Ваҳий, 6 боб
Бошланғич олтита муҳр
А. Ўрамадаги бошланғич тўртта муҳр – тўртта суворий.
1. 1-2оятлар. Оқ от устида ўтирган ғалабадор.
«Кейин мен Қўзининг етти муҳрдан бирини ечганини кўрдим. Ўша пайтда тўртта жонли мавжудотдан бири момақалдироққа ўхшаш овоз билан: “Кел!” — деб айтганини эшитдим. Шунда мен бир оқ отни кўрдим. От устида камони бор сувори ўтирарди. Унга бир тож берилди. У босқинчи бўлиб, душманларини босиб олиш учун йўлга чиқди».
а. «Кейин мен Қўзининг етти муҳрдан бирини ечганини кўрдим». Ўтган боблардан биз, ўрама қоғозда инсоният ва бутун борлиқнинг тақдири ва тарихи ёзилган эканлигини билиб олдик; ва фақатгина Исода – яъни Қўзида, дунё тарихидаги энг юқори нуқтани белгилайдиган ушбу муҳрларни ечиш ҳуқуқи мавжуд.
1) Содир бўлиши керак бўлган воқеаларнинг энг юқори нуқтаси ўрама қоғозда ёзилган бўлса, буларнинг барчаси ўрама қоғоз очилишидан олдин содир бўлиши керак. Чунки бу тарихнинг якуни эмас, бу унинг охирига тайёргарликдир. Воқеаларнинг энг чўққиси эса Ваҳий китобининг 19- бобидан бошланади.
2) «Муҳрларнинг ечилиши – бу Худо нима қилмоқчи эканлиги ҳақида баёнот қилиш эмас, муҳр очилгандан кейин дарҳол амалга ошадиган маълум бир вазифанинг намойишидир. Ҳар сафар, маълум бир муҳр очилганида, ҳукм дарҳол амалга оширилади» (Кларк)
б. «Ўша пайтда тўртта жонли мавжудотдан бири момақалдироққа ўхшаш овоз билан: “Кел!” — деб айтганини эшитдим». Ҳар бир муҳр маълум бир мавжудот билан боғлиқ бўлиб (zoa, Ҳизқиёл китобининг 1 ва 10 бобларидаги карублардан бири), мавжудотлар сувориларга мурожаат қилиб, «кел» деб айтишмоқда (ушбу сўзни «олдинга чиқ» деб таржима қилиш мумкин).
в. «Шунда мен бир оқ отни кўрдим». Баъзилар оқ отнинг устидаги сувори – Исо деб ўйлашади (менинмча бундай фикр юритадиганларнинг талқинлари Муқаддас Каломга эмас, човондозлар ҳақидаги киноларга асосланган). Ваҳий 19:11-16 оятларда, биз дарҳақиқат Исонинг оқ от устида ўтириб келаётганлигини кўришимиз мумкин. Аммо ушбу оятда, бизнинг олдимизда, Исонинг тимсолига тақлид қилувчи, шайтоннинг қўғирчоғи, золим ҳукмдор турибди.
1) У ҳукмронлик қилмоқда (унга бир тож берилди), бироқ унинг қўлида қилич эмас, камон; у ер юзини босиб олишга ҳаракат қилмоқда (у босқинчи бўлиб, душманларини босиб олиш учун йўлга чиқди). Лекин, кейинги оятларда, унинг ҳукмронлигининг якуни, бу оқ от устидаги сувори Исо эмаслигини кўрсатаётганлигини кўришимиз мумкин.
2) «Кўпгина ислоҳотчиларнинг таъкидлашига қарамай, бу парчанинг бутун контексти ва муҳрларнинг ҳусусиятлари, биринчи суворий – Исо Масиҳ эканлигини истисно қилади. Исонинг ҳукмронлик даври ўзи билан урушни, очарчиликни ва қарама – қаршиликларни олиб келмайди» (Дженнингс)
3) Бу оят, Ваҳий китобини талқин қилиш жараёнидаги бир чорраҳага ўхшайди. Инсоннинг биринчи суворий тимсолига бўган тушунчасидан келиб чиқиб, унинг бутун китобни ва келажакда амалга ошадиган Худонинг режасини қандай тушунаётганлиги ҳақида кўп нарсани айтиб бериш мумкин. Ваҳий китобининг кўп қисмини тарихий деб ҳисоблайдиганлар, биринчи суворий – Исо Масиҳ, ҳаворийлар ва Рим императорлари эканлигига ишонишади. Ваҳий китобини, энди амалга ошиши керак бўлган башоратли маъноларни ўзида мужассамлаштирган китоб эканлигига ишончи комил бўлган инсонлар эса, биринчи суворийни дажжол деб ҳисоблашади.
г. «У босқинчи бўлиб, душманларини босиб олиш учун йўлга чиқди». Бу сўнгги, иблис томонидан, инсонлар устидан ҳукмронлик қилиш учун юборилган диктатор, ундан олдин бўлган барча ёвуз ҳукмдорлардан ҳам кўра ёвузроқ бўлади. У соҳта нажоткор бўлиб, у ўзининг биринчи салафи Нимрўднинг мисолига биноан, бутун инсониятнинг Худога қарши исёнига раҳбарлик қилади. Уни кўпинча дажжол деб аташади.
1) Иблис томонидан, инсонлар устидан ҳукмронлик қилиш учун қўйилган диктатор ғояси, Ибтидо 10:8-14 оятларда ёзилган, Бобил ҳукмдори Нимруд исмли инсоннинг тарихидан келиб чиққан. Ибтидода у ҳақида, Худо назарида буюк овчи бўлган деб айтилган.У кўпроқ одамларни овлагандай таассурот пайдо бўлмоқда, бу эса ўз ўрнида Худони ранжитмай қўймаган.
д. Ҳозирги, замонавий, сиёсий ва ижтимой вазият, шундай ҳукмдор пайдо бўлиши учун керакли шароитларни яратиб бермоқда. Фақатгина, Худованднинг Ўзи белгилаган мукаммал вақтида, бу нарса содир бўлишига йўл қўйиб бериши қолди холос. Бу нарса эса, У Ўз жамоатини ер юзидан олган вақтида содир бўлади.
1) «Ўша қабиҳ одамни ҳозир нима тутиб турганини ўзингиз биласиз. Бу одам белгиланган вақтда зоҳир бўлади. Ҳа, қабиҳликнинг яширин кучи аллақачон ишга тушган. Бироқ бир зот бу кучни тийиб турибди. Ўша зот олиб ташлангандан кейин, қабиҳ одам ошкор қилинади» (2-Салоникаликларга 2:6-8а).
2) Биринчи муҳрнинг ечилиши, диктаторнинг одамлар олдида пайдо бўлиши ҳақида дарак бераётганлиги жуда ажойиб. Дониёр китобининг 9- бобидаги етмишинчи «етти йил», ўша ҳукмдорнинг кучли бир битм тузишидан бошланишини биламиз; сўз, яҳудий халқи ҳақида юритилмоқда.
3) Кўпчилик, Ваҳий китобидаги тўртта суворий, Дониёр китобидаги етмишинчи «етти йил» билан ҳамда Буюк Қайғу даври ёки шу вақтгача тарихнинг ривожланиши билан боғлиқми деб ўйланишади. Дажжолнинг кутилмаганда пайдо бўлиши ва бизнинг у ҳақида Дониёр китобининг 9-бобидан билганларимиз, тўртта суворий, Буюк Қайғу ва етмишинчи «етти йил» орасидаги боғлиқликни кўрсатади.
2. 3-4оятлар. Қизил рангли от устидаги суворий уруш ва жангларни келтирмоқда.
«Қўзи иккинчи муҳрни ечганда, мен иккинчи мавжудотнинг: “Кел!” — деб айтганини эшитдим. Шу пайт бошқа бир от чиқиб келди. У қип–қизил рангда эди. Халқлар бир–бирига қирғин келтирсин деб, бу от устидаги суворига дунёни тинчликдан маҳрум қилиш қудрати берилганди. Унга катта қилич ҳам берилди».
а. «Шу пайт бошқа бир от чиқиб келди. У қип–қизил рангда эди. Халқлар бир–бирига қирғин келтирсин деб, бу от устидаги суворига дунёни тинчликдан маҳрум қилиш қудрати берилганди». Бу суворий ўзи билан биргаликда уруш ва қирғинни олиб келиши шарт ҳам эмас. У қилиши керак бўлган ягона иш – дунёни тинчликдан маҳрум қилишдир. Худонинг инъоми бўлмиш – тинчлик ер юзидан олинган заҳоти, инсоният ўша пайтнинг ўзида уруш ва ҳалокатлар гирдобига ғарқ бўлади.
1) Инсон ва халқларнинг тотувликда яшашлари бу – Худованднинг инъомидир. Бу асло инсонлар орасидаги ўзаро муносабатларнинг табиий ҳоли эмас.
б. «от устидаги суворийга қудрат берилди». Ҳукм Худога тегишли бўлганлиги учун, суворийга маълум бир қудрат берилган.
в. «халқлар бир-бирига қирғин келтирсин деб». Бизлар ҳозирда уруш ва қуролли тўқнашувлар даврида яшаяпмиз. Иккинчи жаҳон уруши давридан бошлаб ҳозирги кунга қадар, дунёда 150 дан ортиқ турли миқиёсдаги урушлар бўлиб ўтди. Ҳар йили ўттиздан ортиқ қуролли тўқнашувлар минглаб одамларни ҳаётдан маҳрум қилмоқда. Дунё халқлари йилда 1 триллион доллардан кўпроқ маблағни ҳарбий ҳаражатларга сарф қилишмоқда.
3. 5-6оятлар. Қора от устидаги суворий очарчилик ва қонунбузарликни келтирмоқда.
«Қўзи учинчи муҳрни ечганда, мен учинчи мавжудотнинг: “Кел!” — деб айтганини эшитдим. Шунда мен қора отни кўрдим. Бу от устидаги суворининг қўлида тарози бор эди. Мен тўртта мавжудотнинг орасидан чиққан овозга ўхшаш бир садони эшитдим. Ўша овоз деди: “Одамлар бир кунлик иш ҳақига бор–йўғи бир коса буғдой ёки уч коса арпа сотиб оладиган бўлсин. Аммо зайтун боғлари ва узумзорларга зарар етказма».
а. «Шунда мен қора отни кўрдим. Бу от устидаги суворининг қўлида тарози бор эди». Тарози – озиқ овқатнинг диққат билан ўлчанишини, унинг миқдорининг белгиланишини билдиради. Тарози очарчилик даври келишини англатади.
б. «Одамлар бир кунлик иш ҳақига бор–йўғи бир коса буғдой ёки уч коса арпа сотиб оладиган бўлсин». Нархлар одатдагидан ўн икки баробар юқори. Рус тилидаги таржималарда ишлатилган «динарий» сўзи, бир кунлик иш ҳаққини билдиради. Демак бир дона нон учун сарфланадиган буғдой нархи бир динарийни, яъни бир кунлик иш ҳаққини ташкил этадиган бўлади. Бу ерда, «инсоннинг бутун ҳаёти энг кам ва зарур эҳтиёжларинигина қоплай оладиган ҳолатга тушиб қоладиган очарчилик даври» тасвирланган (Уолвурд).
1) Бугунги кунда ҳам бутун ер юзида, сонлари юз йил олдингидан камроқ бўлишига қарамай, жуда кўп инсонлар очликда яшамоқдалар. Бундан ташқари умумий экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, яқин орада жуда кўп одамлар, очарчилик билан курашаётган ҳолатга келиб қолишларини тасаввур қилиш қийин эмас.
в. «Аммо зайтун боғлари ва узумзорларга зарар етказма». Кўриб турганимиздек, қиммат нархдаги маҳсулотлар, уларни сотиб олишга имконияти етарли бўлган инсонлар учун етарли даражада бўлади. Зайтун ва узумга зарар етқазилмаслиги боис, уларни сотиб олиш имконияти мавжуд бўлади.
4. 7-8оятлар. Кўкимтир рангдаги суворий ўлимни келтирмоқда.
«Қўзи тўртинчи муҳрни ечганда, мен тўртинчи мавжудотнинг: “Кел!” деб айтганини эшитдим. Шунда мен кўкимтир рангдаги бир отни кўрдим. От минган суворининг номи Ўлим эди. Унинг кетидан Қабр эргашиб келаётган эди. Уларга дунёнинг тўртдан бир қисми устидан ҳокимият берилганди. Улар ердаги одамларни қилич, қаҳатчилик, ўлат ва ёввойи ҳайвонлар орқали ўлдиришлари мумкин эди».
а. «Шунда мен кўкимтир рангдаги бир отни кўрдим. От минган суворининг номи Ўлим эди». Бу охирги суворий, бўлиб ўтган барча ҳалокатлар – яъни очарчилик, зулм, уруш ва бошқа бахтсизликларнинг натижаси – сон саноқсиз инсонларнинг ҳалокати бўлишлигини кўрсатмоқда.
1) Йигирманчи аср бошқа асрлардан, кўпчилик жангларда ва очарчиликда золим ҳукмдорларнинг қўлида юз миллионлаб ҳалок бўлган инсонлар ўлими билан ажралиб турибди. Бироқ, бу ҳалок бўлган инсонлар сони, охирги золим ҳукмдор пайдо бўлганда ҳалок бўладиган одамлар сони олдида ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам келажакдаги воқеаларни тасвирлаётиб, Исо қуйидагиларни айтганлиги ажабланарли эмас: «Чунки ўша вақтда шундай азоб–уқубатлар бўладики, дунё яратилгандан то ҳозиргача бунақаси бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди».(Матто 24:21).
б. «Уларга дунёнинг тўртдан бир қисми устидан ҳокимият берилганди. Улар ердаги одамларни қилич, қаҳатчилик, ўлат ва ёввойи ҳайвонлар орқали ўлдиришлари мумкин эди». Тўртинчи суворийга ҳокимият берилган; бу ҳокимиятни унга Худованднинг Ўзи берган. Жаҳаннам «ерда очилган» тақдирда ҳам, Худо барча вазиятни Ўз назоратида тутиб туради. Ўрама қоғоз Унинг қўлидадир, муҳрларни У ечмоқда.
Б. Ўрама қоғоздаги бешинчи ва олтинчи муҳрларнинг ечилиши.
1. 9-11оятлар. Бешинчи муҳр ечилганида шаҳид бўлганларнинг қилган фарёди.
«Қўзи бешинчи муҳрни ечганда, мен қатл қилинган одамларнинг жонларини қурбонгоҳ остида кўрдим. Улар Худонинг каломи ва берган шаҳодатларига содиқ қолганлари учун ўлдирилган эдилар. Улар қаттиқ фарёд қилиб, шундай дердилар: “Ё Эгамиз, Сен муқаддас ва ҳақдирсан. Сен қачон дунёда яшаётганларни ҳукм этасан? Қачон улардан ўлимимиз учун қасос оласан?” Бу жонларнинг ҳар бирига оқ либос берилди. Уларга: “Қисқа бир муддат дам олиб туринглар”, деб айтилди. Бошқа хизматчи биродарлар ҳам улар сингари ўлдирилиб, ўлдирилганларнинг сони белгиланган миқдорга етгунча улар кутиб туришлари керак эди».
а. «мен қатл қилинган одамларнинг жонларини қурбонгоҳ остида кўрдим». Ушбу жонларнинг қурбонгоҳ остида эканлиги, бу инсонлар ўз жонларини Худо учун қурбон қилиб, У учун ўз қонларини тўкканликларини англатади. Шунга ўхшаш фикрни, биз Левилар китобининг 4:7 оятида кўришимиз мумкин: «Сўнг қонни Эгамизнинг ҳузурида Учрашув чодиридаги хушбўй тутатқи қурбонгоҳининг шохларига суртсин. Буқанинг ортган қонини эса Учрашув чодирига кираверишдаги қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳнинг ёнига тўксин».
б. «Худонинг Каломи учун…ўлдирилган эдилар». Эҳтимол, оятда айтилган фарёд фақатгина, Ваҳий 6:1-2 оятларда айтилган суворийнинг, яъни бўлажак жаҳон раҳбарининг ҳукмронлиги даврида қувғинга учрайдиган иймонлиларнинггина эмас, Худонинг ҳақиқати учун қийналган барча шаҳидларнинг фарёди десак муболаға бўлмас.
в. «Улар қаттиқ фарёд қилиб, шундай дедилар». Бу жонлар, осмонда уларнинг ўлими учун қасос олишни сўраб, Худога фарёд қилмоқдалар (Сен қачон дунёда яшаётганларни ҳукм этасан? Қачон улардан ўлимимиз учун қасос оласан). Худонинг халқи Ундан қасос олишни сўраб фарёд қилаётганлигини тасаввур қилиш биз учун осон эмас, аммо бир эътибор бериб қаранг- а, улар ўз нолаларини Худога йўллаб, қандай қарор қабул қилишни Унга қўйиб бермоқдалар.
1) Худонинг халқи қувғинга учраганда, Худо бу вазиятни тузата олади. Худодан, У берган ваъдаларини амалга оширишини сўрашнинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Ҳобилнинг қони ердан Худога фарёд қилганидек (Ибтидо 4:10), шаҳид бўлганлар ҳам – Исроил еридан Унга фарёд қилмоқдалар (Саҳрода 35:33).
г. «Уларга: “Қисқа бир муддат дам олиб туринглар”, деб айтилди». Бу азизларга яна бир оз кутиш буюрилди. Улар қанча кутишлари керак? «Бошқа хизматчи биродарлар ҳам улар сингари ўлдирилиб, ўлдирилганларнинг сони белгиланган миқдорга етгунча улар кутиб туришлари керак эди». Бу нарса, ушбу азизларнинг кутишларига, яъни Худованд, ўз ҳаётини қурбон қилиб шаҳид бўлишини белгилаган барча инсонларнинг қурбон бўлмагунига қадар, кутишларига тўғри келишини англатиши мумкин.
1) «Сон» сўзи матнга таржимонлар томонидан қўшилганлигини ҳисобга олган ҳолда, бу жумла, ерда яшаётган шаҳидларнинг ҳусусиятлари тўлиқликка ва мукаммалликка эришмагунига қадар, кутишга тўғри келиши мумкинлигини англатиши мумкин. Иймонлини, унинг қай тарзда вафот этганлиги эмас, яшаётган ҳаёт тарзи шаҳидга айлантиради.
2. 12-17оятлар. Олтинчи муҳрнинг ечилиши умумжаҳон вайронгарчиликни келтирмоқда.
«Қўзи олтинчи муҳрни ечаётганини мен кузатиб турдим. Шунда қаттиқ зилзила рўй берди. Қуёш қора жундай тим қора бўлиб қолди, тўлин ой эса қондай қип–қизил тусга кирди. Осмондаги юлдузлар ерга қулади. Ҳа, кучли шамол дарахтни силкитиб анжирни тўккандай улар ерга тўкилди. Осмон қоғоздай ўралиб, йўқ бўлиб кетди. Ҳар бир тоғ ва орол жойидан силжиб кетди. Дунёнинг шоҳлари, аслзодаларию лашкарбошилари ғорларга ва тоғларнинг қоялари орасига яшириндилар. Улар билан бирга бойлару кучлилар, қулу эркин одамлар яшириндилар. Улар тоғу қояларга шундай деб ёлворар эдилар: “Устимизга қуланг, тахтда ўтирган Зотнинг назаридан ва Қўзининг ғазабидан бизни яширинг! Ахир, Улар ғазабини сочадиган қўрқинчли кун келди! Бу кунга ким бардош бера оларди?!».
а. «Шунда қаттиқ зилзила рўй берди. Қуёш қора жундай тим қора бўлиб қолди, тўлин ой эса қондай қип–қизил тусга кирди. Осмондаги юлдузлар ерга қулади». Муқаддас Каломда астрономик ҳодисалар кўпинча Қуткарувчининг келиши билан боғлиқ. Шунга ўхшаш нарсаларни Ишаё, Ҳизқиёл, Еремиё, Йуэл, Зафаниё ва Исонинг Ўзи айтиб ўтишган.
1) Мисол тариқасида Зафаниё китобидаги парчани кўриб чиқамиз: «Оз қолди. Эгамизнинг буюк кунига! Оз қолди! Ўша кун шиддат билан яқинлашмоқда. Қулоқ солинг! Бу Эгамизнинг кунидир.Бу кун аччиқ кулфат келтиради,ҳатто жасур жангчилар қўрққанидан бақиради.Бу кун Худонинг ғазаб кунидир.Ўша куни ҳамма азоб–уқубат чекади, ҳамма ёқ вайронаю харобазорга айланади.Зимзиё зулмат куни бўлар ўша кун, булут қоплаган тим қоронғи бўлар ўша кун! Мустаҳкам шаҳарлару баланд миноралар хужум остида қолади, бурғу овозию жангга даъват товушларини ўша кун ўзида мужассам этади» (Зафаниё 1:14-16).
2) Яна бир мисол – Йўэл китобидан парча: «Уларнинг олдида замин титрар,осмону фалак қалтираб турар. Қуёш ҳам, ой ҳам қораяр,юлдузлар нури сўнар. Эгамиз лашкарнинг бошида турар, лашкарига Ўз садосин берар. Нақадар беҳисоб Унинг қўшини, Унинг амрига бўйсунадиганлар қудратли. Эгамизнинг куни чиндан даҳшатли!Бу ваҳимали кунга бардош бергай ким?» (Йўэл 2:10-11).
3) Бу ҳодисаларни тарихнинг бир қисми деб ҳисоблайдиганлар ўз фикрларини тасдиқлаш учун руҳий сабабларни топишларига тўғри келади. Масалан, Адам Кларк, буюк зилзила бу – бутун тараққиётдаги ва дунёнинг диний ҳолатидаги ниҳоятда муҳим ўзгаришлар деб айтган. Агар Буюк Константин ҳақида айтадиган бўлсак, у масиҳийликни қабул қилганидан кейин содир бўлган ўзгаришларни, ҳақиқатдан ҳам зилзила каби бир нарсага ўхшатса бўлади.
б. «Қуёш қора жундай тим қора бўлиб қолди, тўлин ой эса қондай қип–қизил тусга кирди. Осмондаги юлдузлар ерга қулади». Энг яхшиси ушбу манзарани, шерий мақомда тасвирланган ҳақиқат сифатида кўриб чиқишдир. Бу оятда Юҳанно, техник жиҳатдан аниқ илмий тилдан фойдалангани йўқ; у шунчаки кўрганларини тасвирлаб бермоқда.
в. «Дунёнинг шоҳлари, аслзодаларию лашкарбошилари ғорларга ва тоғларнинг қоялари орасига яшириндилар. Улар билан бирга бойлару кучлилар, қулу эркин одамлар яшириндилар». Худонинг ғазаби бутун инсониятни бир даражага келтириб қўяди, ҳамма Унинг олдида йиқилади. Бу Қўзининг ғазаби эканлигини англаб етганингизда, ҳукм янада қўрқинчлироқбўлади.
1) «Бу севгининг ғазаби, биз учун ва бизнинг нажот топишимиз учун қилиш мумкин бўлган барча ишларни қилган қурбонлик севгисининг ғазаби ва қолган барча нарсалардан кўра кўпроқ айнан шу севги бизга,ҳамма ёвузлик муқаррар равишда Раббимизнинг қўлида даҳшатли якун топишини айтади» (Торранс)
г. «тахтда ўтирган Зотнинг назаридан ва Қўзининг ғазабидан бизни яширинг». Улар фақатгина Худо ҳукмининг даҳшатидан эмас, тахтда ўтирган Зотнинг назаридан яширинишни истамоқдалар. «Гуноҳкорлар ўлимдан эмас, ҳамма нарсадан кўра кўпроқ Худо ҳузурида бўлишдан қўрқишади»(Суит)
В. Кузатишлар. Қай тарзда муҳрлар Худонинг келажакдаги режаларига тўғри келмоқда?
1. Бу борада бир қанча турли хил нуқтаи назарлар мавжуд, лекин энг яхшиси, муҳрларга, кейинчалик биз сўз юритадиган карнайлар ва косаларга, бир хил аниқ кетма кетликда содир бўладиган воқеаларга қарагандай қарамаслик. Муҳрлар ечилгандан сўнг, дарҳол, кетма кетликда карнайлар чалиниб, улардан кейин косалар тўкилмайди.
а. Бирламчи олтита муҳр бу – «бутун Ваҳий китоби давомида ерга тўкиладиган Худо ҳукмларининг умумий шархи, бошқача қилиб айтганда «Худонинг куни» деб аталадиган, Апокалипсис ёки Масиҳнинг 19 – бобда тантанали қайтиб келгунига қадар содир бўладиган нарсаларнинг қисқача тавсифидир» (Баллингер)
б. Бу вақт парчаси дажжолнинг пайдо бўлишидан бошланиб (биринчи муҳр), тахтда Ўтирганнинг юзи бизга кўрсатилган пайтгача давом этиб, якунланади (еттинчи муҳр)
2. Муҳрлар ер юзининг дунё охири якунидаги ҳолатини кўрсатмоқдами ёки Исо қайтиб келгунга қадар узоқ вақт давомида устун бўлган умумий ҳолатни кўрсатмоқдами?
а. Қайсидир маънода улар ҳар иккалаҳолатни кўрсатмоқда дейиш мумкин: золим ҳукмдорлар, урушлар, очарчилик, ўлим ва қувғинлар аллақачон инсоният тарихининг бир қисмига айланган, аммо, ҳатто бу ҳам, Буюк Қайғу даври олдидан пайдо бўладиган даражада эмас.
б. «Иккинчи ва учинчи муҳрларни ечганда содир бўладиган уруш ва очарчилик, дунё тарихи учун янги нарса эмас, бироқ, Нуҳ давридан бошлаб, ҳали ҳеч қачон ҳукм бу даражада, бир зарба билан ернинг тўртдан бир аҳолисини йўқ қилиб ташлайдиган даражада бўлган эмас» (Уолвурд).
в. Муҳрлар ҳақида фикр юритганда, биз уларни, “табиий ҳолатларнинг” бўрттирилган варианти, деб аташимиз мумкин. Худованд яна бир бор инсонларни, ўзларининг гуноҳкор табиатлари раҳм шавқатига топширади, аммо масала шу билан чекланиб қолмайди.
1) Биз кейинги бобларда кўрадиган карнайлар ва косалар ҳақида ҳам шундай деб айта олмаймиз. Уларнинг баъзилари орқали Худонинг ҳукми жуда ноёб тарзда намоён бўлган.
3. Олтинчи муҳрнинг ечилиши «бу кунга ким бардош бера олади» деган табиий савол билан якунланади. Фақатгина иймонли, иноят орқали Исо Масиҳга бўлган иймони билан оқланган инсонгина буюк ҳукм кунига бардош бера олади.
а. «Биз имонимиз туфайли оқланганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳ орқали Худо билан ярашиб, тинчликка эришдик. Раббимиз Исо Худонинг инояти эшигини бизга очиб берди. Биз имон туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ҳамда Худонинг улуғворлигига шерик бўлиш умидимиз борлигидан фахрланамиз» (Римликларга 5:1-2)
б. «Биродарларим, мен ўзим сизларга етказган Хушхабарнинг моҳиятини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сизлар бу Хушхабарни қабул қилдингиз, у имонингизнинг асосидир» (1-Коринфликларга 15:1)
в. «Мен бу қисқа мактубимни Силаснинг ёрдами билан ёздим. Уни ишончли биродар деб биламан. Мактубимда сизларга насиҳат қилиб, Худонинг ҳақиқий инояти ҳақида ёздим. Имонда собит қолишингиз учун Унинг бу иноятига таянинглар» (1-Бутрус 5:12)
г. Имонли инсон буюк ҳукм кунига бардош беришга қодир, чунки Исо, ўша инсон лойиқ бўлган ғазабни Ўзига олди.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]