сингари ҳукмдорлар туғилиб, сўнгра дунёдан ўтиб кетаверишади. Худованд эса тоабад тирикдир, ва У абадулабад бизнинг ҳамду саноимизга лойиқдир.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]