Ваҳий, 1 боб.
Кириш; Исонинг ваҳийси
А. Ваҳий китобининг кириш ва бошланғич қисмлари.
1. 1-2 оятлар. Ваҳий китобининг муаллифи.
«Мазкур китобда Исо Масиҳнинг ваҳийси баён этилган. Яқин орада юз берадиган ҳодисаларни Худо Ўз қулларига аён қилиш учун бу ваҳийни Исо Масихга берди. Исо Масиҳ қули Юханнонинг олдига Ўз фариштасини юбориб, ушбу ваҳийни кўрсатди. Юханно Худонинг Каломи ва Исо Масиҳнин гшаҳодати тўғрисида нималарни кўрган бўлса, ҳаммаси ҳақида гувохлик бермоқда»
а. «Исо Масиҳнинг ваҳийси». Ваҳий сўзи қадимги юнон тилидаги – апокалупсис (апокалипсис) сўзининг таржимаси ҳисобланади. Бу сўз, «очилиш, пардалар ҳамдаёпинчиқнинг олиб ташланиши» деган маъноларни англатади. Ваҳий китоби бизга нимани очиб беради? Бу Исо Масиҳнинг ваҳийсидир. Китобнинг Масиҳнинг Ваҳийси деб аталиши, бу ваҳий Унга тегишли эканлигини англатади; У – Очиб Берувчидир. Бу китобнинг Масиҳнинг Ваҳийси деб аталишининг яна бир сабаби, Масиҳнинг Ўзи – ваҳийнинг мавзуси, объектиэканлигидир; бу китобда айнан Унинг Ўзи бизга очиб берилган.
1) Авваламбор, энг бошида, биз Ваҳий китобига тегишли муҳим хақиқатни кўряпмиз. Бу китобда бизга, Дажжол, Худонинг ҳукмлари, ер юзида офатларнинг кўпайиши, Бобилнинг сири нимада эканлиги ўта батафсил очиб берилган. Энг муҳими эса, Исо Масиҳнинг ваҳийси биз учун эканлигидир. Агар биз китобни батафсил ўрганиб чиқсак, аммо Исонинг Ўзини бу китобда кўролмасак, биз оддий қилиб айтганда, китобнинг асл маъносини кўролмаган бўламиз.
2) Исонинг Ўзини англаб етишга қанчалик муҳтождирмиз! «Кўплаб профессорларнинг энг катта хатоси шундан иборатки, улар учун Масиҳ фақатгина қоғозда мавжуд; шубҳасиз, Исо улар учун оддий афсонадан кўра юқорироқ, аммо шу билан бирқаторда, Исо улар учун мавҳум ўтмишдаги шахс, кўп йиллар олдин яшаган ва бизнинг нажот топишимизга сабаб бўлган, буюк ишларни амалга оширган тарихий шахсгина бўлиб қолмоқда; Улар учун У, тирик, мавжуд, ёрқин ҳаққоний шахс бўла олишдан йироқдир» (Чарльз Сперджен)
б. «Худо Ўз қулларига аён қилиш учун бу ваҳийни Исо Масиҳга берди». Худонинг Исо Масиҳга берган бу ваҳийсининг муҳим сабаби мана шундан иборатдир. Худо Ўз қулларига баъзи ҳодисаларни аён қилиш учун ваҳийни берди. Ваҳийбаъзи бир нарсаларни яшириш учун эмас, аксинча очиб бериш учун Худо томонидан берилган. Ваҳий, апокриф – (яъни яширин бир нарса) дегани эмас, апокалипсис – очилиш деганидир.
в. «Яқин орада юз берадиган ҳодисалар». Бу оятларда, китобда ёзилган ҳодисаларнинг қачон юз бериши айтилган. Ушбу ҳодисалар яқинда юз бериши ва яна яқин орада юз бериши кераклиги кўрсатилган. Бу, Ваҳий китоби башоратли, келажакда содир бўладиган башоратлар тўплами эканлигини англатади. Мазкур китоб, келажакда, китоб ёзилган вақтдан кейин бўладиган ҳодисаларни очиб беради.
1) Пайғамбарларнинг ҳамма китоблари ҳам келажакни башорат қилувчи китоблар ҳисобланмайди, аммо, шубҳасиз айнан Ваҳий энди содир бўлиши керак бўлган нарсаларни башорат қилувчи китобдир. Бу ерда «энди юз берадиган» ҳодисалар тасвирланган. «Ҳодисалар ҳадемай юз беради» (Ваҳий 1:3), уларнинг бажо келиш вақти яқиндир, бу вақт, китобнинг ёзилиш даврида эмас, биз яшаб турган замонда, яқин орада келади.
2) Кимдир, биз бу башоратлар ҳақида ҳавотир олишимиз ва унга жиддий ёндашишимиз керак эмас, деб айтиши мумкин. Бироқ, агар Худонинг Ўзи бу башоратларни бизга айтишни муҳим деб топган экан, биз Уни эшитишни ҳам муҳим деб билишимиз керак. «Токи келажак бугунги кунга айланмас экан, уни ўрганиш бекор дейишади. Бундай нарсаларнинг жиддий айтилаётганлигига ишонгим келмайди» (Джозеф Сисс)
г. «Яқин орада». Юҳанно, «яқин орада» юз бериши керак деб нимани назарда тутмокда? Бу «яқин оранинг» келиши қанчалик «яқин»? Қай даражада тез бу ҳодисалар амалга ошади? «Яқин» ва «ҳадемай» деган тушунчалар бир бирига ўхшаш бўлиб, улар инсоният томонидан эмас, балки Худо томонидан белгиланган вақтнинг муддатидир. Охирги икки минг йил давомида, тарих, ўз якунига келиш мувозанатида бўлиб, узоқда қўйилган мақсадга қараб олдинга бораётганга эмас, балки жар ёқасида ривожланаётганга ўхшайди.
1) «Ҳадемай» – қадимги Юнон тилидан олинган бўлиб, entachei «тез, ёки тўсатдан юз бериш» деган маъноларни билдиради; мазкур тушунча ҳодисаларнинг, Худонинг жазоси сифатида келадиганофатларларнинг бошланишидан бошлаб, тез амалга ошишини англатади. Асосий фикр, ҳодисаларнинг тез орада юз беришида эмас, уларнинг тўсатдан бошланишидадир (Джон Уолвурд)
д. «Исо Масиҳқули Юҳаннонинг олдига Ўз фариштасини юбориб, ушбу ваҳийни кўрсатди ». Бу ерда башоратнинг қандай қилиб Ваҳий китоби саҳифаларида пайдо бўлгани айтилмоқда. Бу китоб тимсол ва аломатлар китобидир. Исо Юҳаннога Ўз башоратини намоён қилди. Китобдаги башоратлар бизга аломат ва тимсоллар орқали тушунтирилган.
1) Нима учун Худо Ваҳий китобида кўплаб тимсолларни ишлатган? Ахир айнан шу тимсоллар китобни ўқиш жараёнида кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқармокда. Балким, Худо «сирнинг ечимини топ» деган ўйин ўйнаётгандир биз билан? Асло бундай эмас. Бу тасвирлар, Юҳанно осмон суратини тасвирлаб бериши сабаб керак эди. Бутрус осмон ҳақида «инсон тили таърифлашга ожиз бўлган сўзлар» орқали эшитганини айтганди. (2-Кор. 12:4). Юҳанно бўлса кўрганларини тасвирлаб бермоқда ва бунинг учун энг самарали усул – бу тимсол ва аломатлар орқали тушунтириш усулидир. Юҳаннонинг ўзига келсак, у кўз ўнгида содир бўлаётган тарихни қандай кўраётган бўлса, шундайлигича ёзган. «Юҳанно осмон ваҳийларига эга эди, аммо у уларни ўз сўзлари ва фақат унга хос бўлган усул орқали тасвирлаб берди» (Адам Кларк)
2) Тимсолларнинг яна бир керакли томони шундан иборатки, белгилар тили катта кучга эга. Бировни ёки бир нарсани ёмон ёки ёвуз деб аташ шунчаки оддий тасвирлашдир. «Исо шоҳидлари қонидан маст бўлган» деб тасвирланган аёл тимсолини олсак, бу тимсол ғоятда ёрқинроқдир (Ваҳий 17:6).
3) Ваҳий китоби тимсоллар билан тўлиб тошганлигига қарамай,у, Муқаддас Китобдаги 65 та китобни, асосан, 39 та китоб – Эски Аҳдни ўқиб тушунганлар учун осон тушиниладиган китобдир. Ваҳий китобининг ўзаги Эски Аҳдга бориб тақалади.Ваҳийда 500 дан ортиқ Эски Аҳд манбаълари мавжуд. Китобдаги 404 та оятдан 278таси (бу тахминан 70 фоиз дегани) бизни қандай бўлмасин Эски Аҳдга қайтишга мажбур этади.
е. «Ўз фариштаси орқали Ўзининг қули Юҳаннога». Бу ерда Ваҳий китобини ким ёзганлиги айтилмоқда. Бу, Худонинг қули Юҳаннодир ва барча далиллар, бу, Янги Аҳддаги учта мактуб ва «Юҳанно» деб номланган Хушхабарни ёзган Ҳаворий Юҳанно эканлигини тасдиқламоқда.
1) «Фариштаси орқали». Ваҳийдаги кўплаб тимсоллар ва башоратлар Юҳаннога фаришта ҳузурида намоён бўлган. (масалан, Ваҳ.5:2; 7:2; 10:8; 11:1; 17:7).
ж. «Худониниг Каломи тўғрисида гувоҳлик бермоқда». Биз бу кириш қисмида, Юханно: Бу китоб – Муқаддас Битик, Худонинг Каломи эканлигини билганини кўряпмиз. Бизлар кўп маротаба, Ҳаворийлар, Муқаддас Битикнинг муаллифлари бўлишаётганликларини билишармиди, деган саволни берганмиз. Бу ерда Юҳанно бу нарсани билгани яққол маълум.
1) Юҳанно, бу Муқаддас Калом эканлигини биларди, чунки у буни Худо юборган Ваҳий деб атамоқда. Юҳанно бу Ваҳийнинг шунчаки инсонлар томонидан эмас, Худо томонидан Исо Масиҳ орқали юборилганлигини биларди.
2) Юҳанно, бу Муқаддас Калом эканлигини биларди, чунки у буни Эски Аҳд пайғамбари сингариХудо Каломи деб атади. Бундан ташқари, у буни Исо Масиҳнинг гувоҳлиги деб атади.
2. 3–оят. Китобда ёзилганларни ўқиётганларга ва уларга амал қилаётганларга марҳаматлар.
«Ушбу башорат сўзларини овоз чиқариб ўқиётган одам бахтлидир. Уни тинглаб, китобда ёзилганларга амал қилувчилар бахтлидир. Ахир, бу ҳодисалар ҳадемай юз беради».
а. «Башорат сўзларини овоз чиқариб ўқиётганлар ва ёзилганларга амал қилувчилар бахтлидир». Ваҳий китоби, унда ёзилганларни ўқиб, ўқиганларига амал қилаётганларга маҳсус, ғайриоддий баракотларни таклиф этади. Бу Ваҳийда айтиб ўтилган 7 та бахтдан биридир. (Ваҳ.1:3; 14:13;16:15; 19:9; 20:6; 22:7; 22:15).
1) Ваҳий китобига эътиборсиз бўлган кўплаб одамлар бу баракотни бой беришади. Масалан, Англикан жамоати, ҳар кимнинг шахсан Худога бағишлайдиган вақтида ва умумий йиғинлар вақтида ўрганилиши учун тузилган доимий ўқилиши керак бўлган китоблар режасига Ваҳий китобини киритмаган. Бу Ваҳий китобига бўлган муносабатнинг одатий мисоли. Кўпчилик инсонлар, Ваҳий китобини чуқур ўрганиш фақат ишқибоз ва фидоий инсонларга хос деб ҳисоблашади, аммо бу китоб бахтиёр бўлишни истайдиган инсонларга мўлжалланган.
2) Бахтимизга Юҳанно, бахтиёрликка эга бўлиш учун Ваҳийда ёзилганларнинг ҳаммасини тушуниш зарур деб айтмаяпти. Китобда англаш қийин бўлган ва башоратлар амалга ошгач тушуниб етиш мумкин бўлган кўплаб нарсалар мавжуд.Бироқ, барчаси ҳатто, оддий ва тушунарсиз бўлиб кўринсада, ўқиб ва тинглаб биз марҳаматга эга бўламиз.
б. Юқорида берилган ваъда қуйидагиларни тасдиқлайди: Юҳанно бу китоб – Муқаддас Китоб эканлигига ишонар эди. Биринчидан, «уқиётган» ва «тинглаётган» деган сўзлар, Ваҳий, Муқаддас Китобдаги бошқа китобларга ўхшаш оммавий ўқишга белгиланган китоблардан бири эканлигини кўрсатяпти. Иккинчидан, бахтиёрлик ваъдасининг ўзи, Юҳанно бу китобни Каломнинг бир қисми деб ҳисоблаганини кўр- сатмоқда. Яҳудийлар нуқтаи назарида, бундай марҳамат ҳеч қачон инсонлар томонидан ёзилган оддий китобга хос бўлмаган бўларди.
1) Буларнинг ҳаммаси шубҳасиз, Ваҳий китоби Ўзининг Муқаддас Калом эканлигини тасдиклаётганлигини кўрсатмокда. Танқидчилар бу фикрга қўшилишлари ёки қўшилмасликлари мумкин, аммо Ваҳий китоби ўзини тасдиклаётганлигига қарши чиқиша олишмайди.
в. «Ўқиётганларига амал қилаётганлар». Ваҳий китоби бизга шунчаки башоратлар мавзусида мулоҳаза юритишга мўлжалланган маълумотлардан кўра кўпроқ нарсани таклиф қилмокда. У бизларга «амал қилиш» ва ёдда тутиш керак бўлган «ниманидир» таклиф қилмокда. Агар биз ушбу Ваҳий китобида ёзилганларни тушуниб етсак, бу бизнинг ҳаётимизни ўзгартиради.
г. «Ўқиётган». Ушбу сўз бирликда ёзилган. Бу ерда китобни уқиётган инсон ҳақида сўз бормоқда. «Тинглаётганлар» деган сўз эса кўпликда ёзилган. Бу ерда кўпгина тинглаётган инсонлар ҳақида сўз юритилмоқда. Эҳтимол, бу ерда илк жамоатларда бўлган анъаналардан бири яъни Каломнинг овоз чиқариб ўқилишини тинглаш учун одамларнинг биргаликда йиғилиш анъанаси назарда тутилгандир. Одатда, ўқиб бўлгандан кейин, Калом тушунтирилган. Замонавий тилда тушунтирган бўлганида, Юҳанно, қуйидагича айтган бўларди: «Ваҳий китоби бўйича ўргатаётган чўпон бахтлидир ва уни тинглаётган жамоат аъзолари бахтлидир». Энг муҳими эса – жамоат чўпони бўладими ёки жамоатдаги инсонлар бўладими, бу китобда ёзилганларга амал қилувчилар бахтлидир.
1) « Биз нафақат бу китобда ёзилганларига муносиб яшашимиз, ҳаттоки, агар керак бўлса, ўтмишда яшаган, у билан биргаликда ўчоққаташланаётган Ваҳий китобини кўрганида, «О, Муқаддас Ваҳий, сен билан биргаликда ёнаётганимдан қанчалик бахтиёрдирман» деб ҳайқирган ўша азоб чеккан муқаддас инсон каби ёниб кул бўлишга ҳам тайёр бўлишимиз керак »(Джон Трапп).
3. Ваҳий китобига бериладиган изоҳлар кўпчилик баҳс ва мунозараларни келиб чиқишига сабаб бўлгани туфайли, кўп асрлар давомида, Ваҳий китобини тушуниш учун ишлатилган 4 та асосий ёндашувни кўриб чиқиш ғоятда самарали бўларди.
а. Претеристик ёндашув, яъни масиҳийларнинг инсон умрининг қандай якун топиши ҳақидаги фикрлари. Ушбу ёндашув тарафдорлари, Ваҳий китобида ёзилган нарсалар, Юҳанно давридаги имонлилар жамоатига тегишли эканлигига ишонишади. Ушбу ёндашув нуқтаи назаридан қараганда, Ваҳий китоби ҳеч нарсани башорат қилмайди. Ушбу ёндашув, Юҳанно шунчаки унинг даврида бўлиб ўтган воқеаларни, масиҳийликка алоқаси бўлмаган инсонлар, Юҳаннонинг сўзларида унинг Рим ҳокимларига нисбатан бўлган танқидини англаб етмасликлари учун ўзига хос рамзий шаклга буркаб ифода этган деб ҳисоблайди. Претеристик ёндашув, Ваҳий китоби ўша давр учун ёзилган деган фикрни назарда тутади.
б. Тарихий ёндашув. Ушбу ёндашув тарафдорлари, Ваҳий китоби, имонлилар жамоатининг кенг, бироқ тартибсиз тарихий кўриниши эканлигига ишонишади. Тарихий ёндашув нуқтаи назаридан қараганда, Ваҳий китоби келажакни башорат қилган, аммо ушбу келажак охир замон ҳодисалари билан боғлиқ келажак эмас, «имонлилар жамоати асри» келажагидир. Тарихий ёндашув, Ваҳий китоби хозирги жараённи таърифлаб берадиган турли рамзлар билан тўлган деб ҳисоблайди.
1) Масалан, кўпчилик ислоҳотчилар Рим Папасини, Ваҳий китобининг 13 – бобида ифодаланган маҳлуқ деб аташган, аммо шу билан бир қаторда, охир замон яқинлигига ишонишни исташмаган. Яъни улар, Ваҳийда, мутлақо охир замон ҳақида эмас, уларнинг даври ҳақида сўз юритилганлигига ишонишган.
в. Шоирона ёндашув. Ушбу ёндашуф тарафдорлари, Ваҳий китоби – бу рамзлар ва суратларга бой китоб бўлиб, у, Юҳанно даврида яшаган имонлиларни илҳомлантириш ва юпатишга мўлжалланган китоб деб ҳисоблашган. Шоирона ёки аллегорик, яъни мажозий ёндашуви нуқтаи назаридан қараганда, Ваҳий китобини тарихий деб қабул қилиш ёки уни том маънода тушуниш мумкин эмас. Ваҳий китоби шаҳсий характерга эга.
г.Футуристик ёндашув. Ушбу ёндашув тарафдорлари, Ваҳий китобида, 4-бобдан бошлаб, охир замон, айнан Исонинг келишидан олдин содир бўлиши керак бўлган ҳодисалар ҳақида сўз юритилган деб ҳисоблашади. Футуристик ёндашув нуқтаи назаридан қараганда, Ваҳий китобининг кўп қисми, охир замон тасвирларига бағишланган китобдир.
д. Ушбу ёндашувлардан қайси бири тўғри? Уларнинг ҳаммаси ҳам маълум бир даражада тўғри хисобланади. Ваҳий китоби хақиқатдан ҳам Юҳанно даврида яшаганларга мурожаат қилган. Бу китоб хақиқатдан ҳам имонлилар жамоати тарихи ҳақида сўз юритади. Ва, дарҳақиқат бу китоб бевосита бизларга қаратилган бўлиб, шахсий характерга эгадир. Шундай қилиб, юқоридаги бирламчи учта ёндашувга тегишли баъзи бир элементлар китобда мавжуд бўлишига қарамай, биз футуристик ёндашув нуқтаи назарини рад эта олмаймиз. Ваҳийнинг 1: 1-3 оятларида ёзилган асосий тамойилларга асосланиб, биз шубҳасиз, Вахий китоби охирзамон ҳақида сўз юритади, деб айта оламиз.
1) Биринчидан, биз шубҳасиз, Ваҳий китоби маънога тўла эканлигига ишонамиз. Исо бу китобни бизга, Ўз хизматкорларига муҳим бир нарасани кўрсатиш учун берган. Ваҳий мантиқсиз мулоҳазалар китоби эмас. Унда бизни чалғитиш эмас, марҳаматлаш ваъдаси берилган.
2) Иккинчидан, биз, Ваҳий китобининг ўзи, унда келажакга оид башоратлар борлигини тасдиқлаётганлигига ишонамиз. Юҳанно, бу ҳақида «….яқин орада юз берадиган……ҳадемай юз берадиган» деб аниқ айтиб ўтган. Юҳанно, келажакда содир бўлиши керак бўлган ҳодисалар ҳақида ёзган.
Б. Муқаддима ва дуойи салом.
1. 4-5 оятлар.а. Иноят ва тинчлик.
«Асия вилоятидаги имонлиларнинг еттита жамоатига Юҳаннодан салом! Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган Худодан, Унинг тахти олдида турган етти руҳдан, шунингдек ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилган, ер юзи шоҳларининг Ҳукмдори…»
а. «Асия вилоятидаги имонлиларнинг еттита жамоатига». Азалдан бу мактуб, Асиядаги еттита жамоатгайўлланган эди. Асия, Рим вилояти бўлиб, ҳозирги Туркия давлатининг ғарбий томонида жойлашган бўлган.
б. «Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган». Юҳанно, мактубни ўқиётганларга Ота Худо дуойи саломини етказмокда – юқорида айтилган унвонда айнан Ота Худо эътироф этилган. «Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган» деган жумла, Худонинг барҳаёт табиати ҳақида гапиради. Бу ерда, бизга Эски Аҳдда учрайдиган, Яҳова номи билан боғлиқ бўлган ва абадий, вақт доирасидан ташқарида Ҳукмрон бўлган Зот ҳақида сўз юритилмоқда. (Чиқиш 2:14).
1) «Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган» деган иборанинг қурилиши, эски юнон тили учун қийин бўлишига қарамай, атайлаб ишлатилган. Бу, Юҳаннонинг, Эски Аҳднинг Яҳоваҳақидаги фикрини етқазишга ёрдам берадиган, тўғри иборани танлашга ҳаракат қилганлигидан далолат беради.
2) Шунчаки Худо бор бўлган, ёки бор, ёки У яна қайтиб келади дейишнинг ўзи етарли эмас. У – абадият Ҳукмдори, ўтмиш ҳам, ҳозирги пайт ҳам, келажак ҳам Унга тегишлидир.
3) «Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган» деган жумла, нафақат Ота – Худога, балки Ўғил–Худо ва Муқаддас Руҳ – Худога ҳам тегишлидир. Бундан ташқари, Яҳова деган унвон, уч хил Шаҳсда Ўзини намоён қилган Ягона Худонинг – уч томонлама табиатини англатади. Шунга қарамай, Юҳанно, айнан Ота – Худони назарда тутганга ўхшайди, чунки оятнинг қолган қисмларида у, Ўғил Худони ва Муқаддас Руҳни алоҳида эслатиб ўтган.
в. «Унинг тахти олдида турган етти руҳдан». Юҳанно, ушбу унвон орқали Муқаддас Руҳни ифодалаб бериб, айнан Унинг номидан дуойи саломни етқазмоқда. Ушбу жумлада, Муқаддас Руҳнинг тўлиқлиги ва мукаммаллиги ҳақида фикр юритилган. Юҳанно, Эски Аҳдда ифодаланган Муқаддас Руҳ тимсолини ишлатган.
1) Етти Руҳ ҳақидаги ғоя, тўғри Эски Аҳддан олинган иқтибосдир. Мана Ишаё 11:2 оятда Муқаддас Руҳнинг еттита жиҳати ҳақида нима дейилган: «Унинг устида бўлади Эгамизнинг Руҳи. Бу доноликҳамда ақл- идрок, Насиҳат ва куч- қудрат Руҳидир, Эгамизни билиш ва Ундан қўрқиш Руҳидир». Бу оят, Худонинг, еттита ҳар хил руҳлари мавжуд эканлиги ҳақида эмас, Муқаддас Руҳнинг Ўзи ушбу жиҳатларнинг ҳаммасига тўлиқлигича эга эканлиги ҳақида гапиряпти.
г. «Ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилган, ер юзи шоҳларининг Ҳукмдори бўлган ишончли шоҳид – Исо Масиҳдан». Бу оятда Юҳанно Ўғил – Худо номидан салом йўллаб ва Исони тасвирлаб, Унинг Ким эканлигини ва Унинг нимани амалга оширганлигини гапириб бермоқда.
1) Исо – «ишончли шоҳид». Бу ерда Исонинг, Ўз Отаси ва Унинг халқига нисбатан бўлган, ўлимга бориш даражасигача тайёр бўлган мутлақ ишончлилиги ва содиқлиги ҳақида сўз юритилмоқда. «Шоҳид» деб таржима қилинган ва эски юнон тилидан олинган сўз “шаҳид” яъни “азоб чекувчи” деган маънони ҳам англатади.
2) «ўликлар ичидан биринчи». Ушбу унвон,шубҳасиз Исонинг барча тириклар устидан бўлган яққол устунлигини англатади; барча нарса устидан ҳукмронлик Унга тегишлидир. «Ўликлар ичидан биринчи» жумласи, Исонинг ўликлардан биринчи бўлиб тирилганлиги ҳақидаги далилдан кўра кўпроқ нарсани англатади. Ушбу жумла, Исонинг, Ўзидан кейин тирилган ёки энди тириладиган барча инсонлар устидан Ҳукмрон эканлиги маъносини ҳам билдиради. Исо– «кўп биродарлар орасида Тўнғич» дир (Рим.8:29).
3) «Тўнғич» ёки «биринчи бўлиб туғилган» дегани, Исонинг туғилган куни мавжудлиги сабаб,Уни Худо деб эмас, Худонинг ижоди деб ҳисоблаш мумкин, деган маънони англатмайди. Қадимги яҳудий устозлар Яҳованинг Ўзини ҳам «дунёда Биринчи, Тўнғич» деб аташган (Раввин Бешайнинг сўзлари Лайтфутнинг «Колосликларга ёзилган мактубига берилган изоҳ»ида айтиб ўтилган). Ушбу унвонни раввинлар Нажоткорга нисбатан ҳам ишлатишган. «Худо шундай деди: «Исроил Менинг тўнғич ўғлим» (Чиқиш 4:22) бўлганидек, Нажоткор – Шаҳаншоҳҳам Тўнғич» (Забур 88:28) бўлгай»» (Лайтфутнинг «Колосликларга ёзилган мактубга берилган изох»ида келтирилган,равви Натананинг «Шемоф Рабба» китобидан олинган жумла).
4) Исо – ер юзи шоҳларининг Ҳукмдори. Ҳали Ваҳий китобидаги воқеалар тугамасидан олдин, Исо барча дунё шоҳларини Ўзига бўйсиндиради. Бугунги кунда ҳам Исо ҳукмронлик қилмокда, бироқ Унинг Шоҳлиги бу дунёга тегишли эмас.
д. Хуллас, биз Юҳаннонинг ушбу, Худонинг барча уч Шаҳси кетма кет тарзда эслатиб ўтилган дуойи саломида, Янги Аҳднинг, Худо Учбирлиги ҳақидаги таълимотга бўлган нуқтаи назарини кўришимиз мумкин.Ушбу нуқтаи назар, аниқ таърифлар ва системали яъни тартибли илоҳиётшуносликда ифодаланмаган. Юҳанно шунчаки, Учбирлик ҳақидаги таълимотни – яъни Худо уч хил Шаҳсда намоён бўлган Ягона Шахс эканлиги ҳақидаги ҳақиқатни баёний тарзда, Янги Аҳднинг ҳикоявий матнларига бириктирган.
2. 5б-6 оятлар. Исонинг улуғланиши.
« Исо Масиҳ бизни севади, У Ўз қонини тўкиб, бизни гуноҳларимиздан ҳалос этди. У биздан Шоҳлик яратди, бизни Отаси Худога хизмат қиладиган руҳонийлар қилиб тайинлади. Қудрат Соҳиби Бўлган Масиҳга абадулабад шон- шарафлар бўлсин! Омин».
а. «Исо Масиҳ бизни кўп севди». Исо учун қандай ажойиб унвон! Қачонки «севди» деган сўз, юқоридаги оятдагидек, ўтган замонда ишлатилганида, бу сўз, Исо бизни севганлигининг маълум бир вақти ва жойини кўрсатаётганлигини билдиради. Шуни айтиб ўтиш керакки, кўпгина инглиз таржималарида (масалан, NASB, NIVandNLT), ушбу сўз ҳозирги замонда ишлатилган, аммо, «севди» сўзининг айнан мана шундай ўтган замонда ишлатилган шаклида, ўзига хослик ва айоблилик мавжуд. Ушбу сўз ҳочга ишора қилади. Ҳар бир имонлининг Худо севгисига бўлган ишончи, ҳаётдаги у ёки бу вазиятларга эмас, балки Худо томонидан бир марта ва абадий кўрсатилган, хочда намоён бўлган севгисига асосланиши керак. Исо, бу севгиси сабаб, Уни улуғлашимизга арзийди.
1) Мана, бу ҳақида Ҳаворий Павлус Римликлар 5:8 оятда нима деган: «Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди, Шу йўсинда, Худо бизга бўлган Ўз меҳр-муҳаббатини намоён қилди». Исонинг ҳочда амалга оширгани – Худонинг бизга бўлган севгисининг энг юкори тасдикидир. У, Ўз севгисининг бошка далилларини ҳам келтириши мумкин, лекин хочдан ортиқ яна бирор нарса бўлиши мумкинми?
2) Кўпчилик имонлиларнинг, Исо уларни севишини билсаларда, Унинг сегисига бўлган ишончлари комил бўлмаётганлиги ҳайратланарли эмас, чунки улар Худонинг севгисига ўзларининг бугунги ҳаётий вазиятлари орқали қарамоқдалар. Улар учун яхшиси, ҳочга қараб, Худо севгисини англаш орқали доимий тинчликка эга бўлиш ва «бизни кўп севган» Исо Масиҳга ҳамду сано айтишдир.
б. «Ўз Қонини тўкиб, бизни гуноҳларимиздан ҳалос этди». Исо бизни ҳочда севганида, мана нима содир бўлди. У бизларни гуноҳларимиздан ҳалос этди: биз Унинг олдида ҳақиқатдан ҳам пок бўлишимиз учун, У, бизларда чуқур ўрнашиб олган гуноҳ доғларидан бизларни тозалади. Бу, Исони улуғлашимиз учун етарлича сабабдир.
1) Агар биз гуноҳий табиатимиз нақадар чуқур эканлигини англаб етсак, юқорида айтиб ўтилган нарсаларҳақиқат бўлиш учун жуда яхши хабар бўлиб туюлиши мумкин. Биз, Худо олдида пок, энг чуқур ўрнашган гуноҳ доғларидан фориғ бўлган ҳолда туришимиз мумкин. Шу сабаб, Ҳаворий Юҳаннонинг қуйидаги сўзлари бизларни ҳайратга солмайди: «Борди-ю, гуноҳларимизни эьтироф этсак, содиқ ва адолатли бўлган Худо гуноҳларимизни кечириб,бизни ҳар қандай ёмонликдан фориғ қилади » (1- Юҳанно 1:9).
2) «Ўз Қонини тўкиб». Агар бизни гуноҳдан фориғ этишнинг бошқа бир йўли бўлганида, балким Худо ўша йўлни ишлатган бўлар эди. Ўз Қони билан ювиш эса, Ўғил –Худони қурбонликка келтиришни англатар эди. Агар, муаммони ҳал қилишнинг, ушбу ягона йўлидан ташқари, яна бирор бир бошқа иложи бўлганида, Худо Ўғлини қурбон қилмаган бўлар эди. «Руҳонийлар фақат ҳўкизлар ва эчкилар қони орқали покланишлари мумкин эди, Худо эса бизни гуноҳларимиздан ҳалос этди.Инсонлар бажонидил бир бирлариниг қонларини тўкишади. Бажонидил урушларда қатнашишади! Масиҳ эса, бизнинг нажот топишимиз учун,ҳаттоки ўлимдан ҳам қайтмай, Ўз жонини аямай, биз учун Қонини тўкди. (Чарльз Сперджен).
3) Кетма кетликка эътибор беринг: олдин севди, кейин ҳалос этди. Худо бизни бурч туйғусидан келиб чиқиб, олдин гуноҳдан ҳалос этиб, пок бўлганимизни кўргандан кейин эмас, биз ҳали гуноҳда бўлган пайтимизда бизларни севди ва кейингина бизларни гуноҳларимиздан фориғ этди.
4) Бундан ташқари, бизнинг покланганимиз Унинг севгисининг далили бўлди. Тасаввур қилинг, сизда бир жуфт, эскирган ва бўёқ билан ифлосланган шимлар бор. Сиз уларни ювиб қўйидаги иккита сабаб туфайли асраяпсиз: Биринчи сабаб – сизнинг ночорлигингиз деб ҳисоблайлик. Сизда янги жуфт шим олиш имконияти бўлмаганлиги сабаб, сиз эскиларини ювиб асраяпсиз.Иккинчи сабаб – сиз бу шимларни яхши кўрганингиз дейлик ва шу сабаб уларни ювиб асрамоқдасиз. Иккинчи сабабда гап пул ҳақида эмас. Сиз истаган вақтингизда кийим дўконига бориб, янги шим ҳарид қилишингиз мумкин, бирок эски шимларни яхши кўрганингиз сабаб уларни тозалаш ва янгилашга вақтингизни ҳам кучингизни ҳам аямай сарф қилишга тайёрсиз. Худо ҳам бизларни шу даражада севдики, бизларни тозалади. Шубҳасиз, Худо ҳақида сўз борганида, биз ночорликни назарда тутмаймиз. Чунки У, Ўзининг фикр қудрати орқали ер юзидаги барча гуноҳкорларни йўқ қилиб ташлаши ваҳаммасини янгидан яратиб, бошидан бошлаши мумкин. Бироқ, Худо бундай йўл тутмади. У бизларни жуда қаттиқ севгани сабаб, бизларни гуноҳларимиздан поклади.
5) Айрим илоҳиётчилар, ушбу оятда Юҳанно,баъзи бир таржималардагидек «бизни гуноҳларимиздан поклади» деб эмас, айнан «бизни гуноҳларимиздан ҳалос этди» деб айтган деб ҳисоблашади. Қадимги юнон тилида «ҳалос этди » ва «поклади» деган сўзлар ўхшаш сўзлар бўлиб, фақатгина бир дона ҳарфда фарқланади. Қадимги қўлёзмаларда икки сўз ҳам ишлатилган, шунинг учун, айнан қайси бирини Юҳанно назарда тутганлигини тасдиқлаш қийин масала. Ҳар ҳолда ҳар икки сўз ҳам ҳақиқатга мос: биз гуноҳларимиздан покланган ва ҳалос этилганмиз.
в. «У биздан Шоҳлик яратди, бизни Отаси Худога хизмат қиладиган руҳонийлар қилиб тайинлади». Бу унвон, Исо ҳочдаги ишини якунлаш орқали севган ва Унинг қони билан покланганларга тегишлидир. Бизларни шунчаки севиб, поклашнинг ўзи етарли эди, Бироқ, Исо ундан ҳам кўпроғини амалга оширди, У бизлардан Шоҳлик яратиб, бизларни Отаси Худо руҳонийлари қилиб тайинлади. Бу Одам Атога берилган даражадан ҳам юқорироқдир. Ҳаттоки, Адан боғининг пок ва беғубор кунларида ҳам, биз Одам Ато номининг Худонинг шоҳлари ва руҳонийлари номлари орасида тилга олинганлигини курмаймиз. Бу, Исони улуғлашимизга сабабдир.
1) Биз – шоҳлармиз, яъни Худонинг қироллик оиласи аъзоларимиз. Буҳокимиятни, имтиёзни ва маълум мақомни англатади. Биз – руҳонийлар, Худонинг маҳсус хизматкорларидирмиз. Биз Худони инсонларга, инсонларни эса Худога тақдим этамиз. Биз Унга қурбонликлар келтирамиз (Ибронийларга 13:15). Бизда – Худо ҳузурига кириш имтиёзи бор. (Римликларга 5:1-2).
2) Шоҳлик ва руҳонийлар. Эски Аҳдда шоҳлар ва руҳонийлар вазифаларини бирлаштириш тақиқланган эди. Ўзида ушбу икки ҳолатни бирлаштиришга уринган ва уринишлари учун тўлов тўлашига тўғри келган инсон мисолини, яҳудийлар подшоси Озия тимсолида кўришимиз мумкин. (2 Солномалар 26:16-23). Аммо Янги Аҳдда бизлар Исо Масиҳ сингари бўлишимиз мумкин, У ҳам Шаҳаншоҳҳам Олийруҳонийдир (Луқо 1:31-33, Ибронийларга 4:14).
г. «Қудрат Соҳиби бўлган Масиҳга абадулабад шон-шарафлар бўлсин». Исо бизлар учун амалга оширган ишларидан келиб чиқиб, бизфақатгина Унга ҳамду сано айтишимиз, Униҳурмат қилишимиз ва Унга абадулабад шон шарафлар айтиб, Уни улуғлашимиз мумкин. Бу сўзлар, биз Исога шон–шуҳрат ва қудратни беряпмиз дегани эмас. Бу сўзлар, Исо буларнинг ҳаммасига азалдан эга бўлганлигини тан олишимизни ва шунинг учун Уни улуғлашимизни англатади.
1) Исонинг қудратини тан олиш бутунлай У учун яшаш демакдир. «Орангиздаги баъзи бир инсонлар, девор орқасидаги сичқонга ўхшашади. Улар Худонинг уйида жойлашганлар-у, лекин оила аъзоси ҳисобланмайдилар: вақт– вақти билан, ўзларининг бурчакларида чийиллашиб, баъзи баъзида, майда нон бўлагини топиш мақсадида, тунда, сезилмай бурчакларидан чиқиб турадилар. Бундай ҳаёт тарзи имонлиларга муносибми? Худоингиз ва Хўжайинингиз бўлмиш Худога нисбатан муносиб ишми бу?» (Чарльз Сперджен)
2) Исонинг Қудратини тан олиш, Унинг бошқарувига ўзини топшириш демакдир. «Яна айтиб ўтаман: ага биз, «шон-шуҳрат ва куч-қудрат Унга бўлсин» деб чин юракдан айтаётган бўлсак, демак биз ҳақиқатдан ҳам шон-шуҳрат ва куч-қудратни Унга беришимиз керак.Ҳар бир инсон, уч шохликдан – яъни Руҳ, жон ва танадан ташкил топган майда бир салтанатдир ва бу салтанат бирлашган салтанат бўлмоғи лозим. Ва бу салтанатнинг Раҳбари Исо бўлмоғи керак. Ушбу уч шоҳликнинг ҳеч қайси бирига ўзининг шаҳсий давлатини ўрнатишига йўл қўйманг; уларнинг ҳаммасини Ягона Подшоҳнинг ҳокимиятига бўйсундиринг» (Чарльз Сперджен).
д. «Омин». Ушбу сўз қадимги юнон тилига Эски Аҳдда бўлган қадимги яҳудий тилидан кириб келган бўлиб, «ҳа» деган маънони англатади. Бу бўлиши мумкин бўлган нарсани орзу қилиш эмас, ҳамма нарса Худо билан бўлишини тасдиклашдир. Исо улуғлангай.
1) Исо биз учун ҳамма нарсани ҳаттоки керагидан ортиғини ҳам қилди. Уни улуғлашга сабаб бўладиган ишлар шунчалик кўп экан, улуғланг Уни! «Йердаги ҳаётингиз тугагач, жаннатда бўлишни орзу қилган бўлсангиз керак? Бир кун келиб,дунёни тарк этиш вақти келади. Наҳотки ўлимдан кейин, баҳтиёр имонлилар қаторида бўлиш умиди сизда ҳам бўлишини истамасангиз? Мен, истаган бўлар эдингиз деб ўйлайман. Бироқ, агар сиз нажот топганлар қаторида бўлиб қолишни истаётган экансиз, ҳеч бўлмаганда улар куйлайдиган қўшиқларни ёд олишингиз лозим. Ҳозирданоқ, улар куйлаётган мусиқаларга қўшилиб тажриба орттирмасангиз, жаннатдаги жўрликка қўшилишингиз амри маҳол бўлади» (Чарльз Сперджен).
2) Юнон тилидаги «омин» сўзи – яхудий тилидаги, ўзининг ҳамоҳанглиги билан ўхшаш бўлган «ҳақиқат» ёки «содиқлик» сўзларининг транслитератсияси бўлиб, «шундай бўлсин» «дарҳақиқат шундай» деган маъноларни англатади (Джон Уолвурд).
3. 7- оят. Исоқайта келишининг биринчи тасвири.
«Ана, У булутларда келяпти! Ҳар бир кўз Уни кўради, ҳатто Унга найза санчганлар ҳам Унга кўз тикади. Дунёнинг жамики қабилалари Уни деб йиғлайди. Дарҳақиқат ҳаммаси айтилгандай бўлади. Омин».
а. «…У келяпти». Бу – қаранглар, ўзларингиз комил бўлинглар деган буйруқдир. Юҳанно, Исони улуғлашни ифода этишдан, Унинг қайта келишини ифодалашга ўтмоқда. У, бизларни, Исо Масиҳнинг қайта келиши қандай бўлишини кўра олишимизни истаяпти. Исо, бизлар Унинг қайта келишини кутишимиз ва ҳушёр бўлишимиз кераклигини айтган. (Матто 24:42). Бу эса уз навбатида, Унинг келишини доим ёдда тутишимиз ва ушбу ҳодисани доимо фикримизда сақлашимиз кераклигини англатади.
1) Бу Исо келишининг ғайриоддий намоён бўлиши эмас эди. Бу нарса кейинроқ содир бўлади. Юханно томонидан бу оятд ифода этилганлар, Исо Масиҳнинг Ўз келиши ҳақида айтган сўзларига ва Юҳаннонинг, Эски Аҳдда, Масиҳнинг келишига оид берилган ваъдаларни тушунишига асосланган. Масалан, Юҳанно, Исо Масиҳнинг Ўзи қайтиб келишини айтгани учун ҳам, Исони келишини биларди. Исо шундай деди: «Мен бориб сизлага жой тайёрлайман-у, сизларни Ўзим билан олиб кетгани келаман.Токи Мен бўлган жойда сизлар ҳам бўлинглар» (Юҳанно 14:3).
2) «Масиҳ осмонга, ўша ерда қолиш учун кўтарилмади. У буни жамоати учун қилди ва жамоати учун У яна қайтиб келади» (Джозеф Сисс).
б. «..Булутларда келяпти». Исо келганида булутлар билан қамранган бўлади. Бу ҳодиса том маънода содир бўлади, чунки Исо ердан кўтарилганида, «булут Уни…яширди» ва Худо, «У осмонга кандай кўтарилган булса, худди шундай кайтиб келади» деб айтган. (Ҳаворийларга 1:9-11). Бироқ, буни маъжозий маънода ҳам тушунса бўлади, чунки У кўп имонлилар билан қамраб олинган ҳолда келадива ушбу имонлиларни Калом кўчма маънода «булут» деб атайди. (Ибронийларга 12:1). Булут- кўп ҳолларда Худонинг шуҳрати ва Унинг ҳузури билан боғланган. (Чиқиш 13:21-22; 16:10; 19:9; 24:15-18) ва бу боғлиқликлар Эски Аҳддаги шон-шуҳрат булути – Шекайна (Shekinah) га бориб тақалади.
1) Худонинг шуҳрати билан боғлиқлигини ҳисобга олган ҳолда қарасак, имонлиларнинг хам булутга киёсланганликлари жуда ҳам ўринли ва ажойибдир! Ҳақиқатдан ҳам Худонинг халки Унга шон – шуҳрат келтиради! Имонлилар – Унинг «булути», Унинг Шекайнасидир.
2) Исо қайта булутларда келишини билиш учун, Юҳаннога махсус бир ваҳий керак бўлгани йўқ. Юҳанно бу ҳақида Исонинг сўзлари ва Эски Аҳддан келиб чиқиб билар эди: «Бундан буён сизлар Инсон Ўғлини Қодир Худонинг Ўнг томонида ўтирганини ва осмон булутларида келаётганини кўрасизлар» (Матто 26:64).
в. «Ҳар бир кўз Уни кўради». Исонинг келиши «яширин» содир бўлмайди. Унинг келганини ҳамма кўради. Исонинг дунёга биринчи келиши камтарин ва кўзга ташланмайдиган даражада содир бўлган эди. У, ерда қилган хизмати вақтида, хеч качон Рим газеталариниг биринчи сарлавҳаларидан ўрин олмаган. Аммо Унинг қайтиб келишини «ҳар бир кўз» кўради. Бутун борлиқ хабар топади.
1) Исонинг келишини ҳар бир кўз куришини билиш учун хам, Юҳаннога маҳсус ваҳий керак бўлгани йўқ. У бу ҳақида Исонинг Ўзидан эшитган эди: «Шундай қилиб, агар улар сизларга: «Қаранглар! У саҳрода!» деб айтсалар, борманглар. Агар улар: «У яширин жойда», деб айтсалар, ишонманглар.Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У шарқдан ғарбга қадар бутун осмонни ёритиб юборган чақмоқдай бўлади.»(Матто 24:26-27).
г. «Унга найза санчганлар ҳам». Исонинг қайта келиши яҳудий халқи учун маҳсус ваҳий ва алоҳида маънога эга бўлган ҳодиса бўлади. Албатта, Исога фақатгина яҳудийлар найза санчиган эмас. Аммо биз, Юҳанно, Исонинг Ўз халқига очилишини назарда тутаётганини билиб турибмиз – чунки у бу ерда, Закариё 12:10 оятга ишора қилмокда.
1) Исо Ўзини, Ўз халқи бўлмиш яҳудийларга намоён қилганида, У бу ҳодисани ғазаб билан биргаликда боғламайди. Чунки, у пайтга келиб Исроил халқи Исога мурожаат қилишни бошлайди, Уни ўзининг Ҳалоскори деб тан олади (Матто 23:39; Римликларга 11:25-26). Улар Исони, айниқса Унинг найза санчилган қўл ва оёқларини кўрганларида, бу улар учун, уларнинг қачонлардир Исони рад этганликларини эслатувчи оғир бир дард бўлади. Шу тарзда Закариё 12:10 оят ижобат бўлади:«Мен Довуд авлодига, Қуддус аҳолисига меҳр–шафқат ва ибодат руҳини ёғдираман. Улар Менга — ўзлари найза санчганга қарашади. Ёлғиз фарзандга аза тутгандай, аза тутишади. Тўнғич фарзанд учун мотам тутгандай, мотам тутишади».
2) Шундай қилиб Юҳаннога, Исони ҳаттоки Унга найза санчганлар қам кўришини билиш учун ваҳий керак эмас эди. У бу ҳақида Закариё 12:10 ўқиши мумкин эди.
д. «Дунёнинг жамики кабилалари Уни деб йиғлайди». Исо қайтиб келганидан сўнг, фақатгина яҳудий халқи, Уни рад этганидан пушаймон бўлиб йиғламайди. Ер юзида барча қабила ва халқлардан омон қолганлар бор бўлгани сабаб (Ваҳий 7:9), барча тирик жон биргаликда фарёд чекади. Унинг яраларига қараб барчамиз: «бу бизнинг ишимиз, биз Уни яралаганмиз» деймиз.
1) Ер юзидаги барча қабилалар фиғон чекишини хам Юҳанно маҳсус бир ваҳий орқали билиб олгани йўқ. Юҳанно учун, биз Маттода ўқийдиган, Исонинг қуйидаги сўзлари ёзилган оятни ёдга олишнинг ўзи етарли эди: «Ўшанда Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади. Ер юзидаги барча қабилалар қайғуради. Шунда ҳамма одамлар Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади» (Матто 24:30).
4. 8-оят. Исо Ўзини таништирмоқда.
«Мен Ибтидо ва Интиҳодирман, — деб айтмоқда Эгамиз Худо. — Мен олдин бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган Қодир Худодирман.»
а. «Мен Ибтидо ва Интиҳодирман». Кўпгина таржималарда бу сўзлар бошқа сўзларданқизил рангда ажратилиб ёзилган. Бу – таржимонлар ушбу сўзлар Шахсан Исо Масиҳнинг Ўзига тегишли эканлигига ишончлари комил бўлганлигини билдиради. Бошида Юҳанно бизга Исони таништирган бўлса, энди исонинг Ўзи бизга Ўзини таништирмоқда. Бунинг ҳайратланарли жойи йўқ, ахир, оҳир оқибат бу ваҳий Исо Масиҳнинг ваҳийсидир (Ваҳий 1:1).
1) Ушбу оятда айнан Ким: Ота – Худо ё Ўғил – Худо гапиряптими деган мунозаралар мавжуд. Биз бу ерда Ўғил – Худо гапиряпти деб ҳисоблаймиз. Бунинг бир нечта сабаблари мавжуд. Биринчидан, Ваҳий Исо Масиҳга тегишли бўлгани сабаб, Унинг Ўзи бизларга уни тақдим этяпти деб айтиш жойиз бўларди. Иккинчидан, «Аввалию Охири» «Ибтидо ва Интиҳо» деган унвонларни Исо Ўзи ҳақида айтаётганда ишлатган (Ваҳий 22:13). Учинчидан, Ваҳий 1:4 да «Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор, келажакда ҳам бор бўладиган» деб аталган унвон Ота – Худога тегишли бўлишига қарамай, бу унвон Ўғил – Худога ҳам тегишлидир ва бу ҳақида қисман Ваҳий 11:17 ва 16:5 да ўқишимиз мумкин.
б. «Ибтидо ва Интиҳо, Аввалию Охири». Бу иборанинг орқасида, Исо азалдан бор ва абадулабад устувор деган фикр ётади. Ибтидо деб таржима қилинган сўз – Альфа – қадимги юнон алифбосининг бошлангич ҳарфи бўлиб, Интиҳо деб таржима қилинган сўз эса Омега – юнон алифбосининг охирги ҳарфи ҳисобланади. Шундай қилиб, Исо Ўзи ҳақида,бизнинг тилимизда айтганда «Мен, «А» дан бошлаб «О» гача, ёки бошқача қилиб айтганда «Аввалию Охиридирман» демоқда.
1) Агар Исо Аввалию Охири бўлса, демак, оралиқда бўладиган ҳодисалар ҳам Унинг бошқаруви остида. Бу- Исонинг инсоният тарихига оид Ўз режаси борлигини, ва У, ушбу тарих ҳодисаларини Ўзи мўлжаллаган марра якунига олиб бораётганлигини англатади. Биз тасодифнинг иродаси билан, мазмунсиз саргардонликда яшаётганимиз ва мантиқсиз, охири йўқ айлана ичида юрганимиз йўқ. Ибтидою Интиҳо, Аввалию Охири бўлмиш Исо Масиҳнинг Ўзи бутун инсоният тарихининг йўналиши ва ҳаттоки бизнинг ҳаётимиз йўналишини ҳам белгилаб бермоқда.
в. «Азалдан бор бўлган, ҳозир ҳам бор,келажакда ҳам бор бўладиган». Юқорида, Ваҳий 1:4 оятни кўриб чиққанда айтиб ўтганимиздек, ушбу жумла, Худонинг Эски Аҳддаги Яҳова номи орқасида турган фикрни ўзига қамраб олган. Бу фикр Худонинг абадий табиатини ва Унинг ўзгармас мавжудлигини англатади. Исо Масиҳ ҳам Ота-Худодек ушбу табиатга эга. Мана Михо пайғамбар бу ҳақида нима деган: «…Исроилни Мен учун бошқарадиган Зот сендан чиқади.Унинг насаби қадимларга бориб тақалади» (Михо 5:2). Ибронийлар 13:8оятда эса шундай дейилган: «Исо Масиҳ кеча, бугун ва то абад Ўшадир, У ўзгармайди».
г. «Қудрат Соҳиби». Ушбу сўз қадимги юнон тилидаги «пантократер» сўзининг таржимаси бўлиб, бу сўз «ҳамма нарсани қўли остида тутиб турган» деган маънони англатади. Бу ерда Исонинг,ҳам утмиш, ҳам хозирги пайт, ҳам келажак устидан бўлган буюк, суверен бошқарувиҳақида суз юритилмоқда.
1) Ушбу бетакрор «Қудрат Соҳиби» деган жумла, Янги Аҳдда 10 марта эслатиб ўтилган бўлиб, улардан 9 таси Ваҳий китобида ишлатилган. Шубҳасиз, Ваҳий китоби Худонинг ҳокимиятини, барча нарса Унинг қўли остида эканлигини таъкидлаб ўтмоқда.
В. Юҳаннога ёзиб бориш буйруғи берилган.
1. 9-оят. Юҳанно Патмос оролида.
«Мен биродарингиз Юҳанноман. Исонинг азоблари, Унинг Шоҳлиги ва сабр–тоқатини баҳам кўрган шеригингизман. Мен Худонинг Каломини ваъз қилиб, Исо ҳақида гувоҳлик берганим учун Патмос оролига сургун қилинганман»
а. «Мен, Юханно…Патмос оролига сургун килинганман». Қўшма Штатлар учун Алкатрас ороли қандай хизмат қилаётган бўлса, Рим салтанати учун Патмос ороли ҳам шундай хизмат қилган. Орол, девор ва панжарасиз қамоқхона сифатида ишлатилган. Орол мармарга бой бўлиб, кўпгина маҳбуслар уни қазиб олиш ишларини бажаришган. Патмос – кенглиги 9,5 км. узунлиги 16 км масофани ташкил қилган, қуруқ, тошлоқ орол бўлган.
1) «Ўша пайтда Юҳанно кимсасиз ва ёлғиз оролга сургун қилинган эди. Аммо, имонлиларнинг ўртасида бўлган ва уларнинг Худолари бўлмиш Исо Масиҳ билан бўлган ришталарни на тоғлар, на дарёлар, на асрлар уза олади. Бир йилдан камроқ вақт олдин мен ушбу орол олдидан ўтиб бордим. Орол ўзида қора ва кўримсиз тошлар уюмини акс эттиради. У денгиз ўртасида, Кичик Осиёнинг ғарбий соҳиллари яқинида жойлашган. У ерда на дарахт, на дарё, баъзи бир тошлоқлар орасидаги ерларни ҳисобга олмаганда, на экин экишга ярайдиган ер мавжуд. Оролда, ҳалигача, Юҳанно қарилик чоғигача яшаган ва айнан ўша ерда ушбу ваҳийни кўрган деб ҳисобланадиган ғор сақланган. Ғор устида майда черков қурилган бўлиб, черковнинг шамчироғи роҳибларнинг ғайрати сабаб доимо ёниқ туради» (Джозеф Сисс).
2) Барнс Патмос оролини «кимсасиз, қуруқ, меҳмонлар камдан кам ташриф буюрадиган кимсасиз орол деб тасвирлаган; Ушбу ҳусусиятларнинг ҳаммаси бу оролни энг мукаммал жазо ўташ жойига айлантирган. Бундай жойга сур гун қилиш ҳакамларнинг хоҳишини тўлиқлигича қондирган – уларнинг хоҳиши эса Ҳаворийни ўлим жазосини қўлламай туриб, жим бўлишга мажбурлаш бўлган». Бироқ, шунга қарамай, сургунлик Ҳаворий Юҳаннони жим бўлишга мажбурлай олмади.
б. «Худонинг Каломини ваъз қилиб, Исо ҳақида гувоҳлик берганим учун». Кўпчилик тадқиқотчилар, Юҳанно, Рим томонидан имонлиларга қарши уюштирилган қувғинлар натижасида қўлга олинган ва Патмос оролига сургун қилинган деб ҳисоблашади. Ага биз Юҳаннонинг «Мен биродарингиз Юҳанноман. Исонинг азоблари, Унинг Шоҳлиги ва сабр – тоқатинибаҳам кўрган шеригингизман» деган сўзларини эътиборга оладиган бўлсак, тадқиқотчиларнинг фикри тўғрига ўхшайди. Шунга қарамай, Юҳанно Патмос оролига, у ердаги маҳбусларга воизлик қилиш учун воизхон сифатида борган деган фикр ҳам мавжуд.
1) Насронийликнинг қадимги тарихчиси Евсевий, Юҳанно Патмос оролига Рим императорларидан бири Димитиан давридасургун қилинган, деб таъкидлаган (Черков тарихи, 3- китоб, 18, 20, Т.1, 148-149 сахиф.)
2) «Викторинанинг сўзларига караганда, Юҳанно қариганчоғида, Патмосда жойлашган қазилма конларида ишлашга мажбур бўлган. Дастлабки манбаъларда, Димитианнинг ўлимидан кейин ҳижрий йилининг 96-йилида, император Нерва тахтга ўтиргандан кейин, Юҳаннога Эфесга қайтишга руҳсат берилган деган маълумот ҳам мавжуд» (Джон Уолвурд).
2. 10-11- оятлар. Ёзиб бориш буйруғи.
«Якшанба куни Муқаддас Руҳ мени қамраб олди. Мен орқамдан карнай садосига ўхшаш кучли бир овозни эшитдим. Овоз шундай деди:“Кўрганларингни китобга ёзиб бор. Сўнг уни Эфес, Смирна, Пергамон, Тиятира, Сардис, Филаделфия ва Лаодикия шаҳарларидаги имонли- ларнинг еттита жамоатига юбор».
а. «Якшанба куни Муқаддас Руҳ мени қамраб олди». Муқаддас Руҳ мени қамраб олди деб Юҳанно нимани назарда тутмоқда? Бу ерда шунчаки «Руҳ етакчилигида юрган» (яъни Руҳ бошқарувида ҳаракат қилган) деган фикрдан кўра кўпроқ нарса назарда тутилган бўлиб, руҳ етакчилигида юриш фикри, Бутрус Галатияликлар 5:16 оятда айтган «худбин истакларга эркберишликка» қарама қарши қўйилган. Бу оятда суз, шунчаки Юҳаннонинг Руҳ бошқаруви остида юрганлиги ҳақида юритилмаяпти, ушбу оятда унинг Муқаддас Руҳдан маҳсус, ноёбваҳий олганлиги ҳақида фикр юритилмоқда. Юҳанно учун бу, баъзида танадан ташқарида бўлиш деб номланадиган, ўзига хос, ноёб тажриба эди (бу тажриба бугунги кунда оккултизм ва спиритизм билан боғланадиган тажриба эмас).
1) Уолвурд «Руҳ етакчилигида» булишни куйидагича тарифлаган: «Худо, Ваҳий китобининг мазмунини ғайритабиий тарзда Юҳаннога намоён қилиш учун, Юҳаннони оддий ҳис туйғулар чегарасидан ташқарига, ғайриоддий ҳолатга олиб чиқди».
2) Ваҳий китобида Юҳанно тўрт маротаба «Руҳ етакчилигида» бўлган ҳолатда тасвирланган. Биринчи ҳолат – у Патмос оролида бўлганида (Ваҳий 1:10), иккинчи ҳолат – самода бўлганида (Ваҳий 4:2), учинчи ҳолат – чўлда бўлганида (Ваҳий 17:3) ва ниҳоят тўртинчи ҳолат –Худо тоғида бўлганида (Ваҳий 21:10) тасвирланган.
б. «Якшанба куни». (дастлабки қўлёзмада – Худонинг куни).Бу қандай кун? Бутпараст Рим салтанатида ҳар ойнинг биринчи куни, Рим султони шарафига «Султон куни» деб аталган. Балким имонлилар ўзлариниг Исога бўлган содиқликларини кўрсатиш мақсадида, ҳафтанинг биринчи кунини Хўжайинлари бўлмиш «Худога тегишли кун» сифатидаэъзозлашган.
1) Бу ибора – Эски Ахдда айтилган «Худонинг куни»ни ифодалаш учун ишлатилган ибора эмас; ушбу оятда умуман бошка фикр назарда тутилган. Ваҳий китобида ҳақиқатдан ҳам Эски Ахдда таъкидлаб ўтилган «Худонинг куни» ҳақида суз юритилган, аммо бу оятда сўз бу ҳақида эмас.
в. «Мен орқамдан карнай садосига ўхшаш кучли бир овозни эшит- дим». Юҳанно эшитган «кучли овоз» «карнай садосига ўхшаш» жарангдор ва аниқ бўлган. Бу – Аввалию Охири, Ибтидою Интиҳо бўлмиш Зотнинг овози эди. Ваҳий 1:8 оятда Исо Ўзи ҳақида гапирганда, ушбу унвонни эслатиб ўтганлигини ҳисобга олган ҳолда, биз юқоридаги оятда айнан Исонинг кучли овози жаранглаганини таъкидлашимиз мумкин.
1) «Исо Юҳаннога бутун диққатини жамлашига, барча фикрларини бир жойда тўплашига ва бўлиб ўтаётган ҳодисанинг нақадар жиддийлигини англаб етишига ёрдам бериши керак эди» (Кларкнинг «карнай овози» ҳақида айтган сўзлари).
2) «Аввалию Охири» – Исроил Тангриси, Яҳова бўлмиш Худога тегишли унвон (Ишаё 41:4, 44:6, 48:12). «Ибтидою Интиҳо» деган унвон ҳам худди шундай маънога эга. Бу – Исо Ўзини аниқ ва шубҳасиз Худо деб атаган Янги Аҳддаги оят парчаларидан бири.
г. «Кўрганларингни китобга ёзиб бор». Бу оятда Юҳанно кўрганларини ёзиб бориши кераклиги ҳақидаги буйруқни эшитмоқда. Китоб давомида ёзиб бориш буйруғи ўн бир маротаба берилади. Агар ушбу буйруқ бўлмаганида, Юҳанно кўрганларини ўз ичида сақлаган бўларди дегандай туйилмоқда. Ростдан ҳам, агар Худодан бошқа ҳил йўл тутиш буйруғи бўлмаган бўлса, ваҳий ва очилишларни ўз ичимизда сақлаб қолсак тўғри бўларди.
д. «Уни имонлиларнинг еттита жамоатига юбор». Юҳаннога кўрганларини етти шаҳарда жойлашган еттита жамоатга ёзиш буюрилган. Ушбу жамоатлар Рим вилояти бўлмиш Асиянинг турли қисмларида жойлашган бўлган. Аммо бу шаҳарлар, жамоатга эга ягона шаҳарлар бўлмаган. Масалан, Колос шаҳрида ҳам имонлилар жамоати мавжуд бўлган (Ҳаворий Бутруснинг Колосаликларга бўлган мактуби айнан ушбу шаҳардаги жамоатга ёзилган эди), аммо Колосдаги жамоат юқоридаги рўйхатдан ўрин олмаган. Нима сабабдан айнан юқорида санаб ўтилган етти жамоат танлаб олинган?
1) Баъзилар бунинг сабаби ушбу шаҳарларнинг айлана тарзида харитада жойлашганлиги деб ҳисоблашишади. Бошқалар эса бунинг сабаби Рим вилояти бўлмиш Асиядаги почта худудлари билан боғлиқ деб ҳисоблашишади. Кўпчилик эса: айнан еттита жамоат танланилишининг сабаби Муқаддас Китобда етти рақами тўлиқлик ва мукаммаллик тимсоли билан боғлиқ бўлганлиги бўлиб, нафақат Юҳаннонинг жамоатлирга ёзган мактублари, балким бутун Ваҳий китоби айнан ушбу етти жамоатга эмас, барча имонлилар жамоатлари учун ёзилган деб ҳисоблашади. Сисс шундай дейди: «Еттита имонлилар жамоати, барча даврларда мавжуд бўлган ҳамма имонлилар жамоатини уз ичига олади». Шу билан бир қаторда, Сисс ушбу нуқтаи назар тарафдорлари бўлмиш кўпгина қадимги ва замонавий шарҳловчиларнинг фикрларини ҳам келтириб ўтади.
2) «Ушбу китоб устида мулоҳаза юритган кўпгина заковатли муаллифлар фикрларига кўра, етти жамоат деб, Раббимиз дунё охиригача бўладиган Масиҳнинг барча жамоатларини назарда тутмоқда, Унинг жамоатларга айтган сўзлари эса, имонлилар жамоати қандай бўлиши кераклиги ва унинг мақсади нимада эканлиги кўрсатиш учун айтилган» (Мэтью Пул).
3) Ҳаворий Бутруснинг ҳам етти жамоатга: Римликларга, Коринфликларга, Галатияликларга, Эфесликларга, Колосликларга, Филипликларга ва Сало- никаликларга мактуб ёзганлиги ғоятда қизиқ.
Г. Юҳанно Исони кўради.
1. 12-13 оятлар. Исо чироқпоялар орасида.
«Менга гапираётган Кимсани кўриш учун ўгирилдим. Шунда еттита олтин чироқпояни кўрдим. Чироқпоялар орасида инсон қиёфасидаги бир Зот турган эди. Унинг устида узун, тўпиғигача тушган ридо бор эди, кўксига олтин тасма боғланган эди».
а. «Менга гапираётган Кимсани кўриш учун ўгирилдим». Биз, Юҳаннонинг ўгирилгандан кейин нима ҳақида ўйлаганини фақат тасаввур қилишимиз мумкин. Эҳтимол бу овоз, у олдин эшитган ва эслаб қолган овоздан фарқлангандир (Юҳанно бу овозни карнай овозига киёслайди (Ваҳий 1:10)). Биз бу овоз Соҳиби Исо Масиҳ эканлигини биламиз, чунки У Ўзини «Мен Ибтидою Интиҳодирман» деб тасвирлади. Исонинг ердаги хизмати даврида, Юҳаннонинг У билан бирга ўтқазган пайтларидан бошлаб,йиллар ўтгандан кейин, Юҳаннода Исони яна бир бор кўриш имконияти пайдо бўлди.
б. Юҳаннонинг назари биринчи бўлиб етти чироқпояга тушади. Бу – шамдон ёки менора эмас, ёғли шамчироқларни тутиб турувчи олтин устунлар бўлган.
1) Еттита алоҳида алоҳида турган чироқпоялар. Чироқпоя тасвири бизга чодир ва маъбадда турган олтин чироқпояни эслатади (Чиқиш 25: 31-37). Шунгақарамай Ваҳийдаги чироқпоя Чиқиш китобида тасвирланган чироқпоядан фарқланади. Эски Аҳддаги чироқпоя, етти мойчироғи бор бир устунлик чироқпоя бўлган. Янги Аҳдда эса, биз алоҳида алоҳида турган етти чирокпояни кўряпмиз. «Яҳудийлар чодирида, хонани ёритадиган етти мойчироқли чироқпоя бор эди…Ваҳийда эса Юҳанно еттитани кўрмоқда. Яҳудий халқи орасида Худонинг жамоати бир дона эди, бутпараст халқлар орасида эса Худонинг жамоати кўпдир» (Мэтью Пул).
2) Ёруғлик устунлардан эмас, мойчироқларнинг ўзидан таралган. Устунлар эса ёруғликни яхшироқ тарқалиши учун керак бўлган. Шу тариқа, чироқпоялар биз учун жамоатнинг ажойиб тимсолибўлиб хизмат қилади. Биз шахсан ўзимиз ёруғликни ишлаб чиқармаймиз, биз шунчаки уни акс эттирамиз.
3) «Мойчироқнинг ўзи ёруғлик саналмайди. У шунчаки ёруғликни тарқатувчи восита бўлиб, ушбу мойчироққа ёруғлик тарқатиш учун олов ва мой зарурдир. Жамоат ҳам шу сингари ўз ўзидан на иноятга на шуҳратга эга. Буларнинг барчасини жамоат ўзиниг Раҳбари бўлмиш Масиҳдан олиши керак, акс ҳолда жамоат на нур, на ҳаёт тарқата олади»(Адам Кларк).
в. «Чироқпоялар орасида инсон қиёфасидаги бир Зот турган эди». Исо чироқпоялар орасида бутун ҳокимиятга эга Инсон Ўғли сифатида турибди (Дониёр 7:13-14). «Инсон Ўғли» деган унвон оддий туюлсада, Дониёр китобида ушбу унвон оддийликни эмас, шон шуҳратни назарда тутади.
г. «Унинг устида узун, тўпиғигача тушган ридо бор эди, кўксига олтин тасма боғланган эди». Исонинг кийган кийими, Унинг юқори мансаби ва қудратини кўрсатади. Бундай кийимларни, кўп ишлашларининг ҳожати бўлмаганлар кийишган ва шу тарзда улар ўзлариниг ташқи кўринишлари орқали ўз мақом ва мансабларини тасдиқлашган. Кўкракка боғланган олтин тасма, бизларга олийруҳонийлар кийимларига ишора қилади (Чиқиш29:5).
1) Чиқиш 39:1-5 оятларда, Исроилнинг олийрухонийлари белларини боғлаган камарларни тўқишда, зар иплар ишлатилганлиги ҳақида гапирилади.Исонинг камарида шунчаки бирқанча зар иплар ишлатилган эмас, Унинг камари тўлиқ олтиндан қилинган! Исонинг самовий, абадий олийруҳонийлиги нақадар буюкдир!
2) Эски Ахддаги руҳонийларнинг вазифаларидан бири чодирдаги чироқпоялар ҳақида ғамхўрлик қилиш эди. Улар ҳар куни мойчироқларни мой билан тўлдиришлари, куйган пилталарни кесиб, қурум ва кукундан тозалашлари керак эди.Мойчироқлар Худо олдида доимо ёниқ туриши учун, чироқпояларнинг ҳолатини яхшилаб текшириб туриш ҳам рухонийларнинг вазифасига кирган. Ваҳийда эса биз, етти чироқпоя ичида юрган, уларнинг Худо учун доимо ёрқин порлашларига ёрдам бериш учун, чироқпояларни диққат ва ғамхўрлик билан текшириб кўраётган Олийруҳонийимиз Исо Масиҳни кўрмоқдамиз.
2. 14-16 оятлар. Юҳанно Исони тасвирлаб бермоқда.
«Сочи момиқдай оқ, қордай оппоқ эди. Кўзлари эса оловдай чақнарди. Унинг оёқлари ўчоқда қиздирилган бронзадай ярқирар, овози гувиллаган денгиз товушига ўхшарди. Ўнг қўлида еттита юлдуз бор эди, оғзидан ўткир дудама қилич чиқиб турарди. Унинг юзи кун қизиганда балқийдиган қуёшдай порларди».
а. «Сочи момиқдай оқ, қордай оппоқ эди. Кўзлари эса оловдай чақнарди». Оппоқ соч ёш улуғлигидан дарак берган ва ўша давр маданиятида бу нарса ҳар доим буюк донолик ва абадийликка мансублик билан боғлик бўлган. Шу билан биргаликда «қордай оппоқ» деган жумла поклик ғоясини таъкидлайди (Ишаё 1:18).
1) Бундан ташқари оппоқ сочлар Исони Азалий Нуроний билан боғлайди (Дониёр 7:9). ««Азалий Нуроний» атамаси Ота- Худога тегишли бўлиб, бу атама, Ўзининг илоҳий табиатида Отага тенг бўлган Масиҳнинг суратига мос келади» (Мэтью Пул).
2) «Ушбу тасвирда, Исонинг боши ва сочларини қордай оппоқ кўрганимизда, Унинг қудрат ва ҳокимияти, азал даврларга бориб тақалишини англаб етамиз» (Чарльз Сперджен).
3) «Оппоқ сочлар – бу қадимийликнинг эмас, Унинг шуҳрати тимсолидир, чунки Исо сочлариниг ажойиб оқлиги, Унинг бошини қамраб олган ва ҳар томонга қараб ёйилаётган ёруғлик ва шон-шуҳрат нурларидан келиб чиққан» (Адам Кларк).
б. «Кўзлари эса оловдай чақнарди». Каломда олов кўпинча ҳукм билан боғлиқ (Матто 5:22; 2- Бутрус 3:7). Исонинг кўзлари – юракнинг тубигача етиб борадиган, уни излайдиган, адолатли ҳукмнинг оловини акс эттирмоқда.
в. «Унинг оёқлари ўчоқда қиздирилган бронзадай ярқирар эди». Олов ҳукм билан боғлиқ бўлганлиги сабаб, «ўчоқда қиздирилган бронзадай ярқираган» бу оёқлар бизга, Кимнинг оловли ҳукмдан ўтиб, ундан пок ва янгиланган ҳолда чиққанлигини кўрсатяпти. Исо «тозоловчи оловдан» ўтган.
1) Мис (бронзадай) – бу ҳукм ва қурбонликлар билан боғлиқ метал. Исроил халқининг қурбонгоҳи мисдан қилинган бўлган (Чиқиш 27:1-6). Шунинг учун ҳам қурбонгоҳни «мисдан ёки бронзадан қилинган «қурбонгоҳ» деб аташган.
2) «Мис қадимги даврда бўлган металлар ичида энг кучлиси бўлган. Шунинг учун ҳам «оёқлари ўчоқда қиздирилган бронзадай» деган жумла – Унинг доимийлиги ва барқарорлиги тимсоли бўлиб ҳисобланади, чунки айнан мис бошқа металлар орасида энг ишончлиси ҳисобланган» (Адам Кларк).
г. «Овози гувиллаган денгиз товушига ўхшарди». Бу – Исонинг овози ўзининг кучли ва улуғворлиги билан, улкан шаршаранинг шовқинига ўхшашлигини англатади.
д. «Ўнг қўлида еттита юлдуз бор эди». Етти юлдуз, Ваҳий 1:11 оятда айтиб ўтилган жамоат раҳбарлари ёки вакилларига ишора қилади (Ваҳий 1:20). Юлдузлар Исонинг ишончли қўлларида турибди. Етти рақами тўлиқлик ва мукаммаллик тимсоли бўлганлиги сабаб, биз: «барча жамоатлар Унинг қўлидадир» дебайта оламиз.
е. «Оғзидан ўткир дудама қилич чиқиб турарди». Дудама қилич вазни оғир қилич бўлиб (юнон тилида rhomphaia), уни ҳалокат ва ўлдириш учун ишлатишган. Баъзида Янги Аҳдда, дудама қиличдан фарқли ўлароқ, бошқа тактик вазифалар учун мўлжалланган, ҳажми кичикроқ бўлган қилични англатувчи сўзни учратишимиз мумкин ва бу сўз юнон тилида – machaira дейилади. Масалан, Ибронийлар 4:12 оятда айнан ушбу сўз ишлатилган бўлиб, у хажми кичикроқ, аниқкесадиган қилич деган маънони англатади.
1) «Оғзидан ўткир дудама қилич чиқиб туради» деган жумла, Исо қилични тишлари билан ушлаб турганлигини англатмайди. Қилич – Унинг Каломини англатади. Шуни айтиб ўтиш керакки, Унинг ҳам, бизнинг ҳам қуролимиз Худо Каломидир (Эфесликларга 6:17).
2) Барнснинг ёзишича, Юҳанно, ростдан ҳам Исонинг оғзидан чиқаётганқилични кўрганлиги даргумон. «Юҳанно Исонинг овозини эшитди; У Исонинг юракнинг туб тубигача етиб борадиган сўзларининг кучини ўзида ҳис этди ва бу сўзлар худди ўткир дудама қилич сингари эди».
3) «Дудама қиличдан ўткирроқ» (Ибронийлар 4:12). «Бу қилични инсон ўзини яраламасдан қўлида ушлаб тураолмайди, чунки унинг текис томони йуқдир; қиличнинг ҳар икки томони ҳам чарҳланган. Исонинг Каломи ҳар томонлама чарҳлангандир»(Чарльз Сперджен).
ж. «Унинг юзи кун қизиганда балқийдиган қуёшдай порларди». Исонинг шуҳрати шу қадар буюк ва шу қадар ёрқин порлайдики, Унга боққанда кўз қамашади. Худди шу тарзда «ўзгариш тоғида» Исо Ўз шуҳратида намоён бўлганида, юзи қуёшдай борлаб, қиёфаси згарган эди (Матто 17:2).
1) «Унинг юзи, нурларниг ёрқинлигини хиралаштирадиган булутлардан озод осмонда, ёзнинг энг ёрқин кунларида чарақлайдиган қуёш айланасига ўхшаш эди» (Адам Кларк).
2) «Сиз Масиҳнинг ўнг қўлида нимани кўряпсиз? Еттита юлдузни. Бироқ улар ҳам, Унинг юзи билан солиштирганда ўз ёрқинлигини йўқотади! Аммо булар юлдузлар ва улар еттита, бироқ, қуёш ўзининг бутун ёрқинлигида чақнаб турган бир пайтда, ким ҳам еттита, майли етмиш мингта бўлсин, юлдузга аҳамият берган бўларди? Худонинг ҳузури имонлилар йиғинида яққол намоён бўлиши қандай ажойибдир! Бундай пайтларда, воизчининг кимлигидан қатъий назар, ҳеч ким унга аҳамият бермайди. Менинг қадрдон дўстларим, мен сизлар учун ибодат қилиб, сизлар йиғинга борганингизда, Худонинг қўлидаги юлдузларни эмас, Унинг ёрқин юзини кўра олишингизни Худодан сўрайман. Қуёшга қаранг, шунда сиз юлдузлар ҳақида унутасиз» (Чарльз Сперджен).
3) Ушбу ваҳийда Юҳанно кўрганлариниг барчаси куч, қудрат, ҳокимият ва солиҳлик ҳақида гапиради. Биз бугунки кунда учратадиган, ҳақиқатдан йироқ, аёл сиймосига ўхшатиб чизилган Исонинг суратлари ва Юҳанно кўрган Исонинг тимсоли орасида катта фарқ мавжуд. Гап шундаки, айнан Юҳанно кўрган Исо ҳақиқий Исодир; айнан шу Исо осмонда ҳукмронлик қилмоқда.
4) Шу далилни ҳам инобатга олишимиз керакки, Муқаддас Китобда, Исо жисмоний тасвирланган ягона жой Ваҳийдир. Ушбу тасвирга яқин яна бир тасвир мавжуд: «Эгамизнинг қўли Эгамиз олдида янги кўчатдай, қуруқ тупроқдаги илдиздай ўсди.Бизни ўзига жалб қиладигангўзаллик, улуғворлик унда йўқ эди.Бизни ўзига ром этадиганҳеч бир жозибаси йўқ эди» (Ишаё 53:2).
5) Исонинг замонавий тасвирларида, инсонлар Уни қандай бўлса шундайлигича эмас, аввалги ҳолатида тасвирлашни яхши кўрадилар. «Шу сабабдан энди биз ҳеч кимга инсоний нуқтаи назардан баҳо бермаймиз. Бир вақтлар Масиҳга ҳам инсоний нуқтаи назардан баҳо берган эдик, энди эса ундай қилмаймиз» (2-Коринфликлар 5:16).
3. 17-18 оятлар. Юҳаннонинг реаксияси ва Исонинг кафолати.
«Уни кўришим биланоқ, оёқлари остига ўликдай йиқилдим. У эса ўнг қўлини устимга қўйиб, шундай деди: “Қўрқма! Мен Биринчи ва Охиргиман. Барҳаётман. Ўлган эдим ва мана, абадулабад тирикман. Ўлимнинг ва ўликлар диёрининг калитлари Мендадир»
а. «Уни кўришим биланоқ, оёқлари остига ўликдай йиқилдим». Юҳанно, Исони ерда хизмат қилган пайтидан бошлаб, Уни билган ҳаворийлардан бўлсада, ушбу ғайриоддий кўриниш уни ҳайратга солди. Юҳанно Исо билан уч йил давомида бирга бўлганлигига қарамай, бу вақт уни Исони самовий шон шарафида кўришга тайёрлай олмади. Ўшанда Юҳанно, Исо ерда хизмат қилиш учун қандай шон шараф ва ҳокимиятини қолдирганлигини ва бунинг қандай мўжиза эканлигини англаб етди.
1) «Нақадар ажойиб жой! Сиз ўлимдан қўрқасизми? Биз фақатгина, Унинг оёқлари олдида ўлганимиздагина, ҳақиқатдан тирик бўламиз» (Чарльз Сперджен).
2) «Исо оёқлари олдида ётганимизда, нималардан дард чекаётганлигимизнинг аҳамияти йўқ. Тирик ва бошка жойда бўлгандан кўра, Унинг оёқлари олдида ўлик бўлмоқ афзалроқдир» (Чарльз Сперджен).
б. «У эса ўнг қўлини устимга қўйиб…». Биринчидан Исо, Юҳаннони юпатиш мақсадида унга Ўзининг меҳрибон қўлларини қўяди.Эҳтимол, Юҳаннога бу тегиниш Исонинг суратидан кўра кўпроқ таниш бўлган. Исо қўлини қўйганидан кейин, Юҳаннога қуйидагини буюради: «Қўрқма». Юҳанно Исонинг ҳузурида эди ва шунинг учун ҳам унинг қўрқувига сабаб йўқ эди. Исо Юҳаннога Ўзининг учта унвони ҳақида айтиб ўтмоқда ва Исо Юҳаннога айнан Ўзи ҳақида гапираётганлиги яққол маълум.
1) Исо Биринчи ва Охири, абадийлик Худоси, ўтмишда ҳам, келажакда ҳам барқарорликнинг Хўжайинидир.
2) Исо барҳаёт, ўлган эди ва мана, яна тирикдир. У ўликларнинг тирилиши ҳақидаги гувохликка эга; У тирик ва ҳеч қачон ўлмагай. Исонинг ўлим ва гуноҳ устидан қозонган ғалабаси абадийдир. У яна бир бор ўлиш учун тирилган эмас.
3) Исода ўлимнинг ва ўликлар диёрининг калити мавжуддир. Баъзилар шайтонни дўзаҳнинг ҳукмдори деб аташади. Кўпчилик, шайтонда ҳаёт ва ўлим масалаларини ечиш учун қудрат ва ҳокимият бор деб уйлашади. Шубҳасиз, бундай фикр юритадиганлар адашмоқда, чунки ўлим ва ўликлар диёрининг калити фақат Исо Масиҳда бордир. Исо уларни ҳеч қачон шайтонга бермаслигига шубҳаланмасак ҳам бўлади.
4. 19-20 оятлар. яна бир бор ёзиш буйруғи ва тушунтурув.
«Шундай экан, сен олдин кўрганларингни, ҳозир кўраётганларингни ва бундан кейин кўрадиганларингнинг ҳаммасини ёзиб бор. Сен ўнг қўлимда кўрган еттита юлдуз ва еттита олтин чироқпоянинг сирига келсак, етти юлдуз — етти жамоатнинг фаришталарини, етти чироқ- поя эса етти жамоатни билдиради»
а. Шундай экан, ҳаммасини ёзиб бор. Юҳаннога иккинчи маротаба ёзиб бориш буйруғи берилмоқда ва бу сафар биз, Ваҳий китобини тушунишимизга ёрдам берадиган тузилмани кўришимиз мумкин. Юҳанно, ўтмишга, ҳозирги кунга ва келажакка оид бўлган нарсаларни (уларнинг вақт муддатида) ёзиб бориши керак эди.
1) «Олдин кўрганларингни» дегани, Исо Юҳаннога ҳозир кўриб турганларингни – аниқроғи Унинг, самовий тимсолинининг улуғвор кўринишини тасвирлаб ёзиб бор деганини англатади.
2) «Ҳозир кўраётганларингни» дегани эса, ўша пайтнинг ўзида бўлаётган нарсаларни – аниқроғи Асиядаги етти жамоатга тегишли нарсаларни ёзиб бор деганини англатади.
3) «Бундан кейин кўрадиганларингни» дегани бўлса, Исо, Юҳаннога етти жамоатга оид мурожаатдан кейин содир бўлиши керак бўлган – аниқроғи охир замонда содир бўлиши керак бўлган ҳодисалар ҳақида ёзиб бор, деганини англатади.
б. Ваҳий китоби уч қисмга бўлинади:
·Бундан кейин кўрадиганларингни : Ваҳий 4-22 бобгача.
в. «Етти юлдуз етти жамоатнинг фаришталарини, етти чироқпоя эса етти жамоатни билдиради».Исо ғамхурлик билан Юҳаннога унинг кўрганларини тушунтириб бермоқда. Исо қўлида тутиб турган юлдузлар, етти жамоатнинг фаришталарини, чироқпоялар эса етти жамоатни англатади.
1) Нима учун ҳарбир жамоат ўз фариштаси билан тасвирланган ва нима учун Исо уларни Ўз қўлида ушлаб турибди? Баъзилар ушбу фаришталар бу ўша жамоатларниниг чўпонлари деб ҳисоблашади. Бу ғоя асосан«фаришта» деб таржима қилинган юнон тилидаги «аггелос» сўзининг том маънода тушунилиши билан боғлиқ бўлиб, «аггелос» сўзи «элчи» деган маънони англатади; шубҳасиз, чўпонлар жамоатларга нисбатан элчи вазифасини бажаришади. Бошқалар эса бу фаришталар, ҳар бир жамоатга бириктирилган қўриқчи фаришталар дебҳисоблашади. Баъзилар эса «фаришта» сўзи ҳақиқий фаришталарнинг ўзини эмас, Ваҳийдаги ҳар бир жамоатнинг «ҳукмронлик руҳини» англатади деб ҳисоблашади. Ҳар ҳолда шу нарсани аниқ биламизки, ушбу фаришталар ҳар бир жамоатнинг вакиллари ҳисобланади.
2) Адам Кларк – жамоатларнинг фаришталари бу ўша жамоатларнинг чў- понларини англатади деб ҳисоблайдиганлардан бири. «Ушбу парчадаги «жамоат фариштаси», яҳудийлар орасида жамоат вакили деб аталгансинагога хизматчисининг тавсифига тўлиқ мос келади; хизматчи синагогада Каломни ўқиш, ибодат қилиш ва таълим бериш билан шуғулланган» (Адам Кларк).
3) Фаришталарнинг қаерда жойлашганлигига эътибор бериш ғоят муҳимдир, улар Исонинг Ўнг Қўлида. Бу куч ва хавфсизлик масканидир. Ҳаттоки «муаммоли жамоатлар» ҳам Исонинг ўнг Қўлидадир, уларнинг тавсифини биз кейинги бобларда кўриб чиқамиз.
г. Бу ғоятда таъсирчан ваҳий бўлиб, кўпчилик инсонлар уларнинг ҳам ҳаётида шунга ўхшаш ҳодиса юз беришини орзу қиладилар, бироқ биз, Юҳанно кўрган ўша Исони биламиз. Биз Унинг поклигини, Унинг абадий донолигини, Унинг қатъий ҳукмини, Унинг ғалабасини, Унинг ҳокимиятини ва Унинг куч-қудратини англаб етишимиз мумкин. Унинг ушбу жиҳатларининг ҳар бирини биз шахсан англаб етишимиз мумкин.
1) Юҳанно кўрган ҳайратланарли ваҳий устида фикр юрита туриб, биз унинг ўша пайтда қаерда бўлганлигини ёдда тутишимиз муҳимдир; у Патмос оролида, сургунликда бўлган. Кўпинча Исо билан боғлиқ бўлган чуқур, шахсий тажрибамиз, азоб- уқубатлар ва синовлар билан боғлиқ. Юҳанно ҳам, Стефан ҳам (Ҳаворийлар 7:54-60) айнан Исо номи туфайли азоб чекиш натижасида, Исони Унинг улуғворлигида янада ёрқинроқ кўришган. «Ёвузларнинг ғазаби муқаддас инсонлар юрагини яралайди, аммо шу билан бир қаторда уларни Худога хуш келадиган қарор қабул қилишга яқинлаштиради» (Джозеф Сисс).
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]