Ваҳий, 2-боб.
Исонинг жамоатларга йўллаган мактуби.
Жамоатларга ёзилган барча мактублар бир хил тузилишга эга. Уларнинг ҳар бири қуйидагиларни ўз ичига олади:
·Аниқ ва маълум бир жамоатга мурожаат;
·Исонинг тақдимоти;
·жамоатларнинг ҳолати ҳақидаги баёнот;
·жамоатларнинг ҳолатига нисбатан Исонинг ҳукми;
·Исонинг жамоатларга йўналтирилган буйруғи;
·барча имонлиларга йўналтирилган насиҳатлар;
·мукофот ваъдаси.
Исонинг у ёки бу жамоатга йўналтирилган мурожаатини ўқиб, биз фақатгина ўша жамоатнинг ҳолати ҳақида хулоса чиқарибгина қолмай, бизнинг Худо билан бўлган шахсий муносабатларимиз қай аҳволда эканлигини ҳам тушунишимиз мумкин.
А. Исонинг Эфесдаги жамоатга мактуби.
1. 1-оят а. Эфес шаҳрининг тавсифи.
«Эфесдаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз»
а. «Фариштасига». Юқорида, Ваҳий 1:20 оятни кўриб чиққанда айтиб ўтганимиздек, бу оятдаги «фаришта» сўзи, Эфесдаги жамоатнинг чўпонини ёки ушбу жамотни кузатиб турувчи фариштани англатиши мумкин. Негадир фаришта жамоатнинг вакили сифатида кўрсатилган, шунга қарамай мактуб фақатгина вакилга эмас, бутун жамоатга йўналтирилган.
1) «Мен, фариштага ёзилган мактуб, аслида бутун жамоат аъзоларига тегишли деб ўйлайман. Ва бу ерда шахсан фариштанинг руҳий ҳолати эмас, у ғамхўрлик қиладиган жамоат аъзоларининг ҳолати тасвирланган (Адам Кларк).
б. Қадимда Эфес шаҳри ҳам ва унда бўлган жамоат ҳам барчага яхши танилган бўлган. Павлус у ерда уч йил хизмат қилган (Ҳаворийлар 19:1, 10-боб, 20:31). У ерда яна Аполлос, Акил ва Прискилалар хизмат қилишган (Ҳаворийлар 18:24-28). Павлуснинг энг яқин иттифоқдоши Тимутий ҳам Эфесда хизмат қилган (1-Тим.1:3). Жамоат анаъналари қатъий ишонч билан Ҳаворий Юҳанно ҳам у ерда хизмат қилганлигини таъкидлайди.
1) «Шубҳасиз бу жой, катта имтиёзлар ва буюк ваъзлар жойи бўлган» (Арчибальд Робертсон).
в. Эфес бутун дунёга, минтақадаги маданият, дин ва иқтисодиёт маркази сифатида танилган. Ҳосилдорлик маъбудаси бўлмиш машҳур Диана маъбади ҳам Эфесда жойлашган бўлиб, унга сажда қилиш, аҳлоқсиз жинсий хатти ҳаракатлар билан боғлиқ бўлган. Ушбу улкан Диана маъбади, қадимги дунёнинг еттидан бир мўжизаси ҳисобланган. Йигирма метрлик узунликка эга, ажойиб ҳайкаллар билан безатилган 127та устун, бинонинг таянчиғи бўлиб хизмат қилган.
1) « Эфесдаги Артимида маъбади, қадимги дунёнинг асосий ҳазинаси ва банки сифатида хизмат қилган бўлиб, унда подшоҳлар, савдогарлар ва ҳаттоки бутун бошли шаҳарлар ҳам ўз омонатларини очиб у ерда пулларини илоҳий кучлар ҳимоясида сақлаганлар» (Лонгнекернинг «Ҳаворийлар» китобига берган изохидан парча).
2) «Эфес, иблиснинг қўрғони, қалъаси бўлган. Бу ерда ҳар хил турдаги ёвуз ишлар-хурофотдан бошлаб то иблисга сажда қилиш каби нарсалар доимий равишда амалга оширилган. Ушбу шаҳарда, алкимёвий формулалар ҳамда нопок ва таъқиқланган амалларга доир кўрсатмаларни ўз ичига олган кўпгина китоблар мавжуд бўлган» (Гэбелиннинг Ҳаворийлар китобига берган изоҳидан парча).
2. 16-оят б. Исо Эфесдаги жамоатга бўлган мурожаатида Ўзини тавсивлаб бермоқда.
«Етти юлдузни ўнг қўлида тутгувчи, еттита олтин чироқпоя орасида юрувчи Зот шундай демоқда».
а. Етти юлдузни ўнг қўлида тутгувчи, еттита олтин чироқпоя ора- сида юрувчи Зот шундай демоқда. Ушбу тимсоллар, 1-бобда айтиб ўтилган Юҳаннонинг кўрган ваҳийларидан олинган. Бу тимсоллар Исонинг жамоатда бўлган ҳокимиятини (У етти юлдузни Ўз қўлида ушлаб турибди) ва Унинг жамоатда бевосита мавжудлигини (Исо еттита олтин чироқпоя орасида юрувчи Зот) таъкидлаб ўтади. Бундай тасаввур Исо Жамоатнинг марказида эканлиги ва Унга ушбу ҳолатга мос равишда муносабатда бўлиш кераклиги ҳақидаги ҳақиқатга алоҳида урғу бериб ўтади.
б. «Тутгувчи» (юнон тилида кнатеин) – ўзига ҳос чуқур ва ифодали сўздир. Ушбу жамоатлар Исога тегишли бўлиб, У уларни қаттиқ тутиб турибди, асраяпти. Жамоат – ундаги раҳбарларга ёки инсонларга эмас, Исога тегишлидир. Исо жамоатларни тутиб турмоқда.
3. 2-3-оятлар. Эфес жамоати имонлилари ҳақида Исонинг биладиганлари.
«Сенинг ишларингни, меҳнатингни, бардошингни биламан, бадкирдорларга тоқат қилмаслигингни ҳам биламан. Ҳаворий бўлмаган ҳолда ўзларини ҳаворий деб айтганларни сен синадинг, уларнинг ёлғонини фош қилдинг. Ҳа, бардошлисан. Менинг номим учун кўп қийинчиликларни бошдан кечириб, ҳолдан тоймадинг».
а. «Сенинг ишларингни биламан». Жамоат доим Исонинг назарида ва Исо у ерда нима бўлаётганлигини билади. Исо учун яширин бирон бир сир йўқ. Балким имонлилар орасида яширин гуноҳ ёки бузуқлик мавжуддир, аммо Исодан бу нарсаларни яширишнинг иложи йўқ. Бугунги кунда ҳам Исо алоҳида бизнинг ҳар биримизга ва бутун жамоатга қараб ушбу сўзларни такрорламоқда: «Сенинг ишларингни биламан».
1) «Имонлилар орасида ҳаракатда бўлаётганлар бор, аммо улар меҳнат қилмаяптилар. Бундай ҳаракат бутун умр давом этса ҳам, ҳаттоки капалакни чарчата олмайди. Исо Масиҳ учун ҳаракат қилаётган ҳар бир инсон бутун кучи билан мехнат қилмоғи лозим» (Чарльз Сперджен).
б. «Сенинг ишларингни, меҳнатингни, бардошингни». Исо ушбу жамоат нимани тўғри қилаётганлигини билади. Бу жамоат имонлилари Худо учун тинмай меҳнат қилмоқда ва художуйлик ила сабр қилиб келмоқда. «Сабр» – бу юнон тилидаги ажойиб хупомоне сўзининг таржимаси бўлиб, «чидамлилик, бардош бера олишлик» деган маъноларни англатади. Ушбу маънода жамоат ҳақиқатдан ҳам тошдай мустаҳкам бўлган.
в. « Бадкирдорларга тоқат қилмаслигингни ҳам биламан». Эфесдаги жамоат тоза таълимотни сақлашга ҳаракат қилган. Ҳаворийлар 20:29-31 оятларда, Павлус эфессдаги имонлиларни қуйидагича огоҳлантиради: «Биламан, мен кетганимдан кейин сизларнинг орангизга йиртқич бўрилар келади, улар сурувга шафқат қилмайди. Ҳатто ўз ораларингиздан баъзи одамлар чиқиб, имонлиларни ортидан эргаштириб, ҳақиқатни бузиб гапирадилар. Ҳушёр бўлинглар! Мана шу уч йил давомида кечаю кундуз кўз ёш тўкиб, ҳар бирингизга қилган панд–насиҳатларимни ёдингизда тутинглар». Исонинг сўзларига қараганда, Эфесдаги жамоат Павлуснинг огоҳлантиришларига жуда жиддий ёндашган.
1) Замонавий жамоат Эфесдаги жамоат сингари ўзини Худонинг элчилари деб атайдиганларни – айниқса ўзини ҳаворий деб атайдиганларнинг таълимотини синчиклаб ўрганиши лозим, чунки фирибгарлар ҳар доим ўзларини яхши томондан кўрсатишади. Ёвузлик қай даражада хавфли бўлса, шу даражада ёқимлилик ниқобини ўзига тақийди.
2) « Бу таҳсинга сазовор иш эди: улар ҳақиқатда мустаҳкам туришди. Бази бир замонавий жамоатларда покликка нисбатан худди шундай қатъиятликни кўришни истардим, чунки бугунги кунда инсон ўз ақлини ишлатиб, гўё жаҳаннамдан отилиб чиққанга ўхшаган энг разил ва паст ёлғонни тарғиб қила оладиган ва кўпчиликни ўз ёлғони орқали ҳайратга сола оладиган даражага етган» (Чарльз Сперджен).
г. «Ҳа, бардошлисан. Менинг номим учун кўп қийинчикларни бошдан кечириб, ҳолдан тоймадинг» Эфессдаги жамоат чарчоқ нималигини билмай ўз ишини давом эттираверган. Бу жамоат бизларга тақводор доимийлик ва қатъиятликнинг мисолини кўрсатишди ва биз бу нарсаларни эътиборга олсак ёмон бўлмасди. Барча ташқи кўрсатгичларга асосан бу жамоат мустаҳкам жамоат бўлиб, соф Хушхабарни сақлашга ва атрофдагиларга уни етқазишга ҳаракат қилиш учун тинмай меҳнат қилган.
4. 4-оят. Исонинг Эфесдаги жамоатга нисбатан қаршилиги нимада.
«Бирок сенга бир эътирозим бор: сен Менга бўлган илк севгингни унутдинг».
а. «Бироқ сенга бир эътирозим бор». Исо «юқорида айтиб ўтилганларга қарамасдан, шунга қарамай» деган маъноларни англатадиган, ҳайратланарли «бироқ» сўзидан бошлади. Исо, Эфесдаги жамоатда кўрган яхши томонларни санаб ўтганида, бирор бир нарсани ўтқазиб юборгани йўқ, аммо шунга қарамай, Унда жамоатга қарши нимадир бор эди.
1) «Бироқ» сўзи – Эфес жамоатида бўлган барча эзгу ва яхши ишлар Исо уларга айтадиган ёмон нарсани тўхтата олмаслигини ва ман қила олмаслигини англатади.
б. «сен Менга бўлган илк севгингни унутдинг». Эфес жамоати қилган барча яхши ишларига қарамай, жиддий хатога йўл қўйди. Улар ўзлариниг илк севгиларини ( эътибор беринг йўқотиб қўйишмади) – унутишди. Қачонлардир уларда бу севги бор эди, бироқ энди у йўқ. Бу ҳолатни бошқача қилиб «муқаррар ва аянчли ажралиш» деб ифодалаш мумкин (Арчибальд Робертсон)».
1) «Унутдинг» ва «йўқотиб кўйдинг» деган сўзлар орасидаги фарқни белгилаб ўтиш жуда муҳим. Чунки, бирор нарсани йўқотиб қўйиш беҳосдан содир бўлиши мумкин, «унутдинг» деган сўз эса, ихтиёрий ҳаракатни билдиради ва бу ҳаракат беҳосдан ёки бирданига содир бўлмайди. Бундан ташқари биз бирор нарсани йўқотиб қўй- ганимизда, уни қаердан излашни билмаймиз, аммо агар биз бирор нарсани унутиб қўйсак, унинг қаердалигини биламиз.
2) Улар ўзларининг илк севгиларини унутганликларига қарамай, ташқи томондан ҳамма нарса яхшидай кўринарди. Агар сиз Эфессдаги жамоат йиғинида бўлиб қолганингизда: «Ажойиб жамоат. Улар ростдан кўп меҳнат қилишяпти ва ҳақиқатни асраб қолишга ҳаракатқилишяпти» деб ўйлаган бўлардингиз. Шу билан биргаликда сизда тушунтириб бериш қийин бўлган ноаниқ бир ташвиш ҳиси пайдо бўлган бўларди. Исо учун муаммонинг ўзагини кўриш қийин эмас эди, бироқ ташқаридан қараганда ҳаммаси яхшидайкўринган бўлиши мумкин.
3) Муаммо ростдан ҳам жиддий эди. Чунки севгисиз ҳаммаси бекор. Шунинг учун ҳам Исонинг «бироқ сенга бир эътирозим бор» деганига ҳайратланмасак ҳам бўлади. «Жамоатнинг юрагида севги бўлмаса ёки унинг севгиси совуган бўлса, унинг жамоат бўлишидан нима фойда. Севгини бой бермоқлик, қолган ҳаммасини ҳам бой бермоқлик деганидир» (Чарльз Сперджен).
в. «Менга бўлган илк севгингни унутдинг». Қанақа севгини улар унутишган? Биз имонлилар Худони ва бир биримизни севишга даъват этилганмиз. Балким улар Худога бўлган севгини унутишгандир? Ёки бир бирларига бўлган севгини унутишгандир? Улар ҳар иккаласини ҳам унутганга ўхшайди, чунки ҳам Худога ҳам биродарларга бўлган севги бир бутундир. Оилани севмай туриб, Худони севиш мумкин эмас, бироқ энг аввало Худони севмай туриб ҳам, ҳақиқатдан оилани севишнинг иложи йўқдир.
1) Эфесдаги жамоат меҳнатсевар жамоат эди. Баъзан бизнинг Исо учун қилаётган меҳнатимиз, У билан бўлган севги муносабатларимизга соя солади. Биз учун, биз Исо деб қилаётган ишлар, бизнинг Исода ким эканлигимиздан муҳимрок бўлиб қолади. Биз Исонинг ота онаси сингари Уни жамоатда қолдириб кетамиз (Луқо 2:45-46).
2) Эфессдаги жамоат таълимот жиҳатидан пок жамоат бўлган. Баъзан бизнинг пок таълимотга қаратилган диққат эътиборимиз, бизларни, биздан фарққиладиганларга нисбатан совуқ, сабрсиз ва шубҳаланувчан қилиб қўяди. «Севги ўлганидан кейин, ортодокс таълимот ўлик жасадга, кучсиз формализмга айланади. Исо севгисининг нури ва ширин таъми йўқолганда, ҳақиқатга нисбатан содиқлик кўр кўрона фанатизмга айланади» (Чарльз Сперджен).
г. «Илк севги». Эфессдаги имонлиларнинг Исо билан бўлган муносабатларида яққол маълум бўлган сезиларли ўзгаришлар содир бўлди. Энди ҳеч нарса аввалгидай эмас. Гап бизнинг, Исо Масиҳда туғилган янги ҳаётимизнинг биринчи кунларида бизда пайдо бўлган завқ ва ҳаяжоннинг сақланишида эмас, бироқ бу «янгилик»илк севгини янада кучайтирадиган чуқур бир нарсага айланиши лозимлигидадир.
1) Турмуш қурганларига бир йилдан ортиқ вақт ўтган жуфтликлар ҳар доим ҳам муносабатларининг бошида ҳис қилган ҳаяжон ва титроқни сақлаб қола олмайдилар. Бу ҳолат табиий ва кутилган ҳолат бўлиб ҳисобланиши мумкин, агар илгариги ҳаяжон чуқур, олдингидан ҳам ажойиброқ севгига айланган бўлса.
2) Илк ҳаяжон ёки титроқнинг бирор бир ёмон томони йўқ, уни сақлаб қолиш ёки янгитдан жонлантиришни исташнинг ҳам ёмон томони йўқ. «Исога бўлган илк севгидаврида биз У учун нималарга қодир эдик! Энди эса қанчалик оз нарсага тайёрмиз. Агар биз бугун, Исога тоза иймон келтирган «ёшлик» вақтимизда қилган ишларимизни эсга олсак, улар бизга мантиқсиз ва ақлсиз ишлардай туюлади» (Чарльз Сперджен).
2. 5-6 оятлар. Исо Эфесдаги жамоатга нима қилишни буюрганлиги.
«Эслагин ахир, илк севги билан яшаганингда қанчалар юксакда эдинг! Энди эса тавба қил, аввалги ишларингга қайт. Тавба қилмасанг олдингга бориб, чироқпоянгни ўз жойидан олиб ташлайман. Ҳа, сенда яна бир яхши фазилат бор: сен николасчиларнинг ишларидан нафратланасан. Мен ҳам улардан нафратланаман».
а. «Эслагин ахир, илк севги билан яшаганингда қанчалар юксакда эдинг». Эфессдаги жамоатнинг қайта тикланиши жараёнидаги биринчи қадам – эслаш. Улар илк севги билан яшаганларида қандай юксакда бўлганликларини эслашлари керак эди. Бу – олдин қаерда бўлганликларини, Худони ва бир бирларини қандай севганликларини эслашлари кераклигини англатади.
1) Дарбадар ўғил чўчқалар билан овқатланадиган даражага етганидан кейин, унинг қайта тикланишининг илк қадамлари – бу унинг отаси уйида ҳаёти қандай бўлганлигини эслашни бошлаганлиги бўлди (Луқо 16: 17-19). Эслаш – ҳар доим Худога қайтиш йулидаги биринчи қадамбўлган.
б. «тавба қил». Бу қилганларингдан пушаймон бўлишинг керак деган буйруқ эмас; бу ерда гап ҳис туйғу ҳақида бораётгани йўқ. Бу йўналишни ўзгартириш, умуман бошқа томонгақараб бориш дегани. Бу «жуда кеч бўлмасидан олдин, ўз муносабатинг ва ҳолатингни дарҳол ўзгартиришинг кераклиги ҳақида қилинаётган тинимсиз даъватдир» (Арчибальд Робертсон).
в. «аввалги ишларингга қайт». Бу – жамоат Исонинг севгисини илк бор англаган вақтида қилган ишларига,илгариги асосларга қайтиши кераклигини англатади. Чунки буларниниг ҳаммасидан шунчаки «ўсиб боришнинг» иложи йўқ.
1) «Аввалги ишлар» дегани нима?
·Илгари Худо Каломиги қанча вақт бағишлаганингиз ёдингиздами?
·Илгари қандай ибодат қилганларингизчи?
·Бошқа имонлилар билан учрашув юрагингизни қандай қувонч билан тўлдирганлари ёдингиздами?
·Инсонларга қанақа ҳаяжон ва титроқ билан Исо ҳақида гапириб берганларингизни эслайсизми?
2) Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, шайтон, имонлиларниг онгида ҳозирги ҳолатни «аввалги ишлар» билан қиёслаш орқали қониқарсиз бир туйғуни пайдо қилиш ишини ўта мохирона бажаради. Имонлилар жамоатни ўсиш ва барқарорлик билан таъминлайман деб ваъда берадиган деярли барча янги ва ғайриоддий дастур ёки усулларни, катта иштиёқ ва тезлик билан амалга оширишни бошлайдилар. Бироқ эътибор етарли даражада бўлмаганлиги сабабли, тез орада завқланаётган нарсаларимиздан зерикишни бошлаймиз. Баъзан бизлар «аввалги ишларимизга» қайтмаслик учун ҳамма нарсага тайёрмиз.
г. «Тавба қилмасанг олдингга бориб, чироқпоянгни ўз жойидан олиб ташлайман». Исо жамоатни ғоят жиддий огоҳлантирмоқда. Агар улар тавба қилмасалар, Исо уларни нурдан ва Ўз ҳузуридан маҳрум қилади. Чироқпоя жойидан олинганидан кейин, жамоат худди бир ташкилотдай бўлиб ўз мавжудлигини давом эттириши мумкин, бироқ бошқа ҳеч қачон Исо Масиҳнинг ҳақиқий жамоати бўла олмайдилар. Бундай жамоат Худонинг улуғворлигини бой берган «Ихабод жамоатига» айланади (1 Шоҳлар 4:21).
1) Афтидан Эфессдаги имонлилар қисқа муддатга бўлса ҳам, ҳар ҳолда бу огоҳлантиришга қулоқ тутганга ўхшайдилар. Иккинчи давр бошида (Юҳанно ушбу сўзларни ёзганидан салгина ўтиб) Игнатиус Эфессдаги имонлиларнинг пок таълимотлари ва севгилари ҳақида мақтов билан шундай деган: «Эфес жамоатининг муқаддас азизлари, бутун ер юзида ҳурматга сазовор ва машҳур… Муқаддас Руҳга тўлганлар, тана хоҳишига қараб бирор иш қилманглар, ҳар доим Руҳ бошқарувида ҳаракат қилинглар. Сизлар Исо Масиҳда комилсизлар» («Игнатуснинг Эфесликларга ёзган мактубидан парча» 8 боб)
2) Игнатуснинг ёзганларидан келиб чиқиб, Эфессдаги имонлилар таълимот поклигини сақлаган ҳолда, ўзларининг илк севгиларига қайтдилар деган хулосага келиш мумкин. Бундай мувозанатни сақлаб қолиш осон эмас, лекин кўриб турганимиздай, Эфесдаги жамоат, ҳеч бўлмаганда вақтинча бўлсада бу нарсани амалга ошира олди.
д. «Ҳа, сенда яна бир яхши фазилат бор: сен николасчиларнинг ишларидан нафратланасан. Мен ҳам улардан нафратланаман». Бу ерда Исо жамоатни яна мақтай бошлади, эҳтимол, Унинг жиддий огоҳлантиришларидан кейин жамоат жуда қаттик қайғурмаслиги учун У шундай йўл тутгандир. Исо жамоатнинг николасчиларнинг ишларидан нафратланишини қўллаб – қувватлашини айтиб ўтмоқда. Бироқ бу николасчилар дегани ким ва уларнинг иши нимадан иборат бўлган? Ваҳий 2:15 оятда, николасчиларнинг таълимоти иккинчи маротаба ҳукм қилинади ва у ерда бутпарастлик ҳамда ахлоқсизлик ҳақида сўз юритилади.
1) Иккинчи аср охирида ИринейНиколасчилар ҳақида унга нимлар маълумлигини айтиб беради: «Николасчилар – шахсан ҳаворийлар томонидан қўйилган еттита жамоат хизматчиларидан бири бўлмиш Николаснинг давомчиларидир. Бу инсонлар кўнгиллари тусаган ишни қилиб, ҳеч нарсадан ўзларини чекламаганлар. Ушбу инсонларнинг феьл атвори Юҳаннонинг Апокалипсисида яққол ифодаланган: улар фоҳишалик ва бутга келтирилган қурбонлик гуштини истеъмол қилиш мумкин деб таълим беришган» («Бидъатга қарши бешта китоб» 1китоб, 26 боб; ….тўпламидан, 1т.352 саҳ.).
2) Иринейнинг шогирди, учинчи асрнинг дастлабки йилларида ёзган Ипполит, николасчиларни тўғридан тўғри гностиклар билан боғлаган: «Гностиклар орасида бошқа фикрлар ҳам мавжуд. Бирок Николас бу ёвузларнинг барча таълимотини кенг тарқатди. У тўғри таълимотдан узоқлашиб, ҳаёт ва таом қандайлигига аҳамият бермай яшашликни инсонларга сингдиришни ўзига қоида қилиб олди» («Бидъатларнинг рад этилиши» 7кит.24 боб; ……).
3) Бошқа муаллифлар эса Николасчилар номини такшил қилувчи ўзакларга урғу беришган. Никао-лаос том наънода «инсонларни бўйсиндириш, эгаллаб олиш»деган маъноларни англатади. Буларга асосланган ҳолда, баъзи тадқиқотчилар, ҳаворийликҳокимиятиҳақидаги такаббур даъволарга ишора қилиб, ушбу таълимот барча имонлиларни «руҳонийлар» ва «дунёвийлар» деган турларга ажратган жамоат иерархияси пайдо бўлишининг бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилган деб хисоблашади.Эҳтимолга кўра, Николачиларнинг таълимоти қуйидаги барча жиҳатларни ўзида мужассамлаштирган: улар ҳам аҳлоқсиз бутпарастлар, ҳам иерархия ва гностикларга хос «мавҳум илмларни» яхши кўрадиган такаббур инсонлар бўлишган.
4) Николасчилар, Исонинг Танасидан ажралиб чиққан барча ёлғончилар сингари, «масиҳийликка ҳеч қандай зарар етказишни хоҳламайдиганликларини, аксинча, масиҳийлик таълимотининг янгиланган, мукаммаллаштирилган кўринишини ўзларида акс эттираётганликларини» эътироф этишган (Уильям Барклай).
е. «Мен ҳам улардан нафратланаман». Нақадар таъсирчан сўзлар, ахир уларни севгига бой бўлган Раббимизнинг Ўзи айтмоқда! Николасчиларнинг ким бўлганликларидан, нима билан шуғулланганликларидан ва нимага ўргатганликларидан қатъий назар, Исонинг улар ҳақида бўлган фикри, уларга оид муҳим бир нарсани билиб олишимизга ёрдам беради. Ва биз шуни билиб олишимиз мумкинки севги Худоси гуноҳдан нафратланади ва Унинг халқи ҳам гуноҳдан нафратланишини истайди.
2. 7-оят а. Барча эшитганларга йўналтирилган умумий насиҳат.
«Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин»
а. «Кимнинг эшитар қулоғи бўлса». Бу ҳислат барчага, ҳар ҳолда Исонинг сўзларига қулоқ тутадиган барча инсонларга тегишли. Ушбу мактуб Ҳаворий Юҳанно яшаган даврда мавжуд бўлган Эфес жамоатигагина ёзилган эмас. Бу мактуб бизлар учун, ҳар бир даврда яшаган имонлилар учун ёзилган.
б. «Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин» Еттита мактубнинг ҳар бири барча жамоатларга тегишли. Биз Руҳнинг маълум бир жамоатга эмас, барча жамоатларга айтаётганларини эшита олишимиз керак. Агарда Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитиш учун қулоғингиз бўлса, бу мактублар – уларнинг ҳар бири – сизга ёзилганлигини англаб этасиз.
1) «Еттита алоҳида алоҳида китоб ёзилгани йўқ, ўзида еттита мактубни мужассамлаштирган битта китоб ёзилган, ва қайси даврда яшаганлигидан қатъий назарҳар бир жамоат бу мактублардан ўзи учун шахсан ўзига тегишли нарсаларни чиқариб олиши мумкин» (Мэтью Пул).
2) «Ҳамма ерда жамоатлар, кўчма маънода айтганда, бошида сочи йўқ, кал бўлганлиги сабаб ваъзларни онгида сақлаб қола олмаётган, кўпдан буён жамоатга қатнайдиган эски гуноҳкорлар билан тўлиб тошганга ўхшайди. Гуёки улар кал бўлганлиги сабаб, уларга қарата айтилган минглаб ваъзлар шунчаки уларнинг бошини силаб ўтиб, уларнинг орқаларида ўтирганларга етиб бораётгандай» (Х.У.Бичер).
7. 7-оят б. Унвон ваъдаси.
«Ғолиб келганларга Худонинг жаннатидаги ҳаёт дарахти мевасидан ейишни насиб этаман».
а. «Ғолиб келганларга». Исо ғолиб келганларга ваъда бермоқда,бироқ бу инсонлар нима устидан ғалаба қозонмоқлари лозим эди? Одатда бу жараён бизга драматик кўринади; биз гуноҳ устидан бўлган ғалаба, руҳий жангда қозониладиган ғалаба ҳақида гапиришни бошлаймиз, бироқ бу ерда Исо, жамоатнинг илк севгисини унутганлигида ўз аксини топган муаммо, аниқроғи юракнинг совуққонлиги ва севгининг танқислиги устидан қозониладиган ғалаба ҳақида гапираётганда ўхшайди.
б. «Ҳаёт дарахти мевасидан ейишни насиб этаман». Исо ғалабадорларга Адан боғига қайтишни,қайта тикланишни ва абадий ҳаётни ваъда қилмоқда. Авваламбор, бу ерда, абадият контекстида нима бўлганда ҳам жамоатнинг осмонда бўлиши айтилмоқда – Исо кимларни Ўз ҳузуридан маҳрум қилиши ҳақида огоҳлантирган бўлса, айнан улар учун бу ваъда жуда ахамиятлидир. Бундан ташқари, бу ерда, агар бизИсонинг бизни қутқарган севгисида бўлсак, шахсан бизнинг ҳаётимизда бўлган лаънатнинг оқибатлари камаяди деган фикр назарда тутилмоқда.
в. «Худонинг жаннатидаги». Оригинал тилда «жаннат» сўзи «завқ боғи» деган маънони англатган. Аста – секин сўзнинг маъноси ўзгарган; энди бу жой «Худо бор бўлган» жойдир. Жаннат – Худо қаерда бўлса, ўша ерда.
Б. Исонинг Смирнадаги жамоатга ёзган мактуби.
1. 8-оят.а. Смирна шаҳрининг ҳусусиятлари.
«Смирнадаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз»
а. Смирна ўзи ҳақида юқори фикрда бўлган катта ва гўзал шаҳар бўлган. Бу шаҳар маданият ва таълимот маркази бўлган; фуқаролар яшаётган жойлари билан фаҳрланишган. «Смирна бетакрор энг гўзал шаҳар бўлган. Уни «Асиянинг шон-шарафи» деб аташган» (Уильям Барклай).
б. Смирна бой шаҳар бўлган. «Смирна йирик савдо сотиқ маркази бўлган…Бу шаҳар Хермус дарёси водийсини кесиб ўтган катта йўлнинг охирида жойлашган бўлиб, водийнинг барча савдо сотиқ ишлари Смирна шаҳрининг порт ва бандаргоҳлари орқали ўтиб борган ҳамда шаҳарбозорларида жамланган.Хусусан май ва шароб савдоси жуда жонли бўлган. Смирна Эфес шахри сингари бой ва ривожланиб бораётган бизнес маркази бўлган.» (Уильям Баркли).
в. Тарих орқали бизга яна шу маълумки, Смирна Рим императорига ва бутпарастликка ўзини бағишлаган шаҳар бўлган. Смирнанинг «Олтин» деб номланган машҳур кўчаларидан бирида Кибелега, Аполлонга, Асклепийга ва Афродитага бағишлаб қурилган улуғвор ибодатхоналар ҳамда Зевсга бағишланган ажойиб ибодатхона мав- жуд бўлган, бироқ вақт ўтиб ушбу бутпрастларнинг худоларига бўлган сажда буткул йўқолган.Асосий диққат Рим императорига сажда қилишга қаратилган.
1) Милоддан аввалги 196 йилда Смирнада Рим империясининг руҳий тимсоли бўлмиш маъбуда Рома шарафига бағишлаб маъбад тикланган. «Рим руҳига» сажда қилишдан бошланган ушбу дин тез орада вафот этган Рим императорларига сажда қилиш динига айланган. Таъбиий равишда бундан кейинги қадам – ўша пайтда яшаб турган тирик императорларни илоҳ даражасига кўтариш бўлган. Тез орада бу эътиқодни сиёсий содиқлик ва миллий ғурур белгиси деб ҳисоблашни бошлашган.
2) Милоддан аввалги 23- йилда Смирна (11 шаҳардан ўзиб бориб) император Тиберий Қайсарга сажда қилиш мақсадида барпо этиладиган биринчи маъбадни қуриш ҳуқуқи ва шарафига эга бўлади. Смирна императорларга сиғинишни ўзида мужассамлаштирган Рим эътиқодига ўзини бағишлаган шаҳарлар орасида етакчи ўринни эгаллаган.
3) Рим императорларидан бири Домитиан (мил.аввалги 81-96) унга сажда қилганда, уни «Худо» деб аташларини халқга буюрган биринчи император бўлиб, ушбу сажда сиёсий содиқликнинг белгиси бўлиб ҳисобланган. Черков тарихига асосан, айнан император Домитиан ҳукмронлиги даврида Юҳанно Патмос оролига сургун қилинган, ўша оролда Юҳаннога ваҳий берилган.
4) Римга бўлган миннатдорчиликни намоён этишдан бошланиб, императорларга сажда қилиш даражасигача етган эътиқод, биринчи асрнинг охирига бориб, Домитиан даврида – ўзининг энг йуқори нуқтасига етиб боради ва энди Қайсарга сиғиниш мажбурий бўлиб қолади. Бир йилда мир маротаба Римнинг барча фуқаролари Қайсарнинг ҳайкали олдидаги қурбонгоҳда бир чимдим тутатқи тута- тишлари шарт бўлган, шундан кейингина улар ўзларининг диний мажбуриятларини бажарганликлари тўғрисидаги сертификатни олишган (Уильям Бракли).
5) «Имонлилар қилиши керак бўлган ягона нарса бу – олиб келган бир чимдим тутатқиларини ёндириб: «Цезарь – Худо» деб айтиб, ўз сертификатларини олиш бўлган, кейин ҳар ким ўзи хоҳлагандай сажда қилишни давом эттиравериши мумкин бўлган. Аммо айнан шу нарсани имонлилар қила олмаганлар. Улар бирор бир инсон зотини Худо деб атай олмаганлар, чунки бу ном фақат ягона Исо Масиҳга тегишли бўлган. Имонлилар худди бошқалар сингари императорга сажда қилаётгандай қилиб ҳам ўзларини кўрсатишни хоҳламаганлар» (Уильям Бракли)
2. 8-оятб. Исо Смирна жамоатига мурожаат қила туриб, Ўзини таништирмоқда.
«Ўлиб тирилган, Биринчи ва Охирги бўлган Зот шундай демоқда»
а. «Биринчи ва Охирги». Исо, Ўзиинг барқарор ҳусусияти ҳақида гапириб, Юҳаннога берган биринчи ваҳийда эслатиб ўтган унвонни яна бир бор ишлатмоқда (Ваҳий 1:1, 1:17). «Биринчи ва Охирги» деган унвонлар, Ишаё 41:4, 44:6, 48:12 га асосан Худога, Яҳовага тегишли бўлган.
б. «Ўлиб тирилган». Исо Юҳаннога берилган биринчи ваҳийдаги унвонни (Ваҳий 1:8), Смирнадаги имонлиларга қуйидагиларни эслатиш учун ишлатмоқда: улар ўлим устидан ғалаба қозонган, ўлимдан тирилган Худога хизмат қилмоқдалар. Ўлим Исони ушлаб қола олмаганидек, Унинг халқини ҳам ушлаб қола олмайди.
1) Ушбу мактуб давомида ўлим ва ўлим устидан қозонилган ғалаба ҳақидаги боғлиқликлар мавжуд. Смирна номи майрз сўзидан келиб чиққан бўлиб, ушбу сўз ўликларни балзамлашда ишлатилган хушбўй ҳидли моддани англатади.
3. 9-оят. Смирна жамоатидаги имонлилар ҳақида Исога муълум бўлган нарсалар.
«Чеккан азобларингни, камбағаллигингни биламан. Аслида эса бойсан! Ўзини Худонинг халқи деб атаганлар сени қанчалар ҳақоратлаганини ҳам биламан. Улар Худонинг халқи эмас, балки шайтон тўдасидир»
а. «Чеккан азобларингни биламан». Рус тилида ушбу жумла «сенинг ишларингни биламан» деган сўзлардан бошланади. Худди шундай сўзларни Исо Эфес жамоатига бўлган мурожаатида ишлатади (Ваҳий 2:2). Смирнадаги имонлиларнинг нафақат ишлари балки уларнинг чеккан азоблари ва камбағалликлари ҳам Исога аён бўлган. Исонинг бу қийинчиликларни билишининг сабаби Исонинг ҳам уларни кўриб турганлиги, ҳам Ўзининг худди шундай қийинчиликларни бошидан ўтқазганлигидадир.
1) Камбағаллик. Тарихга асосан, Смирна обод шаҳарлардан бири бўлган. Шунга қарамай у ерда яшаган имонлилар камбағал бўлган. «Бу ерда ишлатилган камбағал сўзи оригинал тилда ўта муҳтож деган маънони англатган. Имонлилар шунчаки камбағал эмас, ўта муҳтож ахволда бўлишган» (Джон Уолвурд).
2) Смирнадаги имонлилар камбағаллик нима эканлигини англаб етишган, чунки Хушхабар сабабли қувғинга учраб, барча нарсаларидан, шу билан бир қаторда ишларидан ҳам маҳрум бўлганлар. Биринчи имонлилар мана қандай бўлишган – «Қамоқда бўлганларга ҳамдард бўлардингиз, мулкингиз мусодара қилинганда, буни хурсандчилик билан қабул қилардингиз, чунки сизларда боқий бойлик борлигини билардингиз» (Ибронийларга 10:34). Бундай турдаги қувғинлар, Смирнадаги имонлилар камбағал ҳаёт кечиришларининг асосий сабаби бўлган. Бу турдаги қувғинлар ҳатто замонавий жамиятда ҳам оддий ҳолга айланган.
б. «Сени қанчалар ҳақоратлаганини». Исо Смирнадаги имонлиларга, ўзларини «диндор» деб атаган инсонлар қанчалик қўпол муносабатда бўлишганликларини билар эди. Оятда айтилганидек: «Улар Худонинг халқи эмас, балки шайтон тўдасидир»
1) Тарих бизга Смирнада катта ва имонлиларга қарши бўлган яҳудийлар жамияти бор бўлганлиги ҳақида гувохлик беради, аммо бу ерда ҳақиқий яҳудий– Худога ишонадиган ва Исо Масиҳга иймон келтиргангинадир, деб таъкидланмоқда. (Филипп.3:3). Балким айримлар этник нуқтаи назардан қараганда Худо олдида ўз ўрнига эга бўлган яҳудий бўлиб қолавергандир, лекин руҳан улар яҳудий бўлмаган.
в. «Биламан…биламан». Бундай қийинчиликлар вақтида Худо сизни унутганлигига ишониш осон, аммо ҳақиқат шундан иборатки, Исо ҳаммасини билади.
4. 9-оят. Исо Смирнадаги жамоат ҳақида қандай фикрда.
«Аслида эса бойсан»
а. «Бойсан». Ташқи томондан қараганда, барча нарса Смирнадаги имонлилар камбағал, ҳаттоки ночор аҳволда бўлганликлари ҳақида гувоҳлик бераётганлигини кўриш мумкин, бироқ Исо қийинчиликларга эмас, аксинча ушбу қийинчиликлар орасида диққатини уларга қаратган ва уларнинг аслида бой эканлигини яққол кўра олган. «Хушбўй, ифорли Смирна, энг камбағал, бироқ етти жамоат ичида энг тозаси» (Джон Трапп)
б. Исо уларни бой деб атаган; агар Исо сизни бой деб атаётган бўлса, демак сиз бойсиз. Биз ўзимизга бераётган баҳо, Худонинг биз ҳақимизда бўлган фикридай муҳим эмас.
1) Лаодикиядаги жамоат аксинча ўзини бой деб ҳисоблаган, аслида эса камбағал бўлган (Ваҳий 3:17). Лаодикиядаги жамоат ночору бой жамоат бўлган. Смирнадаги жамоат эса бойу ночор жамоат бўлган. Лаодикия жамоатидай бўлгандан кўра, Смирнадаги жамоатдай бўлиш афзалроқ.
в. «камбағаллигингни (аслида эса бойсан)». Смирнадаги имонлиларнинг моддий камбағаллиги ва руҳий бойлиги орасидаги фарқ бизга, на бойлик, на камбағаллик ўз асосига кўра ҳеч қандай руҳий аҳамиятга эга эмаслигини эслатмоқда.
1) Моддий афзалликлар Осмон Шоҳлиги учун тўсқин, ҳаттоки баъзилар учун енгиб бўлмайдиган тўсқин бўлиши мумкин (Марк 10: 23-25). Маълум бир маблағга эга бўлишнинг ёмон томони йўқ; муаммо шундаки, баъзан маблағ бизни «эгаллаб» олади.
2) Кўпинча моддий бойлик ҳақиқий руҳий бойлик эвазига қўлга киритилади ва тўпланади. Бир вақтлар, Уйғониш давридаги гуллаб яшнаётган папалик пайтида, бир инсон Рим Папаси билан, унинг қасрлари ҳашамати ва улуғворлигидан ҳайратга тушиб, Ватикан бўйлаб сайр қилиб юрган экан. Ўшанда Рим Папаси у инсонга қараб, энди биз Бутрус шол одамга айтганидек: «Менинг пулим йўқ»деб айтмасак ҳам бўладидеганида, у инсон Рим Папасига қараб, бироқ сиз Бутрусга ўхшаб шолга «ўрнингдан туриб юр» деб ҳам айтолмайсиз деган экан.
г. Смирнадаги жамоат ўзининг раҳбарлари билан ҳам бой бўлган. Ушбу жамоат чўпонларидан бирининг номи Поликарп бўлган. У Ҳаворий Юҳаннонинг шогирди бўлиб, Смирнада, милоддан аввалги 155 йилгача, яъни то қаҳрамонларча шаҳид бўлган вақтигача хизмат қилган.
5. 10- оят. Исонинг Смирнадаги жамоатга берган буйруғи.
«Бошингга тушадиган азоб–уқубатлардан қўрқма! Билгинки, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни зиндонга ташлайди, ўн кун давомида азоб чекасизлар. Ўлим хавфи остида бўлганингда ҳам содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман».
а. «Қўрқма». Агар сўзма сўз таржима қиладиган бўлсак, бу ерда «қўркқшни бас қил» деб ёзилган. Смирнадаги имонлилар қувғинлардан азоб чекишган ва жуда қўрқиб қолишган. Баъзан бизларга қувғинлар орасида яшайдиган имонлилар гўёки инсон кучидан кўра кўпроқ кучга эга зотлардай туюлади; биз уларнинг қандай чуқур ўрнашган қўрқувлари билан курашаётганликларини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Улар ҳали кўп нарсаларни бошдан кечиришлари, кўп нарсаларга чидашлари керак эди, шунинг учун ҳам Исо уларни кутаётган нарсалардан ўтишга тайёр туришларини хоҳлади.
б. «Билгинки, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни зиндонга ташлайди». Ушбу оятда Исо Смирнадаги имонлиларни айнан қандай қувғин кутаётганлигини тушунтириб бермоқда. Кўриб турганимиздек, маълум бир вақт давомида улар зиндонда бўлишади («ўн кун давомида азоб чекасизлар»).
1) Исонинг сўзларига қараганда, Смирнадаги жамоат тўқнашадиган қувғинлар орқасида иблис туради. Бироқ айни шу пайтда ушбу қувғинлар вақтини ва ўлчовини Худонинг Ўзи белгиламоқда. Шубҳасиз, иблис имонлиларни узоқ муддатда зиндонда сақлашни хоҳлаган бўларди, аммо Худо ҳибснинг вақтини чегаралади – ўн кун деб белгилади.
2) «Инсон қаерда яшамасин, имонли бўлиш у учун қонундан ташқарида бўлишни англатади. Бу борада Смирна бошқа шаҳарларга нисбатан хавфлироқшаҳар бўлган: бу шаҳарда имонли бўлиш,жонни хатарга қўйиш билан баробар бўлган. Смирнадаги жамоат қахрамонлар учун бўлган» (Уильям Баркли).
в. «Ўн кун дваомидаазоб чекасизлар». Ваҳий китобини талқин қилувчилар кўп вақтдан буён ушбу ўн кун нимани англатиши ҳақида фикр юритмоқдалар.
1) Баъзилар, аслида Юҳанно ўн йиллик қувғинни назарда тутган деб ҳисоблашади. «Ваҳий китобидаги кунлар башоратли кунлар ҳисобланганлиги сабаб, бир кун бир йилни англатади. Ўн йиллик азоб бу ўн йиллик қувғин деганидир. Император Диоклетианҳукмронлиги давридаги қувғинлар айнан ўн йил давом этган бўлиб, ушбу қувғинлар вақтида Асиядаги жамоатлар қаттиқ азоб чекишган» (Адам Кларк).
2) Бошқалар эса Юҳанно аслида ўнта Рим императорлари ҳукмронлиги даврида уюштирилган қувғинларни назарда тутган деб ҳисоблашади. «Биринчиқувғин Нерон даврида бўлган (мил.ав.54-йил)иккинчи қувғин – Домитиан даврида (мил.ав.81йил), учинчи қувғин – Траян даврида (мил.ав.98йил), тўртинчи қувғин – Адриан дарида (мил.ав.117-йил), бешинчи қувғин–Септимус Северус даврида (мил.ав.193-йил), олтинчи қувғин – император Максимин даврида (мил.ав.235-йил), еттинчи қувғин – Декиус даврида (мил.ав.249-йил), саккизинчи қувғин – Валериан даврида (мил.ав.254-йил), тўққизинчи қувғин – император Аврелиан даврида (мил.ав. 270-йил), ўнинчи қувғин эса – Доклетиан даврида (мил.ав.284-йил) бўлган» (Уолвурднинг, Уайтдан иқтибос келтирган ҳолда айтганлари).
3) Баъзилар эса ғайриоддий, ҳамма нарсани чалкаштириб ташлайдиган ёндошувларни ёқтиришади: «Кимнингдир ҳисоблаб чиққанига қараганда, ўн кун бу – бир юз қирқ соат. Айнан иккинчи қувғин бошланган 85- йилдан (Юҳаннонинг ўзи ҳам бу қувғиндан қаттиқ азоб чеккан) то охирги 325-йилдаги қувғингача роппа роса бир юз қирқ йил вақт ўтган» (Мэтью Пул)
4) «Ўн кун – бу шунчаки нутқий фигура» деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор: «Ўн кун деган жумлани том маънода қабул қилиш керак эмас. Юнон тилида ушбу жумла қисқа муддатли вақтни ифодалаш учун ишлатилган» (Уильям Баркли).
5) Нима бўлган тақдирда ҳам, ушбу жумлада айтилганидан кўра кўпроқ нарсани кўришга ҳаракат қилишнинг бирор бир жиддий сабаби йўқ – бу ерда ўн кун қаттиқ таъқиб бўлиши айтилган; таъқиб вақти белгиланганлиги ҳақидаги фикрга урғу берилган.
г. «иблис сизларни синаш учун». Смирнадаги имонлиларга иблиснинг ҳамлалари билан тўқнашишга тўғри келаркан, нима сабабдан имонлиларга ҳужумга қарши туриб, уни қайтариш имконияти берилмаган? Чунки Худонинг ушбу азобларга йўл қўйиб берганлигига Ўз сабаби ва мақсадлари бор. Худо азобларни бизни поклаш мақсадида (1-Бутрус 1:6-7), бизни Исога ўхшаш қилиш мақсадида (Римликларга 8:17) ва бизларни Унинг ҳақиқий гувоҳлари қилиш мақсадида ишлатади. Гувоҳларнинг қони ҳар доим, жамоат уз атрофида эккан уруғдай бўлган.
1) «Смирнадаги муқаддас имонлиларга қарата айтилган сўзлар, «Қандай қилиб дўстларга эга бўлиш ва атрофдагиларга таъсир ўтқазиш мумкин» деган мавзуда юритилган сафарбар суҳбат эмас. Ушбу имонлилардан бирор киши «Менинг иймоним Смирна шаҳри ҳокими бўлишимга қандай ёрдам берди» деган сарлавҳали нутқ билан ҳамма омма олдига чиққани йўқ. Ҳеч ким уларга ночорлик, азоб – уқубат ва ҳақоратлардан озод бўласизлар деган ваъдани бергани йўқ. Бундан ташқари, энг оғир нарсалар ҳали олдинда бўлган» (Хэвнер).
2) Айнан ушбу ҳолатда Худо маълум бир аниқ сабабларга кўра душманнинг ҳужумига йўл қўйиб берди: уларни «текширилганлар» деган маънода синовдан ўтқазиш учун. Ушбу азоб – уқубатлар орқали Худо барчага, шу жумладан Смирнадаги имонлиларга, бу жамоатнинг ҳақиқий бойлиги нимада эканлигини намоён этди; Унинг Ўзига эса бу нарсалар аллақачон маълум эди.
3) Смирнадаги имонлилар синовга дуч келишди, бироқ улар текширувдан ўтишди. Бошқа олтита жамоатдан фарқли ўлароқ, ушбу жамоатга Исо ҳеч қандай танбеҳ бермайди. Ушбу жамоат бу ерда санаб ўтилган жамоатлар орасида, Рим империяси ва мусулмонлар томонидан асрлар давомида уюштириб келинган қувғинлардан ўтган ва бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган ягона жамоатдир.
4) «иблис сизларни синаш учун». Худо бизларни ҳам синовдан ўтқазишни хоҳлайди. Балким бизларга Исо учун, Смирна жамоати бошидан ўтқазган қийинчиликларни бошимиздан ўтқазишимизга тўғри келмас, аммо бизда ҳам шундай юрак бўлиши мумкин. Бал- ким биз учун шаҳидларча қурбон бўлиш белгиланмагандир, аммо биз Исо учун шаҳид бўлганларга ўхшаб яшашимиз мумкин. Бироқ, баъзи бир имонлилар қувғинлардан қочиш мақсадида шу даражада дунёвий одамларга ўхшаб қолишадики, уларда имонлини кўришнинг имконияти қолмайди. Смирнадаги мионлилар билан эса ҳаммаси бошқача бўлган. Уларни синашган ва улар бу текширувдан ўта олишган.
д. «Ўлим хавфи остида бўлганингда ҳам содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман». Исо томонидан ушбу жамоатга айтилган барча сўзлар муҳим аҳамиятга эга, лекин У айтмай қўйган нарсалар ҳам аҳамиятсиз эмас. Исо Смирнадаги имонлиларга қарата бирор бир танбеҳ ёки уларни ўзгариши керак бўлганлиги ҳақидаги бирор бир сўз айтгани йўқ. У имонлиларга тож ваъда қилиб, охиригача содиқ қолишга илҳомлантирмоқда. Буни том маънода «ўлим даражасигача борганда ҳам содиқ қола оладиган бўлгин» деб таржима қилиш мумкин. (Уолвурд).
1) Қадимги юнон тилида тож маъносини берувчи иккита сўз мавжуд бўлган. Улардан бири подшоҳлар бошига киядиган тожни англатган. Бошқа бири, ушбу оятда ишлатилган иккинчи сўз эса – stephanos – ғалаба қозонган спортчи унвон сифатида бошига кийган чамбарсисимонтожни англатган. Исо Смирнадаги имонлиларга қараб: «Сизлар Менинг ғалабадорларим. Сизлар унвонга муносибсиз» деб айтмоқда.
2) Stephanosни яна тўй маросимларида ва муҳим байрамларда кийишган – тасаввурда бошига тўй тожини кийиб Куёвдай турган Исова худди шундай бошига гулчамбардай тож кийиб Келиндай Унинг олдида турган жамоат гавдаланади.
3) Смирнадаги имонлилар учун тож ваъдаси алоҳида аҳамиятга эга бўлган:
·Смирна шаҳридаги Пагос тоғида ажойиб биноларнинг «тожи» жойлашган бўлган
·Смирна шаҳрида яшайдиган бутпаратслар бошларига чамбарсимон тож тақиб юришган
·Уша давр маданиятига асосан ҳурматга сазовор фуқароларга ва спортчиларга унвон сифатида тож берилган.
4) Исо маҳсус тожни – ҳаёт тожини ваъда қилмокда. Спорт мусобақаларида ғалаба қозонган чемпион вақт ўтиб сарғайиб сўлиб қоладиган, барг ва гуллардан қилинган тожни қўлга киритган. Аммо Исонинг ғалабадорлари ҳаёт тожини қўлга киритишади.
5) «Чексиз ҳукмронликни англатувчи, ҳасад ва қайғудан йироқ тож. Подшоҳлар бошларига киядиган тож – эгасига ташвиш орттириб, уни бош оғриққилиб қўядиган оғир тождир. Исо ваъда қилаётган тож эса бошқача: бу тож ўзи билан чексиз қувонч олиб келади» (Трапп)
6. 11-оят. а. Барча эшита оладиганларга йўналтирилган умумий панд- насиҳатлар.
«Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин»
а. «Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин». Худонинг Руҳиҳар бир мактуб орқали турли жамоатларга муҳим бир нарсани етқазишни хоҳлаётганлигига қарамай, ушбу, Смирнадаги имонлиларга йўлланилаётган мактубни, бошқа мактублардан фарқли ўлароқ, замонавий ғарб имонлиларига нисбатан камроқ қўллаш мумкин. Чунки бугунги кунга қадар ғарбдаги имонлилар Смирнадаги имонлилар бошидан ўтқазган қувғинларга дуч келганлари йўқ. Энг оғир таъқиблар орасида жасоратни сақлаб қолган илк жамоат имонлиларинингэнг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қила оладиган шахс – Поликарпдир.
1) Паликарпнинг Римдан қайтиб келганидан кейин бир йил ўтиб, Смирнадаги имонлилар бошига оғир қувғинлар тушади. Жамоатдагилар Паликарпдан қувғинлар пасайгунга қадар шаҳардан кетишини ёлвориб сўрашади. Худо унга яна бир неча йил хизмат қилиш имкониятини бераётганлигига чин юракдан ишонган Паликарп, шаҳарни тарк этади ва имонлилар орасидаги дўстларидан бирининг фермасида яшириниб юради. Кунлардан бир кун, Поликарп ўз хонасида ибодат қилиб турганида унга шундай ваҳийлик берилади: у ёстиғини ёнаётган ҳолда кўради. Паликарп Худо унга гапираётганини тушуниб етиб, хотиржамлик билан дўстларига: «Мен гулханда ёнишим кераклигини кўряпман» деб айтади.
2) Шу вақтда ички ишлар раҳбари уни қўлга олишга буйруқ беради. Улар Поликарпнинг хизматчиларидан бирини қўлга олиб, уни, то у хўжайини қаердалигини атймагунига қадар қийноққа солишган. Кечга яқин ишки ишлар раҳбари бир туда аскарлар қуршовида эски фермага келади. Улар Паликарпни топганларида, заиф бир чолни ҳибсга олишга келганларидан уялиб қоладилар. Улар аста секинлик билан уни эшакка миндириб, Смирнага қайтиб олиб борадилар.
3) Йулда ишки ишлар бошлиғи ва бошқа ҳокимият вакиллари Паликарпни Қайсар ҳайкали олдида бир чимдим тутатқини ёндириб: «Қайсар – Худо» деб айтишга кўндиришга интиладилар. Озодликка эришиш учун қилиниши керак бўлган иш шугина эди. Улар Паликарпдан даҳшатли оқибатлардан қочиб қутулишга ҳаракат қилишини ёлвориб сўрайдилар. Бошида Паликарп индамайди, кейин эса қатъийлик билан тинж оҳангда «йўқ» деб жавоб беради. Ички ишлар раҳбари ғазаб отига минади. Чолнинг ҳатти ҳаракатидан жаҳли чиқиб, уни арава устидан қаттиқ ерга итариб ташлайди. Олган жарохатларига қарамай, ўз қарорида қатъий турган Паликарп ўрнидан туради ва қолган масофани пиёда босиб ўтади.
4) Аренада бўладиган қўрқинчли ўйинлар авжида; қонга чанқоқ катта оломон, имонлиларни қандай қийноққа солиб ўлдиришларини томоша қилиш учун йиғилган. Квинтий исмли бир имонли Исога эргашганлиги ҳақида қўрқмай эълон қилиб, У учун қийинчиликларга тайёр эканлигини айтади, бироқ аренада ёввойи ҳайвонларни кўргандан кейин, ўз жасоратини бой беради ва Қайсарни Худо деб атаб, унга қурбонлик келтиришга рози бўлади. Германик исмли бошқа бир ёш имонли эса Масиҳдан воз кечмайди. У шерларга қараб олдинга чиқади ва Раббиси Исо учун даҳшатли қийноқларда вафот этади. Ўша куни яна ўнта имонлилар ўз жонларини қурбон қилишишади, аммо оломон ҳали ҳам бу даҳшатли томошадан тўймагандай кўринарди. Улар: «Бизнинг худоларимизга сажда қилмайдиган бетофиқларни йўқ қилинг» деб бақиришарди. Улар учун имонлилар бетофиқ саналган, чунки имонлилар Рим ва Гретсиянинг анъанавий худоларини тан олишдан юз ўгирган эдилар. Ва ниҳоят оломон: «Поликарпни аренага олиб чиқинг» деб ҳайқиришни бошлайди.
5) Ҳолсиз ва мадорсиз Поликарп аренага чиққанидан сўнг, у ва бошқа имонлилар самодан келаётган овозни эшитишади, овоз уларга шундай дейди: «Кучли бўл Поликарп, мард бўл». Поликарп проконсул олдида турганида уни яна бир бор Исодан воз кечишга ундиришга ҳаракат қилишади. Проконсул Поликарпга оломон фикрига қўшилиб, ҳамма билан биргаликда «бетофиқларга ўлим» деб қичқиришни буюради. Проконсул «Исодан воз кеч, қасамёд келтиргин ва мен сени озодқиламан» дейишда давом этаверади. Поликарп: «Мен саксон олти йил Исога хизмат қилдим; наҳотки энди Подшоҳимдан юз ўгирсам?» деб жавоб беради. Ва ниҳоят проконсул кўндиришни бас қилиб, маҳкумнинг жинояти бўйича ўз ҳукмини эълон қилади: «Поликарп ўзини имонли деб тан олди».
6) Оломон ёввойи ҳайвонлар сингари «шерларни қўйиб юборинглар» деб бўкиришни бошлайди, аммо шерларни аллақачон олиб кетишган эди. Ўшанда оломон Поликарпни гулҳанда ёндириб ўлдиришни талаб қила бошлайди. Поликарп ёнаётган ёстиғи ҳақида кўрган ваҳийсини эслайди ва Худога бўлган иймонда мустаҳкамланади. У ўз ижрочиларига юзланиб, шундай деди: «Ҳаммаси жойида. Мен озгина вақт ёниб кейин ўчиши керак бўлган оловдан қўрқмайман. Нимага тезроқ ҳаракат қилмаяпсизлар? Келиб ўзингизга маъқул бўлган ишни якунига етказинглар».
7) Аренага катта ўтин уюмини олиб келишади, уюмнинг ўртасига эса устунни қозиб қўйишади. Улар Поликарпни устунга боғлаётганларида, у шундай деб ибодат қилади: «Ўз иноятинг орқали мени, Масиҳ косасига шерик бўлган шаҳидлар қаторида бўлишга лойиқ топиб, ушбу кун ва ушбу соатга муносиб деб топганинг учун Сендан миннатдорман!». У ибодат қилиб бўлиб, Худога шукрона айтганидан сўнг, унинг оёғлари остидаги ўтинларни ёндиришади. Баҳайбат оловли девор осмонга қараб кўтарилади, бироқ Поликарпга олов яқинлашмайди.Чунки Худо Паликарп билан олов ўртасида тўсиққўяди. Олов унга ҳеч қандай зарар етказа олмаганлигини кўриб, жаллод ғазаб билан унга найза санчийди. Шу заҳоти Паликарпнинг танасидан қон оқа бошлайди, қон кўплигиданҳаттоки оловни ўчиради. Ўша ерда бўлган гувоҳлар, буларнинг барчаси содир бўлганда, улар тутун ичидан учиб чиқиб осмонга қараб кўтарилган каптарни кўрганликларини таъкидлашади. Бу ишлар содир бўлаётган вақтда Римдаги жамоатлардан бирининг раҳбари Ириней Худонинг овозини эшитади ва бу овоз унга қарата шундай дейди: «Поликарп вафот этди». Худо Ўзининг содиқ хизматкорини даргоҳига чақириб олди.
б. Қандай бўлмасин, шаҳидлар вақти ҳали тугагани йўқ. Бутун ер юзи бўйлаб, асосан Осиё, шарқий Европа ва ислом давлатларида имонлилар ҳалиям қувғинларга учрайдилар. Баъзиларнинг таъкидлаши бўйича, 20-асрда масиҳийлар Исога бўлган иймонлари учун, олдинги даврларда яшаган барча имонлилардан кўра кўпроқ азобларга дуч келиб вафот этишган.
1) 1994 – йил май ойида оммавий ахборот воситаларида «Даҳшатли қийноқлар» номли сарлавҳалар пайдо бўлган. Ушбу сарлавҳа остида, марказий Ҳиндистонда бир чўпоннинг ўлими сабаб юзлаб инсонларнинг Исо Масиҳга иймон келтирганликлари ҳақидаги янгилик ёзилган.20-феврал куни Пхулбани шаҳрида илгари ҳинд худоларига сиғиниб юрган, тавба қилиб исмини Пол Джеймс деб ўзгартирган бир инсон, жамоат йиғини бошланиши олдидан майдонда ваъз айтиб ўтирган пайтда,бир тўда экстремистлар томонидан бўлакларга бўлиниб ўлдирилган.
Гувоҳларнинг айтишларига қараганда, Джеймснинг қўли ва оёқларини кесаётганларида, у баланд овозда шундай деган: «Исо, бу инсонларни кечиргин!». Ҳужум уюштирганлар, 27 та жамоатга асос солган тоза кўнгилли иймонли – Джеймсни бошини танасидан жудо қилишади. Ўзининг ҳиндупараст ва мусулмонпараст кайфиятлари билан машҳур ушбу қотиллик оммавий ахборот воситаларида кенг тарқала бошлади. Джеймснинг қотилларидан баъзиларини – ҳаммасини эмас – қўлга олишган.
«Хушхабар миллионлаб инсонлар учун» деб номланган ташкилот раҳбари К. Ананд Полнинг айтишига қараганда, ташланганларнинг нафрат ва шафкатсиз зўрованликлари, кўпчиликнинг Джеймс намоён қилган севги ҳақида янада кўпроқ билиш истаги пайдо бўлишига сабаб бўлган. Пол шундай деган – «Хушхабар қувғинлар туфайли янада тезроқ тарқалади», Полнинг ўзи ҳам етти марта калтакланган ва мир марта ақидапараст диний гуруҳлар томонидан уғирланган. «Хушхабар туфайли биз ҳаётимизни хавф остига қўйяпмиз. Инсонлар биз учун ибодат қилишлари лозим» («Миллий ва халқаро диний хабарнома» 2- май 1994 йил).
7. 11-оят б. Мукофот ваъдаси.
«Ғолиб келганлар иккинчи ўлимдан ҳеч қандай зарар кўрмайдилар».
а. «Ғолиб келганлар». Ушбу мукофот ғолиб келадиганларга ваъда қилинган. Бу ваъда қувғинларни ва унинг таҳдидларини енгиб ўтганларга берилган.
1) Биз Исо билан чамбарчас боғлиқ бўлганимиз учунгина ғалабадор бўлишимиз мумкин деб айтиш мумкин, зеро энг биринчи ва энг буюк ғалабадор бу – Исодир. У айтганидай: «Дунёда қайғу–алам чекасизлар. Лекин дадил бўлинглар, Мен дунёни енгдим» (Юҳанно 16:33).
б. «Иккинчи ўлимдан зарар кўрмайдилар» Исода ғалаба қозонганларга, иккинчи ўлим ҳеч қачон зарар етқаза олмайди. Иккинчи ўлим – бу дўзаҳ, ўликлар диёридир (Ваҳий 20:14; 21:8). Шайтон ҳужум қилиб, ҳаётга таҳдид солаверсин, Исо Ўз ғалабадорларига улар учун ўлим устидан аллақачон ғалаба қозонганлигини ваъда қилмоқда.
1) «Иккинчи ўлим» жумласини яҳудий раввинлар ниҳоятда ёмон инсонларнинг охирги сургун қилинишини ифодалаш учун ишлатишган (Баркли)
2) «Ҳамма инсонлар вафот этади, бирок ҳаммани ҳам ўлим ўз чангалига юта олмайди…Ўлим чангалида мағлубга айланиш – қанчалик ачинарли қисматдир» (Трапп)
В. Исонинг Пергамон шаҳридаги жамоатга йўллаган мактуби.
1. 12 оят. а. Пергамон шаҳрининг ҳусусиятлари.
«Пергамондаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз»
а. Пергамон Рим вилоятларидан бири бўлмиш Кичик Асиянинг сиёсий пойтахти бўлган. Юҳанно ушбу мактубни ёзаётган вақтида, Пергамоннинг сиёсий пойтахт бўлиб келаётганлигига уч юз йил бўлган. Бу шаҳар машҳур таълим ва маданият маркази бўлган, чунки у ерда қадимги дунёга оид 200 жилдли тўпламлар мавжуд энг катта кутубхоналардан бири жойлашган бўлган.
б. Бундан ташқари Пергамон ўта диний шаҳар бўлган. Бу шаҳарда Рим ва юнон худолари Дионис, Афина, Деметр ва Зевсга бағишланган маъбадлар қурилган бўлган. Санаб ўтилган маъбадлар қаторида яна учта – Рим императорига бағишланган маъбад мавжуд бўлган.
1) Смирна шаҳрининг император Тибериус шарафига бағишлаб биринчи маъбадни қуриш ҳуқуқига эга бўлишидан эллик йил олдин, Пергамон шаҳри Асия вилоятида Қайсар Августга сиғиниш учун илк маъбадни қуриш ҳуқуқини қўлга киритган.
в. Айниқса Пергамон шаҳри Асклепий номли бутга сиғинганлиги сабаб кенг машҳурликка эга бўлади. Асклепий табиблик ва идрок худоси ҳисобланиб, уни илон қиёфасида ифодалашган. Унга атаб қурилган маъбадда табиблар мактаби мавжуд бўлган. Римнинг табобат худоси маъбади, шаҳар чегараларидан ташқарида ҳам машҳур бўлган, шунинг учун ҳам бутун Рим империясидан дардига малҳам излаб, кўплаб касал ва ногирон инсонлар Пергамонга келишган.
1) «Азоб чекаётганларга маъбаднинг қоронғу ва ғамгин биноларида тунни ўтқазишга руҳсат беришган. Маъбадда қўлга ўргатилган безарар илонлар парваришланган. Илонлар беъмалол хоҳлаган ерларида судралиб юриб, тунда беҳостан бемор устига судралиб чиққан ҳолатлари ҳам бўлган. Илоннинг тегиб ўтишини, шифо ва соғлиқ ато этиши керак бўлган худонинг тегиб ўтиши деб ҳисоблашган» (Баркли)
2. 12-оят.б. Исо Пергамон шаҳридаги жамоатга Ўзини тасвирлаб бермоқда.
«Ўткир дудама қилич Соҳиби шундай демоқда»
а. «Ўткир дудама қилич Соҳиби» Ваҳий 1:16 оятда Юҳанно ўзи кўриб турган Исони тасвирлатганида, «оғзидан ўткир дудама қилич чиқиб турарди» деб ифодалаган. Энди эса Исонинг Ўзи ушбу қилични Пергамон шаҳридаги имонлиларга «намойиш этмоқда».
1) Ваҳий 1:18 оятдаги қиличнинг ифодаси, биз қилични Исонинг оғзи билан солиштиришимизда ёрдам беради. Ушбу жамоатга Исо Ўз Каломи билан қарши турмоқда, энди жамоатдагилар қилич қирраларининг қандай кескин эканлигини ҳис этишади.
б. «Ўткир дудама қилич». Ушбу тасвир бизга Ибронийлар 4:12 оятни эслатмоқда: «Худонинг Каломи жонли ва таъсирли, ҳар қандай дудама қиличдан ўткирроқдир. У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни ажратгудек суқилиб киради. Худонинг каломи хаёлу юракнинг ниятларини фош этади» Исо Ўзининг дудама қиличидан Пергамондаги имонлиларни гуруҳларга бўлиш мақсадида фойдаланади.
3. 13-оят. Пергамон жамоати имонлилари ҳақида Исога маълум бўлган нарсалар.
«Қаерда яшаётганингни биламан. Шаҳрингда шайтоннинг тахти жойлашган. Шундай бўлсада, сен Менинг номимга қаттиқ боғландинг. Шайтон яшаётган ўша шаҳрингда содиқ шоҳидим Антипас ўлдирилганда ҳам, сен Менга бўлган имонингдан қайтмадинг».
а. «Сенинг ишларингни биламан». Оригинал мантларда 13-оят айнан шу сўзлар билан бошланади. Исо ушбу жумлани ҳар бир жамоатга нисбатан ишлатган. Шу билан биргаликда бу ҳақиқат шахсан бизга ҳам тегишлидир. У бизнинг ишларимизниҳам билади, ҳаттоки улар орасида диққатга арзигулик аҳамиятли ишлар бўлмаса ҳам.
б. «Шахрингда шайтоннинг тахти жойлашган». Ушбу жумла нимани англатиши мумкин? Пергамон дарҳақиқат кўп жиҳатдан шайтон ҳокимияти ва қудрати қўрғони бўлган.
1) Нима учун у шайтоннинг қўрғониҳисобланган? Бу ҳақида ҳар хил фикрлар мавжуд. Баъзи бирлар Пергамон бутпараст динлар, асосан «AsclepiosSoter» ёки « Нажоткор Асклепийга» сажда қиладиган дин маркази бўлганлигида деб ҳисоблашади. Бошқалар эса, Пергамонда Рим худоси Зевсга атаб, тахтга ўхшатиб қурилган улкан қурбонгоҳ бор бўлганлигида деб ҳисоблашади. Бундан ташқари, Пергамон қадимги Бобил руҳонийлиги маркази бўлганлиги учун деган фикр ҳам мавжуд, бироқ ушбу нуқтаи назарни исботлаш жуда қийин. Пергамон ўзига сажда қилишни талаб қилган Рим ҳукуматининг сиёсий маркази бўлганлиги учун деб ҳисоблайдиган инсонлар ҳам бор.
в. «Шундай бўлсада сен Менинг номимга қаттиқ боғландинг». Пергамондаги имонлиларнинг оғир жойда яшашларига тўғри келганлигигақарамай, Исога бўлган имонларида маҳкам туришган (Менинг номимга қаттиқ боғландинг…Менга бўлган имонингдан қайтмадинг).
1) «Менга бўлган имонингдан қайтмадинг». Исо Пергамонда бўлган имонлиларни улар Унга бўлган имонларида қаттиқ турганликлари учун мақтамокда. Имонимиз айнан ва фақат Исога бўлганлигига ҳар доим тўлиқ ишонч ҳосил қилмоқ жуда муҳим.
г. «содиқ шаҳидим Антипас ўлдирилганда». Бу ерда «содиқ шаҳидим» деган маҳсус унвонга сазовор бўлган Пергамондаги имонлилардан бири ҳақида эслатиб ўтилмоқда. Айнан шу унвон Исо Масиҳнинг Ўзига ҳам тегишли (Ваҳий 1:5). Антипа Исога эргашган инсон бўлган, у Исога ўхшаш бўлган.
1) Антипа – Муқаддас Каломдаги буюк аноним қаҳрамонлардан бири. Тарихнинг бирор жойида унинг исми ёдга олинмаган. «Жамоат тарихининг йилномаларида Антипа исмли шоҳидҳақида эслатиб ўтилганлигининг гувоҳи бўлиш даргумон, бу эса уз навбатида ушбу инсоннинг дунё учун ноъмалум бўлганлигини англатади. Аммо Исо, ҳаттоки бутун дунё уларга эътибор бермаса ҳам, Ўзининг «кичикларини» билади» (Пул).
2) Антипа шайтоннинг тахти жойлашган шаҳарда яшаган. Шунга қарамай у атрофини ўраб олган ёвузлик ҳужумларига қарши тура олган. У тўлиқ ўз номига хос равишда яшаган, зеро Антипа «барчага қарши» деган маънони англатади.
3) «Гувоҳ» ёки «шаҳид» – бу жойда юнон тилидан олинган сўз «мартус» турибди. «Мартус» – жуда қизиқ ва уйлантирувчи сўз. Эски классик юнон тилида martusсўзи ҳеч қачон, ҳозирги замонавий тил англатадиган маънони яъни «шаҳид» деган маънони англатмаган. Бу сўз ҳар доим «гувоҳ» деган маънони англатган. Суд жараёнларида ҳам шоҳидлик бериб: «Бу ҳақиқат ва мен бунга гувоҳман» деб айнан «martus» сўзини айтган. Фақат Янги Аҳд давридан бошлаб ушбу сўз «шаҳид» деган маънони англата бошлаган (Баркли)
4. 14-15 оятлар. Пергамондаги жамоатга нисбатан Исода бўлган қаршиликлар.
«Лекин сенга бир оз эътирозим бор: орангизда Балом таълимотига риоя қилувчилар бор. Балом Исроил халқини йўлдан оздириш йўлини Болоқга ўргатганди. Болоқ эса Исроил халқини бутларга келтирган қурбонлик гўштини ейишга ва фахш-зинога ундаганди. Шунингдек, орангизда николасчилар таълимотига эргашувчилар ҳам бор».
а. «Лекин сенга бир оз эътирозим бор» Пергамондаги имонлилар Исога бўлган имонларида мустаҳкам туриб Унинг номига қаттиқ боғланганликлари учун, Исо томонидан адолатли мақтовга сазовор бўлишди. Шу билан биргаликда, Исода уларга нисбатан бўлган «бир оз эътирозни» оддий бўлмаган оломон қуршовида яшашларига тўғри келганлиги билан оқлаб бўлмайди.
б. «орангизда Балом таълимотига риоя қилувчилар бор». Балом таълимоти қандай таълимот бўлган? Балом барча хоин устозларнинг тимсоли ҳисобланади. Эски Аҳддаги «Саҳрода» китобига асосан (22-24, 31 боблар) уни Исроилни лаънатлашга ундира олмаган Муаб шоҳи Болоқга хуш келиш мақсадида Балом бутпарастлик ва аҳлоқий нопокликка берилиб гуноҳқилади.
1) Балом Болоққа маслаҳат бераётганида, шоҳга, Исроил фарзандлари олдига уларни «қоқилтирадиган тош» қўйишни ўргатган. Бу нарса бутпарастлик (бутларга келтириладиган гўштни истеъмол қилиш) ва жинсий нопоклик билан боғлиқ бўлган. Агар Пергама жамоатида «Балом таълимотига» риоя қиладиганлар пайдо бўлган бўлса, демак бу уларнинг жинсий нопокликка ва бутпарастликка мойилликлари бўлганлигини англатади.
2) Қадимги Рим маданиятининг барча жиҳатлари ҳар қандай ҳолда жинсий нопоклик билан боғлик бўлган. Бу оддий ҳолдай қабул қилинган, ўз хаётини Муқаддас Калом стандартларига асосан қўришни истаган ҳар бир инсон, бошқаларга нисбатан ғалатидай кўринган. Баркли, Рим давлати арбоби Тситсерондан иқтибос келтирган ҳолда, шундай дейди: «Ўсмирга бир қанча аёлларни севишга руҳсат бермаслик керак деб ўйлайдиган инсон шафқатсиз инсон. Ўсмирнинг ҳаётий тамойилларига қарши эътироз билдириш жуда қийин. У нафақат бизнинг давримизда берилган эркинликка, бундан ташқари ота боболаримизнинг урф одатлари ва улар йўл қўйиб берган нарсаларга асосланиб ўз йўлида давом этмоқда. Ва дарҳақиқат, қайси даврда бу ишлар бўлмаган? Қачон бу нарса нотўғри саналган? Қайси даврда бу нарсаларга йўл қўйишмаган? Бугунги кунда мумкин бўлган нарсалар қайси пайтда мумкин бўлмаган?» Ўша давр маданиятида жинсий нопокликдан сақланиш том маънода оқимга қарши сузишни англатган.
в. «Шунингдек, орангизда николасчилар таълимотига эргашувчилар ҳам бор». Ваҳий 2:6 оятда Исо Эфесдаги жамоатни улар «николасчилар таълимотидан» нафратланганликлари учун мақтайди. Бироқ николасчиларнинг ҳам ўз таълимотлари мавжуд бўлган бўлиб, баъзи бир имонлилар ушбу таълимотга амал қилишган.
1) Николасчилар таълимоти қандай таълимот бўлган?Niko-laitans унвони ҳукмрон ғурур ва иерархик сепаратизм ғоясини англатган. Унвон номининг маъноси «инсонларни буйсиндириш, қул қилиш» демакдир. Эски дунё даврида яшаган баъзи бир изоҳчиларнинг фикрига қараганда, Николасчилар айтиб ўтилганлардан ташқари, жинсий аҳлоксизликни қўллаб – қувватлашган.
г. «орангизда бор…сизда бор». Исонинг бераётган танбеҳи нафақат Николасчилар ва Балом таълимотига риоя қилувчиларга қаратилган. Ушбу танбеҳ бундай инсонларни ўз йўлида давом этишига йўл қўйиб берганларга ҳам тегишлидир (сизда бор).
1) Пергамондаги имонлилар Ҳаворий Бутрус 1- Коринфликлар 5:1-9 мурожаат қилган Коринфдаги имонлиларга ўхшашади. Улар ҳаддан ташқари «бағрикенг» инсонларга айланиб, ёлғон таълимотларга ва аҳлоқсиз ҳаёт тарзига ҳотиржамлик билан ёндашишни бошлашган, шу сабаб Исонинг уларга танбеҳ беришига тўғри келган. Бошида шайтон қувғин уюштириб кўп нарсага эриша олмади, чунки кўпчилик Антипа сингари ўз имонида мустаҳкам турди. Шунинг учун ҳам ўз мақсадларига эришиш йўлида шайтон ёлғонни ишлатган ҳолда бошқа усуллардан фойдаланишни бошлади. Илгари зўравонликни ишлатган бўлса, кейинчалик иттифоқ пайдо қилишга ўтди.
2) Оғир муҳит гуноҳ билан муроса қилиб яшашга сабаб бўла олмайди. Жамоат осонлик билан ўзининг муросага келтирадиган ҳатти– ҳаракатини, оғир муҳитда яшашга тўғри келаётганлиги билан оқлаб, «барча мавжуд воситалардан фойдаланишимизга тўғри келяпти» дейди; аслида эса бундай ёрдам ва воситалар жамоат учун умуман керак эмас.
5. 16-оят. Исо Пергамондаги жамоатга нима қилишни буюрган.
«Энди тавба қил! Акс ҳолда, Мен зудлик билан олдингга бориб, оғзимдаги қилич билан ўшаларга қарши жанг қиламан».
а. «Тавба қил». Ушбу иборада оддий «тавба» сўзи ажралиб турибди. Исо еттитадан бешта жамоатга тавба қилишни буюради. Тавба сўзи фақатгина Исога илк бора келаётган инсонларга эмас, барча имонлиларга тегишлидир.
б. «Акс ҳолда, Мен зудлик билан олдингга бориб, оғзимдаги қилич билан ўшаларга қарши жанг қиламан». Агар Пергамондаги жамоат тавба қилмаса, дудама қилич Соҳиби Исо билан юзма – юз тўқнашишига тўғри келади. Худо ҳукмни Ўз хонадонидан бошлайди (1-Бутрус 4:17).
1) «Оғзимдаги қилич билан». Исо Пергамондаги жамоатга қарши туриш учун келганида, улар билан Каломи орқали курашади.
6. 17-оят.а. Барча эшитаётганларга қаратилган умумий панд насиҳатлар.
«Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин».
а. «Кимнинг эшитар қулоғи бўлса». Ёлғон таълимот ва аҳлоқсизлик хавфи бугунги кунда ҳам жамоатга таҳдид қилмоқда. Пергамонда бўлганидай, жамоатда ёлғон таълимот ва аҳлоқсиз ҳатти ҳаракатларга йўл қўйиб бериш хавфи бугунги кунда ҳам ҳақиқатдан мавжуддир.
7. 17-оят.б. Соврин ваъдаси.
«Ғолибга Мен пинҳон сақланган маннани бераман. Унга оқ тошни ҳам бераман. Бу тошнинг устига янги бир исм ёзилган, тошни олган кишидан бошқа ҳеч ким у исмни билмайди».
а. «Ғолибга». Юқорида айтиб ўтилган ҳаёт тарзига ва ёлғон таълмотларга кўникадиган руҳ устидан ғалаба қозона олган, пинҳон сақланган маннага эга бўлади. Бу Худо берадиган мукаммал рисқ, ҳақиқий самовий нондир (Юҳанно 6:41).
б. «унга оқ тошни ҳам бераман». Қадимги дунёда оқ тошни ишлатиш кўпгина хусусиятлар билан боғлик бўлган. Оқ тош зиёфатга кириш учун бериладиган руҳсатнома сифатида, дўстлик рамзи сифатида, аҳолини рўйхатга олишда иштирок этганлигини тасдиқловчи ёки судда оқланганлигини тасдиқловчи восита сифатида хизмат қилган. Исо айтиб ўтилган хусусиятлардан хоҳлаган бирини назарда тутган бўлиши мумкин, аммо ҳар холда матндан келиб чиқиб қараганда, оқ тош баракотни англатмокда.
1) Адам Кларк шундай деб ёзган: «Баъзилар, ушбу тимсол, оятни ўқиётганлар диққатиниқадимги оммавий ўйин ғалабадорларигақаратади деб ҳисоблашади; ғалабадорларга нафақат дабдаба билан улар шаҳарларига етиб боргунларича ҳамроҳлик қилишган, уларга исмлари ёзилган оқ тошларни ҳам соврин сифатида топширишган; ушбу тош уларга умрбод ғалабадор унвонини ва жамиятда ҳурматли бўлиш ҳуқуқини берган…Римликлар tesserae деб атаган бу тошлар ҳар хил шаклда бўлган». Кларк эса шундай тошлардан мисол келтирган: «Tesserae conviviales – таҳминан, бугунги кунда маросимлар ва зиёфатлар учун бериладиган таклифнома ёки чипталарни англатади. Маросимга кириш учун келган меҳмон ўзининг tesserae сини кўрсатиши лозим бўлган…. Ушбу тошлар ичида энг ажойиби tesserae hospitales бўлган, уларни дўстлик ва садоқатлик белгиси сифатида беришган ва бу тошларга икки томон орасида ўрнатилган дўстона иттифоқни тасдиқловчи маълум бир ёзувни ёзишган.
в. «Бу тошнинг устига янги бир исм ёзилган, тошни олган кишидан бошқа ҳеч ким у исмни билмайди». Ғолиб келганларга қандай янги, сирли ном ваъда қилинаётган экан? Бу Худонинг номими ёки имонлинингми? Бу ном имонлининг номи эканлиги эҳтимоли кўпроқ ва исмнинг ўзи тошдан кўра муҳимроқ кўринади.
1) Ушбу янги, сирли ном, бизнинг Худо билан бўлган ўта яқин муносабатларимизни билдиради. Худди шундай яқин муносабатлар эр билан хотин орасида мавжуд: агар улар орасида яқин муносабатлар ўрнатилган бўлса, улар бир бирларини эркалаб чақириш учун ҳар хил тахаллуслар ўйлаб топишади. Юқоридаги оятда шунга ўхшаш фикрни кўриш мумкин.
2) Янги исм билан яна бир фикр боғлиқ: бу бизнинг осмонда бўлган келажагимиз. Сизнинг исмингиз аллақачон ўша ерда, сизни кутмоқда. Бу сиз учун олдиндан «брон» қилиб қўйилгандай.
Г. Исонинг Тиятира жамоатига йўллаган мактуби.
1. 18-оят.а. Тиятир шаҳриниг ҳусусиятлари.
«Тиятирадаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз»
а. Тиятира – Ваҳий китобининг иккинчи ва учинчи бобларида ёзилган, Исо Ўз мактубини йўллаган еттита шаҳар орасида энг кичиги ва кам аҳамиятга эга бўлган шаҳар бўлган. Жамоат тарихида биз Тиятирадаги жамоат диний ёки сиёсий қувғинлардан азоб чекканлиги ҳақидаги эслатмаларни учратмаймиз.
1) «Тарихчи Плиний Тиятира ҳақида гапирганида, аҳамиятсиз охангда: «Тиятира ва бошқа кам аҳамиятга эга шаҳарлар» деб айтган» (Баркли).
б. Лекин барибир Тиятира савдо сотиқ ва бизнес учун муҳим марказ бўлган. Бу шаҳарда кўплаб фаол савдо гилдиялари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз худоси– Юнон ёки Рим пантеонларининг худоларидан бири томонидан ҳомийлик қилинган.
1) Ҳаворийлар 16:14-15 да Тиятира шаҳридан бўлган, сафсар матолар сотган Лидия исмли аёл ҳақида айтилган. «Тиятира шаҳри матолар учун мўлжалланган қизил бўёқ ишлаб чиқариши билан машҳур бўлган. Ўша даврнинг дунёвий адабий манбаларида, кийим ишлаб чиқариш билан шуғулланган савдо гилдиялари ҳақида такрорий ҳаволалар мавжуд» (Уолвурд).
2) «Тиятира шаҳри яқинида топилган қазилмалардаги тавсифлардан шу маълумки, Асия ҳудудида худди шундай ўлчамдаги шаҳарлар орасида айнан Тиятирада энг кўп савдо гилдиялари мавжуд бўлган» (Баркли).
2. 18-оят.б. Исо Тиятира жамоатига бўлган мурожаатида Ўзини тавсирлаб бермоқда.
«Кўзлари оташ алангасидай чақноқ, оёқлари қиздирилган бронзадай ярқироқ Худонинг Ўғли шундай демоқда»
а. «Худонинг Ўғли шундай демоқда». Исо, Ўзини тасвирлаётиб, энг аввало, Ўзининг илоҳий моҳиятини таъкидлайдиган унвонни ишлатишдан сўзни бошлаяпти. Яҳудийлар учун бировнинг ўғли бўлиш бу худди отаси сингари табиатга эга бўлишни англатган. «Фолбинниг уғиллари» (Ишаё 57:3) ҳам фолбинникидай табиатга эга. «Момақалдирок ўғиллари» (Марк 3:17) табиатан момоқалдироққа ўхшаш бўлишган. Шундай қилиб, Худонинг Ўғли Илоҳий табиатга, Худонинг табиатига эга.
б. «Кўзлари оташ алангасидай чақноқ». Исо, Унинг ўткир нигоҳи – адолатли ҳукмни ўзида мужассам этганлигини таъкидлаш учун, Ваҳий 1:14– оятида айтиб ўтган унвонларидан бирини ишлатмоқда.
в. «оёқлари қиздирилган бронзадай ярқироқ». Исо, Ваҳий 1:15 –оятдаги унвонларидан бирини ишлатмоқда, шу тарзда Ўзининг поклигини таъкидламоқда, чунки айнан бронза (мис) оловда максимал даражада тозаланган. Бундан ташқари ушбу тавсиф Исога хос бўлган мустаҳкамликни таъкидлайди, чунки ўша даврда мис маълум бўлган металлар орасида энг қаттиқ ва мустаҳками бўлган; «оёқлари қиздирилган бронзадай ярқироқ» деган жумла, куч ва ўрнидан қўзғатишнинг иложи ўқклиги ҳақида гапирди.
3. 19-оят. Тиятирадаги имонлилар ҳақида Исога нималар маълум.
«Сенинг ишларинг, севгинг, имонинг, хизматинг ва бардошингни биламан. Ҳозирда олдингидан ҳам кўпроқ иш қилаётганингни биламан».
а. «сенинг ишларингни биламан». Тиятира Исонинг юборган мактубларида эслатиб ўтилган шаҳарлардан энг кичиги бўлишига қарамай, ушбу шаҳардаги жамоат Исога маълум бўлган. Худди бошқа жамоталарга айтгани сингари, Тиятира жамоатига ҳам Исо: «Сенинг ишларингни биламан» деб айтмоқда.
б. «ишларинг, севгинг, имонинг, хизматинг ва бардошингни биламан». Кўп жиҳатдан Тиятира жамоати бошқаларга ўрнак бўлиб хизмат қилиши мумкин эди. Бу жамоат имонлилари тўртта қимматли фазилатларга эга бўлишган. Уларда ҳам Худога нисбатан ҳам биродарларига нисбатан – севги бор бўлган. Хизмат қилиш нима эканлигини улар яхши билишган, айтиб ўтишга арзийдиган иймон ва сабрга эга бўлганлар.
в. «ҳозирда олдингидан ҳам кўпроқиш килаётганлигингни биламан». Тиятира жамоатига нисбатан яна бир илтифот. Улар шунчаки нимадир қилишмаган, ўша бор нарсани янада кўпайтиришган – севгида, хизматда, имонда ва сабрда янада кўпроқ ўсиб бораверишган.
4. 20-21 оятлар. Исонинг Тиятирадаги жамоатга қаршилиги нимада.
«Лекин сенга бир эътирозим бор: сен Изабел деган бўлмағур аёлга тоқат қилиб юрибсан. У ўзини пайғамбар деб, таълимоти билан қулларимни йўлдан оздиряпти. Уларни фаҳш–зино қилишга ва бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ейишга ундаяпти. Фаҳш–зинодан тавба қилиши учун унга муҳлат бердим, аммо у тавба қилишдан бош тортяпти».
а. «Лекин». Барча ижобий томонларига қарамай, Исо ушбу жамоатда жиддий муаммолар борлигини кўрмоқда. Исонинг «лекин» дейишига арзигулик даражада жиддий муаммолар мавжуд бўлган бўлиб, бу жумла аслида: «Барча яхши фазилатларингга қарамай, сенга қаршилигим бор» деган маънони англатади.
б. «сен Изабел деган бўлмағур аёлга тоқат қилиб юрибсан». Тиятира жамоатида юзага келган вайронгарчилик марказида, Исо Изабел деб атаган аёл зоти турибди. Балким ўша аёлнинг асл исми бошқача бўлгандир, бироқ бу «унвон» жамоатда Эски Аҳддаги Изабелга жуда ўхшаш ўзбошимча пайғамбар аёл бор бўлганлигини кўрсатмоқда. (3-Шоҳлар 16-21 боблар, 4-Шоҳлар 9:30-37).
1) Изабел деган ном аниқ бир боғлиқликни келтириб чиқаради. Агар бировни Гитлер ёки Яҳудодесангиз, бу жиддий айбловни англатади. Исонинг бу аёлни Изабел деб атагани ҳам етарлича жиддий ҳақиқатдир. «Изабел Эски Аҳддаги энг нопок қаҳрамонлардан бири ҳисобланади, чунки айнан у Исроилни бутларга – Баалга хизмат қилишга ўргатишга уринган. Изабелнинг шахси энг ёвуз ишлар билан боғлиқ» (Уолвурд).
2) Баъзи бир юнон қўлёзмаларида, «аёл Изабел» деган жумла «ёш аёл Изабел» ёки «сенинг хотининг Изабел» деб таржима қилинган. Ушбу қўлёзмаларга асосан баъзи бир ислоҳотчилар (Дина Алфорд ҳам шундай фикрда) Изабел жамоат чўпониниг хотини бўлган ёки тимсолий тилда айтганда Исо чўпонниг «аёли» деган тушунчани назарда тутган деб ҳисоблашади.
в. «у ўзини пайғамбар деб атамоқда» Тиятира жамоатидаги бу Изабел ўзини пайғамбар деб атаган, бироқҳақиқатдан ҳам пайғамбар бўлмаган. Бироқ жамоатдаги имонлилар уни пайғамбар деб қабул қилганга ўхшайди, айнан шунинг учун ҳам Исо уларни огоҳлантирмоқда.
1) Исо бу ҳақида Матто 24:11 да айтиб ўтган эди:
«Кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлади, улар кўпларни йўлдан уради».
Энг аввалом бор ушбу сўзлар охир замонга тегишли, бироқ жамоатда ҳар доим ўзини пайғамбар деб атаган аслида эса пайғамбар бўлмаган инсонлар бўлган.
г. «таълимоти билан қулларимни йўлдан оздиряпти. Уларни фаҳш–зино қилишга ва бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ейишга ундаяпти». Бу ерда Исо «Изабел» деган ушбу аёлнинг аниқ гуноҳларини айтиб бермоқда. Қисқа қилиб айтганда, у жамоатдаги инсонларга аҳлоқсиз ва имонсиз таъсир ўтказиб, уларни гуноҳга даъват этган. Изабел атрофида бўлган инсонларни бутпарастлик ва фоҳишалик гуноҳига етаклаган.
1) Тияира ўзининг савдо-сотиқ гилдияларида кучли бўлган ва эҳтимол шу туфайли бутларга келтириладиган гўштни истеъмол қилиш ва жинсий бузуқлик, тўғридан тўғри гилдияларнинг ижтимоий фаоллиги билан боғлиқ бўлгандир. Масалан, имонлини Апполон Маъбадида бўлиб ўтадиган темирчилар гилдияси ойлигига таклиф қилган бўлишлари мумкин. Изабел эса бундай таклифни қўллаб -қувватлаган бўлиши мумкин – ҳаттоки ўзининг «башоратли сўзларини» ҳам ишлатгандир, агар иймонли шундан сўнг ушбу маросимга борган бўлса, у аҳлоқсиз ва бутпарастлик ишларига шерик бўлган бўлиши мумкин.
2) Гилдия ва унинг йиғинларига қарамлик кучли бўлган. «Бирор бир тадбиркор ёки савдогарнинг, агар у гилдиялардан бирининг аъзоси бўлмаса, ривожланишга ёки фойда олишга имконияти бўлмаган» (Баркли). Шунга қарамай имонлилар ушбу босимга қарши тура олишлари керак бўлган.Тертуллиан исмли бир имонли инсон, яшашга пул топиш учун бутпарастлик билан боғлиқ савдо сотиқ ишлари билан шуғулланган имонлилар ҳақида ёзган. Рассом ўзига бутпарастлар маъбадида иш топган, ҳайкалтарош эса бутлардан бирининг ҳайкалини ясаб беришни таклиф қилиш орқали пул топган. Улар ўзларининг бу ишларини: «Бу менинг даромадим, яшаш учун пул томишим керакку» деб оқлаганлар. Тертуллиан эса уларга шундай жавоб берган: «Vivere ergo habes?» («Сенга шундай ҳаёт керакми?»).
3) «қулларимни». Бу Изабелнинг гуноҳи нақадар оғир бўлганлигини англатади. Чунки у Исонинг қулларини йўлдан оздирган, улар эса фақат Исога тегишли бўлишган. Исо шундай деган: «Менга ишонган шу кичикларнинг биронтасини йўлдан оздирган одамнинг ҳолига вой. Бундай қилгандан кўра, ўша одамнинг бўйнига тегирмон тошини осиб, уни денгизга ташлашгани ўзи учун яхшироқ бўларди» (Марк 9:42).
д. Кейинчалик Исо ушбу мактубнинг ўзида Изабелнинг қилган ишларига яна бир бор тўхталиб ўтиб, уларни ёлғон таълимот билан боғлайди: «…Изабелнинг бу таълимотига… «шайтоннинг сирлари» деб аталган нарсалар..» (Ваҳий 2:24). Титятира жамоати аъзолари Изабелнинг ортидан «шайтоннинг сирларини» ўрганишнишни бошлашганга ўхшайди.
1) Янги Аҳд даврида, масиҳийликдан узоқ бўлган турли ҳил динлар (гностиклар ва офитларнинг турли гуруҳлари), бизга «шайтонниг сирлари маълум» деб айтишган. Қадимги насронийлик тарихчиси Тертуллиан шундай деб ёзган: «Гностиклардан уларнинг самовий сирлари ҳақида сўраганда, улар пешоналарини буриштириб, «бу ғоятда чуқур савол» деб жавоб беришган». Ростдан ҳам шундайдир, бироқ бу чуқурлик ўта хавфли чуқурликдир.
2) Қандай қилиб имонлилар «шайтонниг сирлари» ни ўрганишга кириб кетган бўлишлари мумкин? Бу борага оид далилларқуйидагича бўлгандир: «Иблисга самарали қаршилик кўрсатиш учун унинг мустаҳкам қалъаларини ўрганиб чиқишимиз, ғалаба қозониш учун унинг туб– тубигача етиб боришимиз керак». Бугунги кунда ҳам инсонлар турли хил руҳий алдовларга қараб бориб, ўз ҳатти – ҳаракатларини худди шу тарзда тушунтиряптилар.
е. «тавба қилиши учун унга муҳлат бердим, аммо у тавба қилишдан бош тортяпти». Исонинг Изабелга қарши илгари сураётган энг муҳим айблови, Изабелнинг тавба қилишдан бош тортаётганида. Бундан шу нарса кўриниб турибдики, Изабел Муқаддас Руҳнинг уни юраги билан ишлаб, уни тавбага чақиришини рад этмоқда.
1) Ушбу жумлада биз Эгамизнинг ҳам раҳм – шавқатини ҳам адолатпарварлигини (ҳукмини) кўряпмиз. Исо унга тавба қилишига муҳлат берди – ва бу Унинг раҳм-шавқатидир. Худо бизларга тавба учун вақт бераркан, биз ҳам бир биримизга нисбатан шундай йўл тутмоғимиз лозим. Аммо Изабел тавба қилишдан бош тортди, энди уни Худонинг ҳукми кутмоқда. Худо тавба учун вақт беради, бироқ бу вақт белгиланган. Инсон берилган муддатда тавба қилмаса, Худонинг «Мен ато этган Руҳ – инсонлар билан абадий қолмайди» деган сўзларининг ижобат бўлиши вақти келади (Ибтидо 6:3). Бу, Худо бизга тавба қилиш учун вақт берадиган экан, ушбу имкониятдан «фойдаланишимиз» кераклигини англатади.
2) « «Иноятнинг охири йўқ» деган ибора ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди» (Трапп).
ж. «тоқат қилиб юрибсан». Бу ерда гап Тиятира жамоатининг гуноҳи ҳақида боряпти. Ташқаридан қараганда улар ибрат олишга арзигулик жамоатдай кўринишган – уларнинг ишлари,севгилари, хизматлари, имонлари ва сабр – тоқатлари ҳаммага маълум бўлган. Бироқ шунга қарамай жамоат ичида аҳлоқсизлик ва парчаланишга ўрин топилган. Жамоатнинг гуноҳи – имонлиларнинг ушбу ишларга йўл қўйиб берганликларида бўлган.
1) Изабелнинг гуруҳида кўп одамлар бўлмаган бўлиши мумкин. Озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитганидай, бутпарастлик ва зинога алоқадор бир нечта инсонлар бутун жамоатни ҳалокатга олиб келишлари мумкин, айниқса агар улар атрофдагиларга Изабел сингари таъсир ўтқаза оладиган бўлсалар.
5. 22-25 оятлар. Исонинг Тиятира жамоатига бераётган буйруғи
«Шундай экан, Мен уни хаста қилиб, тўшакка ётқизиб қўяман. У билан бирга фаҳш–зино қилганларни ҳам, борди–ю, унинг йўлидан қайтмасалар, қаттиқ азоб–уқубатларга дучор қиламан. Унинг издошларини ўлдираман. Онгларни ва юракларни билгувчи Мен эканлигимни шунда ҳамма жамоатлар билиб оладилар. Мен орангиздаги ҳар бир кишини ўз қилмишига яраша жазолайман.Тиятирадаги баъзиларингиз Изабелнинг бу таълимотига эргашмадингиз. Сизлар «шайтоннинг сирлари» деб аталган нарсалардан бехабарсизлар. Сизларга шундан бошқа ҳеч нарса юкламайман: фақат Мен келгунимга қадар, имонингизда қаттиқ туринглар, дейман».
а. «Мен уни хаста қилиб, тўшакка ётқизиб қўяман». Тиятира жамоати нима қилиши кераклигини айтишдан олдин, Исо уларга Ўзи нима қилмоқчи эканлиги ҳақида айтиб бермоқда. Исо Изабелни шундай жазолайдики, у хаста бўлиб, тўшакка ётиб қолади, худди шу тарзда у билан биргаликда зинога берилганлар ҳам жазоланади.
1) «Фаҳш – зино» деган сўз бу ерда катта аҳамиятга эга. Чунки бу зино ҳам жинсий, ҳамруҳийзинонианглатади. Бошқа худоларга эътиқод қилган ҳолда, бу масиҳийлар ўзларининг бундай ишлари билан уларга нажот берган Раббийларига хоинлик қилганлар.
2) Шунинг учун ҳам «касаллик тўшаги» тасвири бу ерга жуда мос келади. Улар ҳам рухий ҳам жинсий зинода айбдор бўлганлар. Гўёки Исо уларга: «сизларга нопок тўшак жуда ёқади. Яхши, шундай экан Мен сизларга шу тўшакда қолиш имкониятини бераман ва сизларни «касаллик тўшагига ётқизаман» деб айтаётгандай.
3) «Касаллик тўшаги» нима дегани? Балким бу шунчаки азоб-уқубатлар тасвиридир ёки инсонни тўшакка михлаб қўйишга қодир касалликдир – бу нарсани жазо сифатида Исо Изабел ва унинг издошлари ҳаётида пайдо бўлишига йўл қўйиб берди. Муқаддас Каломнинг турли оятларидан, масалан 1-Коринфликлар 11:30 оятдан келиб чиқиб, биз, Худо касалликни гуноҳда яшаб турганларга нисбатан жазо сифатида қўллашини билиб олишимиз мумкин.
4) «Тўшак» деб бизнинг тилимизга таржима килинган эски – юнон тилидан олинган сўз, «зиёфат ўриндиқларини» англатиш учун ҳам ишлатилган; агар бу сўзни том маънода кўриб чиқадиган бўлсак, бу сўз тахминан қуйидаги маънони англатади: «у ўзининг зиёфатларида ўтирган пайтда, Мен уни жазолайман»» (Баркли)
б. «бордию унинг йўлидан қайтмасалар». Исо бу ерда жазо кандай мақсадда берилаётганлигини тушунтириб бермоқда. Биринчидан – уларни қилаётган ишлари учун тавба қилишга даъват қилиш мақсадида. Шу пайтга қадар улар Исога қулоқ тутмадилар, шу боиз Исога, уларни тўшакка ёткизишга, мажозий қилиб айтганда «овозини кўтаришига»тўғри келди. Иккинчидан – бошқа жамоатларга поклик намунасини кўрсатиш мақсадида – «Онгларни ва юракларни билгувчи Мен эканлигимни шунда ҳамма жамоатлар билиб оладилар».
1) «онгларни ва юракларни». Том маънода «юраклар ва буйраклар» дейилган. Қадимги яҳудийлар учун юрак – ақл идрокнинг маркази, буйраклар эса – ҳис туйғуларнинг маркази саналган. Исо уларга: «Мен сизларнинг фикрингизни ва туйғуларингизни биламан» демоқда.
в. «унинг издошларини ўлдираман». «Ҳамма инсонлар вафот этади, бироқ. ҳаммани ҳам ўлим ўз чангалига юта олмайди…Ўлим чангалида мағлубга айланиш – қанчалик ачинарли қисматдир» (Трапп).
г. «фақат Мен келгунимга қадар, имонингизда қаттиқ туринглар, дейман». Тиятира жамоатида, гуноҳ билан муросама қилиб яшашни рад этган кўпгина ҳақиқий содиқ имонлилар бўлган. Айнан шундай имонлиларга Исо «қаттиқ туринглар» демоқда. Эзгулик қилишни тўхтатманглар. Тушкунликка тушманглар ва сизларни Исо нимага даъват қилаётган бўлса, ўша нарсалардан чалғитишларига йўл қўйманглар.
1) Бундан ташқари Исо уларга қанча вақт давомида қаттиқ туриш кераклигини айтмоқда: У қайтиб келгунга қадар. Бизлар ҳам Исо келгунга қадар, У учун мустаҳкам туришимиз лозим. Фақат ўшанда бизнинг курашимиз якунига етади.
6. 26-28 оятлар. Унвон ваъдаси.
«Ғолиб келганларга ва охиригача Менинг иродамни бажарганларга халқлар устидан ҳокимият бераман. Улар халқларни темир хивчин ила бошқаришади. Сопол кўзани синдиргандай халқларни парчалашади. Отам Худо Менга ато қилган бу ҳокимият уларда бўлади. Мен уларга тонг юлдузини ҳам бераман».
а. «Ғолиб келганларга ва охиригача Менинг иродамни бажарганларга». Изабел бошчилигида қилинаётган бутпарастлик ва зинокорликка қарамай, имонлилар ғолиб келишлари ва охиригача Унинг иродасини бажара олишлари мумкин бўлган. Биз атрофимизда, ҳаттоки имонлилар орасида ҳукм сураётган бутпарастлик ва аҳлоқсизликни кўриб тушкунликка берилишимиз керак эмас. Чунки ҳеч нарсага қарамай Худонинг иши, Унда ғалаба қозонишни истаётганлар учун давом этаверади.
б. «халқлар устидан ҳокимият бераман». Исо, Унинг халқи У билан биргаликда ҳукмронлик қилишини ваъда қилмокда. Бу ерда биз, таҳдид солаётган бутпарастлик ва зинонинг устидан ғалаба қозонганларга мўлжалланган ваъдани кўряпмиз. Бундай инсонларга Исо уларга Ўзининг Шоҳлигини У билан бирга баҳам кўришни таклиф қилмокда.
1) «халқларни темир хивчин ила бошқаришади». Ушбу ибора «Санодан олинган бўлиб, у ерда ер юзи устидан ҳукмронлик қиладиган Масиҳнинг ҳокимияти ҳақида сўз юритилган. Ўшанда солиҳлар ҳам У билан биргаликда ҳокимиятга эга бўладилар ва Исога қарши қўзғолон кўтаришга журъат қилганлар, темир хивчин сопол идишларни парчалагандай, парчаланадилар. Исо бу нарсалар ҳақида Тиятира жамоатидаги содиқ имонлиларга умид баҳшида қилиш учун айтмоқда, чунки улар учун бутпарастлик ва аҳлоқсизлик орасида яшаш осон бўлмаган. Исо содиқ имонлиларга, улар Унинг «ғалабадорлар гуруҳида» эканликларини эслатиб ўтмоқда.
2) «Кўпинча «бошқариш» деб таржима қилинган, юнон тилидан олинган poimanei сўзи том маънода «боқиш» деган маънони англатади. Исога содиқ қолганларнинг ҳокимияти фақатгина адолатпарвар ҳукм чиқаришдангина ташкил топмайди; меҳрибонлик билан ғамхўрлик қилиш ва тўғри йўлни кўрсатиш ҳам уларнинг вазифасига киради» (Уолвурд).
в. «уларга тонг юлдузини ҳам бераман». Исо уларга ваъда қилаётган унвон, шоҳликдан ҳам ажойиброқдир. У уларга Ўзини таклиф қилмоқда, чунки «Тонг Юлдузи» Исонинг Ўзидир (Ваҳий 22:16).
7. 29- оят. Барча эшитаётганларга қаратилган умумий панд – насиҳатлар.
«Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини эшитсин».
а. «Кимнинг эшитар қулоғи бўлса». Ушбу мактуб барчага ва шахсан ҳар бир инсонга тегишлидир. Бу мактуб, Изабел сингари инсонларни гуноҳга етаклайдиганларга ҳам тегишли. Бу мактуб, Изабел таълимотига амал қилаётганларга ва гуноҳга интилаётганлар орқасидан бораётганларга ҳам тегишли. Ушбу мактуб Изабелнинг гуноҳкорона ишларига кўз юмаётганларга ҳам тегишли. Ва ниҳоят ушбу мактуб, содиқ ва Исони маҳкам тутишда давом этаётганларга ҳам тегишлидир.
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]