Ваҳий, 20 боб.
Шайтон, гуноҳ ва ўлим бутунлай йўқ қилинди.
А. Шайтон минг йиллик муддатга кишанланди.
1. 1 оят Номи номаълум бир фаришта катта занжир билан шайтонни боғлаш учун келмоқда.
“Мен самодан тушаётган бир фариштани кўрдим. Унинг қўлида тубсиз чуқурликнинг калити ва катта занжир бор эди”.
а. “самодан тушаётган бир фариштани”. Иблисни боғлайдиган бу фаришта кимлиги бизга номаълум.Бу Исо эмас, Макойил ёки Жаброил ҳам ё бош фаришталардан бошқа бири ҳам эмас.
1) “Иблиснинг ҳақиқий аҳамияти жуда яхши кўрсатилган, уни боғлаш учун Ота Худонинг Ўзи ёки Масиҳ келаётгани йўқ, бу ишни амалга ошириш учун ҳатто номи номаълум бир фаришта келмоқда” (Л. Моррис).
б. Бу шайтоннинг Худога рақиб ёки Унга тенг эмаслиги ҳақидаги драматик баёнотдир. Худованд осонлик билан хоҳлаган вақтида иблиснинг барча ишларини барбод қилиши мумкин эди. Аммо шунга қарамай, У иблисга ўз ишини давом эттиришга йўл қўйиб бермоқда, чунки у ёвузликнинг тўлиқ мужассамлиги бўла туриб, Худованднинг режаларини амалга оширишда давом этмоқда.
2. 2–3 оятлар Иблис минг йилга кишанланди.
“Фаришта аждарҳони тутиб олди. Иблис ва шайтон деб аталган бу алмисоқ илонни у минг йил муддатга кишанлаб қўйди. Яна халқларни алдамасин деб, уни тубсиз чуқурликка ташлаб, қамаб қўйди. Минг йил тамом бўлгунга қадар кираверишни муҳрлади. Минг йил ўтгандан кейин уни қисқа бир муддатга озод қилиши керак эди”.
а. “тутиб олди…кишанлаб қўйди…чуқурликка ташлади…кишанлаб қўйди… муҳрлади”. Шайтон Исони қабрга қамаб қўймоқчи бўлди, лекин қила олмади. Бу ерда эса биз Худонинг осонлик билан шайтонни тўхтатаётганлигини кўряпмиз ва иблиснинг асрга олиниши қатл эмас, эҳтиёткорлик чорасидир. Бу ерда иблиснинг ёвуз руҳлардан иборат қўшинлари ҳам қўлга олиниб, кишанланганлиги назарда тутилмоқда.
1) “Бу нарса ростдан ҳам содир бўлмоқдами? Албатта, ҳа. Жанг ҳақиқатдан ҳам содир бўлади, Махлуқ ва сохта Пайғамбар ҳақиқатдан ҳам асирликка олинади, подшоҳлар ва уларнинг қушинлари дарҳақиқат мағлубиятга учрайди; Шайтон ҳақиқатдан ҳам мавжуд, демак, унинг асрга олиниши ростдан ҳам содир бўлади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас” (Сисс).
2) Баъзилар: “шайтонни ушлаб туришга қодир бу занжир қанақа занжир бўлди экан?” деб сўрашади. Биз бу қанақа занжир эканлигини билмаймиз, аммо Худо айнан ушбу мақсад учун бу занжирни ярата олади. Ҳозирги пайтда кўпгина ёвуз руҳлар занжирларда ва кучли қамалларда эканлигини биз биламиз (Яҳудо 6 оят). Агар Худо ушбу ёвуз руҳларни ушлаб туришга қодир экан, шубҳасиз шайтонни ҳам 1000 йилга кишанлай олади.
3) “Шайтонни ҳибсда ушлаб туриш учун бундай пухта ўйланган ва ишлаб чиқилган чоралар ажабланарли эмас, чунки бу унинг ердаги таъсирини бутунлай тўхтатади” (Маунс).
4) Шайтоннинг кишанланиши ҳақидаги далилни, шахсий даражага кўтаришга мойил инсонлар мавжуд; улар: бу оятда шайтоннинг таъсири ҳар бир инсоннинг ҳаётида тўхтатилиши ҳақида сўз юритилмоқда, деб ҳисоблашади. Бироқ бундай нуқтаи назар, матнни диққат билан кўриб чиққанда, ўз моҳиятини йўқотади. Агар Худо, шайтоннинг тўлиқ “кучсизлантирилишини” айтаётган бўлса, бу нарсани оятда айтилганидан кўра ёрқинроқ ва тушунарлироқ айтишнинг имкони йўқ.
5) Биз, шайтонни ўз ибодатлари билан боғлаётган инсонни кўраётганимиз йўқ. Бу ерда содир бўлаётган барча нарсалар, юқоридан келган ташаббус орқали содир бўлмоқда. “Муҳим бир тафсилотга эътибор қаратиш лозим: шайтон ва унинг кучлари, инсоният ўз ҳиссасини қўшгани учун мағлубиятга учратилгани йўқ” (Барнхаус).
б. «яна халқларни алдамасин деб». Бу ерда шайтоннинг энг асосий ҳужум усули ҳақида сўз юритилмоқда. У ёлғончи, шунинг учун ҳам унга қарши энг зўр ҳимоя қуроли бу Худонинг Каломидир.
1) “Ҳақиқат ҳар доим унга қарши, шу сабаб ёлғон у учун энг биринчи қутқарувчи қурол ва воситадир. Бироқ, очиқ ёлғонлар жуда жирканждир. Биз ёлғонлигини билган нарсалар, бизнинг ҳурматимизни қозона олмайди…Ёлғон яхшилаб ниқоблантирилиб, худди ҳақиқатдай кўринганида, инсонларнинг ишончини қозона олиши мумкин. Биз ёлғонни қабул қилиб, бу ҳақиқат деган хулосага келмагунимизча, ёлғон бизнинг устимиздан ҳукмронлик қила олмайди. Алдов инсонларни йўлдан оздириб, ёлғонни ҳақиқат деб ва ҳақиқат ортидан боряпмиз деб ўйлаб, ёлғонни қабул қилишга ва унинг ортидан эргашишга мажбур қилади. Айнан шу нарса ҳамма даврларда шайтоннинг энг муҳим иши ва вазифаси бўлиб келган” (Сисс).
2) Шайтон бугунги кунда ҳам одамларни йўлдан оздиришда ва алдашда давом этмоқда, шунинг учун ҳам биз, оятда айтилганидек иблис ҳали кишанланмаганлигини биламиз. Исо ҳочда жасоратли ишни амалга оширганида ҳам, ўликлардан тирилган кунида ҳам, Жамоатга асос солинган пайтда ҳам шайтон ҳали кишанланмаган бўлганини биламиз. Бу нарсани қаердан биламиз? Бутрус, иблис бизнинг атрофимизда шердай бўкириб, бировни ютиб юбориш учун изғиб юрганлиги ҳақида айтган (1- Бутрус 5:8).
3) Шайтон инсонларни самарали алдашда давом этмоқда. “Инсонлар нафақат ёлғонни яратишмоқда, айтишмоқда, уни чоплашмоқда ва унга ишонишмоқда; улар ёлғонни еб ичиб, ўз ичларида олиб юришмоқда, ишларини ёлғондакам қилиб, ёлғондакам яшашмоқда. Ёлғон инсоният ҳаётининг энг муҳим элементларидан бирига айланган” (Сисс).
в. “минг йил тамом бўлгунга қадар”. Бу минг йиллик давр Миллениум номи билан ҳам машҳурдир. Жамоат тарихи давомида, инсонлар ушбу даврни турлича тасаввур қилишган.
1) Муқаддас Каломда, Ер юзида ўрнатиладиган минг йиллик даврнинг турли соҳаларига оид кўпгина муҳим оятларни кўришимиз мумкин. Шу нарса фожиалики, жамоат даврлар давомида, Исо Масиҳнинг Ер юзидаги минг йиллик ҳукмронлиги ҳақидаги Худонинг ваъдасини эътиборга олмаган ёки рад этиб келган. Илк жамоатда, ҳаттоки Августин давригача, деярли барча жойларда, Исо Ер юзига қайтиб келгандан кейин ўзининг тариҳий, ердаги ҳукмронлигини ўрнатишига ишонишган. Милоддан аввалги 300 йилда яшаган африкалик Тихоний энг биринчи бўлиб, Миллениум даври аллақачон бошланди (амиллениализм), чунки Исонинг ҳукмронлигини том маънода эмас, руҳий маънода тушунишимиз керак деган ҳолда, маънавий талқин ғоясини тарғиб қила бошлаган. Унинг нуқтаи назарини Августин, Рим католик черкови ҳамда бир қанча ислоҳот теологлари қабул қилишган.
2) Амиллениализмнинг ғояларидан постмиллениализм таълимоти келиб чиққан бўлиб, ушбу таълимот минг йиллик даврда жамоат ҳукмронлик қилади, шунинг учун ҳам бу минг йиллик давр (яъни миллениум) шу асрда, Исо келишидан олдин ўрнатилади деб таъкидлаган. Шунга қарамай, Муқаддас Калом ҳеч қандай амиллениализм ёки постмиллениализм деган тушунчалар йўқ ва бўлиши мумкин эмас деб ўргатади. Калом премиллениализм ҳақида таъкидлайди: яъни Муқаддас Калом Исо Масиҳ Ер юзига минг йиллик давр ўрнатилишидан олдин келади деб ўргатади; Унинг Ўзи бу даврни ўрнатиб, Ўз ҳукмронилиги бошлайди.
3) Исонинг ҳукмронлиги руҳий бўлади, иблиснинг кишанланиши ҳам руҳий маънода содир бўлади деб таъкидлаш керак эмас. Агар Каломнинг қолган қисмларини эътиборга оладиган бўлсак, Масиҳ ва Унинг ҳалқи Ер юзида ҳукмронлик қилиши ҳақида ҳам Янги Аҳдда, ҳам Эски Аҳдда айтилганлигини кўришимиз мумкин. Эски Аҳдда бу ҳақида 71-Санода, Ишаё 2:2-4 оятларда, Ишаё 11:4-9 оятларда, Еремиё 23:5-6 ҳамда бошқа оятларда учратишимиз мумкин. Янги Аҳдда бу ҳақида қисман Луқо 1:32-33, 19:12-27, Матто 5:18 ва бошқа оятларда ўқиш мумкин. Умуман олиб айтганда, Эски Аҳдда, 20 та парчада 400 дан ортиқ, Исо Масиҳнинг Ер сайёрасида қиладиган ҳукмронлиги ҳақида айтилган оятлар мавжуд.
4) Минг йиллик даврда Ер юзида ким яшайди? Ҳаттоки, жамоатнинг самога кўтарилиши ва Буюк қайғу давридаги ҳукмларга қарамай, Ер юзида инсонлар яшашда давом этишади. Исо Ўз улуғворлигида ер юзига қайтганида, Буюк қайғу давридан кейин яшаётганларни халқлар ҳукуми ила ҳукм қилади (Матто 25:31-46). Бу нажот бериш учун қилинадиган ҳукм эмас, бу – инсоннинг аҳлоқий қийматини ва унинг, Исо ўрнатадиган Минг Йиллик Шоҳликка кириш имкониятини ўлчайдиган ҳукм бўлади. Нолойиқ бўладиганлар абадий қийноқлар гирдобига юборилади, лойиқ топилганлар эса Минг Йиллик Шоҳлик даврига киритиладилар.
г. Каломнинг бошқа оятларидан келиб чиқиб, Минг Йиллик давр ҳақида яна нималарни билиб олишимиз мумкин?
1) Минг Йиллик даврда, дунёда Исроил давлати билан тенглаша оладиган бошқа бирор бир давлат бўлмайди, у энг кучли давлат, ер юзидаги энг етакчи халқ бўлади ўшанда, унинг маркази эса “Эгамиз уйининг тоғи” яъни маъбад тоғи бўлади ва бу жой Нажоткоримиз ҳукмронлигининг “пойтахтига” айланади. Барча халқлар Исо Масиҳ давлатининг “пойтахтига” қараб “оқиб” келадилар (Ишаё 2:1-3, Хизқиёл 17:22-24).
2) Минг Йиллик Шохликда Ернинг барча фуқаролари Исони Раббий деб тан олишади ва Унга бўйсинишади. Бу вақт Ер юзидаги мукаммал солиҳлик вақти бўлади (Ишаё 2:1-5).
3) Минг Йиллик Шохликда урушлар бўлмайди. Инсонлар ва халқлар орасида зиддиятлар юзага келиб туради, бироқ уларнинг ҳаммаси дарҳол ва адолатли тарзда Шахсан Масиҳ томонидан ва У билан биргаликда ҳукмронлик қилаётганлар томонидан ҳал этилади (Ишаё 2:1-5). Масиҳнинг ҳукмронлиги туфайли инсонларнинг юраклари ўзгармайди. Ердаги фуқаролар Исога умидларини боғлаб, уларнинг нажот топишлари учун, Унинг хочда амалга оширган жасоратли ишига ишонишлари керак бўлади. Шунга қарамай урушлар ва қуролли можаролар содир бўлмайди.
4) Минг Йиллик Шохлик даврида, инсонлар ва одамлар орасидаги муносабатлар ўзгаради. Ёш бола қўрқмай, беъмалол бўри ёки леопард билан, ёш шер ёки айиқ билан ўйнай оладиган бўлади. Ҳаттоки кобра ва бошқа заҳарли илонлар ҳеч кимга ҳеч қандай зарар етқазмайдиган бўлишади. Ибтидо 9:2-3 оятларда Худованд Нуҳ ва унинг авлодларига гўшт танаввул қилишга рухсат беради. Шу заҳотиёқ Худо ҳайвонларга, жуда осон ўлжага айланмасинлар деб, инсон зотига нисбатан қўрқув беради. Масиҳ ҳукмронлиги даврида эса бу нарсалар бошқача бўлади. Шунинг учун ҳам кўпчилик, Минг Йиллик Шоҳлик даврида инсонлар, Ибтидо 9:2-3 оятларигача бўлганидек, вегетарианларга айланишади деб ҳисоблашади (Ишаё 11:6-9).
5) Минг Йиллик Шоҳлик даврида Довуд подшоҳнинг алоҳида ўрни бўлади – унга Исроил устидан ҳукмронлик қилиш берилади (Ишаё 55:3-5, Еремиё 30: 4-11, Ҳизқиёл 34: 23-31, 37:21-28, Хўшея 3:5).
6) Минг Йиллик Шоҳлик даврида Исроил халқи баракотли ва хавфсиз ҳаёт кечиради (Амос 9:11-15).
7) Минг Йиллик Шоҳлик даврида поклик ва Худовандга бағишланиш вақти келади (Закариё 13:1-9).
8) Минг Йиллик Шоҳлик даврида маъбад қайта тикланади ва унда Худованднинг ўтмишда қилган ишларини ёдга олган ҳолда, хизматлар қайта янгиланади (Ҳиз қиёл 40-48 боблар, 37:26-28, 20:39-44, Амос 9:11).
9) Минг Йиллик Шоҳлик даврида, қайта тирилган Худонинг азизларига маълум бир вазифалар берилади ва бу вазифалар улар Ер юзида яшаганларида Худога қилган садоқатли хизматларига кўра бўлади (Луқо 19:11-27, Ваҳий 20:4-6, 2:26-28, 3:12, 22; 1- Коринфликларга 6:2-3)
д. Минг йиллик. Минг йил ҳақиқатдан ҳам минг йилми? Бу нарсани том маънода қабул қилиш лозим, агарда кўчма маънода қабул қилишга мажбур қиладиган бошқа бир муҳим сабаб ёки ёрқин гувоҳлик бўлмаса албатта. Биз ушбу минг йилни айнан том маънода қабул қилишимиз керак, чунки ушбу давр давомида Худованд кўпгина муҳим ишларни амалга оширади.
1) Минг йиллик давр жуда муҳимдир, чунки бу давр Исонинг ғалабасини ва айнан У халқлар устидан ҳукмронлик қилишга муносиб эканлигини кўрсатади.
2) Минг йиллик давр жуда муҳим, чунки бу давр, энг мукаммал муҳитда ҳам инсоннинг исёнкор табиати теран бўлишини кўрсатиб беради. Баъзилар: умуман олганда инсон ўз моҳиятига кўра яхши ва юрагининг туб тубида Худонинг адолатли раҳбарлигини истайди, деб ҳисоблашади. Кўпчилик инсонлар, аслида инсон зоти айбдор эмас, уни ёмон муҳит бузади, деб ҳам ҳисоблашади. Буюк ҳукм куни келмасидан олдин, минг йиллик давр бу фикрлар нотўғри эканлигини кўрсатиб беради (Ваҳий 20:11-15).
3) Минг йиллик давр жуда муҳим, чунки бу давр иблиснинг ўзгармас бузуқ табиатини кўрсатиб беради ва бу табиат, иблис минг йиллик асрликдан озод қилинганидаёқ, ўзининг эски ишларини амалга оширишни бошлайди.
4) Минг йиллик давр жуда муҳим, чунки бу давр Худованднинг шаҳри ва Унинг янги тартиби бузилмас эканлигини кўрсатади.
5) “Келинглар, Муқаддас Калом бизга Масиҳнинг келажакдаги дунё устидан ғалаба қозониши ҳақида бўлган буюк таълимотни, жуда аниқ ва баътафсил баён қилаётганлигидан хурсанд бўлайлик…Биз, яҳудийларнинг Унга иймон келтиришларига ва ўз ерларига қайтишларига ишонамиз. Биз, Қуддуснинг, Масиҳ Шоҳлигининг марказий метрополиясига айланишига ишонамиз. Яна биз, барча халқларнинг Қуддусда қурилган улуғвор шаҳарнинг нурида юришларига ишонамиз. Биз бу улуғворликнинг, Қуддусда бошланиб, бутун жаҳон бўйлаб тарқалишини ва бамисли муқаддаслик, саодат ва ҳаловат денгизи сингари бутун дунёни қоплашини кутмоқдамиз. Биз айнан шу нарсаларни сабрсизлик ва қувонч билан кутмоқдамиз” (Сперджен).
Б. Азизларнинг минг йиллик ҳукмронлиги.
1. 4- оят. Худонинг азизлари минг йил яшаб, ҳукмронлик қиладилар.
“Бундан сўнг, мен тахтларни ва тахтларда ўтирганларни кўрдим. Худо тахтларда ўтирганларни оқлаган эди. Улар Исо ҳақидаги шаҳодати ва Худонинг сўзи туфайли боши олинганларнинг жонлари эди. Улар махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилмаганлар, пешаналари ва қўлларига унинг тамғасини бостирмаганлар. Улар тирилиб, Масиҳ билан минг йил ҳукмронлик қилдилар”.
а. “мен тахтларни ва тахтларда ўтирганларни кўрдим”. Ушбу тахтларда ўтирганлар кимлар? Тахтда ўтирганлар жамоатнинг тимсоли бўлмиш йигирма тўртта оқсоқол (Ваҳий 4:4) ёки ҳаворийлар (Матто 19:28) ёки барча Худонинг азизлари бўладиганга ўхшайди (1- Коринфликларга 6:2-3).
1) “ҳукмронлик қилдилар”. Эҳтимол, бу 1- Коринфликлар 6:2-3 оятларда эслатиб ўтилган “фаришталар ҳукмидир”, аммо кўпроқ булар Ер юзи устидан ҳукмронлик қилаётган азизларга ўхшамоқдалар.
б. «улар тирилиб, Масиҳ билан минг йил ҳукмронлик қилдилар”. Улар тахтларда ўтирган ҳолда, ҳукмронлик қилмоқдалар. Улар Масиҳ билан биргаликда, минг йил давомида, яъни шайтон қанча вақт давомида кишанда бўлса, шунча вақт давомида ҳукмронлик қилмоқдалар. Улар Исо Масиҳнинг шоҳлигини бошқариб, Буюк қайғу давридан кейин қолган ва Миллениум даврида яшашда давом этаётганлар устидан ҳукмронлик қилмоқдалар.
в. “улар Исо ҳақидаги шаҳодати ва Худонинг сўзи туфайли боши олинганларнинг жонлари эди. Улар махлуққа ва унинг тасвирига сажда қилмаганлар, пешаналари ва қўлларига унинг тамғасини бостирмаганлар”. Исода ғалаба қозонганларнинг барчаси, У билан биргаликда ҳукмронлик қиладилар (Ваҳий 2:26-28, 3:12, 22; 1- Коринфликларга 6:2-3). Нима учун Юҳанно фақатгина Буюк Қайғу давридан келган азизлар ҳақида гапирмоқда?
1) Бу инсонлар ҳақида, бошқа даврларда яшаганларни четга суриб қўйиш учун эслатиб ўтилаётганлиги йўқ, шунчаки уларни қўллаб қувватлаш учун улар ҳақида сўз юритилмоқда. Бу Буюк Қайғу давридаги азизларнинг махсус мукофотидир. Улар: “Энди мен Ер юзи устидан ҳукмронлик қиламан” деган Дажжолнинг бошқаруви пайтида азоб чеккан эдилар, энди эса ҳокимият уларнинг қўлида, Дажжол эса йўқ қилинган. Шундай экан, бу шоҳидлар Исога содиқ қолиш учун ўз ҳаётларини қурбон қилган барча инсонларни ифодаловчи аниқ ва мавжуд шахслардирлар.
2) “Боши олинган” деган жумла, биз ўйлагандан кўра кўпроқ маънога эга. Қадимги юнонча жумла том маънода “қатл этилганлар” деган маънони англатади.
2. 5–6 оятлар. Биринчи тирилиш.
“Бу биринчи тирилишдир. Биринчи тирилишда иштирок этганлар бахтли ва муқаддасдир. Иккинчи ўлим уларга ҳоким эмас. Улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан минг йил давомида ҳукмронлик қиладилар.Қолган ўликлар эса минг йил ўтмагунча тирилмади”.
а. “бу биринчи тирилишдир”. Биринчи тирилиш бу вафот этган имонлиларнинг қайта тирилтирилган танада янги ҳаётга эга бўлишларидир.
·Бу баракотли тирилишдир (бахтли ва муқаддас).
·Бу ҳокимиятли тирилишдир (иккинчи ўлим уларга ҳоким эмас).
·Бу имтиёзли тирилишдир (улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан минг йил давомида ҳукмронлик қиладилар).
б. “қолган ўликлар эса”. Биринчи тирилишда иштирок этмаганлар, бахтсиздирлар, чунки улар иккинчи ўлимнинг ҳокимияти остида ва ҳеч қандай имтиёзга эга эмаслар.
1) Юҳанно 5:28-29 оятларда Исо иккита тирилишни тасвирлаб беради: “Бунга ҳайрон қолманглар! Қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Инсон Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади. Шунда ўликлар қабрларидан чиқадилар: яхшилик қилганлар яшаш учун тирилади, ёмонлик қилганлар эса маҳкум бўлиш учун тирилади”.
2) Бу икки воқеа бир биридан минг йиллик вақт билан ажратилган, чунки “қолган ўликлар” “минг йиллик давр охирига етмагунига қадар” танада қайта тирилмайдилар.
в. Агар биринчи тирилиш– бу бир марта содир бўладиган воқеа бўлса, бу нарса Қайғу давридан кейин содир бўладиган “кўтарилиш” нуқтаи назарини қўллаб қувватлайдиган жиддий далил бўлиб хизмат қилади, чунки биринчи тирилиш, айнан Исо Масиҳ Ер юзида Ўз ҳукмронлигини бошлашидан олдин, барча Худонинг азизлари бир вақтнинг ўзида янги таналарга эга бўлишларини англатади.
г. Агар биринчи тирилиш – бу олдин вафот этган масиҳийларни (вафот этган заҳотиёқ Худо билан бирлашган), самога кўтарилган жамоатни (ўша пайтда самода бўладиган) ва Қайғу давридаги масиҳийларни қамраб оладиган маълум бир “тартиб” ёки “синф”дай бўлса, бу ҳолда ушбу ғоя барча воқеалар доирасига, шу жумладан Буюк Қайғу даври бошланишидан олдин содир бўладиган “кўтарилиш” жараёни доирасига ҳам мос келади.
1) Мана, Доналд Барнхаус “биринчи тирилиш” жумласи ҳақида нима деган: “Шу нарсани таъкидлаб ўтиш лозимки, Апокалипсисдаги бу ибора, (тирилишнинг) уч босқични ўз ичига олган ҳолда, ўтмишдаги тирилишни ҳам тасвирлаб бермоқда”
2) “Биринчи тирилиш – шунчаки воқеа эмас, бу Минг Йиллик давр бошланишидан олдин тириладиган барча солиҳларни ўз ичига оладиган тирилиш тартибидир” (Уолвурд).
В. Исонинг минг йиллик ҳукмронлигидан кейин бўладиган якуний жанг.
1. 7- оят. Шайтон озод этилди ва у қўшинларни тўпламоқда.
“Минг йил ўтгач, шайтон ўз зиндонидан озод этилади. У чиқиб, ернинг тўрт бурчагидаги халқларни, яъни Гўг ва Магўгни алдаб, жангга тўплайди. Тўпланган халқларнинг сони денгиз қумидай сон–саноқсиз бўлади”.
а. “шайтон ўз зиндонидан озод этилади”. Исо Ер юзида бевосита минг йил давомида ҳукмронлик қилаётган пайтда, шайтон, бирор иш қила олмай, зиндонда кишанбанд ўтирган бўлади. Бироқ, минг йиллик давр охирига етгандан кейин, у озод этилади ва Ер юзидаги кўпгина инсонларни Худога қарши қўзғолон кўтариш учун яна қайта тўплайди.
1) Агар Исонинг ҳукмронлиги пайтида, Ер юзида ҳамма нарса аъло даражада бўлган бўлса, яна нима сабабдан инсонлар қўзғолон кўтармоқдалар? Улар ростдан ҳам қўзғолон кўтарадилар ва Худованд бу нарсага йўл қўйиб беради; инсонлар яна бир бор – охирги маротаба – ўзларининг бузуқ ва қўзғолонкор табиатларини намойиш этадилар. Исонинг ҳукмронлигига бўйсуниш ва итоат этиш, ташқи мажбурий талаб бўлади, аммо, кўриниб турибдики, Исони Раббим деб аташ нияти ва бу нарсага бўлган ички тайёргарлик, ҳар доимгидек ҳар бир инсоннинг шахсий танлови бўлиб қолаверади.
2) Бу ерда биз минг йиллик давр ўрнатилишининг яна бир муҳим заруриятини кўрмоқдамиз. Тарих давомида, инсонлар ўзларининг гуноҳкор табиатларининг айбини атрофдагиларга юклашга ўрганиб қолганлар: “Менинг нима сабабдан бундай инсонга айланганлигимни тушунса бўлади. Қандай оилада ўсганлигимни билсангизлар эди. Қандай маҳаллада яшашимга тўғри келганлигини билсангизлар эди” деб, ўзларини оқлашади. Минг йиллик даврда эса Худованд инсонларга, ўнлаб юз йилликлар давомида мукаммал шароитларда яшаш имкониятини беради: ҳеч қандай иблисга, ҳеч қандай қотилликларга, зўравонлик, ёвузлик ва барча турдаги ижтимоий патологияларга ўрин бўлмайди. Бироқ шунга қарамай, минг йиллик муддат ниҳоясига етганидан сўнг, биринчи имконият пайдо бўлиши биланоқ, инсоният яна Худога қарши боради. Бу нарса, муаммо бизни ўраб турган атрофда эмас, бизнинг ичимизда эканлигини аниқ кўрсатиб бермоқда.
3) “Бу нарса – инсон зоти уни ўраб турган атроф муҳит ва имтиёзлардан қатъий назар, Худонинг инояти ва юқоридан туғулишсиз, ўз ичида ёвуз ва нопок бўлишда давом этиб, Худога қарши боришда давом этаверишини исботлаб бермоқда” (Хост).
б. “халқларни жангга тўплайди”. Бу исёнчилар кимлар? Бу инсонлар, Буюк Қайғу давридан омон қолиб, Минг Йиллик Шоҳлик даврига кирганлар ҳамда уларнинг авлодларидир. “Миллениум даврида дунёга келган чақалоқлар, ўша даврнинг охиригача яшашишади. Айнан ўшанда улар ё Масиҳни ёки шайтонни танлашлари керак бўлади” (Уолвурд).
в. Яъжуж ва Маъжужхалқлари кимлар? Бу Ҳизқиёл пайғамбар китобининг 38 ва 39- бобларида тасвирланган, Исроилнинг башоратда айтилган душманларидир, аммо ушбу бобларда якуний жангдан фарқ қиладиган бошқа жанг тасвирланганга ўхшайди.
1) Юҳанно унга маълум бўлган бу атамани, уни тимсол сифатида ишлатиш мақсадида эътиборга олган, деган тасаввур пайдо бўлмоқда. Ҳизқиёлнинг 38 ва 39 бобларида тасвирланган жанг, Исонинг қайта келишигача содир бўладиганга ўхшайди, эҳтимол бу жанг Буюк Қайғу даври бошланишидан олдин ёки ўша давр мобайнида содир бўлар. Ўз навбатида якуний жанг, шубҳасиз Исонинг минг йиллик ҳукмронлигидан кейин содир бўлади.
2. 8-10 оятлар. Жанг бошланмай туриб, якунига етади.
“Улар бутун ер юзини қоплаб оладилар, Худо азизларининг қароргоҳини ва Худо яхши кўрадиган шаҳарни қамал қиладилар. Шунда осмондан олов тушиб, уларни қириб ташлайди. Уларни алдаган иблис олтингугуртли кўлга ташланади. Махлуқ ва сохта пайғамбар ҳам ўша кўлга ташланган эдилар. Улар кечаю кундуз, абадулабад у ерда азоб чекадилар”.
а. “Худо азизларининг қароргоҳини ва Худо яхши кўрадиган шаҳарни қамал қиладилар”. Биз, бу ерда Исо билан биргаликда ҳукмронлик қилаётган масиҳийлар ҳақида сўз юритиляптими ёки Минг Йиллик Шоҳлик даврида Исога иймон келтирадиган инсонлар ҳақида сўз юритилмоқдами, билмаймиз. Қандай бўлишидан қатъий назар, иблиснинг катта армияси стратегияси бизга маълум: Худонинг ҳалқини ҳамда Унинг Шоҳлиги “штаб-квартирасини” ёки “пойтахтини” – яъни Қуддус шаҳрини (Худо яхши кўрадиган шаҳар) йўқ қилишдир.
б. “шунда осмондан олов тушиб, уларни қириб ташлайди”. Бу воқеани “охирги кураш” деб аташ ўринли бўлмаса керак, чунки ҳеч қандай жангнинг ўзи бўлмайди. Бу кураш бошланмай туриб, якунланади. Худованд сўнгги ва энг охирги маротаба иблис ҳамда унинг издошлари билан ҳисоб китоб қилади.
в. “кўлга ташланган эдилар…кечаю кундуз, абадулабад у ерда азоб чекадилар”. Бошланмай туриб якунланган ушбу курашдан сўнг, иблис ҳукм қилиниб, Сохта пайғамбар ва Дажжол билан биргаликда абадулабад қийноқланади, уларни Минг Йиллик Шоҳлик даври бошланишидан олдин, олтингугуртли кўлга ташлайдилар (Ваҳий 19:20).
1) Дажжол ҳамда сохта пайғамбарнинг, минг йиллик даврдан кейин ҳам олтингугуртли кўлда қолиши – аннигилятсионизм таълимотига қарши далилдир. Уларга бериладиган жазо абадий бўлади, шунинг учун ҳам минг йил бу ҳали бошланишидир. Бу жазо ҳеч қачон тўхтатилмайди. Муқаддас Калом изоҳчиси Джон Траппнинг сўзларига қараганда, дўзаҳнинг абадийлиги ҳақидаги далил шу даражада қўрқинчлики, Джон Трапп уни “дўзах ичидаги дўзах” деб атаган.
г. “абадулабад”. Ҳақиқатдан ҳам жазо абадий бўладими? Ҳа, айнан шундай бўлади. Оятда ишлатилган хар бир сўз, ўз маъносида ишлатилган, кўчма маънода эмас. “Юнон тилида, гуноҳкорнинг абадий қийноқларини аниқ тасвирлаб берадиган, бу азоблар кун-у тун, абадулабад (том маънода асрлар давомида) давом этади деган жумладан ташқари бошқа сўзларни топиш қийин” (Уолвурд).
Г. Оқ тахт олдида бўлиб ўтадиган буюк ҳукм.
1. 11 –оят. Ақл бовар қилмайдиган тахт.
“Кейин мен улкан бир оқ тахтни ва тахтда ўтирган Зотни кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, бироқ уларга яширингани жой топилмади”.
а. “кейин мен улкан бир оқ тахтни кўрдим”. “Улкан” бу – мартаба, ҳокимият ва кучдир; “оқ” бу –муқаддаслик ва покликдир; “тахт” эса шоҳга тегишлидир.
б.“тахтда ўтирган Зотни”. Бу Зот ким? Муқаддас Калом, ҳукм қиладиган Зот Исо деб таъкидлайди (Юҳанно 5:22-27) ёки кўпроқ эҳтимол билан бу Зот Худованднинг Ўзи, бутун тўлиқлигида яъни Уч бирлигида намоён бўлмоқда, деб айтиш мумкин.
в. “еру осмон” тахт олдидан қочишга ҳаракат қилади, бироқ уларга яширингани жой топилмайди. Бу тахтда ўтирган Зотдан ҳеч қаерга яшириниб бўлмайди. Ҳеч ким бу ҳукмдан қочиб қутула олмайди.
1) Баъзи бир (ҳаттоки кўпчилик) Муқаддас Калом олимлари, масиҳийлар “оқ тахт” олдидаги ҳукмда иштирок этмайдилар деб ҳисоблашади. Бизнинг ҳукмда иштирок этмаслигимизнинг сабаби, бошқалардан фарқли ўлароқ яширинишга жой топа олишимизда эмас, чунки ҳукмдан хеч ким яширина оломайди. Ушбу ғоянинг маъноси шундаки, бизнинг гуноҳларимиз Исо ҳочда михланган пайтда ҳукм килинганлиги сабаб, бизга бу дахшатли тахт олдида туришга тўғри келмайди. Биз Худонинг ҳукмидан қочаётганимиз йўқ; У Исода бизни ҳукм қилиб бўлган.
2) Шунга қарамай масиҳийлар ҳам Худонинг тахти олдида туришишади, аммо бошқача маънода – масиҳийларга Масиҳнинг ҳукми курси олдида туришга тўғри келади. 2- Коринфликларга 5:10 оятда шундай дейилган: “Чунки ҳар биримиз Масиҳнинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлишимиз керак. Шунда ҳар биримиз қилган яхши ёки ёмон ишларимизга яраша мукофот ёки жазо оламиз”.
3) Шундай қилиб, ҳар биримиз танамизни ерда қолдириб, Худо ҳузурига келган пайтимизда, қилган яхши ёки ёмон ишларимиз ҳақида жавоб беришимизга тўғри келади. Бу ерда масиҳийларнинг қилган ишлари устидан бўладиган ҳукм тасвирланган.
4) Масиҳнинг ҳукмида бизнинг “қилган ишларимиз” кўриб чиқилади. Бизнинг мақсаду ниятларимиз ҳукм қилинади. Деярли худди шундай ғояни ҳаворий Павлус 1- Коринфликлар 3:12-15 оятларда келтириб ўтиб, ҳар бир инсоннинг қилган иши Худованд олдида ўлчанади, деб айтган. Ушбу оятда ҳаворий, бизнинг ишларимиз ва мақсадларимиз оловда синалишини тушунтириб ўтган; Худонинг покловчи оловида, Унинг иродасига қарши бўлган барча нарсалар ёниб кул бўлади. Биз нотўғри қилган ишларимиз учун жазоланмаймиз; бу ишлар шунчаки ёниб кул бўлади, гўёки улар ҳеч қачон бўлмагандек. Оловда куймай қолган ишларимиз учун эса мукофотланамиз. Афсуски, баъзи инсонлар самога, Худо учун буюк ишлар қилганман деган фикрлар билан келишади, бироқ Масиҳнинг тахти олдида, қилган барча “ишлари” бекор ишлар бўлганлигини англаб етишади.
2. 12-13 оятлар Суд ва ҳукм.
“Мен ўша улкан тахт олдида турган каттаю кичик ўликларни кўрдим. Китоблар очилди. Ҳаёт китоби деган бошқа бир китоб ҳам очилди. Ўликлар китобларда ёзилгани бўйича қилмишларига яраша ҳукм этилди. Денгиз ўзидаги ўликларни берди, ўлим ҳам, ўликлар диёри ҳам ўзларидаги ўликларни берди. Ҳар бир киши қилмишига яраша ҳукм этилди”.
а. “улкан тахт олдида турган”. Бу далилларни кўриб чиқишга ҳаракат қилаётган суд жараёни эмас. Далиллар, шундай ҳам яққол маълум ва тушунарли; бу ерда айбдор деб топилган инсонлар устидан ҳукм олиб бориляпти. “Бу инсонлар тик туришибди, бу нарса эса ҳадемай ҳукм ўқилишини англатади” (Уолвурд).
1) Бу айбдорларни кўриб чиқиш жараёни эмас, ҳукм ўқиб эшитиладиган жараён бўлганлиги сабаб, тахт олдида турганлар ҳеч нарса дея олмайдилар. Кўпчилик инсонлар охирги ҳукм пайтида Худога «бир неча оғиз” гапира оламан деб ўйлашади. Айнан шу нарса ҳақида газетанинг “Қадрли Эбби” деб номланган рукнига келган бир мактубнинг муаллифи сўз юритган:
“Қадрли Эбби! Мени бир китобхоннинг: “Бизда, Худодан тушунтирув талаб қилиш ҳуқуқи борми”деб ёзган сўзлари безовта қила бошлади. Эбби, бу инсон фарзанд доғи нималигини, у инсонни ич ичидан куйдириб, адо қилишини ҳеч қачон билмаган кўринади..Менинг ибодатларимга Худованд жавоб бермади ва мен Ундан тушунтирув талаб қилишга ҳаққим йўқлиги ҳақида эшитишни хоҳламайман. Агар Худо ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлса ва куни келиб менинг У билан юзма юз бўлишимга тўғри келса, ишонавер – Худога менинг кўпгина “нима учун” деган саволларимга жавоб беришига тўғри келади. Мен, нима сабабдан менинг жажжигина болам ҳалок бўлганлигини, у ароқхўр эса яшашда давом этаётганлигини билишни истайман. Мен уни ҳаётимдан ҳам кўпроқ севаман ва уни жуда соғиняпман. Менга энди усиз ҳаёт кечиришга тўғри келади, шу нарса ҳақида ўйлаганимда эса жинни бўлиб қолай дейман. Мен нега бундай бўлганлигини билишни истайман. Нима учун менда бу саволларни Худога бериш ҳуқуқи бўлмаслиги керак экан?
Бизларга, сизлар Худонинг тимсолига ўхшатиб яратилгансиз дейишмайдими? Агар ростдан ҳам шундай бўлса, демак Худовандда ҳам азобни ҳис қила оладиган юрак ва қалб бўлиши керак. Нима учун У бизларни савол беришга ҳақсиз деб ҳисоблайди? Ахир У мўжизакор эмасми?
Мен Худодан қўрқмайман. Дўзаҳдан ҳам қўрқмайман. Мен дўзах нималигини биламан. Чунки менинг жонажон қизалоғим ўлдирилган кундан бери, дўзахда яшаб келмоқдаман.
Ҳурмат билан етим онангиз.»
2) Албатта, буюк ҳукм куни Худо олдида турганларнинг ҳеч бири Худони танқид қила олмайди. Мактубнинг муаллифи бу бебахт аёл ҳам ўша куни нафақат Худонинг раҳм шафқати ва адолатпарварлигини кўради, балки ўзининг гуноҳини ҳамда Худони қандай инкор этганлигини ҳам чуқур англаб етади. Бу аёл, Ота Худо ҳаммадан кўра кўпроқ бу аёл бошидан нимани кечирганлигини тушунишини англаб етишини қанчалик исташимизни билсангиз эди!
б. “ўликлар китобларда ёзилгани бўйича қилмишларига яраша ҳукм этилди”. Агар инсоннинг номи ҳаёт китобида ёзилмаган бўлса, у қилмишларига яраша ҳукм этилади. Худо олдига иймон билан келишни рад этаётганлар, ўз навбатида, ўз ишларига яраша маҳкум бўладилар.
1) “Гап инсоннинг қилган ишлари орқали нажотни қўлга киритишида эмас, гап шундаки, инсоннинг қиладиган ишлари унинг Худо билан бўлган муносабатини кўрсатувчи инкор қилиб бўлмас далилдир” (Маунс).
2) Имонсизлар қилган ишларига кўра, турли даражадаги жазоларга дучор бўладилар (Матто 11:20-24). Айнан ушбу суд пайтида уларга ҳукм чиқарилади ва айнан қандай жазога абабулабад гирифтор бўлишлари эълон қилинади.
в. “денгиз ўзидаги ўликларни берди”. Нима учун денгиз ўзидаги ўликларни бермоқда? Денгиз, кўмилмаган таналарни ўзида мужассамлаштиради; бу ерда ҳукмнинг универсал жиҳатига урғу берилмоқда: ҳукм қилинмай қўйиладиган бирорта тирик жон бўлмайди.
3. 14-15 оятлар. Ўлим ва дўзах олтингугуртли кўлга ташланди.
“Ўлим ва ўликлар диёри олов кўлига ташланди. Мана бу олов кўли иккинчи ўлимдир. Исмлари ҳаёт китобида ёзилмаганларнинг ҳаммаси олов кўлига ташланди”.
а. “ўлим ва ўликлар диёри олов кўлига ташланди”. Гуноҳнинг охирги излари йўқотилмоқда. “Ўлим” – гуноҳнинг натижасидир ва у ўз якунига етмоқда. “Дўзах” (Гадес) ўлимнинг натижасидир ва у ҳам йўқ қилинмоқда. Гуноҳнинг сўнгги кўринишлари ва унинг дунё устидан бўлган ҳукмронлигига абадулабад нуқта қўйилмоқда.
б. “олов кўли”. Одатда инсонлар “дўзах” сўзини ишлатганда, “олов кўлини” назарда тутишади. Нопок инонларнинг ўлимдан кейин қаерга боришларини тасвирлаётганда, Муқаддас Каломда, асосан уч хил сўз ишлатилган:
1) Sheol – ибронийчп сўз бўлиб, “ўликлар жойи” деган маънони англатади. Ушбу жой ҳақида сўз юритилганда, абадий қийноқлар ҳақида ҳам, абадий саодатлик ҳақида ҳам сўз юритилмайди. Sheol сўзини янада аниқроқ “қабр” деб таржима қилиш мумкин.
2) Hades – юнонча, “юқоридаги дунё” ни тавсифловчи сўздир. Муқаддас Каломда бу сўз Sheol сўзи англатадиган ғояни англатади. Ваҳий 9:1 оятда тубсизлик ҳақида сўз юритилган; abyssos деб аталган бу жой – маълум бир жинларга мўлжалланган зиндондир (Луқо 8:31, 2 -Бутрус 2:4, Яҳудо 6 оят). Умуман олиб айтганда, бу ўликлар диёрининг бир қисмидир (айнан шу маънода ушбу сўз Римликлар 10:7 оятда ишлатилган).
3) Gehenna – яҳудий тилидан олинган юнонча сўз. Исо, Марк 9: 43-44 оятларда айнан шу геенна ҳақида сўз юритган (gehenna). Дўзах яҳудийча “Хинном водийси” номининг юнон тилидаги таржимасидир – инсонларга келтирилган қурбонлик ва Мўлаҳга қилинган сиғинишлар орқали макруҳ қилинган, Қуддус деворлари ортидаги жойлардир (2-Солномалар 28:1-3, Еремиё 32:35). Бу жой, ахлат ва чиқиндилар куйдириладиган жой бўлган. Доим ёниб турадиган оловдан ҳидланган ва қуртлар билан қопланган Хинном водийси, лаънатланганларни келажакда нима кутаётганлигини кўрсатувчи жуда ёрқин манзара бўлиб хизмат қилади. Бу оловли кўл, шайтон ҳамда унинг фаришталари учун ҳозирланган жойдир (Матто 25:41). Инсонлар бу жойга, фақатгина Худонинг нажотини рад этиб, ўзларини махкумликка гирифтор қилганларидагина тушишади.
в. “Бу иккинчи ўлим”. “Иккинчи, энг юқори ҳаёт бор бўлганидек, иккинчи, янада чуқурроқ ўлим ҳам мавжуд. Иккинчи ҳаётдан кейин ўлим бўлмаганидек, иккинчи ўлимдан кейин ҳаёт ҳам бўлмайди” (Алфорд).
1) “Иблис ҳамда у билан биргаликда ҳукм қилинганлар ўз жазоларини олишади, раҳм шавқат нималигини билмайдиганлар, умидсизликка тушган пайт ғамхўрликсиз қолиш нималигини, азоб чекканда ёрдамсиз қолиш нималигини, йиғлаганда юпатгувчисиз қолиш нималигини, чексиз кулфатларга дучор бўлиш нималигини, тасаввур қилиб бўлмас даражада охири йўқ дард нималигини билиб олишади” (Трапп).
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]