Римликлар, 16 боб.
Римдаги масиҳийларга саломлар.
А. Кўпчилик масиҳийларга саломлар.
1. 1-2 оятлар. Фивага берилган қўлланмалар.
“Мен Кенхрея шаҳридаги жамоатда хизмат қилаётган опамиз Фивани сизларга таништирай. Сизлар Худонинг азизларисиз, шунинг учун Раббимиз Исо ҳақи Фивани меҳмондўстлик билан қабул қилинглар. У нимага муҳтож бўлса, ёрдам беринглар. Зеро, у кўпларга, айниқса, менга кўп ёрдам кўрсатган”.
а. “опамиз Фивани сизларга таништирай”. Жамоатдаги хизматда аёллар қандай аҳамиятга эга эканликларини шахсан Павлуснинг ўзи жуда яхши билар эди. Кўриниб турибдики, Фива Римга бораётган бўлган (эҳтимол, ушбу қимматбаҳо мактубни унга ишониб топширгандирлар) ва Павлус римликлар Фивани қабул қилишлари ва улар шаҳарда бўлган пайтда у ҳақида ғамхўрлик қилишлари учун, Масиҳдаги ушбу опага тавсиялар бермоқда.
б. “сизларга таништирай”. Бундай тавсиялар, нафақат қонун нуқтаи назаридан ёрдам бериш жуда зарур бўлгани учун, балки кўпгина ёлғончилар масиҳийларнинг саҳийлигидан фойдаланишга ҳаракат қилишгани учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган.
в. “Фива”. Бу ном – ғайрияҳудийларнинг худоси бўлган Аполлон унвонининг аёлларга хос версияси бўлиб, “ёрқин, чароғон” деган маънони англатади. Масиҳга имон келтиргандан сўнг ҳам, масиҳийлар исмлари ғайрияҳудий маънога эга бўлсада, уни ўзгартиришнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблашган кўринади.
г. “жамоатда хизмат қилаётган”. Рус тилидаги таржимада “диаконисса” деган сўз ишлатилган бўлиб, бу сўз Муқаддас Каломнинг бошқа саҳифаларида ҳам тез-тез учраб туради. Фива жамоатдаги хизматкорлардан бири бўлган кўринади; ёки бу унинг расман тан олинган роли бўлган ёки у амалга оширган хизматнинг умумий маъносини ўзида акс эттирган.
д. “у кўпларга, айниқса, менга кўп ёрдам кўрсатган”. Павлус, эришиш мумкин бўлган энг яхши илтифотни Фивага бағишламоқда. Бундай амалий ёрдам, хушхабарнинг тарқалишида жуда катта рол ўйнайди.
2. 3-4 оятлар. Прискилла ва Акилга йўлланган саломлар.
“Прискилла ва Акилга салом айтинглар, улар мен қатори Исо Масиҳга хизмат қиляптилар. Улар менинг жонимни асраб қолиш учун ўзларини ўлим хавфи остига қўйдилар. Нафақат мен, балки ғайрияҳудийлардан иборат бўлган жамоатлар ҳам улардан миннатдорлар. Уларнинг уйида йиғиладиган жамоатга хам салом айтиб қўйинглар”.
а. “Прискилла ва Акилга”. Бу эру-хотин, Ҳаворийлар 18:2, 18, 26 бобларда Павлуснинг шериклари ва Аполлоснинг ёрдамчилари сифатида ёдга олинишган. Бу вақтга келиб, улар яна Римга қайтиб келган кўринишади.
1) Мана Сперджен улар ҳақида нима деган: “Икки севувчи қалб бирлашган ҳолда, мўжизалар яратишга қодирдир. “Прискилла ва Акил” деган номларни эшитганимизда пайдо бўладиган туйғулар, юрагимизда “Ҳанания ва Сафира” деган номларни эшитганда пайдо бўладиган туйғулардан қанчалик фарқ қилади! Иккинчи ўринда эслатиб ўтилган эру-хотин иккиюзламачилик қилишга яширинча тил бириктирган эдилар, биринчи эслатиб ўтилган эру-хотин бўлса, ўзларининг Худога бўлган самимий садоқатларида якдил эдилар”.
б. “уларнинг уйида йиғиладиган жамоатга ҳам”. Бу жумла, биринчи жамоат қандай шаклланганлигини тушунишимиз учун калит бўлиб хизмат қилади. У ёки бу шаҳардаги масиҳийларнинг сони қанчаки бўлмасин, улар уйда йиғилишган, чунки ўша пайтларда “жамоат” бинолари бўлмаган. Ҳар бир уйдаги жамоатда ўзининг “чўпони” бўлган бўлиши мумкин.
3. 5-16 оятлар. Тули хил саломлар.
“Асия вилоятидагилар орасида биринчи бўлиб Масиҳга имон келтирган азиз дўстим Эпанетусга салом айтинг. Сизлар учун кўп меҳнат қилан Марямга салом айтинглар. Биродаримиз Андроникус ва опамиз Юнияга салом айтинглар. Улар мен билан бирга ҳибсда бўлган қондошларимдир. Бу обрўли ҳаворийлар мендан олдин Масиҳга имон келтирган эдилар. Раббимиз Исо туфайли менинг азиз дўстим бўлиб қолган Амплиатусга салом айтинг. Масиҳ хизматида ҳамкоримиз бўлган Урбанус ва азиз дўстим Стахисга салом айтинг. Масиҳга содиқлигини исботлаган Апеллисга салом айтинг. Аристовулус хонадонига ҳам салом айтиб қўйинг. Қондошим Ҳиродионга салом айтинг. Наркис хонадонидаги Раббимиз Исога тегишли бўлганларга ҳам салом айтиб қўйинг. Раббимизга жону дили билан хизмат қилаётган опаларимиз Трифена билан Трифосага салом айтинглар. Раббимизга астойдил хизмат қилаётган азиз опамиз Персисага ҳам салом айтинг. Раббимизнинг танланган хизматкори Руфусга ва менга онадай бўлиб қолган унинг онасига ҳам салом айтинг. Асинкритус, Флегон, Хермес, Патровас, Хармас ва улар билан бирга бўлган биродарларга салом айтинглар. Филологус билан Юлияга, Нерус ва унинг синглисига, Олимпас ҳамда улар билан бирга бўлган барча азиз биродарларга салом айтинглар. Бир-бирингиз билан ўпишиб кўришинглар. Барча Масиҳ жамоатлари сизларга салом йўллаяптилар”.
а. “Эпанетус”. Бу инсон мактубда алоҳида қайд этилган, чунки кўриниб турганидек, бу инсон Асияда Исога имон келтирганлардан биринчиси бўлган (Павлус римликликларга мактуб йўллаган Коринф шаҳри жойлашган ҳудуд). Бундан ташқари Эпанетус Павлус учун жуда қадрли инсон бўлган, чунки Павлус “азиз дўстим” деган жумлани ҳаммага нисбатан ҳам ишлатавермаган.
б. “Андроникус ва Юния”. Мантдан кўриниб турибдики, ҳар иккалалари ҳам яҳудий бўлишган (қондошларим) ва хушхабарни тарғиб қилганликлари учун ҳибсга тушишган (мен билан бирга ҳибсда бўлган). Улар ҳаворийлар орасида (обрўли) жуда машҳур бўлишган, чунки Масиҳги Павлусдан ҳам олдин имон келтиришган (Ҳосил байрами кунидан кейин тахминан уч тўрт йил ўтгандан кейин).
1) “Обрўли ҳаворийлар” деган жумла, Андроникус ва Юния (айнан ўн икки ҳаворийлардан бўлмасада) ўзлари ҳам ҳаворийлардан бўлишганликларини ва қолган барча инсонларга жуда яхши таниш бўлганликларини англатади. Қачонлардир аёл кишини, ўн икки ҳаворий қаторига қўшиш сифатида эмас, уларни Худонинг махсус элчилари сифатида ҳаворий, деб тан олишган бўлишса, юқоридаги ушбу парча бунинг яққол далилидир. Аммо кучли далиллардан эмас.
в. “Амплиатус”. Римдаги биринчи масиҳийларнинг ғорларида, биринчи асрнинг охири ёки иккинчи асрнинг бошига тўғри келадиган қабр мавжуд. Ушбу қабрда “АМПЛИАТУС” номи ёзилган. Баъзилар, бу инсон айнан Римликлар 16:8 оятда эслатиб ўтилган инсон, деб ҳисоблашади.
г. “Аристовулус хонадонига ҳам салом айтиб қўйинг”. Аристовулуснинг ўзига эмас, унинг “хонадонига” йўлланган салом, Спердженда, Аристовулуснинг ўзи “хонадонидагилардан” фарқли ўлароқ имон келтирмаган бўлган, деган фикрларни туғдирган. Бу нарса уни имонлилар билан бир хонадонда истиқомат қилаётган имонсизлар ҳақида фикр юритишга мажбур қилган.
1) “Аристовулус, қаердасан? Эҳтимол, сени бошқача аташар, аммо ўз моҳиятингга асосан, сен бутун хонадони Худовандни англаган-у, ўзи эса юқоридан туғилмаган римликсан. Мен хотинингга ва болаларингга юзланганимда, Худованд номидан эзгу ва юпатувчи сўзларни айта оламан, аммо бу сўзлар билан шахсан сенинг ўзингга юзлана олмайман, Аристовулус! Худованд иноят мактубини сенинг қадрли фарзандингга ва азиз хотинингга йўллай олади, бироқ, сенга эмас, чунки сен Унга ўз юрагингни топширмадинг” (Сперджен).
д. “Руфус”. Бу, Марк 15:21 оятда эслатиб ўтилган Шимўн Киринеяликнинг ўғли эканлиги эҳтимоли мавжуд. Дарҳақиқат шундай ҳам бўлиши мумкин, аммо Руфус номи ўша даврда жуда кенг тарқалган исмлардан бири бўлган, шунинг учун ҳам бу ерда умуман бошқа инсон ҳақида сўз юритилаётган бўлиши ҳам мумкин.
1) “Раббимизнинг танланган хизматкори” деган жумла, Рувус Римдаги масиҳийлар орасида яхши таниш бўлганлигини кўрсатади. Бу ерда сўз унинг Исода танланганлиги ҳақида юритилаётгани йўқ.
е. “Нерус”. Милоддан аввалги 95 йилда икки машҳур римлик шахс, ўзларининг Масиҳга бўлган имонлари учун ҳукм қилинган эдилар. Ўшанда эрини қатл қилиб, хотинини шаҳарда қувиб юборишган эди. Ўша эру-хотин хонадонининг энг бош бошқарувчисинининг номи Нерус бўлган; эҳтимол, Павлус ушбу оятда айнан ўша Нерусни ёдга олаётгандир. Айнан у ўз хўжайинларига хушхабарни етказган кўринади.
ж. “Асинкритус, Флегон, Хермес, Патровас”. Павлус ўзи ёдга олаётган деярли ҳар бир биродарига, уларнинг хизматларини белгилаб ўтган ҳолда, эзгу сўзларни айтиб ўтмоқда, шу билан бир қаторда уларга нисбатан бўлган ўзининг махсус муносабатини (азиз биродарларга) ва уларнинг Худовандда бўлган садоқатларини ҳам таъкидлаб ўтмоқда (Раббимизнинг танланган хизматкори… . Масиҳга содиқлигини исботлаган).
1) Қандай ажойиб мисол! Бу мисол Павлуснинг, Худо халқини қўллаб-қувватлаш учун рағбатлантирувчи сўзларни ишлатиш усулини кўрсатади. У ўзининг самимий ва ажойиб илтифоли сўзларини кенг саҳийлик билан улашган.
з. “бир-бирингиз билан ўпишиб кўришинглар”. Биз учун бу жуда ғалати туюлиши мумкин, аммо Луқо 7:45 оятга қарагандан, ўпишиб кўришиш, саломлашишнинг кенг тарқалган кўринишларидан бири бўлган. Исо фарзийнинг уйига келганида, у Исога ўпич бермагани учун, унга танбеҳ берган эди.
1) Кейинчалик, бу нарсани (яъни ўпишиб кўришишни) бузишган кўринади. Искандариялик Клемент, бинолари ўпич садолари билан тўлган жамоатлар устидан шикоят қилган ҳолда, “ҳар бир вазиятда ўпишдан уятсиз тарзда фойдаланиш шубҳа уйғотади ва ёмон фикрларни келтириб чиқаради”, деб айтган эди.
4. Римдаги жамоат учун Павлуснинг олисдан юбораётган саломларининг қиймати.
а. Леон Моррис шундай деган: ушбу парча, Римликларга бўлган мактуб, бу дарҳақиқат “ҳақиқий, ва оддий одамларга ёзилган мактубдир; бу мактуб юқори маротабали илоҳиётшуносларга ёзилмаган”.
1) “Улар, бизнинг кўпчилигимизга ўхшаган оддий одамлардан бўлишган, бироқ, Худовандни севишган, шунинг учун ҳам Павлус уларнинг номларини айтиб ўтган ҳолда, Муқаддас Каломнинг ажралмас қисмига айланган севги мактубини йўлламоқда. Худованд қўшинининг оддий аскарларини унутиб қўйиб, фақатгина машҳур ва улуғ масиҳийлар ҳақидагина фикр юритмасмиз. Фақатгина биринчи даражадагиларга қарамайлик, Масиҳ севадиган ҳамма инсонларни бирдек севайлик ва Масиҳнинг барча хизматкорларини бирдек қадрлайлик. Зеро шайтоннинг суюклиги бўлгандан кўра, Худованднинг ити бўлган яхшироқдир” (Сперджен).
б. Ушбу бобда ёдга олинган аёлларнинг номларига эътибор беринг: Юния, Марям, Персиса,Трифена, Трифоса, Руфуснинг онаси ва Юлия. Бу аёллар Худованд учун хизмат қилишган.
1) “Аёлнинг Руҳда қиладиган хизмати – унинг ҳокимиятни ўз қўлига олиши ёки Худо йиғинида тартибни бузиши билан боғлиқ вазиятлардан ажралиб турадиган ўзгача бир нарсадир” (Ньюэлл).
в. Уларнинг Худованд йўлида қилган хизматларига эътибор беринг: кимдир худди Трифена ва Трифосага ўхшаб – Раббимизга жону дили билан хизмат қилмоқда. Бошқалар эса Персиса сингари Раббимизга астойдил хизмат қилмоқда. “Шундай қилиб, имонлилар орасида ҳам, инсоннинг хизмати ва ишлари ўлчами билан белгиланадиган ва уларга асосан тарқатиладиган турли даражадаги ҳурмат ва эҳтиромлар мавжуд бўлиши мумкин. Исо учун хизмат қилиш бу – шарафдир, бунданда кўпроқ шараф – У учун янада кўпроқ хизмат қилишдир. Шунинг учун ҳам, кимдир Масиҳ жамоатининг аъзосига айланиб, энди махсус бир ўрин ёки мавқе ёки ҳурматга эга бўлишни истаётган бўлса, бу истакка эришишнинг ягона йўли – хизмат қилиш ва кўп меҳнат қилишдир” (Сперджен).
г. Ушбу парчада эслатиб ўтилган йигирма тўртта номдан ўн учтаси, Римдаги император саройи билан боғлиқ бўлган ҳужжатларда ва қўлёзмаларда учрайди. Биз, Қайсарнинг оила аъзолари орасида ҳам масиҳийлар бўлганини биламиз (Филиппиликлар 4:22). Эҳтимол, Павлус Қайсарга хизмат қилган ва масиҳий бўлган кўпчилик хизматкорларнинг исмларини ёзгандир.
Б. Якуний сўзлар ва огоҳлантиришлар.
1. 17-20 оятлар. Жамоатга бўлиниш олиб келадиганлар ва ёлғончилар ҳақидаги огоҳлантиришлар.
“Сизларга ёлвораман, олган таълимотингиздан айнитиб, орангизга низо ва ғулғула соладиган одамлардан эҳтиёт бўлинглар. Улардан ўзингизни олиб қочинглар. Ахир, бундай одамлар Раббимиз Исо Масиҳнинг эмас, балки ўз нафсининг қулидирлар. Улар ширин сўзлару хушомадгўйлик билан софдил инсонларни йўлдан оздирадилар. Сизларнинг Худога бўлган итоаткорлигингиз ҳаммага маълум. Мен сизлардан жуда хурсандман, аммо яхшиликка келганда доно, ёмонликка келганда эса норасида бўлишингизни истайман. Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи тез орада шайтонни оёқларингиз остида эзиб ташлайди. Раббимиз Исонинг инояти сизларга ёр бўлсин”.
а. “олган таълимотингиздан айнитиб, орангизга низо ва ғулғула соладиган одамлардан эҳтиёт бўлинглар”. Павлус, ҳам Худованд халқининг ичида бўлинишларни олиб келадиганларни (низо соладиганларни), ҳам Худо халқини алдайдиганларни (олган таълимотингиздан айнитадиганларни) назарда тутмоқда. Бундай инсонлардан эҳтиёт бўлиш кераклигига, яъни улардан узоқ юриш кераклигига эътибор қаратинг.
1) Бу жамоат учун бўлган Худованд режасининг муҳим бир қисмидир. Ҳақиқат бирликсиз мағрурликка олиб боради: ҳақиқатсиз бирлик эса, ҳақиқий хушхабардан ажралишга олиб келади. Ҳам униси билан, ҳам буниси билан эҳтиёт бўлиш керак.
2) “Сизларга ёлвораман”. Айтилаётган жумланинг оҳанги, бу нарса Павлус учун қанчалик муҳим эканлигини кўрсатмоқда. “Павлус қаламни қўлига олиб, ушбу сўзларни ўзи ёзган бўлиши ҳам мумкин…Айнан мана шу сўзларни Павлуснинг ўзи ёзиб, кейин қаламни мактубнинг сўнгида P.S. қўйган Тертийга берган бўлиши мумкин. Чунки мактубнинг охирида қизиқарли бир ҳолат содир бўлган эди, биз эслатиб ўтган тахмин эса – содир бўлган воқеанинг ҳақиқатга яқин версиясидир” (Моррис)
3) “Ақлдан озган итларни отиб ташлашади, хавфли касалликка чалинганларни алоҳида хоналарда қамаб қўйишади, аммо нимагадир ҳеч бир жойда, Масиҳ ва Унинг Ҳаворийлари таълимотига қарши ваъз айтадиган, азизларни алдаб ортидан эргаштирадиган ва ҳалокатли бўлинишларни олиб келадиган ёвуз устозларга қаршилик кўрсатишмайди!” (Ньюэлл).
б. “улар ширин сўзлару хушомадгўйлик билан софдил инсонларни йўлдан оздирадилар”. Ўз вақтида қилинган огоҳлантириш, чунки бўлинишларни олиб келадиган бу ёлғончилар, ўзларини бундай деб аташмайди. Улар “ширин сўзлару хушомадгўйликни” ишлатишади ва ҳар доим диққатларини “софдил инсонларга” – яъни заиф ёки имонда ҳали ўсмаган инсонларга қаратишади.
1) “софдил инсонларни йўлдан оздирадилар”. Ёлғончилар ва бўлинишларни олиб келувчилар ҳаммага ҳам таъсир ўтказа олмайдилар. Бироқ, бу ёлғончи ва низо солувчилар амалга ошириши мумкин бўлган таъсир ҳақида қайғуришни бошлаш учун, барча инсонлар уларнинг таъсири остига тушушини кутиш шарт эмас.
в. “ахир, бундай одамлар Раббимиз Исо Масиҳнинг эмас, балки ўз нафсининг қулидирлар”. Ёлғончи ва низокорлар, ҳеч қачон худбин бўлиб кўринмасликка интиладилар. Одатда улар буюк мақсад сари меҳнат қилаётган олижаноб салибчилар қиёфасида намоён бўлишга ҳаракат қиладилар. Шунга қарамай, улар ташқаридан қандай кўринишмасин, уларнинг ички ниятлари ўз моҳиятига асосан худбин ва танавийдир.
г. “сизларнинг Худога бўлган итоаткорлигингиз ҳаммага маълум”. Бу нарса, римликлар, низо келтирувчи одамлар ва ёлғончилар билан боғлиқ вазиятларни тўғрилашлари кераклигини англатмайди. Аксинча, Павлус уларнинг бундай муаммоларни ҳозирданоқ яхши ҳал этаётганликларидан хурсанд бўлмоқда. Шунга қарамай, улар алдовчиларнинг ҳамда низокорларнинг ҳамлаларини шижоат билан қайтаришда давом этмоқлари лозим.
д. “яхшиликка келганда доно бўлишингизни истайман”. Бу ёлғончилардан ва низо солувчилардан ҳимояланишнинг энг яхши йўлидир. Ёмонлик нима эканлигини билишдан кўра, яхшилик нима эканлигини билиш кўпроқ фойдалидир; сохта нарсаларни эмас, ҳақиқий нарсаларни фарқлай олиш афзалроқдир.
е. “тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи тез орада шайтонни оёқларингиз остида эзиб ташлайди”. Мана шундай Римдаги жамоатга ўхшаш обрўга эга бўлган ва ёлғончию низокорларга қатъий қаршилик кўрсатаётган ҳар қандай жамоат, “Худонинг Ўзи тез орада шайтонни оёқлари остида эзиб ташлашининг” гувоҳи бўладилар.
1) Биз, Худованднинг шайтонни эзиб ташлашини ва у имонлиларнинг оёқлари остида бўлишини кўрмоқдамиз.
2) Албатта бу нарса, иблис боғланиб, жаҳаннамга ташланмагунича содир бўлмайди (Ваҳий 20:1-3) бироқ, бугунги кунда Худованд биз учун қўлга киритаётган ҳар бир ғалаба, ушбу воқеанинг бошланиши бўлмоқда.
2. 21-24 оятлар. Коринфда Павлус билан бирга бўлганлардан юборилган саломлар.
“Менинг ҳамкорим Тимўтий хамда қондошларим Лукиёс, Ясон ва Сосипатрус сизларга салом йўллаяптилар. Бу мактубни қоғозга тушираётган, Раббимизнинг қули мен – Тертиюсдан ҳам сизларга салом. Бутун жамоатга меҳмондўстлик кўрсатадиган ва ҳозирда менинг мезбоним бўлган Гаюс сизларга салом айтяпти. Шаҳар ҳазинабони Эрастус ва биродаримиз Квартус ҳам салом йўллаяптилар”.
а. Тимўтийнинг биринчилардан бўлиб ёдга олиниши жуда адолатлидир, чунки у Павлуснинг энг яқин ходимларидан бири бўлган ва айнан у билан Павлусда ишончли муносабатлар шаклланган.
б. “бу мактубни қоғозга тушираётган… мен – Тертиюс”. Тертиюс, Павлуснинг айтаётганларини қоғозга туширган ҳолда, унинг бошқаруви остида мактубни ёзган инсондир. Бу нарса ҳаворий учун жамоатларга мактуб йўллаш билан боғлиқ оддий хол бўлган, бироқ, айнан мана шу парчада Павлус котибининг номи биринчи ва охирги маротаба айтиб ўтилган.
в. Гаюс ўзининг меҳмондўстлиги билан шу даражада машҳур бўлганки, Павлус уни “бутун жамоатга меҳмондўстлик кўрсатадиган” деб атамоқда.
©1996–present The Enduring Word Bible Commentary by David Guzik – [email protected]