Ваҳий, 17 боб.
Диний Бобилнинг қулаши
А. Бобил тушунчаси.
1. Ваҳий 16:16 ва 14:8 оятларда Бобилнинг қулаши хақида айтиб ўтилган эди. 17- ва 18- бобларда эса бу ходиса батафсил, барча тафсилотлари билан бирга тасвирлаб берилган.
2. Бобил хақида Каломда 287 марта, Қуддусни ҳисобга олмаганда бошқа шаҳарларга нисбатан энг кўп маротаба эслатиб ўтилган.
а. Бобил шаҳри хақиқатдан ҳам мавжуд бўлган бўлиб, Фурот дарёсида жойлашган бўлган. Ибтидо 11:1-10 оятларда, Нуҳ давридаги “тўфондан кейин Бобил шаҳри Худога нисбатан уюшган душманликни намойиш этаётган тараққиёт марказига айланган” (Тенни).
б. Кейинчалик Бобил, Яҳудони шафқатсизларча қул қилган империянинг пойтахтига айланади. “Улар (яъни яхудийлар) учун Бобил ёвузликнинг энг юқори чўққиси, шафқатсизликнинг мужассамлашганлиги, Худо халқининг душмани, гуноҳнинг, танавий эҳтиросларнинг ва очкўзликнинг абадий тимсоли бўлган” (Тенни).
в. Эски Аҳд билан таниш бўлганлар учун “Бобил” номи уюшган бутпарастлик, куфр ва Худованд халқини таъқиб қилувчи деган тушунчалар билан боғлиқ.
1) “Юҳанно даврида Рим, масиҳийлик эътиқодига нисбатан бўлган қарама қаршиликни ифодалаган” (Маунс). Маълум бир маънода Рим шаҳри Бобилдаги муносабатларни ўзида ёрқин намоён қилган десак муболаға бўлмайди. Агар ҳозирда бизларга замонавий шаҳарлар орасида, қадриятларнинг дунёвий тизимини кўпроқ ўзида акс эттирган шаҳарни танлаш тўғри келганида эди, эҳтимол, Лос Анжелес бизнинг Бобилимиз десак тўғри бўлган бўлар эди.
3. Бобил тушунчаси, Ваҳийнинг 17 – 18 бобларидаги тасвиридан ва Дажжолнинг хукмронлиги тавсифи доирасидан ташқарига чиқадиган чуқур тушунча ҳисобланади. Юҳанно даврида (Рим тимсолида) Бобил ўз аксини топган бўлса, ҳозирги кунда ва бутун инсоният тарихи давомида Бобил «дунёвий тузум» сифатида машҳур бўлган. Бироқ, Дажжол ҳукмронлиги даврида Бобил (ҳам диний жиҳатдан, ҳам иқтисодий жиҳатдан) бутун Ер юзи устидан ҳукмронлик қилади, у ҳали ҳеч қачон бундай ҳукмронлик қилмаган.
Б. Буюк фоҳишанинг (диний Бобилнинг) тасвири.
1. 1-2 оятлар. Тасвир фаришта орқали берилмоқда.
“Еттита косани тутган етти фариштадан бири келиб, менга шундай деди: “Бу ёққа кел, мен сенга машҳур фоҳишанинг оладиган жазосини кўрсатаман. Фоҳиша тимсолидаги бу буюк шаҳар сероб сувлар бўйида жойлашган. Ер юзининг шоҳлари у билан зино қиларди, ер юзида яшаётганлар унинг фаҳшу зино шаробидан ичиб, маст бўлишарди”.
а. “мен сенга машҳур фоҳишанинг оладиган жазосини кўрсатаман”. Унинг жазоси азалдан белгиланган. Бобилни келажакда нима кутаётганлигига ҳеч қандай шубха йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
1) Бобил диний тизим сифатида масиҳийлик пайдо бўлишидан анча олдин вужудга келган, бироқ, у ҳам Нажоткорнинг бузуқ, шайтоний тақлидида келишини кутган. Диний анъаналар ва афсоналарга кўра, Бобил дини Нуҳнинг эвараси, Нимроднинг хотини Семирамида томонидан асосланган. У бутпарастликнинг олий руҳонийси бўлган бўлиб, айтишича мўжизавий тарзда хомиладор бўлиб ўғил туғган. Ўғлининг номи Таммуз бўлган, уни қутқарувчи деб ҳисоблашган. Кўпгина қадимий топилмалар шу мавзуга оид таниш ифодаларни ўзида акс эттирган: она Семирамида; ўз қўлида қутқарувчи – чақалоқни ушлаб турганлиги ҳақидаги тасвир, кўп маротаба ўша қадимий топилмаларда ифодаланган; буларнинг барчаси масиҳийликдан олдин бўлган. Бундан ташқари, афсоналарга қараганда, Таммуз ёввойи ҳайвон томонидан ўлдирилган, кейин эса мўжизавий тарзда ҳаётга қайтган.Канъонликлар унга Баал деб ном беришган.
2) Муқаддас Каломда, Бобилнинг классик диний анъаналарининг баъзи бир жиҳатлари ҳақида эслатмаларни учратишимиз мумкин:
·Хизқиёл, Таммуз учун йиғлаш маросимига қаршилик қилмоқда (Хизқиёл 8:14);
·Еремиё, само қироличасига атаб “нон ёпиш” (Еремиё 7:18) ва “шароб назрини келтириш” (Еремиё 44:17-19, 25) каби маъжозий амалиётлар ҳақида эслатиб ўтган.
б. “сероб сувлар бўйида жойлашган”. Бу оятда “сероб сувлар бўйида жойлашган” Бобилни кўряпмиз. Бу нарса унинг кўп халқлар устидан хукмрон эканлигини кўрсатмоқда (Вахий 17:15). У универсал, халқаро хусусиятга эга.
1) Бу барча сохта, бутпараст динларнинг хақиқатдан юз ўгирган католик ва протестантизм вакиллари билан бирлашуви ва шунингдек қолган бошқа барча жаҳон динларининг йиғиндисидир.
2) «Бу аёл Буюк қайғу даврида Ер юзида ҳукмронлик қиладиган сохта диннинг тимсолидир» (Хокинг). Кўпчилик бу машҳур фоҳишани Рим католик черкови билан боғлашни маъқул кўради, бироқ, сохта диндорлик фақатгина битта жамоат билан чекланиб қолмаган.
3) “Шу нарсани тан олиб айтиш керакки, бу ерда Рим ва унинг тузумисиз бўлмаган; бироқ, Рим ушбу оятда сўз юритилаётган ягона жой ва Буюк Бобилнинг беҳосдан бирданига қулаши – бу Рим империясининг ёки Рим шахрининг вайрон бўлиши, деган фикрга қўшилиб бўлмайди” (Сисс).
в. “ер юзида яшаётганлар унинг фаҳшу зино шаробидан ичиб, маст бўлишарди”. Диний Бобил подшохларни ҳам оддий одамларни ҳам заҳарлайди. Карл Маркс, “дин – халқ учун гиёхванд” деб айтганида қисман ҳақ бўлган. У фақатгина қисман ҳақ бўлган, чунки қуруқ дин ростдан ҳам кўпчилик инсонлар учун гиёхванд моддасидай.
г. “фаҳшу зино шаробидан ичиб, маст бўлишарди”. Муқаддас Каломнинг бошидан охиригача зино ғояси бутпарастлик билан чамбарчас боғлик. Бу барчага маълум диний тузум бўлганлиги сабаб, аҳлоқий нопоклигига қарамай, жозибадор ва руҳан юксак бўлиб кўриниши мумкин.
2. 3 – 6 оятлар Юҳаннонинг кўрганлари.
“Муқаддас Руҳ мени қамраб олди, фаришта мени чўлга олиб борди. У ерда мен қип–қизил махлуқ устида ўтирган бир аёлни кўрдим. Махлуқнинг ҳамма ёғига куфрона номлар ёзилганди, унинг еттита боши ва ўнта шохи бор эди. Аёл сафсар ва қип–қизил либослар кийган, олтин, жавоҳир ва марваридлар билан безанганди. Унинг қўлида олтин коса бор эди, бу коса жирканчли нарсаларга, фаҳшу ҳаромликларга тўлиб–тошган эди. Аёлнинг пешанасига сирли маънога эга бўлган шундай бир исм ёзилганди: “Буюк Бобил — фоҳишаларнинг ва ер юзидаги жирканч ишларнинг онасидир.”Мен аёлнинг Худо азизлари қонидан, яъни Исо шоҳидлари қонидан маст бўлганини кўрдим. Уни кўриб, ғоят даражада ҳайрон қолдим”.
а. “фаришта мени чўлга олиб борди”. Фаришта Юҳаннони чўлга олиб борди; бу кимсасиз жой – хукм кўриниши учун энг мос саҳна.
б. “қип–қизил махлуқ устида ўтирган”. Фоҳиша, Ваҳийнинг 13:1 оятида биз кўрган ўша махлуқнинг устида ўтирибди (етти бошли ва ўнта шохли). Бу Дажжол ҳамда унинг ҳукумати.
1) “Унинг махлуқнинг устида ўтирганлиги бир томондан, махлуқнинг сиёсий ҳокимияти уни қўллаб қувватлаётганлигини билдирса, бошқа томондан, устувор рол ва маҳлуқ устидан бўлган ташқи назорат ва бошқарув айнан аёлга тегишли эканлигини кўрсатади” (Уолвурд).
2) Худованднинг нуқтаи назарида аёлнинг куфр ва аждарҳога тегишли маҳлуқ билан бўлган боғлиқлиги очиқ ойдин кўриниб турибди. Шунга қарамай Ер юзидаги халқларнинг назарида у жуда диндор бўлиб кўринади ва барчага ҳамда шахсан ҳар бир инсонга тўғри келадиган “иймонни” таклиф этади.
в. Аёлининг кийимидаги ҳашамат белгилари (сафсар… олтин, жавоҳир ва марваридлар билан безанганди) ҳамда ҳокимиятга мансублик белгилари (қип–қизил либослар кийган) мавжуд. Бироқ, ушбу ажойиб ва ҳашаматли томоша дан ташқари, бу аёл бутпарастликда (жирканчли нарсаларга) ва нопокликда (фаҳшу ҳаромликларга) иштирок этишни ҳам таклиф қилмоқда.
1) Сафсар (тўқ бинафша ранг) ва қип–қизил (тўқ қизил ранг) ранглар ҳар доим улуғворлик ва ҳашамат ранглари бўлган. Матоларни бўяшда ишлатиладиган ушбу рангдаги бўёқлар жуда камёб бўлган.
2) “Жамоатнинг бутун тарихи давомида шу нарсани кўришимиз мумкинки, энг ҳалокатли белги, жамоат хизматкорларининг бузуқлиги ва сотилганлигининг нишонаси, бу уларнинг дунёвий, вақтинчалик хокимиятга бўлган иштиёқи бўлиб келган ” (Барнхаус). Тўқ бинафша ва тўқ қизил ранглар ҳар доим, турли соҳалардаги – сиёсий ё иқтисодий соҳалардаги ҳукмдорларнинг ранги бўлиб келган.
г. “аёлнинг пешанасига бир исм ёзилганди”. Фоҳишанинг пешанасига ёзилган ном кўп нарса ҳақида гапиради. Римдаги фоҳишалар пешаналарига исмлари ёзилган тасмани боғлаб юришган.
1) “Ўзининг улуғворлиги ва ҳашаматига қарамай, у шунчаки бир фоҳиша” (Джонсон).
2) Ваҳийнинг 12 бобидаги (Исроилни, Худонинг халқини англатувчи)аёл билан (бутпарастлик ва сохта динни англатадиган)бу аёлнинг ўртасидаги фарқ жуда катта.
Хусусиятлар | Ваҳийнинг 12 бобидаги аёл | Ваҳийнинг 17 бобидаги аёл |
Оналар | Эркак жинсли чақалоқнинг онаси | Барча фоҳишаларнинг онаси |
Қиммат кийимларда | Самовий шон шуҳрат | Ердаги ҳашамат |
Нуфузли | Осмондаги ой оёқлари остида | Ер юзи шоҳлари устида |
Азоб чекмоқдалар | Иблиснинг ҳужумларидан | Ердаги шоҳларнинг ҳужумларидан |
3) “Шу тарзда бир бири билан боғланган бу икки аёл, аслида бир бирига мутлақо зиддир, шунинг учун ҳам биз уларни шу нарсадан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқишимиз лозим. Дажжол ўзида Масиҳнинг тўлиқ қарама қаршилиниги акс эттиргани сингари, Буюк Бобил бўлмиш бу аёл ҳам, ўғил фарзанд туғган аёлнинг тўлиқ қарама қаршилигини (унинг рақиби эканлигини)” ўзида акс эттиради (Сисс).
д. “Буюк Бобил”. Бу ном Бобил шаҳрига эмас, бутпарастлик (жирканчли нарсалар) ва руҳий зинонинг (фоҳишалар) манбаъи бўлмиш унинг руҳий тимсолига тегишли.
1) Бу фоҳиша диний институтнинг ҳар қандай бўлимидан юқорироқ ҳисобланса керак. У шайтоннинг экуменик ҳаракатини яъни дунёнинг диний тизимини ўзида мужассамлаштиргандир.
2) “Нимага ишонишингни фарқи йўқ, иймонинг бўлса бўлди” деган фалсафа билан яшаётган бизнинг дунёимиз, ушбу фоҳишанинг васвасаларига берилишга аллаққачон тайёр бўлган. Ҳар хил жойларда аста секинлик билан ҳақиқатга нисбатан ҳурматсиз муносабатлар жамоатлар ичига кириб бораётганлигини кўриб турибмиз.
е. “аёлнинг Худо азизлари қонидан, яъни Исо шоҳидлари қонидан маст бўлганини кўрдим”. Аёл шунчаки Худо азизларини таъқиб қилибгина қўймай, уларга уюштирилаётган қувғинлардан, ароқхўр шаробдан роҳатланганидек, роҳатланмоқда.
ж. “уни кўриб, ғоят даражада ҳайрон қолдим”. Нима учун Юҳанно ғоятда ҳайрон қолган? Чунки бу бутпарастлар томонидан уюштирилган қувғин эмас (бундай қувғинлар унинг ўзига ҳам жуда таниш бўлган), бу диний таъқиб ва диний ёлғондир. Бу, азизларнинг қонига ташна сохта жамоатдир. “Ёлғон дин ҳар доим ҳақиқий диннинг энг ёвуз душмани бўлган ва шундай бўлиб қолаверади” (Уолвурд).
1) Биз шу нарсани доимо ёдимизда сақлашимиз керак – ҳақиқий масиҳийларга қарши уюштирилган энг шафқатсиз қувғинлардан бири, жамоат номидан амалга оширилган. 1555 ва 1558 йиллар орасида, инглиз қироличаси Мэри ҳукмронлиги даврида (у католик бўлиб, уни қонхўр Мэрри деб ҳам аташган), 288 тага яқин масиҳийлар шармандалик устунида ўз иймонлари сабаб ёндирилганлар. Уларнинг ичида энг биринчиси Джон Роджерс исмли инсон бўлган ва у устунга бойланиб, олов тиззасидан елкасигача етиб келган чоғида қўлларини гўё салқингина сувда юваётгандек оловда ювиб, уларни осмонга кўтарган ва олов уни ютиб юбормагунига қадар шу ҳолатда тураверган. Роджерс шармандалик устинига шу қадар хотиржамлик ва ҳурмат билан кўтарилганки, ушбу жазонинг гувоҳи бўлган франсуз элчиси шундай деб ёзган: “У ўлимга, гуёки ўзининг тўй маросимига бораётгандек юриб борди”. Унинг жасорати шу даражада намоён бўлганки, томошабин оломон гулдурос қарсак чалиб юборган.
В. Буюк фоҳиша тимсолининг тушунтирилиши.
1. 7-оят. Фаришта Юҳаннога бу фоҳиша кимлигини тушунтириб беришини айтмоқда.
“Фаришта менга деди: “Нега ҳайрон бўласан? Мен сенга аёлнинг ва у минган етти бошли, ўн шохли махлуқнинг сирини айтиб бераман”.
а. “мен сенга аёлнинг ва у минган махлуқнинг сирини айтиб бераман”. Маҳлуқ тушунтирувнинг марказидаги асосий шахсга айланмоқда. Четдан қараганда аёл Дажжолнинг тузумини бошқараётгандек кўриниши мумкин (“махлуқни минган”), лекин хамма нарсани ҳаракатга келтираётган куч бу махлуқнинг ўзи ва у аёлни, золимлар ўз мақсадларига етишиш учун қурол сифатида динни ишлатганларидай, ишлатмоқда.
2. 8 -оят. Аёлни ўз устида олиб юрган махлуқ билан, Ваҳийнинг 13 бобидаги махлуқ орасидаги яққол ўхшашлик.
“Сен кўрган бу махлуқ қачонлардир бор эди, энди эса йўқ. У кўп ўтмай тубсиз чуқурликдан чиқади ва маҳв этилади. Дунё яратилишидан олдин исмлари ҳаёт китобига ёзилмаган ер юзидаги ҳамма одамлар махлуқни кўриб, ҳайрон қоладилар. Чунки бу махлуқ бор эди, ҳозир йўқ, аммо яна келади”.
3. 9– оят. Махлуқ билан боғлиқ еттита тепалик.
“Буларни англамоқ учун ақлу идрок даркор. Махлуқнинг етти боши — аёл ўтирган еттита тепаликнинг тимсолидир”.
а. “етти боши — еттита тепаликнинг тимсолидир”.Кўпчилик инсонлар Рим “етти тепалик устида” жойлашганлиги сабаб, етти тепалик тимсолини Рим ва ундаги папалик бошқаруви билан боғлашга шошилишади. Шунга қарамай ушбу оятда ишлатилган юнонча сўз “тоғлар” деган маънони англатади “тепалик” деган маънони эмас.
1) Кўпгина Калом шарҳловчилари, айниқса Ваҳий китобида ёзилган барча нарсалар тарих давомида амалга ошиб бўлганлигига ишонадиган шарҳловчилар, “етти тепалик” деган жумла шубҳасиз Рим билан боғлиқ деб ҳисоблашади. Бундай талқиннинг энг яхши мисоли Кларкнинг изоҳларидир. Мана у нима деб ёзган: “Ушбу оятни деярли ҳамма жойда, Рим дастлаб қурилган етти теппаликни назарда тутувчи оят сифатида кўриб чиқиш қабул қилинган”.
2) Бироқ Муқаддас Каломда тоғлар баъзан шунчаки нутқ шакли бўлиб, хукуматларни, давлатларни англатади (масалан, Дониёр 2:35), Рим шаҳри эса тоғларда эмас, тепаликларда қурилган.
б. Этти тоғ тимсолини, Ваҳий 17:10 оятда тасвирланган еттита подшоҳ ва етти салтанатнинг тимсоли сифатида кўриб чиқиш тўғрироқ бўлади. Кўпчилик диний Бобил билан Римдаги католик жамоати орасидаги боғлиқлик шубҳасиз деб ҳисоблашади, аммо бундай ёндашув ўзининг камчиликларига эга: диний Бобилда католикликнинг жуда кучли унсурлари бўлишига хеч қандай шубҳа йўқ, бироқ ўшанда шаклланадиган диннинг ўзи, Католик Жамоатидан кўра анча кенгроқ бўлади.
1) Агар Рим Папаси Иоанн Павел 2 – нинг бошқа масиҳийликка зид динлар билан бўлган ғалати муносабатини ҳисобга оладиган бўлсак, Католик Жамоатининг, ягона дунёвий дин билан ўсиб бораётган ҳамкорлигининг аломатлари кундай равшан бўлиб қолади.
2) “Умумий ибодат йиғини”да Иоанн Павел 2, масиҳийлар, мусулмонлар, яҳудийлар, буддистлар ва бошқа дин вакилларига юзланган ҳолда, уларнинг “саъй – ҳаракатлари дунёимизнинг чуқур руҳий кучларини озодликка чиқариб, янги тинж муҳит яратаётганлигини” айтиб ўтган.Папа йиғинда ўтирганларга, Католик Жамоати экуменик ва динлараро ҳамкорлик ғоясига қўшилишини ва уни тарғиб қилиш нияти борлигини таъкидлаб ўтган.
3) Ушбу сўзларга жавоб тарзида “католикнинг нигоҳи” номли газетада қуйидаги изоҳ пайдо бўлган: “Олий ҳазратлари бўлмиш Рим Папаси Иоанн Павел 2 томонидан айтилган ва Олий ҳазратлари бўлмиш Далай Лама томонидан маъқулланган диний бирлашувга ҳозирнинг ўзидаёқ эришиб бўлмайди, бироқ кун келиб, Будда ва Масиҳ томонидан ишонч билан тарғиб қилинган севги ва ҳамдардлик, инсониятни маъносиз ҳалокатдан қутқариб, барчани хаммамиз интиладиган ўша нур томон етаклайдиган ягона туртки атрофида бирлаштира олар балки”.
4. 10– оят. Еттита подшоҳ ва шоҳлик.
“Бу етти бош еттита ҳукмдорни ҳам билдиради. Буларнинг бештаси қулаган, биттаси ҳозир ҳукмронлик қиляпти, бошқаси эса ҳали келгани йўқ. У келганда ҳам кўп вақт турмайди”.
а. “бештаси қулаган, биттаси ҳозир ҳукмронлик қиляпти, бошқаси эса ҳали келгани йўқ”. Бу Ваҳий китобидаги энг қийин оятлардан бири. Бештаси қулаган биттаси ҳозир ҳукмронлик қиляпти, бошқаси эса ҳали келгани йўқ деб тасвирланган етти ҳукмдор тимсолини, баъзилар Юҳанно давридаги Рим императорларининг кетма кетлиги деб ҳисоблашади, аммо бундай ёндашув пайтида кўпгина қийинчиликлар вужудга келади.
б. “бештаси қулаган” – Юҳанно яшаган давргача мавжуд бўлган бешта бутун жаҳон империялар: Миср империяси, Оссурия, Бобил империяси, Мидия ва Форс империяси ҳамда Юнон империяси.“Биттаси” – Юҳанно яшаган даврда ҳукмронлик қилган империя – Рим империяси.“Бошқаси эса ҳали келгани йўқ”– яқинлашиб келаётган бутун жаҳон империяси, яъни қайта тикланадиган Рим империяси.
в. “у келганда ҳам кўп вақт турмайди”. Еттинчиси саккизинчиси томонидан тезда ютиб юборилади ва Дажжолнинг ҳукуматига айланади (Ваҳий 17:11).
1) Бундай нуқтаи назар ҳам маълум бир қийинчиликларга эга (баъзи бирлар еттинчи подшоҳга тимсол сифатида қарашни маъқул кўради). Нима ҳам дер эдик, бу оят оддий оятлардан эмас!
5. 11– оят. Шубҳасиз саккизинчи ҳукмдор бу Маҳлуқ (Дажжол).
“Илгари бор, ҳозир йўқ махлуқ эса еттита ҳукмдордан бири бўла туриб, саккизинчи ҳукмдор сифатида қайтиб келади ва маҳв этилади”.
а. “саккизинчи ҳукмдор”. Дарҳақиқат, маълум бир маънода саккизинчи ҳукмдор, “етти ҳукмдорлардан” бири, чунки унда ҳам, ундан олдинги ўша еттита ҳукмдорга ҳос ҳислатлар мавжуд, аммо унинг тақдири белгиланган. “Маҳв этилиш” ҳалокатга учраш демакдир, шундай экан маҳлуқ йўқ қилингай.
6. 12 – 15 оятлар Дажжолнинг иттифоқчилари, ўнта бўлажак ҳукмдорлар.
“Сен кўрган махлуқнинг ўнта шохи ҳали тахтга ўтирмаган бошқа ўнта ҳукмдорни билдиради. Улар қисқа вақт давомида махлуқ билан бирга ҳукмронлик қиладилар. Бу ҳукмдорлар бирлашиб, ўзларининг қудрати ва ҳокимиятини махлуққа топширадилар. Улар Қўзига қарши жанг қиладилар. Аммо Қўзи Ўзининг даъват этилган, танланган ва содиқ издошлари билан уларни енгади. Ахир, Қўзи ҳукмдорларнинг Ҳукмдори, шоҳларнинг Шоҳидир.”Фаришта менга яна шундай деди: “Сен фоҳишанинг сувлар бўйида ўтирга нини кўрдинг. Бу сувлар тўда–тўда элатларни, халқлару миллатларни билдиради”.
а. “ҳали тахтга ўтирмаган бошқа ўнта ҳукмдор”. Эҳтимол сўз, ўнта миллат бирлашуви ҳақида сўз юритилаётгандир (Дониёр 2:24-45 оятларда тасвирланган ҳайкал оёғидаги ўнта бармоқ каби), бироқ баъзилар ўн рақами тимсолий маънода ишлатилган деб ҳисоблашади.
1) “Бу ўнта шоҳлик тўртинчи буюк шоҳликдан келиб чиқади: булар ўнта Европа ҳукмдорлари бўлиб, улар охирзамонда Дажжол билан иттифоқ тузиб, унинг хокимиятига бўйсунган ҳолда, Масиҳга қарши жанг олиб борадилар. Бироқ, оятда кўрсатилганидек, улар ҳали маълум бир шаклга ва вақтга эга бўлганлари йўқ… Улар айтиб ўтилган ҳолатга эга бўлишлари учун Европада қандай ўзгаришлар содир бўлиши кераклигини айтиш жуда қийин” (Алфорд, 1866йил).
б. Кўпчилик инсонлар, ушбу башоратнинг тўлақонли амалга ошганлигининг белгиси Европа иқтисодий иттифоқи (ЕИИ) деб ҳисоблашади. Шундай бўлиши ҳам мумкин, аммо бугунги кунда ушбу иттифоқга ўндан юқори давлатлар аъзо бўлган бўлиб, яна кўпчилик давлатлар аъзо бўлиш арафасида.
1) ЕИИ нинг ўзини Рим империяси меросхўри деб эълон қилиши баъзи бир шубҳаларни туғдиради. ЕИИ 1957 йилда, европадаги олтита давлат ҳукмдорлари, ўзларининг ядровий, ёқилғи ва иқтисодий ресурсларини бирлаштиришни муҳокама килиш учун учрашганларида асосланган эди. Учрашув Римда бўлиб ўтган бўлиб, ўша учрашувда улар Рим шартномасига қўл қўйишган эди ва шу тарзда бу гунги кунда мавжуд бўлган иттифоқни бошлаб беришди. Кўпгина Европа давлатларида Европа иттифоқининг байроғи, давлатнинг шахсий миллий байроғи сингари машҳур. Руҳий соҳага келадиган бўлсак, Евро тангасининг тескари томонида махлуқнинг устида ўтирган аёл тасвирланганлигига хайратланмасак ҳам бўлади.
2) Биз бугун ҳам 1866 йилда: “бироқ, оятда кўрсатилганидек, улар ҳали маълум бир шаклга ва вақтга эга бўлганлари йўқ… Улар айтиб ўтилган холатга эга бўлишлари учун Европада қандай ўзгаришлар содир бўлиши кераклигини айтиш жуда қийин” деб ёзган Алфорднинг гапларига қўшилсак бўлади. Лекин бу ўзгаришлар албатта содир бўлади ва халқаро миллатлар иттифоқи ўзларини Рим нинг меросхўри деб эълон қилиш учун тикланадилар.
в. “Бу ҳукмдорлар бирлашиб, ўзларининг қудрати ва ҳокимиятини махлуққа топширадилар”. Улар ким бўлишларидан катъий назар, уларнинг қилаётган ишлари қанақа эканлиги кўриниб турибди. Улар, олитчи ва еттинчи ҳукм косаларини муҳокама қилганимизда айтиб ўтган Масиҳга қарши бўладиган жангда Дажжол билан бирлашмоқдалар (Ваҳий 16: 12-21).
г. Фоҳиша инсонлар, халқлар, элатлар устидан ҳукмронлик қилмоқда. Бу ерда аёл махлуқ билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам дунёда машҳур эканлиги ҳақида айтилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам бу ягона, умумжаҳон дини бўлади.
д. Фоҳиша тимсолининг талқин қилиниши, унинг махлуқ хамда махлуқнинг ҳукумати билан бўлган боғлиқлигига қаратилган. Агар бу нарса сиз учун ақлга сиғмас бўлиб кўринаётган бўлса, соҳта масиҳийлик дини ўз тарихи давомида кўп маротаба золим ҳукмдорларнинг итоаткор қули ва уларнинг таянчиғи бўлиб келганлигини ёдга олинг.
Г. Буюк фоҳишанинг ҳукмланиши.
1. 16- оят Дажжолнинг иттифоқчилари буюк фоҳишага қарши.
“Сен кўрган ўнта шох ва махлуқ фоҳишадан нафратланадилар. Уни хонавайрон қилиб, яланғоч қолдирадилар. Унинг этини ейдилар, қолдиқларини эса оловда ёндирадилар”.
а. “фоҳишадан нафратланадилар. Уни хонавайрон қилиб, яланғоч қолдирадилар. Унинг этини ейдилар, қолдиқларини эса оловда ёндирадилар”. Бу даҳшатли зўравонлик ҳаракати, Қайғу даврининг ўртасида содир бўладиганга ўхшайди. Ўша пайтга келиб соҳта дин, махлуқнинг ҳақиқий табиатини англаб етади.
1) Охир оқибат Дажжол ўзидан ташқари яна бошқа бировга бўлган саждани қабул қилмайдиган даражага етиб боради: “Раббимиз келибди деган гаплар бошингизни айлантирмасин, сизларни хавотирга солмасин. Эҳтимол, бундай гаплар башорат орқали, бирор хабар ёки худди биз ёзган хатга ўхшаш бир хат орқали келиб чиққандир. Ҳеч ким сизларни ҳеч қандай усул билан алдамасин. Кўпчилик Худога қарши бош кўтармагунча ва қабиҳ одам келмагунча, ўша кун келмайди. Ўша одам ҳалокатга маҳкум қилинган. У ҳар қандай “худо” деб аталган ва сажда қилинган нарсага қарши чиқиб, ўзини улардан устун қўяди. Ҳаттоки, Худонинг Маъбадида ўтириб олиб, ўзини худо деб атайди.” (2– Салоникаликлар 2:3-4).
б. Дажжол ўз қудратининг чўққисига чиққанида, унга диний Бобилнинг ёрдами бошқа керак бўлмайди. Ўшанда Дажжол бутун кучини уни ҳалок қилишга ва унинг умумжаҳоний бўлган динини йўқ қилишга йўналтиради.
1) Барча зулмкорлар худди шундай йўл тутишган (ҳозирги кунда сиёсатчилар ҳам шундай қилишмоқда): динни ўз мақсадлари йўлида ишлатиб, сўнгра ундан қутилганлар.
2. 17 оят. Худо хар доимгидай содир бўлаётган жараёнларни бошқармоқда.
“Худонинг айтган сўзлари амалга ошмагунча, ўнта ҳукмдор бирлашиб, ўз ҳокимиятини махлуққа топширадилар. Зеро, бу мақсадни уларнинг дилига Худонинг Ўзи солган”.
а. “зеро, бу мақсадни уларнинг дилига Худонинг Ўзи солган”. Худо ҳукмни диний Бобилга қарши йўналтирмоқда. Баъзан Худованд нопок инсонлар тўдасини (оятдаги ҳукмдорларга ўхшаганларни), бошқа нопок инсонлар тўдасини (айнан ушбу холатда диний Бобилга қарши) жазолашда қурол сифатида ишлатади
б. “Худонинг айтган сўзлари амалга ошмагунча, ўнта ҳукмдор бирлашиб, ўз ҳокимиятини махлуққа топширадилар”. Худованд бу шоҳларнинг Дажжолга берадиган сиёсий ёрдамини таъминлайди. Дунё нимани излаётган бўлса, Худованд унга шу нарсани: яъни бетофиқлик динини ва бетофиқ ҳукмдорларни беради.
3. 18 –оят Буюк фоҳиша Рим билан боғлиқ.
“Сен кўрган аёл — ер юзи шоҳлари устидан ҳукмронлик қиладиган буюк шаҳардир.”
а. “буюк шаҳардир.” Юҳанно даврида “ер юзи шоҳлари устидан ҳукмронлик қиладиган буюк шаҳар” кайси шаҳар бўлди, деган савол ҳеч кимда туғилмаган. Ўшанда машҳур бўлган дунёнинг иқтисодий, сиёсий ва диний пойтахти Рим бўлган.
1) Бироқ, Бобил ҳар доим ер юзи шоҳлари устидан ҳукмронлик қиладиган дунёвий тузум бўлиб келган. Энди масиҳийларга савол: “Бобил бизнинг устимиздан ҳам ҳукмронлик қилмоқдами ёки биз “самовий Қуддус”нинг фуқароларимизми? (Галатияликлар 4:26).
б. Фоҳишанинг (диний Бобилнинг) Рим билан бўлган боғлиқлиги, Рим Католик Жамоати ва диний Бобил бир нарса деган маънони англатмайди, ваҳоланки, иймондан қайтган католиклар “буюк фоҳишага” қўшилишади.
1) “Бу нарса бутпарастликда, шунингдек мусулмончиликда, папаликда ва шарқ жамоатларининг барча ёлғон католик оқимларида, атеизмда, шунингдек бизнинг протестант масиҳийлигимизга таъсир қилаётган алдамчи жозибадорликда, жуда яққол кўриниб турибди” (Сисс)
в. Аксинча, Юҳанно учун Рим, Бобилнинг яъни Худога қарши қўзғолон кўтараётган дунёнинг замонавий тимсоли бўлган. Бутпарастлик бугунги кунда ҳам кенг тарқалган, бироқ ўша замондагидек яққол намоён эмас. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган шаҳарларимиздан қайси бирини худди шундай аниқлик билан ягона дунё тизимига қиёслаш мумкин? Голливудними? Уолл-Стритними? Вашингтон ними?
© 2023 The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]